Халқ мақолларида ўзбек миллий қиёфаси | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 4 января, печатный экземпляр отправим 8 января.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №19 (309) май 2020 г.

Дата публикации: 11.05.2020

Статья просмотрена: 271 раз

Библиографическое описание:

Махсудова, Н. А. Халқ мақолларида ўзбек миллий қиёфаси / Н. А. Махсудова. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2020. — № 19 (309). — С. 572-576. — URL: https://moluch.ru/archive/309/69782/ (дата обращения: 22.12.2024).



Пословицы несут в себе нестираемую печать национального характера, поэтому в каждой пословице можно увидеть облик народа, создавший эти пословицы. В данной статье определены и освещены черты узбекского национального характера в пословицах, которые появились на основе бессмертных и живучих узбекских ценностей.

Ключевые слова: пословицы, поговорки, национальный характер, щедрость, коллективизм

Proverbs carry indelible trace of national character that’s why in every proverb we can see the image of folk who created these proverbs. In the article by means of proverbs, features of Uzbek national character which appeared on the basis of immortal and tenacious Uzbek values are defined and elucidated.

Key words: proverbs, saying, national character, generosity, collectivism

Дунёда юзлаб элат ва миллатлар мавжуд бўлиб, улар ер юзининг турли минтақаларида ва хилма-хил табиий шароитларда истиқомат киладилар. Бу ҳол уларнинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзи, сўзлашув ҳамда мулоқотлари каби ўзига хос жиҳатлари шаклланишига олиб келган. Шунинг учун ҳам турли халқларнинг тили, миллий қадриятлари, дунёқараши бир-биридан фарқ қилади.

Ўзбек халқи кўп асрлар мобайнида мураккаб синовларни бошидан кечирган, ўзининг гўзал маънавий қиёфаси, бағрикенглиги, инсонпарварлиги билан ном қозонган. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида халқимизнинг ана шундай юксак фазилатлари, умрбоқий қадриятларини ёш авлод онги ва тафаккурига теран сингдириш лозимлиги таъкидланган. Хусусан, ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар аждодларимиз томонидан шакллантирилган ахлоқий мезонлар мажмуидир. Халқимиз орасида “Уят — ўлимдан қаттиқ”, “Номус — ярим ўлим”, “Элдан андиша қилишлик оқилнинг иши, Аллоҳдан андиша қилишлик орифнинг иши” каби мақол ва нақллар тилимизда ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, аксинча, бундай иборалар эл-юртимизга мансуб эзгу ва гўзал маънавий қадриятларнинг акс-садосидир.

Мақоллар миллат кўзгусидир. Ушбу кўзгуда мақолларни яратган халқнинг миллий, маънавий қадриятлари, ғоявий-сиёсий, ахлоқий, бадий-эстетик, экологик, иқтисодий, диний қарашлари акс этиб туради. Шу боис, улар воситасида маълум бир миллатнинг миллий характер хусусиятларини очиб бериш мумкин.

Ўзбек тилида кўпгина мақоллар луғати мавжуд. Аммо ҳозиргача нашр этилган тўпламлар ичида Т.Мирзаев, А.Мусақулов ва Б.Саримсоқовлар томонидан тузилган “Ўзбек халқ мақоллари” ва Ш.Шомақсудов, Ш.Шораҳмедовлар томонидан нашр этилган “Маънолар махзани” номли тўпламлар ўзида мақолларни нисбатан тўлароқ қамраб олгандир. Бу икки тўпламдаги мақолларнинг таҳлили натижасида қуйидаги хусусиятлар ўзбек миллий қиёфасидаги ўзига хос жиҳатлар сифатида аниқланди:

1. Жамоавийлик: жамоавийлик ўзбек миллий табиатига хос бўлган хусусиятлардан биридир. Халқимизнинг ушбу хислати тўй, таъзия маросимларида, турли байрам тадбирларида, ҳашар ва баҳор таоми бўлган сумалак тайёрлашда номоён бўлади. Л.Левитин, Д. С. Карлайлларнинг “Ислом Каримов янги Ўзбекистон Президенти” номли асарида ўзбекларнинг ушбу жиҳати ва ҳашар тадбири ҳақида шундай дейилади: “Асрлардирки, ўзбек миллий табиатига жамоавийлик хосдир. У айни чоғда шўролар жамоавийлиги билан ҳеч қандай муштаракликка эга эмас. Агар одамлар бирдамлик туйғуси билан кўтаринки кайфият туйсалар, тенг ва адолат асосида ўз маблағини умумий ишга қўшсалар, бунда фақат инсоний ор-номус ва маънавиятнинг юксак даражада номоён бўлмоғини кўриш мумкин.

Бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаш ва жамоавий меҳнат шакли бўлган ҳашар ҳам маҳаллада дунёга келди ва ривожланди. Асрлар ўтди, ҳашар ёрдамида уйлар, кўприклар, йўллар қурилди, ариқлар, каналлар қазилди. Йирик жамоат ишларини бажариш билан боғлиқ ҳашар мавжуд, ишончим комилки, келажакда ҳам бўлади. Ишониш анча қийин, лекин 160 минг одам 45 кун ичида катта Фарғона каналини қурган. Бугунги кунда ҳам Ургутдаги телевизион минора ҳашар асосида барпо этилди” [3, 43].

Ўзбек халқида мавжуд бўлган ҳашар бу кишиларнинг бир-бирларига ёрдам бериш мақсадида, ўзаро ҳамкор бўлишиб, йирик ҳажмдаги ишларни бажаришидир. Ҳашар инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, дўстлик, баҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, инсоний қадр-қимматни қарор топтиришда катта аҳамият касб этади. Юртимизда ҳашар ирригация ишларини амалга ошириш, кўчалар, йўлларни тозалаш ва тузатиш, кўчатлар экиш, ариқлар қазиш, кўприклар ва жамоат жойларни қуриш ва таъмирлаш, мозорларни ободонлаштириш, пахта далаларига ишлов бериш мақсадида амалга оширилган. Шунингдек, бирор киши тўй олдидан ёки иморат қилса ҳам ҳашар уюштирган.

Ўтмишга назар ташланса, Ўзбекистоннинг кўпгина шаҳар ва қишлоқларида жамоат бинолари: йўллар, кўприклар ва сардобалар ҳашар йўли орқали қурилганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Ҳозирги пайтда ҳашар меҳнат жамоаларида ҳамжиҳатлик асосида ўтмоқда. Рўза, Қурбон ҳайитлари, Наврўз байрами, Хотира ва Қадрлаш куни, Мустақиллик байрамлари олдидан кўча ва ҳиёбонларни ободонлаштириш мақсадида ҳашар уюштириш анъана тусига кирган.

Инсонларни бирдамликка чақирувчи ҳашар анъанаси кўплаб мақолларимизда ўз аксини топган. Жумладан: “Ҳашар элга ярашар”, “Ҳашар қилдим уй қурдим, унда кўп ҳикмат кўрдим”, “Ҳашар борсам битар, инграниб куним ўтар”, “Ҳашар билан битмай қолган ишим битар, менсимаган ўз оёғидан йитар”. Халқимизда мавжуд бўлган ана шундай анъаналарнинг шаклланиши ва бардавомийлигида мақол ва нақлларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Улар халқ маънавий қадриятларини ўгит ва насиҳат усулида ташвиқ ва тарғиб этувчи халқ донишмандлигининг муҳим шаклидир.

2. Сахийлик: бу хусусият биз ўзбекларга аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган жиҳатлардан биридир. Илс Лауд Сиртатас (Ils Laude Cirtautas) ўзининг “A survival and revival of traditional uzbek values and customs: A view from the outside” номли мақоласида ўзбекларнинг энг қадимги аждодлари ҳисобланган Билга Ҳоқон ва Кул Тегинлар ҳам юксак саховат эгалари бўлганлигини баён этган [10, 52–54]. Илс Лауд Сиртатас ўз мақоласида бу ҳоқонларни VIII асрда яратилган “Беовулф” номли қадимги инглиз достонидаги қирол билан солиштириб, инглиз қироли халқ манфати йўлида сахийлик қила олмаган деган хулосага келди.

Сахийлик анъанаси нафақат қадимда, балки кейинги даврларда ҳам давом этди. Масалан, IX-X асрларда сомоний ҳукмдорлар ва бойлар халқнинг бир йиллик хирожини ўз ҳисобидан тўлаб юбориш бўйича мусобақа ўйнаганлиги фикримизнинг исботидир [5, 9]. Шунингдек, аждодларимиз орасида буюк бобокалонимиз Амир Темур бу борада пешқадамлардан бири ҳисобланади. Бу хусусда Соҳибқироннинг ўзи шундай дейди: “Мен камбағалларга кўп хайр-эҳсон қилдим. Ҳар можаро ва муаммони диққат билан текширдим ва уни мумкин қадар тўғри хал қилишга бутун жаҳдимни сарф қилдим. Ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар қуришни, мусофир йўловчилар учун йўл устига работлар бино қилишни буюрдим” [6, 204].

Ўзининг саховатпешалиги билан халқнинг обрў-эътиборига нафақат ҳукмдорлар, балки оддий халқ вакиллари ҳам сазовор бўлишган. Масалан, Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорларнинг саховатпешалиги маълум ва машҳурдир.

Тарихнинг ҳар бир даврида бўлгани каби ўрта асрларда ҳам Мовароуннаҳрда инсондаги сахийлик ва бағрикенглик каби сифатлар оддий халқ ва олимлар тарафидан таҳсинга лойиқ жиҳат сифатида тан олинган. Шунинг учун ҳам бу даврда бир қатор мутафаккир ва шоирлар тарафидан яратилган дурдона асарларда инсонпарварлик, эл-юрт, Ватан, яхшилик ва эзгулик, хайр-эҳсон, меҳр-мурувват, савоб ва сахийлик, ўзаро ёрдам каби ғоялар акс эттирилган эди.

Мовароуннаҳрда XI асрдан кейинги адабиётда панд-насиҳат, таълим-тарбияга оид хусусиятлар етакчилик қилган. Шунинг учун ҳам Ўрта асрларда яратилган кўплаб асарлар асосан панднома жанрида яратилган ва уларнинг деярли барчасида инсонлардаги юксак ахлоқий фазилат ҳисобланган сахийлик эъзозланиб, бахиллик эса қораланган. Шундай асарлар сирасига Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар туҳфаси”), Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга йўлловчи билим”), Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарлари киради. Кўриб турганимиздек, бундай бағрикенглик, саховатпешалик, одамийлик фазилатлари асрлар давомида аждодларимизнинг энг эзгу амали ҳисобланиб, қадриятга айланган. Ушбу қадриятлар момоларимиз, боболаримиз томонидан авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Машҳур инглиз олими Элворз айтганидек, сахийлик ва бағрикенгликни улуғловчи асарларни, буюк мутафаккир, шоир, ёзувчи ва ҳукмдорларнинг эзгу амалларини тинглаб вояга етган XXI аср ўзбекларида ҳам, албатта бундай жиҳатлар шакллангандир [1, 19].

Ўзбек тилидаги юқорида зикр этилган мақол луғатларида сахий ва бахил инсонлар ҳақида 147 мақол аниқланди ва уларда сахий кишилар улуғланиб, бахил инсонлар қораланади. Жумладан, “Бахил топса, босиб ер, сахий топса, барча ер”, “Бахилники доим “йўқ”, сахий йўқ бўлса ҳам тўқ”, “Бахилдан тош сўрагунча гадойдан ош сўра”, “Сахий хор бўлмас, бахил беҳиштга кирмас”. Шунингдек, бир қанча мақолларда бахилни сахийлик қилиб уялтириш лозимлиги, яъни ёмонликка яхшилик қилиш орқалигина мақсадга эришиш мумкинлиги уқтирилади: “Сув ичирмасга сут ичир”, “Бермаганни бериб уялтир”.

Ўзбек халқида “Битта майизни қирқ киши ейди”, — деган нақл бор. Аслида битта майизни қирқ кишига бўлиб бўлмайди, лекин бу нақл халқимизнинг бағрикенглик, сахийлик, меҳр-мурувватлик каби хислатларини намойиш этмоқда.

3. Меҳмондўстлик: халқимиз меҳмондўстликни азалдан улуғлаб, ўзининг бу фазилати билан машҳур бўлиб келган. “Ўзбек халқи меҳмонни шу қадар севадики, ҳатто мусича дон ташласа, чойнинг шамаси пиёлада тик турса ёки тушда йўл нарсалари кўрилса — буларнинг ҳаммаси меҳмон келишига йўйилади” [7, 212]. Ўзбеклар учун меҳмоннинг муҳими ёки номуҳими, каттаси ёки кичиги деган гап бўлмайди. Халқимиз остонадан қадам ранжида қилган ҳар қандай кишига дарҳол пешвоз чиқади ва меҳмон учун дастурхон ёзиб, бор-будини қўяди.

Овқат ейилаётган жойга кириб келган меҳмонни эса халқимиз “қайнонаси севадиган киши” деб қабул қилади ёки меҳмон хижолат тортмаслиги учун “Яхши меҳмон ош устига” деган нақлни ишлатишади. Буларнинг барчаси халқимизнинг бағрикенглиги, меҳмондўстлигидан даракдир. Ўзбеклар меҳмон ташриф буюрган хонадонига барака, хайр олиб келади деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун ҳам меҳмонни мўътабар зот санашади. Бу ўзбек халқ мақолларида ҳам яққол акс этгандир. Жумладан, “Меҳмон — отангдай улуғ”, “Меҳмон — азиз, мезбон — лазиз”, “Меҳмон — атойи худо”, “Меҳмон келган уйдан барака аримайди”.

Юртимизнинг Фарғона водийсидаги Қўқон, Фарғона ва Андижон вилоятларида шундай одат борки, меҳмон келган хонадонга қўшнилар ҳурмат юзасидан дастурхон чиқаришади. Қашқадарёликлар удумига кўра, бирор хонадонга меҳмон келса, қўни-қўшнилар ва яқин қариндошлар навбати билан ўз хонадонларига меҳмонни таклиф этишади. Агар меҳмон узрли сабабларга кўра, таклиф этилган жойга боролмаса, унга таом узатилади, буни “ҳамсоятавоқ” деб аташади [2, 126]. Шундай одатларимиз таъсирида “Меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан”, “Меҳмон ўз ризқ-рўзи билан келади”, “Меҳмоннинг ризқи йўлда”, “Меҳмоннинг ризқи ўзидан олдин келади” каби мақолларимиз пайдо бўлгандир.

Ота-боболаримиздан қолган яхши одатларимиздан бири шуки, меҳмон келган уйда ўшқириб гаплашиш, шовқин солиш, унинг ҳузурида ади-бади айтиш, уришиб қолиш у ёқда турсин, ҳатто кесатиб ҳам гапириб бўлмайди. Оила аъзоларини, ўз боласини ҳам жеркиш уят ҳисобланади. Ҳатто мушукни “пишт” дейиш, чироқни “пуфлаб” ўчириш мумкин эмас, чунки сал нарсага меҳмоннинг кўнгли озор топиши мумкин [4, 29]. Қуйидаги мақоллар воситасида ўзбекларнинг бундай жиҳатини очиб бериш мумкин: “Меҳмоннинг олдида мушугингни пишт дема”, “Меҳмоннинг итини тур дема”, “Мушугинга “пишт” дема, меҳмонга тегади”, “Уйинга меҳмон келганда капгирингни таққилатма”.

Демак, ўзбек халқида меҳмон кутиш бобида ўзига хос маданият шаклланган. Бундай маданият қисқа вақт мобайнида шаклланган эмас, албатта. Ҳаттоки бир неча асрлар олдин яшаб ижод этган аждодларимизнинг бизгача етиб келган ижодларида ҳам меҳмондўстликнинг юқорида айтиб ўтилган намунаси акс эттирилган.

4. Меҳр-оқибатлилик: Меҳр-оқибат халқимизнинг қўшничилик анъаналарида янада яққол сезилади. Ҳалоллик, адолат, ҳақгўйлик, самимийлик, беғаразлик асосига қурилган оқибат ва меҳр, ҳурматга асосланган қўни-қўшничилик, маҳалла-кўйчилик урф-одатлари ҳамда анъанаси қадимда ҳам бағоят эъзозланган. Халқимиз уларни авлоддан-авлодга етказиб, тобора бойитиб, мазмунан чуқурлаштириб борган. Яхши, аҳил, меҳр-оқибатли қўни-қўшничилик кишиларни ҳақиқий инсон, меҳр-шафқатли қилиб тарбиялашда катта аҳамият касб этади. Ўзбек халқининг қўни-қўшничилик одоби ва маданияти ўзбек халқ мақол ва ҳикматли сўзларида ёрқин ифодаланган. Уларда яхши қўни-қўшничилик, маҳалла-кўйчилик, аҳил, биродар қўшниларнинг ўзаро бир-бирига қадр-қиммати, одоби, ибратли хулқ-атвори юксак даражада таърифу тавсиф этилади. Каттаю кичик бундай қўшниларнинг эътибори, жамият ва маҳалладаги ўрни, хатти-ҳаракатларидан намуна олишга чақирилади. Чунончи, “Қўшнинг яхши бўлса, кўр қизинг ҳам эрга тегар”, “Ҳовли олма қўшни ол”, “Етти қўшнинг ота-онанг”, “Ён қўшнинг — жон қўшнинг”, “Қўшнинг бор — ошинг бор”, “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Қўшнисидан сўраб қиз ол, четидан қараб бўз ол”, “Шолчани сотсанг қўшнинга сот, бир четида ўзинг ўтирасан”, “Қўшнингда бори — сенда бор”, “Қўшни келди — кўмак келди”, “Меҳмон келса қўшнингни чақир, ёлғизлигинг билинмайди”, “Ҳамсоя — жон соя”, “Ён қўшним — дармиён қўшним”, “Қўшнининг кўнглини оғритма, сўнг бир умр ўтда қолма” мақоллари ўзбек халқида нафақат яхши қўни-қўшничилик, аҳил, иноқ маҳалла-кўйчиликни, балки инсонлар ўртасидаги энг олижаноб фазилатлардан бўлган меҳр-оқибат шаклланганлигидан далолат беради.

Юқорида санаб ўтилган жиҳатлардан ташқари андиша, иффат, ор-номус каби боқий қадриятлар азалдан халқимиз бой маънавиятининг ажралмас қисмига айланган. Ушбу жиҳатлар бир-бири билан узвий равишда боғлиқдир.

Халқимизда мавжуд андиша тушунчаси биринчидан, ҳаё, иккинчидан, ҳурмат, учинчидан, сабр-тоқат ва ниҳоят, фаросат тушунчалари билан боғлиқдир. Масалан, баъзи бир одам сермулоҳаза бўлиб, биров нафсониятига тегадиган гап айтса ҳам, унга муносиб жавоб қайтаришнинг, қаттиқ-қурум гапиришнинг ўрни келса-да, узоқ-яқинини, орқа-ўнгини ўйлаб индамайди, ўзини тийиб, сабр-тоқат қилади. Ушбу ҳолатда андиша сабр-тоқат туфайли юзага келмоқда. Бундай андишали инсонларни баъзи бировлар қўрқоқ деб атайдилар. Уларга қарата халқимиз “Андишанинг отини қўрқоқ қўйма” мақолини қўллайди. Баъзан инсон уялгани, номус қилгани учун ҳам андиша қилиши мумкин. Масалан, ”Мард бир йил оч, номард ҳамиша оч” мақолида мард инсон қорни оч қолса ҳам уялганидан бировга лом-мим демайди, андиша қилади, аксинча, андишасиз ва номард эса барча нарсаси етарли бўлса ҳам, ўзини бева-бечорадай кўрсатади, деган мазмун ётади. Шунингдек, халқимиз баъзан ҳурматни андишада деб билади. Шунинг учун андиша бирор бир кишининг бошқа кишига нисбатан юксак ҳурмати туфайли ҳам юзага келиши мумкин.

Баъзи бир миллатларнинг, жумладан, инглизларнинг мақолларини ўрганганда, улар учун андиша тушунчаси ёт эканлиги тўғрисидаги хулосага келинди. Ҳатто ўзбек тилидаги андиша сўзининг сўзма-сўз таржимаси инглиз тилида мавжуд ҳам эмас экан. Ўзбек тилидаги ушбу тушунчанинг маълум бир қирраларини инглиз тилида shame (уят), conscience (виждон), respect (ҳурмат), honour (номус) сўзлари очиб бериши мумкин. Лекин барибир бу сўзлар андиша сўзининг тўла маъносини бера олмайди.

Дунё халқлари ўртасида ўзбекларнинг ўзбекона ўзига хос бўлган хусусиятларидан яна бири унинг болажонлигидир. Ҳар қандай ўзбек хонадонида фарзанд дунёга келиши байрам, беҳад қувонч, битмас-туганмас севинч, илоҳий бир тантана ҳисобланади. Фарзанднинг дунёга келиши ота-она, оиланинг орзу- умидлари, аҳил-биродарлиги, кўркамлилиги, файзлилиги, қут-баракаси, обрўси, қадрияти, нуфузи, бардам-барҳаётлиги, оила мустаҳкамлиги, бутунлигининг нишонасидир. Халқимизда фарзанд улуғ неъмат ҳисобланади. Ҳатто тўй-маъракаларда келин-куёвга қаратиб шундай дуо қилинади:

– Илоҳо шу хонадондан ҳамиша гўдакнинг йиғи овози тинмасин. Бу йиғи қайғу-алам, кулфат йиғиси бўлмай, чақалоқнинг дунёга келиш йиғиси бўлсин. Бу тилак, олқишлар ўзбекнинг нақадар болажон халқ эканлигини кўрсатиб турибди. Халқимизнинг болага бўлган юксак меҳри мақолларда ўз ифодасини топган: “Бола бешикдан йиқилгунча, подшо тахтидан йиқилсин”, “Бол ширин, болдан бола ширин”, “Бола — хондан улуғ”, “Боланг ёмон бўлса ҳам омон бўлсин”, “Давлатнинг боши — фарзанд”, “Фарзандим — асал-қандим”, “Фарзандим — дилбандим, севганим асал-қандим”, “Фарзандинг — давлатинг, фазилатинг — зийнатинг”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мақоллар шундай китобки, у ҳеч қачон ўқиб тугатилмайди, шундай мусиқа асарики, уни охиригача ижро этиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири замирида шу халққа хос ва мос бўлган, тарихан шаклланган маданият жиҳатлари бор ва улар шу халқнинг руҳиятини, менталитетини, характерини аниқлаб беради. Ўзбек халқ мақолларида ҳам халқимизнинг шундай одат, анъана ва фазилатлари акс этганки, улар бошқа халқларда йўқлигидан инсоният маънавиятининг нодир жиҳатлари сифатида бошқаларда ҳайрат уйғота олади.

Адабиёт:

  1. Allworth E. A. The modern Uzbeks: From fourteenth century to the present. — USA: Hoover Press Publication 373, 1990. — 410 р.
  2. Бўриев О., Хўжамбердиев Т. Ўзбек халқ боқий қадриятлари. — Қарши: “Насаф” нашриёти, 2005. –195 б
  3. Левитин Л., Карлайл Д. С. Ислом Каримов — янги Ўзбекистон Президенти. — Т.: Ўзбекистон, 1996. 368
  4. Махмудов К. Меҳмоннома. — Т., 1989. — 289 б
  5. Саховатли инсонлар ва саломатлик посбонлари: Метод.-библиогр.қўлл. / Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-наси; Тузувчи М.Матмуродова. — Т.: Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-наси нашриёти, 2006. — 52 б.
  6. Темур тузуклари  Форсчадан А.Соғуний ва Ҳ.Кароматов тарж.: Б.Аҳмедов таҳрири остида. — Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1996. — 344 б.
  7. Шомақсудов Ш., Шорахмедов Ш. Маънолар махзани (Ўзбек мақолларининг изоҳли луғати). — Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2001. — 448 б.
  8. “Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” номли халқаро конференция маъруза ва табриклар тезислари тўплами. — Тошкент-Самарқанд: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази, 2007. — Б. 52–54.
Основные термины (генерируются автоматически): IX-X, USA, VIII, бор, национальный характер, пословица.


Задать вопрос