Кириш ва киритмалар тадқиқига бағишланган ишларнинг деярли барчасида парантезаларнинг сўз, бирикма, гап, мураккаб бутунлик, тиниш белгилари шаклидаги турлари мавжуд эканлиги кўрсатиб ўтилади. Парантезаларнинг мазкур турлари эса аксарият ишларда, асосан, ўзлари мансуб бўлган муайян бир гап доирасида ўрганилади ва парантезалар билан билан мазкур гап ўртасида синтактик алоқанинг йўқлиги ёки қисман мавжудлиги турли шаклларда таъкидланади. Парантеза ва у кирган гап орасидаги семантик-грамматик, мантиқий-шаклий ёки умуман, қандайдир алоқа гап доирасидан ташқарига чиқмаган ҳолда изланади. Ҳолбуки, парантезанинг ҳақиқий синтактик, коммуникатив, мантиқий, лингвопоэтик моҳиятини гапдан ташқарига чиқмасдан туриб тайин этиш маҳол. Биргина мисол, айтайлик, Демак, меҳмонлар эртага келади гапи таркибидаги демак парантезасининг маъноси фақат шу гап доирасида тушунарли эмас, шубҳасиз, бу гапдан олдин, масалан, Довон йўли бугун ёпиқ экан ёки Меҳмонлар бугун банд экан каби ёки яна бошқа қандайдир гаплар бўлиши лозим. Шундагина мазкур парантеза ўз семантикасини намоён қилади, айни пайтда фақат муайян мазмуннинггина эмас, балки гаплар ўртасидаги боғланишларнинг ҳам ифодачиси, демакки, матн шаклланишининг ҳам ўзига хос унсури эканлиги кўринади. Шу оддий бир мисолдан ҳам кўриниб турганидай, парантеза тадқиқи гап доирасида эмас, балки ундан катта бутунлик, яъни матн доирасида олиб борилиши мақсадга мувофиқ.
Матндаги семантик-структур алоқаларнинг юзага келишида, умуман, матннинг структур, мазмуний ва коммуникатив яхлитлигининг таъминланишида парантезаларнинг ўрнини монографик аспектда ўрганган А. А. Мецлер ўз хулосаларидан бирида шундай ёзади: “...Парентез конструкцияларни гапдан катта лисоний бирлик бўлмиш матн масштабида тадқиқ қилиш, шубҳасиз, катта устунликка эга, чунки бундай ёндашув мазкур муаммонинг турли жиҳатларини интеграл (жамлаган ҳолда) талқин қилишга ва шу тариқа парантез конструкцияларнинг реал лингвистик мақомини аниқлашга имкон беради” [1–128].
Парантез конструкциялар юзасидан бир қатор нозик кузатишлар мумлаштирилган жуда катта миқдордаги ишларнинг мавжудлигига қарамай, муаммо ҳамон ўз ечимини топмаётгани, зеро парантез конструкцияларнинг тил системасидаги ҳақиқий ўрни ва аҳамияти очилган эмас. Бу ҳолат, энг аввало, парантез конструкциялар бўйича тадқиқотлар фақат гап миқёсида олиб борилгани билан изоҳланишини айтади, парантез конструкциялар ва уларнинг қуршови ўртасида юзага келадиган муносабатлар гап эмас, балки фақат матн доирасида аниқланиши ва мантиқан зиддиятларсиз изоҳланиши мумкин деган қатъий фикрга келади [1–127]. Дарҳақиқат, парантезаларни матн таркибида таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир, чунки уларнинг семантик-синтактик ва коммуникатив-эстетик хусусиятлари матний қуршовда реаллашади, матн қуршовидан ажратиб олинганда бутунлай бошқа вазифани бажаради.
Парантезаларни матн лингвистикаси ҳодисаси дея баҳолаш кейинги йилларда кўплаб олимларнинг илмий изланишларида ўз аксини топди. Киритма конструкцияларнинг лингвистик табиати, матн категорияларининг ифодаланишида уларнинг ўрни каби масалалар юзасидан В. А. Шаймиевнинг илмий қарашлари эътиборга моликдир [2–117–125]. Олим киритма конструкцияларни фақат қабул қилувчи гап чегараларида кўриш уларнинг моҳияти учун етарли эмаслигини қатъий таъкидлайди, шу билан бирга киритмаларнинг муҳим хусусиятлари кенгроқ лисоний контекст фонида тушунарли бўлишини илмий жиҳатдан асослаб беради.
Айтиш жоизки, парантетик киритмали гап ҳам, парантетик киритмасиз гап ҳам энг олий коммуникатив бирлик бўлмиш матн ичидагина ўзининг семантик-структур, коммуникатив-эстетик ва бошқа хусусиятларини тўла намоён қила олади, шунинг учун ҳам ҳар қандай гап матн доирасида ўрганилгандагина тўғри илмий талқинга эришиш мумкин бўлади. Зотан, грамматика назариётчилари ахборот бирлиги бўлмиш гап нутқда алоҳида олинган тарзда мавжуд бўлолмаслигини, у бошқа гаплар билан қўшилиб, матн ҳосил қилишини ва матнда инсон фикрлашининг натижалари қайд этилишини айтиб ўтадилар [3–113].
Муайян гапларнинг боғланишлилиги асосида юзага келадиган яхлитлик матннинг муҳим белгиси эканлиги дунё тилшунослигида кўп бор эътироф қилинган [4–14] Ҳар қандай сўзнинг маъноси аниқ бир контекстда реаллик касб этгани каби гап ҳам ўзининг чин мазмунини бошқа гаплар билан муносабатда холис реаллаштира олишини таъкидлар экан, М.Йўлдошев немис тилшуноси К.Боостнинг матндаги гаплар ўртасидаги муносабат ҳақидаги қуйидагича мулоҳазасини келтиради: “Бир гапдан бошқасига тортилган иплар шу қадар кўп ва шундай пишиқ тўрни ҳосил қиладики, гапларнинг чатишиши, уларнинг ягона тўр сифатида ўриб тўқилганлиги ҳақида гапириш мумкин, чунки ҳар бир алоҳида гап бошқалари билан чамбарчас боғланган” [5–32–33].
Ана шу каби баъзи муҳим мулоҳазалар асосида яна бир бор таъкидлаш мумкинки, нафақат гап, балки гапларга киритилган парантезаларни ҳам матн доирасида иш кўрмасдан туриб, холис баҳолаш, уларнинг семантик, структур ва лингвопоэтик қимматини белгилаш мушкул. Ҳозирча биргина мисолга мурожаат этайлик: Нуқул доҳийларни даволаган (Чингизхону Наполеондан бўлак — афсуски, булар олдин ўтган-да, йўқса, уларни-да даволаган бўларди!) зот унинг оёқларини жуфтлаб қайиш билан чандиб тортадию каравот адоғидаги нимагадир қистириб қўяди (Э.Аъзам, “Пакананинг ошиқ кўнгли”қиссаси). Бу ўринда айни матн мисолида яна икки хусусга эътиборни қаратиш мақсадга мувофиқ. Аввало, матн доирасида гапларнинг ўзаро боғланишида, шунингдек, парантезаларнинг асосий — киритувчи гап билан (умуман, бошқа гаплар билан ҳам) боғланишида горизонтал ва вертикал муносабатларни фарқлаш тилшуносликда анча кенг тарқалган. Парантез бирликларнинг матн блокларини шакллантиришдаги иштироки, яъни уларнинг гаплар орасидаги ҳам горизонтал, ҳам вертикал алоқадорлик мавжудлигининг кўрсаткичлари бўлишини ҳисобга олган ҳолда парантезаларнинг матндаги аҳамиятининг нечоғлик катта эканлиги таъкидланади [1–91]. Юқорида келтирилган Чингизхону Наполеондан бўлак — афсуски, булар олдин ўтган-да, йўқса, уларни-да даволаган бўларди шаклидаги парантеза асосий-киритувчи гапда эганинг аниқловчиси вазифасида келган нуқул доҳийларни даволаган бирикмаси билан горизонтал муносабатда, матнда бир неча абзац олдин келган Тилмочнинг маълумот беришича, қурияча салом билан ҳиндийча саломни чалкаштирган бу зот Ким Ир Сеннинг холаваччаси эмиш, вақти-замонида Чан Кайшини, Мао Цзедунни, ҳатто Сталинни даволаган. Ҳитлерни ҳам даволамоқчи бўлган-у, самолётга патта тополмаган. Қўли роса енгил, ўзини Ибн Синонинг шогирди санайди... парчаси билан эса вертикал муносабатдадир. Парантез бирликлар тадқиқида мазкур икки муносабат тури ҳам инобатга олиниши лозим. Алоҳида айтиш жоизки, бундай муносабатлар, айниқса, бадиий матнда фавқулодда диққатга сазовор. Шунинг учун ҳам М.Йўлдошев бу муносабат билан қуйидагиларни таъкидлайди: “...Ана шу мулоҳазалардан келиб чиқилса, сўз ёки бошқа бирликнинг бадиий матндаги поэтик, эстетик қимматини баҳолаш учун матндан узиб олинган кичик бир парча етарли эмаслиги янада ойдин бўлади. Эстетик белгининг моҳияти синтагматик ёки кенгроқ горизонтал муносабатларда тўла намоён бўла олмас экан, вертикал муносабатлар ифодаси учун етарли бўлган яхлит бадиий матн ёки матннинг йирикроқ парчаси билан иш кўриш зарурийдир” [5–101–102].Вертикал муносабатларни тасаввур қилиш учун яхлит бадиий матн ёки матннинг йирикроқ парчаси лозим эканлиги ҳақидаги бу фикрга тўла қўшилиш мумкин. Аммо айрим тадқиқотчилар бундай муносабатнинг воқеланишини парантез бирликнинг фақат олдинги контекст билан алоқаси доирасида чеклаб қўядиларки бундай қараш анчайин мунозаралидир. Парантез бирликларнинг матндаги вертикал алоқалари олдинги контекст билан ҳам (бу ҳолат кенгроқ тарқалган), кейинги контекст билан ҳам бўлавериши мумкин. Юқорида келтирилган Чингизхону Наполеондан бўлак — афсуски, булар олдин ўтган-да, йўқса, уларни-да даволаган бўларди парантезаси олдинги контекстдаги тегишли парча билан ва айни пайтда беш-олти абзац кейин келган қуйидаги парча билан вертикал алоқага эга: Шу ишларни чироқни ёқиб ёки қўлидаги шамни бир чеккага қўйибгина қилса бўлмасмикин, деган ўй тинчлик бермайди жафокашга. Жафокор эса бепарво, билганидан қолмайди. Ахир, у — Ким Ир Сеннинг холаваччаси, кимсан — Чан Кайши, Мао Цзедун, Сталинларни даволаган зот! Қолаверса, Ибн Синонинг мухлиси, Розийнинг бўлажак шогирди!..
Иккинчи бир хусус шундан иборатки, парантеза ва у кирган гап ўртасида кўп ҳолларда (айниқса, парантеза гап ва ундан катта бирлик шаклида бўлганда) фарқли коммуникатив перспективанинг, яъни фарқли фикрий йўналишнинг мавжуд бўлишидир. Парантеза ўзи кирган жумла таркибида икки хил йўналишдаги мазмуний-коммуникатив планларнинг ифодаланишига имкон беради [2–82]. Бошқача қилиб айтганда, парантеза бир нуқтаи назардаги фикрни, асосий гап эса бошқа нуқтаи назардаги фикрни ифодалайди, ана шундай икки фарқли коммуникатив йўналишдаги фикр ифодаси бир гап ёки матн доирасида бирлашади, жамланади. Бу ўринда парантезаларнинг матн шакллантирувчилик хусусияти яна бир карра намоён бўлади. Юқорида таҳлил қилганимиз Нуқул доҳийларни даволаган (Чингизхону Наполеондан бўлак — афсуски, булар олдин ўтган-да, йўқса, уларни-да даволаган бўларди!) зот унинг оёқларини жуфтлаб қайиш билан чандиб тортадию каравот адоғидаги нимагадир қистириб қўяди (Э.Аъзам, “Пакананинг ошиқ кўнгли”қиссаси) шаклидаги парантезали гапга диққат қилинса, бу ҳолатни аниқ кўриш мумкин. Асосий гапда, яъни Нуқул доҳийларни даволаган зот унинг оёқларини жуфтлаб қайиш билан чандиб тортадию каравот адоғидаги нимагадир қистириб қўяди жумласидаги коммуникатив йўналиш бошқа — у бошқа одамга тегишли, бу жумла ичидаги Чингизхону Наполеондан бўлак — афсуски, булар олдин ўтган-да, йўқса, уларни-да даволаган бўларди! парантезасида ифодаланган фикр йўналиши эса асосий гапдагидан фарқли, яъни бу фикр энди бошқа субъектга тегишли. Парантезали гаплардаги бундай имконият, яъни мураккаб мазмундан ташқари турли нуқтаи назарларни жамлаш имконияти бадиийликни ифодалаш, лингвопоэтика учун бениҳоя катта аҳамиятга эга эканлигини айтиш лозим.
Адабиётлар:
- Мецлер А. А. Структурные связи в тексте (Парентезные конструкции). –Кишинёв: Штиинца, 1987
- Шаймиев В. А. К вопросу о соотношении между вставными предикативными единицами и придаточными предложениями / Сложное предложение в системе других синтаксических категорий (Межвуз. сб.). -Л., 1984. -С. 38–46; Шаймиев В. А. Роль вставных конструкций в реализации текстовых категорий / Текстовые реализации и текстообразующие функции синтаксических единиц (Межвуз. сб.). -Л., 1988
- Блох М. Я. Теоретические основы грамматики. –М.: Высшая школа, 1986
- Юлдашев М. М. Бадиий матннинг лингвопоэтик тадқиқи: Филол. фан. док...дисс. автореф. –Тошкент, 2009
- Йўлдошев М. Бадиий матн лингвопоэтикаси. –Тошкент: Фан, 2008