ХХ асрнинг дастлабки йилларида авжига чиққан Россия империясидаги сиёсий курашлар шароитида Туркистон ўлкасидаги миллий озодлик ҳаракати янги босқичга кўтарилди. 1917 йил ноябрда маҳаллий аҳолининг асосий талаби ва орзуси бўлган Туркистон мухториятининг ташкил топиши миллий давлатчиликни демократик асосда барпо этиш учун қўйилган илк амалий қадам бўлди. Туркистон Мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Унинг фаолияти фақат Қўқонда ёхуд Фарғона водийсида эмас, балки бутун Туркистон халқлари томонидан қўллаб-қувватланди. Мухтор ҳукуматнинг халқ ўртасидаги обрў-эътибори ва нуфузи большевикларни ташвишга солиб қўйди.
1918 йил февралда Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари Советларининг фавқулодда IV-съездининг қарори билан Туркистон Мухторияти қонга ботирилди. Туркистон Мухторияти ҳукумати атиги 72 кун умр кўрган бўлса ҳам, у эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. 1918 йилнинг эрта баҳорида аввал Фарғона водийсида, сўнгра бутун Туркистонда совет режимига қарши қуроли ҳаракат бошланди. Мазкур ҳаракат сафига кўплаб миллий зиёлилар қўшилган бўлиб, улар аксарият ҳолларда бу ҳаракатга ғоявий, сиёсий жиҳатдан раҳнамолик қилганлар. Мухолиф кучларнинг совет ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатига қарши қуролли курашида ерли аҳоли орасидан етишиб чиққан миллий арбоблар ва раҳбар ходимлар ҳам бўлган. Улар Совет органларида масъул лавозимларда ишлашига қарамай ўта оғир шароитларда, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона фаолият олиб борганлар. Бу ҳаракатнинг асл мазмунини ўзида ифодалаган “мухолифат” сўзи арабча “мухолиф” сўзидан олинган бўлиб, қарама-қарши фикрда бўлган, қарши чиқувчи, қарши, маъноларини билдиради [1]. Мухолифат ҳаракати большевикларнинг совет режими ва зўравонлик сиёсатига қарши ҳаракат сифатида шаклланган.
Совет хокимияти Туркистон мухторияти ағдарилгандан кейин руҳонийлар ва миллий демократик зиёлиларга қарши террор олиб борди. Мухолифатдаги газеталар, миллий сиёсий ташкилотлар шошилинч ёпилди, диний ташкилотларнинг мол-мулки, вақф ерлари мусодара қилинди. Диний арбоблар ва диний муассасаларнинг хизматчилари айбсиз қамоққа олиниб, кўпи қатағон домига тортилди. Ўлкадаги совет ҳокимиятининг барча тизимлари марказдан юборилган ходимлар томонидан бошқарилди. Туркистон Республикаси Халқ Комиссарлари Совети марказ кўрсатмаларини сўзсиз бажарувчи дастёр эди [2].
Зиёлилар эркин ижодий фаолиятини чеклашнинг бундай усули мухолиф кучлар қаршилигини кучайтирди. Давлат идораларида фаолтият олиб бораётган махаллий кадрлар яширин гуруҳларга бирлаша бошладилар. Ўзбекистоннинг турли худудларида бўлгани каби Фарғона водийсида ҳам ана шундай яширин гуруҳлар фаолият олиб борган. Бу гурухлар “гап”лар (навбатма-навбат меҳмондорчилик уюштириш) ташкиллаб, гапларда миллий ўзликни англаш ғоялари, шу ғояларни тарғиб қилиш усуллари, келгуси режалар мухокама қилинган [3]. “Миллий истиқлол” ташкилотининг Наманган, Косонсой, Андижон бўлимлари, 1925 йилда ташкил топган “Темур” гуруҳи, 1929 йилда ташкил топган “Ботиргапчилар” ана шундай ташкилотлардан эди [4]. Ташкилот аъзоларининг ягона мақсади Ўзбекистонда миллий мустақил давлат тузиш бўлиган. Аммо 1930 йил 30 январда навбатдаги гапга йиғилган “Ботиргапчилар” қамоққа олинган.
Туркистонда “партия сафларини социал жиҳатдан ёт, суқилиб кириб олган ва бузуқ элементлардан тозалаш” [5] бахонаси билан хам кўпгина ватандошларимиз турли жаъзоларга тортилдилар. Биринчи навбатда Туркистондаги миллий муҳолифат вакиллари тозалаш сиёсати қурбонига айландилар. Минглаб ватанпарварлар “босмачи”, “босмачиларга ёрдам берган” деган тамға билан бадном қилинган. Тозалаш бошланмасдан олдин Туркистон компартиясидаги мавжуд 42041 аъзо ва 7565 партия аъзолигига номзоддан, тозалаш жараёнида 10216 нафари, яъни 20 фоизи партия сафидан ўчирилган, 3229 нафари (7 фоизи) партия аъзолигига номзодликка ўтказилган яна 1755 киши (4 фоизи) ўз ихтиёри билан партия сафидан чиқишга мажбур қилинган [6]. Текширувдан ўтишдан бош тортганлар тўғридан-тўғри партия сафидан чиқарилган. [7] Мухолф гурухларнинг қўлга олиниши партия аъзоларига ишончсизлик билан қарашни кучайтирди, текширувларни кескинлаштирди. Партия ичидаги “тозаловлар” нинг қурбонлари айниқса 1930 йилдан кейин кескин ортиб кетди.
Умумий хисобда Қўқон шахридан жами 2427 киши текширувдан ўтган. Текширилган 1853 та аъзодан апеляциягача партиядан ўчирилган, номзодликка ўтказилган ва хайрихоҳлар билан қўшиб хисоблаганда 755та коммунист текширувдан ўтмаган бўлиб, уларнинг миқдори текширувдан ўтган коммунистлар миқдорига солиштирганда 40 % ни ташкил қилади. Партиядан алохида ўчирилганлар эса 551 тани ташкил этиб,текширувдан ўтганлар миқдорига нисбатан 29,7 %ни ташкил қилган [8].
Адабиётлар:
- Ўзбек тилининг изощли луғати.1-жилд. -Т.: 1981, 485-бет.
- Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви, (ЎзР МДА), 17-фонд, 1-рўйхат, 704-иш, 40-варақ.
- Убайдуллаев У.К.Ўзбекистолнда 20-30-йилларда мустабид тузумга қарши миллий мухолифатҳаракати.(Махаллий зиёлийлар мисолида). Автореферат.Тошкент,2004 й.,15-бет.
- Ўша жой, 18-19-бетлар.
- Ўзбекистон коммунистик партияси тарихининг очерклари. – Т.: Ўзбекистон, 1964. –227 б.
- Хошимов С. Ўзбекистонда партия сафларини “тозалаш” тарихидан.//СамДУ Илмий тадқиқотлар хабарномаси. – Самарканд, 2010. - № 2. – С. 36-41.
- ПДАФВБ.110-фонд, 2-рўйхат, 40-иш,2-варақ.
- ПДАФВБ.178-фонд, 1-рўйхат, 522-иш,20-варақ