Темурийлар даври илмида мусиқанинг санъат турига айланиши | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Спецвыпуск

Опубликовано в Молодой учёный №15 (119) август-1 2016 г.

Дата публикации: 10.08.2016

Статья просмотрена: 909 раз

Библиографическое описание:

Рахимова, З. М. Темурийлар даври илмида мусиқанинг санъат турига айланиши / З. М. Рахимова. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2016. — № 15.3 (119.3). — С. 11-14. — URL: https://moluch.ru/archive/119/33002/ (дата обращения: 17.12.2024).



Республикамизда рўй бераётган янгилик ва ўлкан воқеалар ўз кўлами билан порлоқ келажагимизнинг йўлчи юлдузи бўлиб ярқираб нур сочмоқда, бой тарихий хазиналаримизнинг эшиклари истиқлол туфайли очилмоқда.

Ўрта Осиё тарихида Темурийлар даври қарийиб беш юз йилдан зиёд жаҳон олимларининг диққат марказида бўлиб келган. Соҳибқирон Амир Темур даврида Ўрта Осиёнинг мустақил бир давлат остига бирлаштирилиши, мамлакат ичида тинчлик ўрнатилиши мамлакатнинг иқтисодий ва маданий тараққиетига ўлкан таъсир кўрсатди. Бу даврда Ўрта Осиёда майдонга келган буюк цивилизация буюк тарихий шахсларни — файласуф ва донишмандларни, шоир ва санъаткорларни, меъмор ва соҳиби ҳунарларни етиштирди, улар ўз навбатида жаҳон маданий тараққиетини бойитишга ҳисса қўшганлар.

Амир Темур ва унинг салтанати ворислари — темурийларнинг деярли ҳаммаси ҳунар ва санъат аҳлига хурмат билан қараганлар, уларнинг меҳнати ва санъатини кадрлаганлар шу боис, улар подшоҳлигида маданий ҳает ва муҳит тараққий этган. Улар даври нафақат ўзбек халқининг, балки буткул Яқин ва Ўрта Шарқ элларининг айниқса мусика санъати учун жадал равнақ топган камолат чўққисига эришган, чинақам Уйғониш даври бўлган дейилади. Чунки бу халқлар ягона давлатни ташкил этиб, ўзаро самарали маданий алоқалар ўрнатибгина колмай, айни вақтда Осиё ва Европанинг энг йирик мамлакатлари билан ҳам маънавий боғланиш хосил килганлар.

Мусиқанинг бошқа санъатлар қаторида муҳим ўрин эгаллаш учун замин, Темурийлар ҳукмдорлиги мобайнида хонанда ва созандалар расмий-дипломатик, харбий ва бошқа танталарнинг доимий қатнашчиларига айланиб, халқ томошалари, оммавий байрамлар уларсиз ўтмаслиги бўлган. Ўзбек халқи мусикаси қатори ҳарбий-расмий мусика турлари, мумтоз мақом санъати, минтақанинг бошқа туркий ҳамда араб-, форсийзабон халқларининг мусиқавий фольклори ривож топди. Энг муҳими, мусиқий анжомлар жасорат ва мардлиқ тимсолларига айланган. “Амр қилдимки қайси бир амир бирон мамлакатни фатҳ этса, ё ғаним лашкарини енгса, уни уч нарса билан мумтоз қилсинлар: фаҳрли хитоб. туғ ва ноғора бериб, уни баҳодир деб атасинлар ”, — деб ёзади Амир Темур[1].

Амир Темурнинг ўзи мусиқанинг ҳис-туйғуларга таъсир имкониятларидан бохабар бўлиб, амалиётда ундан моҳирона фойдаланган. Хеч бир саройда ўтказиладиган тантана мусиқасиз булмаган. Ҳарбий юришларда ҳам мусиқий асбобларга бўлган ихлосини унутмаган. Унинг ҳарбий амалиёт тарихига киритилган ўзининг қатор кашфиётлари бор. Масалан, мўъжаз шаҳар ёқи қишлоққа ҳужум бошлашдан олдин, у ерга эҳтиёткорлик билан карнайчи ва ноғорачилар киритилган. Эрта тонгда беҳосдан бу асбобларнинг янграши аҳолини довдиратиб, ҳарбийларга катта ёрдам берган.

Темурийлар даврида, саройларнинг бош дарвозалари тепасига махсус ноғорахоналар куриш одатга кирган, бу ҳол мусиқа санъатига бўлган эътиборнинг яна бир ёрқин далилидир. Маълумки, сарой мусиқий гурухлари асосан карнайчи ва ноғорачилардан иборат бўлган, етакчиларини “меҳтар” деб аташган. Улар оммавий байрам ва тантаналарда фаол қатнашганлар.

Темур даврига хос бўлган маънавий кўтаринкилик мусиқа санъатининг деярли барча жабҳалари учун кенг имконият тўғдириб берди: созандалик ва хонандалик, мусиқа таълими, бастакорлик ижоди, мусиқа илми буларнинг барчаси камол топди. Асрлар давомида шаклланган анъанавий “устоз-шогирд” таълим тизими кенг қулоч ёзди. Мусиқа устозини ҳаммадан устун қўйган, “устозлар устози” деб улуғлаган Алишер Навоий (ўзи ҳам мусиқий илмга эга бўлган, айрим мусиқий асарлар ҳам яратган) ўзининг “Сабъаи-сайёр” асарида:

Санъатим анда соз чолмоқ иши

Билмайин мен киби ишимни киши

Илми адвори фанни мусиқий

Мендан ул илм аҳли таҳқиқий

Шу боис Алишер Навоийнинг ҳаети ва ижодий фаолиятида мусиқанинг ўзига хос ўрин эгаллагани тасодиф эмас, бундан ташқари, Навоий таҳаллусининг ўзи ҳам нуфузли мусиқий атама “наво” сўзидан ўзак олгандир. Мусиқа асосларини алифбо сабоқлари билан бирга олган, устози ўз даврининг йирик мусиқашуноси ва бастакори Хожа Юсуф Бурҳон бўлган. Навоий ўз асарларида устозининг ижодини мақомлар шакилланишига бевосита алоқаси борлигини ёзади. Чунки “Исфаҳон” куйи, аниқроғи, мақом (парда тизими), Амир Темур ва темурийлар давридаги “Дувоздаҳмақом” туркуми тарқибидаги учинчи эди.

Навоийнинг мусиқа маданиятини изчил эътироф этишига унинг Хожа Юсуф Бурҳон қўлида таълим олгани, умри давомида мусиқа санъати намоёндалари билан доимий мулоқотда бўлганлиги ижобий таъсир этган. “Қатор созларда яхши чолур эрди...”[2]

Алломанинг Қомусий “Хамса”сини, беш кўшиқ деб идроқ этиш мумкин. Яъни: “Ҳайратул аброр”- фалсафий-аҳлоқий мазмунга эга бўлган қўшиқ, “Фарҳод ва Ширин” — жасорат ва ватанпарварлик қўшиғи, “Лайли ва Мажнун” бетакрор севги кўшиғи, “Сабъаи-сайер” — вафодорлик кўшиғи, “Садди Искандарий”- аҳлоқий қўшиқ деб аталиши мумкин. Умуман олганда Алишер Навоийнинг шеърларини қўшиқ деб хам фараз килса бўлади, чунки аксариатига шоир замондошларидан тортиб, бугунги кун ижодкорларига қадар мусиқа яратишган, яъни уларни мусиқалаштиришган.

Алишер Навоийнинг мусиқа ижодиётига бевосита алоқадорлигини Заҳириддин Бобур ҳам эътироф этган. Алишер Навоий нақшлар (ашула-чолғу асарлари) ҳамда пешравлар (чолғу асарлари) муаллифи бўлганлиги “Бобурнома”да келтирилган[3]. Шоирнинг тузилиши жиҳатидан мураккаб бўлган бундай асарларга имконий ета олиши нафақат Шарқ балки Ғарб маданияти тариҳида ҳам камдан кам учрайди. Шу даврдаги 24 усулдан — бир қанчаси Улуғбек, 12таси — Ҳусайин Бойқаро, 7таси — эса Алишер Навоий қаламларига мансуб, деб топилган.[4]

“Мажолисун — нафоис”да Навоий мусиқа билан шуғулланган шоирланинг номларини келтирган: хоразмлик олим ва шоир Хўжа Абудал Вафоий Хоразмий XV асрда мусиқа ҳақида рисола ёзган, Паҳлавон Мухаммад, Хўжа Абдулло каби санъаткорларнинг мусиқа тараққиётига кўшган ҳиссалари эътироф этилади. Бу асарда Навоий ўз замонасидаги энг машҳур созанда ва бастакорлардан Хўжа Юсуф Бурхонни ҳам эсга олиб ўтади.[5] “Ҳолати Паҳлаван Мухаммад” асарини ўз даврининг буюк бастакори ўн икки мақомнинг такомилланишида катта ҳисса қўшган Муҳаммадднинг мусиқа ижодига бағишлаган. Бу даврда Навоийнинг ҳомийлиги орқасида ўз санъатлари билан шуҳрат топганлар, жуда кўп нақш ва пешровлар яратганлар[6].

Темурийлар замонида яшаб ижод килган яна бир йирик мусиқашунос Алишер Навоийнинг устози Абдураҳмон Жомийдир. Жомий мусиқий асарлар ва “Рисолайи мусиқи”нинг муаллифидир. Жомийнинг рисоласи асос замин назарий мазмунга эга бўлди, икки кисмдан иборат: “Илми таълиф”, “Илми икоъ”. Асарнинг биринчи кисмида, мусиқанинг келиб чикиши, “мусиқа” сўзининг мазмуни, санъатларнинг бурчи каби муаммолар ёритилади. Жомийнинг фиқрича, мусиқанинг таркибий қисмларини ўрганиш “янада гўзал ва нафис санъат”яратиш учун керакдир.

Рисоланинг иккинчи кисмида ўша давр мутахассислари орасида кенг тарқалган усуллар батафсил ёритилган. Рисолада 20дан ортиқ усуллар ҳақида маълумот бор. Жомийнинг янги усуллар яратишда “чегара йўқлиги”, “ихтиёр этган киши янги усул ярата олиши” ҳақида фиқр юритилган. Бу рисола Алишер Навойи илтимоси билан ёзилган деган маълумот ҳам бор. Мазкур рисола ижрочи, бастакор, олимлардан ўз шахсий тажрибаларини ишга солишга ундар экан.

Темур ва темурийлар даврида мусиқий ижод ва ижронинг шиддат билан ривожланиб бориши мусиқий рисоланависликка ҳам таъсир этмай қолмади. Шу даврга оид қатор рисолалар сақланиб қолган, улар мусиқа илмининг юқори савиясидан далолат беради, мусиқанинг муҳит тимсоллари тизими, ўрганилаётган даврнинг мусиқа билан боғлиқ барча хусусиятлари ҳақида маълумотлар мавжуд. Масалан, Зайнулобиддин ал-Хусайнийнинг “Конун-и илми ва амали мусиқий” рисоласи Алишер Навойига бағишланган. Рисолада муаллиф халқ чолғу асбоби — дуторни илк бор илмий таърифлайди ва уни хотин- қизлар орасида кенг тарқалганлигини айтади.

Нажмиддин Кавкабий — йирик олим ва мусиқачи бўлиб, икки рисола — “Рисолаи мусиқй”, “Рисолайи дар баёни Дуваздоҳмақом”нинг муаллифидир. Кавкабийнинг фикрига кўра, мусиқа — нафис санъат бўлиб, илоҳий сирларга эгадир. Шунинг учун уни идрок этиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Кавкабий куйларни таснифлаш бобида мусиқанинг мураккаб назарий муаммоларини насрий услубда ифодалаш каби кашфиётлар яратди.

Темурийлар даврининг нуфузли манбаларидан яна бири XVI-XVII асрларда яшаб ижод этган кўп қиррали олим Дарвиш Али Чангийнинг “Туҳфатус — сурур”, яна бир номи “Рисолаи мусиқий” асаридир.[7] Ўз ичига жами 12 аср воқелигини қамраган бу асарда даврнинг анъанавий муаммолари қатори 350га яқин бастакор, хонанда, созанда ва уларнинг ҳомийлари, Темур ва темурийлар ҳақида ҳам жуда кўп маълумот берилган.

Амир Темур ва темурийлар даври мусиқа асбоблари турли туманлиги ва серқирралиги билан ажралиб туради. Масалан, уд (ёғочдан фойдаланилган дарахт номига кўра) созини араблар нафақат Шарққа, балки Ғарбга ҳам тарқатишган (льюто, лютня ва бошқалар шу асбобдан келиб чиққан). Бу асбоб ҳақида “Бобурнома”да ҳам айтилиб ўтган: “... Бобур тўрт-беш кун иситмалаб, сўнг яхшироқ бўлади, унинг кўнгли майин бир куй истаб, Нурулло тамбурчини таклиф килади. Нурулло тамбурчи қошимда соз чоладур эди, яна бир соз ҳам бор эди. Бобур унинг ижросида дардли мақом куйларини тинглаган. Унинг ихтиёридаги иккинчи созни уд деб тахмин қилиш мумкин, чунки ўша замон созлари ичида уд хийла эътиборли бўлиб, сарой аъёнларига хизмат қилишда ундан тез -тез фойдаланиб туришган. Бундан ташқари уд, мақом куйларини чалишга қўл келган ва Бобур ҳолатига ҳам мос тушган. Нурулло тамбурчи моҳир созанда бўлган бўлиши керак, чунки юксак дидли, мусиқа илмидан воқиф шоҳ олдида икки ҳил созда куй чалиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди.”[8]

Мусиқий амалиет буткул ижодий жараеннинг шиддат билан ривожланиши, авлоддан — авлодга ўтиб сайқаллана борган мусиқа илмининг равнақи — бу жабҳаларнинг ҳар бири учун алоҳида ва барчаси учун бирдай алломаларнинг майдонга келишига замин ҳозирлайди. Амир Темур саройида машҳур мусиқачи Хўжа Абдулқодир Мароғий ижод этгани маълум. Мароғий бастакор сифатида 200дан ортиқ асар яратган. Улар қаторида кўп қисмли туркум асарлар, шунингдек усулларнинг янги талқинлари — “Зарб ал -фатҳ”, “Чоҳор зарб”, “Майатайн”, мақом бўлимларидан “Тасниф-и Хўжа” ва бошқалар.

Ўрта асрлар анъанаси шаҳар аҳолисининг касб-корига кўра алоҳида жамоа (маҳалла) бўлиб яшашни тақозо киларди. Халқ ичида танилган санъаткорлар ҳокимлар фармонига кўра, ёки ўзига қулайлик яратиш максадида касбдошлари билан бир жамоа бўлиб яшашни афзал кўрар эдилар. Шунга биноан “созандалар маҳалласи”, “хонандалар мавзеси”, “бастакорлар кўчаси” жорий этилди. Бу касб соҳибларининг алоҳида обрў ва нуфузга сазовор бўлганлари атрофида махсус ижод ижро ва илмий мавқега эга илмий мактаблар шаклланди.

Соҳибқирон Амир Темур ва унинг бир неча поғонадаги ворислари даврида мусиқа санъатининг барча (бастакорлик, ижрочилик, илм ва махсус таълим каби) жабҳалари — ўз тарихидаги энг юксак тараққиёт паллаларига кўтарилганини биз, хар бир килинган иши, эришган муваффақиётлари орқасидан килган оммавий сайилу томошаларида қўрсак бўлади.

Бу мисралар билан биз яна ва яна шунга иқрор бўлаверамиз, уларнинг халқига, санъатига, маданиятига бўлган эътиборининг кучлилиги.

Тарихдан маълумки, Ғарб ва Шарқ давлатчилигида нотиқлик санъати ҳар вақт сиёсий ва ижтимоий аҳамият касб этган. Темур ва темурийлар давлатида хам нотиқлик санъати — сўз санъатига жиддий эътибор берилган. Амир Темур ҳам тенги йўқ нотиқ бўлган. “Темур ҳаёти” асарида Темурнинг нотиқлигига катта баҳо берилган, унинг овози “жарангдор ва ширали...” бўлганлиги ҳақида ёзилган.[9] Темур нутқ сўзлаганда “қарашлари ўтли, ёниқ, овози ёқимли, жарангдор”. Ўтказган кенгаш ва қурултойларда сўзлаб, ўз нотиқлик санъати, яъни ўзининг таъсирчанлиги, мантиқ кучи, ихчамлиги, юксак маънавияти, ифодавий кудрати билан хаммани лол қолдирган, сўзлаган вақтида қўл ҳаракатлари ҳам ғоят аниқ, мазмунга мувофиқ булган. У ўз нутқларида мунтазамликка, маънодорлик ва узвийликка алоҳида эътибор берган, унда баён килинган мураккаб фикрлар, далил ва исботлар билан ёритилиб ва ойдинлаштириб берилган. Соҳибқирон нутқлари ўхшатишларга бой, мақол ва маталларга ўрин-ўринда муражаат килиши билан қизиқарли бўлган,тантанаворлик кашф этган. Ўз мисолида у муомала маданиятини ҳам шакллантиришга замин яратган десак, эҳтимолдан холи бўлмас. Чиройли гапириш, эътиборни жалб килиш учун энг юксак манбадир.

Шундай килиб, XIV асрнинг иккинчи ярми XV асрда Темур ва темурийлар давлати даврида маданият, илм-фан билан бир қаторда, ўзбек халқи санъатининг ҳамма турлари равнақ топди.Унинг намояндалари ўз юксак ижодлари билан жаҳон маданияти ва санъати хазинасига катта ҳисса қўшдилар.

XV аср бошида Мовароуннаҳрда миллий бирликни юзага келтирган мустақил давлатга асос солган, ўрта аср уйғониш даври маданияти, илм-фани, санъати тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган, унинг беназир ҳомийси бўлиб танилган Амир Темур номи асрлар оша авлодларнинг фахри ва ифтихори бўлиб колади.

Темур ва темурийлар даври санъатини кенг миқесда ўрганиш хозирги замон санъат тараққиётида унинг бой анъаналаридан фойдаланиш йўлларини излаш санъаткорлар ва санъатшунослик фанининг қадрли ва эъзозли вазифаларидан бўлиб колади

Асосий манбалар:

  1. Амир Темур ва темурийлар даврида маданият ва санъат, Мақолалар,Тошкент, 1996.
  2. Темур тузуклари, Тошкент, 1991, 80 б.
  3. Бобурнома, Тошкент, 1984.
  4. Дарвиш Али Чанги, Трактата о музыке, Ташкент. 1989.

[1]Темур тузуклари, Тошкент, 1991, 80 б.

[2]А.Навоий, Можалиус\нафоис, Тошкент, 1966

[3]А.Фитрат, Ўзбек классик мусикаси, 58 бет

[4]Дарвиш Али Чанги, Трактата о музыке, Тошкент, 1998, с.290

[5]А.Навоий , Асарлар XIII жилд, Т., 1966, 23-24 бет.

[6]Бобурнома, Т., 1948, 99 бет.

[7]Дарвиш Али Чанги, Трактата о музыке, Тошкент. 1989.

[8]Бобур, Асарлар. 2 т., 228 саҳифа

[9]Ибн Арабшоҳ. Соч., том II, стр.798, “Жизнь Темура”, стр. 52-54

Основные термины (генерируются автоматически): XVI-XVII, бор, улар.


Задать вопрос