Бадиий матнларда эмоционал гаплар | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 30 ноября, печатный экземпляр отправим 4 декабря.

Опубликовать статью в журнале

Библиографическое описание:

Алибаева, Н. М. Бадиий матнларда эмоционал гаплар / Н. М. Алибаева. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2017. — № 4.2 (138.2). — С. 2-3. — URL: https://moluch.ru/archive/138/39018/ (дата обращения: 16.11.2024).



Сўзловчининг ўта хурсандлик ёки ўта хафалик ҳолатларини ёки қаҳрамоннинг ҳис-ҳаяжонини, воқеа-ҳодисага эмоционал муносабатини ифодаловчи гаплар эмоционал гаплар ҳисобланади. С.Ғойибов фикрича, “Тилшуносликда бундай хусусиятга эга бўлган лексика эмоционал-экспрессив бўёқдор лексика, стилистик бўёқдор лексика, экспрессив-стилистик лексика терминлари остида ўрганилмоқда. Бундай аташ, умуман олганда, объектив ҳақиқатга мос келади, чунки бу хил атамалар бу тип лексиканинг энг муҳим жиҳатини — эмоционал-экспрессив баҳо элементига эга эканлигини назарда тутади” [1].

Демак, баҳо семаси қўшилиши билан сўзлар эмоционал сўзга — бўёқдор сўзга айланиб қолади ҳамда бундай сўзлар нейтрал сўзларга бемалол зидлаша олади. Мана шу ўрта — нейтрал ҳолат мавжуд бўлгани боис улар эмоционаллик мавжуд бўлган — эмоционалликка эга бўлган гаплар номи билан юритилади.

М. Пирматованинг “Ундовлар ва гендер дифференциацияси” мақоласида ундовлар қуйидагича тасниф қилинган: “Эмоционал ундов сўзларнинг маъноларидан келиб чиқиб, умумлаштирадиган бўлсак, уларни асосан: ижобий эмоционал маъно билдирувчи ва салбий ҳис-туйғуни ифодаловчи ундовларга ажратишга тўғри келади” [2]. Ушбу мақолада ҳис-ҳаяжон ифодаловчи эмоционал гапларни қувониш, севиниш, эркалаш, афсусланиш, эътироз, нафратланиш, жирканиш каби муносабатлар англатишига кўра қуйидаги гуруҳларга бўлиб таҳлил қиламиз:

1. Ижобийлик баҳо семасига эга бўлган эмоционал сўзлар.

2. Салбий баҳо семасига эга бўлган эмоционал сўзлар.

Ижобий баҳо семасига эга бўлган услубий бўёқдор сўзлар нарса-предметлар, шахслар, белги, ҳолат, ҳаракат ва ҳодисаларга бўлган турлича ижобий муносабатларни англатиб келади. Масалан, (Элчиев) Ўғлига қараб баъзан тонг қолади: “Бу бўйни қаёқдан олган?” Сўнг, юз-кўзига тикиларкан, уни киноартистларга ўхшатиб, баттар ҳайрати ошади: “Шу бола ростдан ҳам менинг ўғлимми?!” Чеҳра буғдойранг, тиниқ, қош-кўзлар сим-сиёҳ — сурма тортилгандек, қарашларда мавҳум бир ифода... (Жавоб, 95) Парчада юз маънодош сўзининг ижобий маъно ифодаловчи чеҳра варианти келтирилган. Элчиевнинг ўғли ташқи кўринишига берилган таъриф нутққа ижобий баҳо қўшиш учун қўлланилиб, фикр билдирилаётган шахсга нисбатан ўқувчининг ижобий муносабатини ифода этиб келган.

Салбий баҳо семасига эга бўлган эмоционал-экспрессив сўзлар ҳам нарса-предметлар, шахслар, белги, ҳолат, ҳаракат ва ҳодисаларга бўлган афсусланиш, ранжиш, жирканиш, менсимаслик каби бир нечта салбий муносабатларни англатиб келади. Масалан, Мадҳиддинни ҳамма мақтайди, ҳамма яхши кўради. Биламан, уни бугун университетда мақтайдилар, эртага ишхонасида, жамоат ўртасида мақтайдилар. У эса — қаерда, кимга, қайси шароитда бўлмасин — ҳамиша қўлини кўксига қўйганча: “Раҳмат, раҳмат”, деб ё илжайиб, ё ишшайиб, ё тиржайиб тураверади; ҳатто тушида ранжитган одамидан ҳам астойдил узр сўрайди. (Отойининг туғилган йили,9) Юқорида синонимик қатор ҳосил қилиб ажратиб кўрсатилган сўзлар кулиш холатини муаллиф томонидан салбий хусусиятини даражама-даража (градацион) тарзда ифодалаган. Ёзувчи агар юқоридаги салбий мазмун ифодаловчи сўзлардан фойдаланмаганда, матн мазмунидаги салбийлик йўқоларди. Мазкур сўзлар бадиий нутқ таркибига баҳо семасини қўшиш учун хизмат қилган. Қуйидаги мисолда ҳам худди шундай холат кўринади: Башарти, курсдошларни танлаш ҳуқуқи берилганда, мен Бўстон билан ўқишдан қатъиян бош тортган бўлардим. У билан бирга ўқиётганимни ўйлаб доим уялиб юраман, келажакда ҳам эсимга тушса, ўзимни кечирмасам, номус қилсам керак. Қачон қараманг, телевизордаги “Қизлар давраси”да ишшайиб ўтиради. (Отойининг туғилган йили, 14)

Эмоционал гаплар муайян бир синтактик бирликда эстетик яхлитланиб, эмоционал конденсацияни юзага келтиради: Қанийди, мана шу сингари бир эминлик шароити бўлсаю мардикорчиликнинг башарасига беш марта тупуриб, ўтириб олиб ўзингиз истаган нарсани ёзсангиз! Қанийди! Лаънат! Минг лаънат! (Ёзувчи,12); — Бу ёққа ўт, тентак! — дейди Болта Мардон ўғлидаги ўзгаришни пайқаб жаҳл билан. — Манови ариқни тўс. Бир қатраям ўтмасин!Сув бериб бўпман мен бу хумсага! (Сув ёқалаб, 72)

Юқоридаги ижобий ва салбий баҳо ифодаловчи эмоционал гаплардан ташқари ҳис -туйғу ифодаловчи оҳ-оҳ, ура, вой-вой, о-о каби ундов воситалар нутқнинг экспрессивлик даражасини оширишга хизмат қилади ҳамда қуйидаги мазмуний структураларни ҳосил қилади:

  1. Пичинг маъносига эга эмоционал гаплар:

— Аспирант бўлмоқчиман! Деб жариллдаим кечқурун акамга.

Томдан тараша тушгандек қабилдаги гапларимга ўрганиб кетган акамни бу янгилик у қадар ҳайрон қолдирмади.

-Аспирант?! — деди у энсаси қотиброқ. — Марҳамат, бўлгин, ким бўлма, деяпти?

-Илмий иш қиламан, диссертация ёзаман! — дедим унинг пичинггига бепарво.

-Аввал диплом иши ёзгин, ўқишни битир, ҳа, кейин бир гап бўлар. Қолаверса, бу сен ўйлаганчалик осон иш эмас, — дея акам мени инсофу андишага чақирмоқчи бўлди.

-Нимаси қийин экан? Ёзаман десам, баъзи бир чаласавод лапашангларингизга ўхшаб, олти-етти йилга чўзиб юрмай, икки йилда битириб ташлайман!

- Оҳ-оҳ, у сизга бўёқчининг нили экан-да! — деб шаштимдан қайтаришга уринди акам. (Отойининг туғилган йили, 49)

  1. Тасодифий воқеа-ҳодисага нисбатан ачиниш, афсусланиш мазмунига мансуб эмоционал гаплар: Яхши юрибсизми, Забаржадхон? Бехабар кўринасиз, қизим. Бандачилик экан, Восил амакингиздан айрилиб қолдик. Ўғли пичоқлаб қўйди. Кеча чиқарганмиз.

- Вай-й-й!

Забаржаднинг қўлидаги салмоқлигина шиша идиш ерга тушиб кетиб, паққа ёрилади. (Забаржад, 142);

  1. Кесатиқ маъносини ифодаловчи эмоционал гаплар: -Вой, вой, бунинг гапини қара-анг! Энди билдим: сен қишлоқи эмас, қип-қизил тўпори экансан! Ундан ҳам баттари- ёввойи! (Забаржад, 137);
  2. Шодлик ва хурсандчилик маъноси:Уррэ-э! Амаким армиядан келяпти! — деди Файзи ирғишлаб. — Амаким армияда-ан! (Файзининг амакиси, 167) Ушбу гапдаги соф эмоционал сўз ўта ҳурсандликни ифодалагани сабаб “э” товуши такрор қўлланган;
  3. Ёдга олинган воқеа-ҳодисани эслаш семасини билдирувчи эмоционал гаплар:..ўқитувчилар бизларга қараб норози бош чайқайди: “Мана буларни кўринг: ичади, чекади, кинога киради.. Умуман тартиб-интизомга риоя қилмайди. Эҳ, бизлар! Бизнинг давримиз!. О-о-о, бизлар ўқувчилигимизда қандоқ эдига!.. ” дейишади оғиз кўпиртириб. (Кечирасиз, ўртоқ муаллим!, 34)

Ёзувчи фикрни тингловчига кучли хис-ҳаяжон билан ифода этиш мақсадида матн таркибида эмоционал гапларни қатор — такрор қўллайди: Биз қўнган Илмень кўли бўйидаги қароргоҳнинг чор атрофи қор, қор, қор! Ақалли бирор қора шарпа кўзга ташлансачи! Ҳаммаёқ оқ, оқ, оппоқ! (Шовқин, 52); Элчиев мувозанатини йўқотди, столни мушлаганча шовқин солиб бақирди:

Эшитсин! Ҳамма эшитсин! Бутун дунё эшитсин! Агар ўғлинг ўша ерга қадамини қўйса!..

— Қўяман!-деди Камолиддин камзулини кафтига илиб.-Ҳозироқ бораман! (“Жавоб”). Юқоридаги мисолларда келтирилган оқ, оқ, оппоқ! ва Эшитсин! Ҳамма эшитсин! Бутун дунё эшитсин! каби эмоционал гаплар лексик такрор воситасида градацион тарзда ифодаланган.

Хуллас, бадиий асар тилининг экспрессивлигини таъминловчи воситалардан бири эмоционал гаплар ҳисобланади ҳамда уларни қувониш, севиниш, эркалаш, афсусланиш, эътироз, нафратланиш, жирканиш каби муносабатлар англатишига кўра уларни ижобийлик ва салбий баҳо семасига эга бўлган эмоционал сўзлар каби турларга бўлиб таҳлил қилинади.

Адабиётлар:

  1. Ўзбек тили лексикологияси. Тошкент: Фан, 1981. – Б.160.
  2. Пирматова М. Ундовлар ва гендер дифференциацияси. // Ўзбек тили адабиёти. 2013. №3. Б. 88.
Основные термины (генерируются автоматически): лексика.


Задать вопрос