Бугунги кунда дунёда катта ўзгаришлар содир бўлмоқдаки, уларнинг барчасини бирдан илғаб олиш учун замон ва ўзгаришлар билан ҳамнафас бўлиб яшаш талаб этилади. Бу эса ҳар бир кишини кучли билимга эга бўлишга ундайди. Шу боис давлатимизда ёшларнинг билим олиши ва ўзининг қобилияти, иқтидорини намойиш этишлари учун бир қатор имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, иқтидорли ёшларни ва ёш олимларни кашф этиш мақсадида турли илмий-амалий анжуманлар, дастурлаш бўйича жаҳон чемпионатлари, фан олимпиадалари ташкил этилиб, ёшларнинг илмий-тадқиқотларининг натижалари кенг муҳокама қилинмоқда. Келажаги буюк давлатни барпо қилиш учун ёшларимиз ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлишлари лозим. Айни шу масалага ҳукуматимиз, давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратиляпти. Юртимизда 2013 йил “Обод турмуш йили” деб номланган бўлса, 2014 йилга “Соғлом бола йили” деб ном берилишининг ўзи “Обод турмуш”, “Соғлом бола” тушунчаларининг бир-бири билан узвий боғлиқ эканлигини англатади. Яъни бири иккинчисини тақозо қилади. Зеро, обод турмушнинг асосини ҳар томонлама соғлом болалар ташкил этади. Соғлом болани дунёга келтириш ва уни тарбиялаш эса оила, маҳалла, таълим муассасасини ҳамкорликда фаолият олиб боришини талаб этади.
Жалолиддин Румий эса ота-она ва фарзанд муносабатлари тўғрисида қуйидагича фикр билдиради: “Сиртдан қараганда шох меванинг ўзидир, аммо аслида, шох мева учун яралгандир. Мева олиш нияти бўлмаганда боғбон мева экармиди? Шундай бўлгач, мева дарахтдан пайдо бўлгандек кўринса-да, аслида дарахт мевадан бино бўлгандир”. Бу жараёнда Румий ҳазратлари наслнинг давомийлигига ишора қилади.
Фарзанд тарбиясида оила-таълим муассасаси-жамоатчилик-давлат-жамият бирлигини яратиш ғоят муҳим. Тарбия таълим муассасасида мустаҳкамланади. Ўз-ўзидан оила ва таълим муассасасининг ҳамкорлиги табиий равишда пайдо бўлади. Бу эса педагоглар жамоасига катта масъулият юклайди. Таъбир жоиз бўлса, юқорида Румий ҳазратлари таъкидлаган мевадан бунёд бўлган дарахтга шакл бериш, уни парваришлаш охир оқибат дарахт яна мева беришига ва уни тарбиялашига замин яратиш лозим. Давлатимизда таълим жараёнига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури аҳамиятлидир. Яратилаётган шароитлар ва имкониятлардан кўзланган асосий мақсад баркамол авлодни тарбиялашдан иборат. Ёшлар бугунги давр талабига жавоб бера оладиган, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашига ҳисса қўшадиган, билимига ишонадиган кучли ва дадил бўлиб вояга етмоғи керак. Президентимиз таъкидлаганидек, “Тараққиёт тақдирини маънавий жиҳатдан етук одамлар ҳал қилади. Техникавий билим, мураккаб технологияни эгаллаш қобилияти маънавий баркамоллик билан, мустақил тафаккур билан бирга бориши керак. Ақлий заковат ва руҳий-маънавий салоҳият — маърифатли инсоннинг икки қанотидир”.
Шундай экан, маърифатли инсонни тарбиялаш ва уни парвоз қилдириш таълим тизими олдидаги долзарб вазифадир.
Шахс психологик жиҳатдан тараққий этган, шахсий хусусиятлари ва хатти- ҳаракатлари билан бошқалардан ажралиб турувчи муайян жамият аъзоси бўлиб, унинг шаклланиши ижтимоий муносабатлар жараёнида кечади. Шахснинг жамиятда ўз ўрнини топишида унинг жамият аъзолари билан мулоқотга киришиши муҳим аҳамиятга эга. Илм-фан мислсиз даражада ривожланаётган бугунги кунда ёшлар фаоллигини таъминлашда дарс жараёнида турли педагогик технологиялардан фойдаланишни тақозо этади. Айни жиҳатдан ижтимоий психологик тренинг ўтказиш муҳимдир. Бироқ ижтимоий психологик тренингни ўтказиш тренердан маҳорат ва тажриба талаб этади. Яъни, “Тренинг машғулотини ташкил этувчи тренер ўзига қуйидаги саволларни бериши керак:
1. Мен қандай мақсадга эришмоқчиман?
2. Нима учун бу мақсадга эришмоқчиман?
3. Қандай воситалар ёрдамида уни амалга оширмоқчиман?”
Дарҳақиқат, ижтимоий психологик тренингни ўтказиш учун, аввало, мақсад тўғри қўйилиши ва уни амалга ошириш методлари аниқланган бўлиши лозим. Мақсадни тўғри танлаган тренер тренингни ўтказиш учун мунозара, фикрлашга мажбурлаш, пинборд, эвристик суҳбат, жуфт-жуфт бўлиб ишлаш, гуруҳларда ишлаш каби турли методлардан фойдаланиши мумкин. Бу тренернинг маҳоратига боғлиқ, албатта.
Ҳар қандай шахс тренинг ўтказа олмайди. Бунинг учун махсус талабларга жавоб бериш лозим. Тўғрироғи, тренер шахсига қуйидаги талаблар қўйилади:
“1. У, аввало, ўзгалар шахсига хос бўлган психологик хусусиятларни жуда яхши билиши ва бунга инглизлар айтганидек, “Ўзгалар психологиясини билиш улар устидан ҳукумронликнинг бир шаклидир”,- деган нақлни эсдан чиқармасликдир;
Лекин бунда педагогик альтруизм, яъни ўзгалар манфаатини ўзиникидан устун қўйиш хислати мавжуд бўлиши керак;
2. Ўзининг шахсий фазилатлари ва психологиясининг мукаммал билиши ва уни бошқара олиш қобилиятига эга бўлиши зарур;
3. Ҳар қандай чигал ёки зиддиятли вазиятлардан чиқиб кетишгина эмас, балки унинг олдини ола билиш, вазият тўғри келганда эса уни бартараф этиб, иштирокчиларга тўғри маслаҳат бера олиш;
4. Эмпатия, яъни ўзгалар ҳолатларини чуқур ҳис қила олиш қобилиятининг мавжудлиги;
5. Ўзгарувчан, мосланувчан ақл соҳиби бўлиш, кутилмаган ҳолатларга ўзини олдиндан тайёрлаш, ўзини йўқотмаслик;
6. Ўз хатти-ҳаракатларини доимо маълум маромда ушлаш ва керак бўлса, ўзидаги моторикани ривожлантира олиш;
7. Ўзгалар нутқи, реакцияларини аниқ тушуниш ва тинглаш, мимика ва хатти-ҳаракатлар моҳиятини тўғри талқин этиш ва тушуниш;
8. Тингловчилар ва ўйин иштирокчиларининг эҳтиёжлари ва қизиқишларига қарши бормаслик;
9. Режалаштириш қобилиятининг бўлиши, бунда олдиндан кутилаётган жараённинг барча муҳим ва номуҳим жиҳатларини олдиндан тахминан бўлса ҳам, тасаввур қилиб, аниқ режа туза олиш;
10. Ўзига ишонч, эътиқоднинг мавжудлиги, реал тафаккур ва ироданинг бўлиши”.
Тренер шахсига қўйиладиган талаблардан англашиладики, тренинг жараёнида турли вазиятларнинг вужудга келиш эҳтимоли мавжуд бўлиб, бошқарувчи шахс, яъни тренердан бундай вазиятлардан эпчиллик, ақл идрок билан чиқиб кетиши учун нафақат кучли билим, балки иштирокчилар психологияси ва дунёқарашини ҳам маълум маънода билиши талаб этилади.
Ижтимоий психологик тренинг шунчаки ўтказиш эмас, балки у орқали самарали мулоқот жараёнини шакллантириш, зарур бўлса, эришиш керак. Бу эса фақат тренердан эмас, иштирокчилардан ҳам масъулиятни ҳис қилишни талаб этади. Ҳар икки томон тренинг моҳиятини чуқур англаб етсагина амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар иштирокчилар ўртасида тўғри тақсимланишига эришилади. Ўз навбатида тренинг ўтказиш учун танланган мавзунинг долзарблик даражасига ҳам боғлиқ. Бошқача айтганда, ижтимоий психологик тренингда самарали мулоқотга эришиш учун қуйидаги омиллар ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқ:
“...а) мақсаднинг аниқ бўлиши, унинг бошловчи ва иштирокчилар томонидан бир хил идрок қилиниши ва тушунилиши;
б) икки томонлама мулоқотнинг мавжудлиги, яъни фикр ва ҳиссий кечинмаларнинг аниқлиги, очиқлиги ва ростгўйлиги тамойилларига эътибор бериш;
в) фаол иштирок ва гуруҳдаги лидерликнинг аъзолар ўртасида тенг тақсимланишига эриши;
г) таъсир кўрсатиш ёки руҳий тазйиқнинг иштирокчилар билимлари, қобилиятлари ва малакаларига асосланиши, лекин бунда бошқаларнинг камситилишига йўл қўймаслик;
д) қарор қабул қилиш ва мунозараларни якунлаш босқичларида вазиятга қараб, бошловчининг ташаббусни ўз қўлига олиш ҳуқуқидан фойдаланиш;
е) баҳс ва тортишувларга доимо тўғри, оқилона, одилона, конструктив тус бера олиш, бу омил иштирокчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлайди ва уларда шаклланадиган сифатларнинг мустаҳкамланишига замин ҳозирлайди”.
Демак, ижтимоий психологик тренингда кўзланган мақсадга эришиш учун ҳар икки томоннинг максимал тарзда ўзининг маҳоратини кўрсатиши лозим. Бу эса ҳар қандай шароитда шахснинг гуруҳ аъзоси сифатидаги фаолияти ҳамда индивидуаллигини намоён этиш имконини беради. Ижтимоий психологик тренинг белгиланган талаблар асосида ташкил этилса, тренерга муваффақият келтириши билан бирга иштирокчиларда ҳам ўзларига нисбатан ишонч туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. Таълим соҳасига янги педагогик ва замонавий ахборот технологиялари бевосита тадбиқ этилаётган айни кунларда турли мавзуларда ижтимоий психологик тренингларни ташкил этиш ёшларнинг фаоллигини оширишга, мустақил фикрлаш ва дунёқарашининг ривожланишига хизмат қилиши табиий.
Адабиётлар:
- Олимов Ш.Ш, Хасанова З.Д Педагогик технологияларни ўқув-тарбия жараёнида қўлаш.Т.: “Фан ва технологиялар”. — 2014. — 164 б.
- Каримова. В. М. Ижтимоий психология ва ижтимоий амалиёт. Т.:”Университет”. 1999. — б. 78–80.
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Т.1992. Таълим тўғрисидаги Қонун. Т.1997. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури. Т. 1997.
- Каримов И. А. Ўзбекистоннинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий истиқболининг асосий тамойиллари.Т. “Ўзбекистон”. 1995. 46-бет
- Жалолиддин Румий. Қалб кўзингни оч...Т. “Санно стандарт”.– 2010. — 55 бет.