«Ат-Таърифот» асарининг Қуръон илмларига оид истилоҳларнинг ўрганилишидаги илмий аҳамияти | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 29 января, печатный экземпляр отправим 2 февраля.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №51 (393) декабрь 2021 г.

Дата публикации: 18.12.2021

Статья просмотрена: 1 раз

Библиографическое описание:

Мустафаев, Д. Ш. «Ат-Таърифот» асарининг Қуръон илмларига оид истилоҳларнинг ўрганилишидаги илмий аҳамияти / Д. Ш. Мустафаев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2021. — № 51 (393). — С. 549-552. — URL: https://moluch.ru/archive/393/86759/ (дата обращения: 20.01.2022).



Мақолада Саййид Шариф Журжонийнинг илмий даражаси, олимнинг диний истилоҳлар таърифларига бағишланган «ат-Таърифот» номли асари, асарда Қуръон илмларига оид истилоҳлар ёритилиши тадқиқ этилган.

Калит сўзлар: Журжоний, қуръон луғати, диний истилоҳлар қомуси, тафсир, таъвил, муташобеҳ, тавба.

В статье исследуется ученая степень Саййида Шарифа Джурджани, работа ученого по изучениюрелигиозных терминов «ат-Тарифат», охват терминов, относящихся к наукам Корана.

Ключевые слова: Джурджани, энциклопедия религиозных терминов, коранический словарь, тафсир, тавил, муташабех, тауба.

Ўрта асрлар қомусий олимларидан ҳисобланган Саййид Шариф Журжоний (740–816/1340–1413 йй.) ўз давридаги Ислом дунёси илм аҳлларининг кўзга кўринган вакили эди. У араб тилшуноси ва файласуф сифатида танилиши билан бирга ўша даврда мадрасаларда ўқитилган илмлардан калом, ислом фалсафаси, мантиқ, араб тили ва адабиёти, фиқҳ ва усул, тафсир, ҳадис ва мунозара илми каби илм соҳаларида устоз эди. Манбаларда унинг ўта закий, мудаққиқ, муҳаққиқ, чуқур мулоҳазали, ўткир фикрли, фасоҳат ва балоғат соҳиби, баҳс ва далил келтириш усулларини яхши билувчи, мантиқ ва ақл тақозосига кўра суҳбатлашувчи бўлгани ҳақида маълумотлар якдил [1, с. 49].

Манбаларда Журжонийнинг турли илмларга оид юзга яқин асар битгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Лекин олимни дунёга Саййид Шариф Журжоний қилиб танитган асарлари саноқли. Унинг ана шундай асарларидан бири исломий илмларга оид истилоҳларга бағишланган “ат-Таърифот” (“Таърифлар”) номли асардир.

Муаллифнинг сўзига кўра, исломий илмлар соҳасида ўз даврига қадар ёзилган бутун бошли асарлардан саралаб олинган ушбу қомус илм талабидаги кишиларга қулайлик туғдириш мақсадида тасниф этилган бўлиб, алифбо ҳарфлари тартибида тузилган [2, с. 29].

Саййид Шариф Журжоний ўзининг бу китобида 2026 та истилоҳнинг таърифини келтирган бўлиб, улар асосан калом, фалсафа, мантиқ, наҳв, сарф, аруз, қофия, тафсир, ҳадис, фиқҳ, фароиз, усулул фиқҳ, ҳисоб, балоғат, тасаввуф, астрономия, тиббиёт каби илмларга хос истилоҳларни ўз ичига олган [3, с. 68].

“Ат-Таърифот”да истилоҳларнинг луғавий маънолари баён қилингандан сўнг уларнинг бошқа илмлардаги таърифлари келтирилади. Баъзи истилоҳларнинг луғавий маънолари ёритилмасдан тўғридан тўғри таърифларга киришилган. Сўзларнинг дақиқ ва нозик жиҳатларигача баён этилган ушбу асарда баъзи тасаввуф ва фалсафа илмларига оид истилоҳларнинг таърифлари мубҳам бўлиб қолган.

Олим тилшуносликка оид таърифларни ёритишда машҳур наҳв олимлари Сибавайҳ, Али ибн Ҳамза Кисоий, Яҳё ибн Зиёд Фарро, фиқҳга оид сўзлар таърифларида Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Имом Шофеий, тасаввуфга оид сўзлар таърифида Муҳйиддин Арабий, Абу Толиб Маккий ва Абдулкарим Қушайрий каби олимларнинг асарларидан фойдаланган.

Журжонийдан олдин Абу Наср Фаробий “Эҳсоу-л-улум”, Ибн Сино “Ақсаму-л-улум”, Муҳаммад Хоразмий “Мафатиҳу-л-улум”, Фахриддин Розий “Ҳадаиқу-л-анвор”, Аҳмад Фарғоний “Латоифу-л-иълам” номли асарлар битган. Аммо бу каби асарлар айнан истилоҳлар таърифига бағишланган бўлмай, балки уларда турли илмларнинг таърифлари баён этилиши жараёнида қисман истилоҳларга ҳам жой ажратилган. “Ат-Таърифот” эса турли илм соҳаларига оид истилоҳларни алифбо тартибида жамлаган илк асар сифатида уларнинг барчасидан ажралиб туради [2, с. 29].

Бугунги кунимизга қадар ўз аҳамиятини йўқотмай келаётган мазкур асар ўзидан кейинги даврда Таҳонавийнинг “Кашшоф истилоҳоти-л-фунун ва-л-улум”, Абул Бақонинг “ал-Куллиёт”, Ризо Тавфиқнинг “Муфассал қомусе фалсафа” каби асарлари ёзилиши учун манба вазифасини ўтаган.

“Ат-Таърифот” асарининг Туркия кутубхоналаридаги 160 дан ортиқ қўлёзма нусхаларидан ташқари дунёнинг турли кутубхоналарида ҳозирга қадар кўплаб нусхалари мавжудлиги аниқланмоқда. Асарнинг бошқа тилдаги илк нусхаси 1818 йилда Силвестре де Сажи томонидан арабча матн ва французча таржима билан нашр этилганидан сўнг турли ерларда бир қанча нашрлари амалга оширилди. Жумладан, 1941 йилда Умран Ализода, 1958 йилда Ҳасан Саййид Араб ва Сима Нурбаҳш форсчага, 1993 йилда Ариф Эркан туркчага, 2006 йилда Маурицио Глотон французчага таржима қилганлар.

“Ат-Таърифот”да келтирилган таърифларга қўшимча қилган ҳолда Муҳаммад Абдуррауф Муновий “ат-Тавқиф ала муҳиммати-т-таориф” номли асар ёзган. Шунингдек, муаллифи номаълум бўлган “Мутаммимот Таърифот” номли асар ҳам мавжуд. Манбаларда Камол Пошозоданинг “ат-Таърифот”га ҳошиялар битгани қайд этилган. Абдураҳмон Фаҳмий исмли олим 1896–1897-йиллар давомида “ат-Таърифот”ни баъзи иловалар қўшган ҳолда туркчага таржима қилган ва китобнинг илк қисмларини “Мажмуаи Абу-з-Зиё” журналининг бир неча сонларида нашр этган. Шу билан бирга, 1891–1896-йилларда “Маориф” журналининг йигирма саккиз сонида А.Шокир ва Нузҳат исмли муаллифлар номидан “Таърифоти Саййид” рукни остида мақолалар чоп этилган. 1994 йил Риёздаги “Дару-т-тавфиқ” номли нашриётда асарнинг “Мухтасар китаб ат-Таърифот” номли мухтасар нусхаси нашр этилган [2, с. 30].

Мазкур асар ўзбек тилига тўлиқ таржима қилинмаган бўлса-да, айрим олим ва тадқиқотчиларимиз диний истилоҳларнинг мазмунини ёритишда Журжонийнинг “ат-Таърифот” асаридан кўплаб иқтибослар келтирадилар. Хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг “Руҳий тарбия” китобида тасаввуфий истилоҳлар мазмунини ёритар экан, аввало, Журжонийнинг “ат-Таърифоти”да келтирилган таърифни зикр қилади. Масалан, ғийбат сўзи таърифида шундай дейди: “Журжоний айтади: “Ғийбат инсоннинг бор айбларини унинг йўқлигида зикр қилишдир” [4, с. 264]. Бахиллик сифитини ёритишда эса: “Журжоний дейди: “Бахиллик ўз молини ман қилишдир”, дейилади [4, с. 401].

Журжонийнинг “ат-Таърифот” асарида юқорида санаб ўтилган илмларга оид истилоҳлар билан бирга Қуръон илмларига тегишли истилоҳларнинг таърифлари ҳам келтирилган. Жумладан, олим асарда “Қуръон”, “муҳкам”, “муташобеҳ”, “мутлақ”, “муқайяд”, “насх”, “мужмал”, “муқтадо-н-нас”, “тафсир”, “таъвил”, “муаввал”, “лаҳн”, “мажоз”, “мутавотир”, “муфассар”, “баён ат-тафсир” каби йигирмага яқин истилоҳларнинг таърифларини келтирган.

Олим “Қуръон” сўзи таърифида бундай дейди: “У Пайғамбарга нозил этилган, саҳифаларга ёзилган, пайғамбардан шубҳасиз ва мутавотир тарзда нақл қилинган (Китоб)дир” [5, с. 146]. Ушбу таърифдан сўнг Журжоний ўз услубига кўра, сўзнинг бошқалар наздидаги таърифини келтиради ва: «Қуръон аҳли ҳақ наздида: “Умумий ладуний илм ва барча ҳақиқатларнинг жамловчисидир”», дейди.

Муташобеҳ сўзига эса қуйидагича таъриф беради: “Муташобеҳ оятнинг маъноси лафзнинг ўзида яширин қолган, уни идрок қилишга асло умид қилинмайдиган нарсадир”. Ушбу таъриф муташобеҳ атамасига берилган энг мукаммал таърифлардан ҳисобланади.

Шунингдек, “тафсир” ва “таъвил” сўзлари таърифидан мазкур икки истилоҳ ўртасидаги фарқни осонгина англаш мумкин: “Тафсирнинг асл маъноси кашф этиш ва изҳор қилиш. Шариатда эса оят маъноси, мақсади, унга оид қисса ва нозил бўлиш сабабини очиқ-ойдин далолат қилувчи лафз билан баён этишдир”. Таъвил сўзи таърифида: «Таъвил аслида қайтиш маъносини англатади. Шариатда эса лафзни зоҳирий маънодан эҳтимолли маънога йўналтиришдир. Эҳтимолли маъно қуйидаги оят таъвилидаги каби Китоб ва суннатга мувофиқ бўлиши лозим:

يُخْرِجُ الْحَيَّ مِنَ الْمَيِّتِ

“...тирикни ўликдан, ўликни тирикдан (ким чиқаради?)” (Юнус сураси, 31-оят).

Агар (муфассир) бу оятдан қушни тухумдан чиқариш (маъноси)ни назарда тутса, бу тафсир ҳисобланади. Агар кофирдан мўминни чиқариш, жоҳилдан олимни чиқариш назарда тутилса, бу таъвил ҳисобланади», дейди [5, с. 46].

Маълумки, Қуръони каримда 77347 та сўз келган бўлиб, улардан 14721 сўз такрорсиз қўлланган. “ат-Таърифот” асарида Қуръон илмларига оид истилоҳлар қаторида Қуръони каримда зикр этилган 341 та сўзнинг таърифлари ҳам ёритиб ўтилган. Уларнинг орасида “ал-уфуқ ал-аъла”, “ал-уфуқ ал-мубийн”, “ал-китаб ал-мубийн”, “қоба қовсайни”, “мажмаъу-л-баҳройн”, “ал-Аъроф”, “аъйна-л-яқийн”, “табзийр”, “улу-л-албаб”, “умму-л-китаб”, “явму-л-жамъ”, “ат-тавбату-н-насуҳ” каби сўзлар Қуръони каримда қандай шаклда келган бўлса, айнан шундай ифодаланган.

Журжоний “ат-тавбату-н-насуҳ” ибораси таърифида қуйидагиларни келтиради: «Қилган (гуноҳ)ининг ўхшашига қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳума: “Ат-тавбату-н-насуҳ қалб билан надомат қилиш, тил билан истиғфор айтиш, жисман (гуноҳни) тарк этиш, гуноҳга қайтмасликни қасд қилишдир”, деган. Айтилишича, тавба луғатда “гуноҳдан қайтишдир”. Шунингдек, бу маъно учун التوب [ат-тавб] сўзи ҳам қўлланади. Аллоҳ таоло:

غَافِرِ الذَّنْبِ وَقَابِلِ التَّوْبِ

“У, гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи...” (Ғофир сураси, 3-оят) , дейди. Айтилишича, التوب [ат-тавб] сўзи التوبة [ат-тавба] сўзининг кўплигидир. Тавба шариатда: “Ёмон феъллардан мақталган феълларга қайтишдир. Барча уламолар наздида (гуноҳга) тезда тавба қилиш вожибдир. Тавбанинг вожиблигига Аллоҳ таолонинг:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ

“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар!” (Нур сураси, 31-оят) ояти ҳужжат бўлади.

Тезда тавба қилиш лозимлиги эса уни кечиктиришда тақиқланган ишда давом этиш эҳтимоли борлиги учундир. “Инобат” сўзи ҳам тавбага шаръий ва луғавий жиҳатдан яқиндир. Бир қарашга кўра, “ат-тавбату-н-насуҳ” хоҳ жаҳрий, хоҳ махфий бўлсин, қилган амалида гуноҳнинг асарини қолдирмаслик саналади. Бошқа бир қарашда, у соҳибини дунёю охиратда нажотга олиб боради, дейилади. Бир қавлда, тавба эътироф, надомат ва тарк этишдир, дейилади.

Тавба уч маънони англатади. Биринчиси, надомат, иккинчиси, Аллоҳ қайтарган ишга қайтишни тарк этиш, учинчиси, қилинган зулм ва ноҳақликларни адо этишга ҳаракат қилишдир» [5, с. 63].

Шунингдек, асарда “иститоат”, “исроф”, “тафрит”, “тафаккур”, “таваккул”, “масҳ”, “нисён”, “таяммум” каби Қуръони каримда феъл тарзида зикр этилган сўзларнинг масдар шакллари келтирилган бўлиб, уларни ҳам Қуръони карим сўзларининг таърифи, деб баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, асарда “масбуқ”, “мамдуд” каби асли Қуръони каримда зикр этилган сўзларнинг таърифлари келтирилган бўлса-да, сўзлар мазмуни оятда келган маънога далолат қилмаслиги сабабли уларни Қуръони каримда келган сўзларнинг таърифи сифатида баҳолаб бўлмайди. Масалан, Қуръонда المسبوق [ал-масбуқ] сўзи икки ўринда “ожиз” маъносида зикр этилган, “ат-Таърифот”да эса ушбу сўзнинг фиқҳий маъноси, яъни намозга кейин келиб қўшилган киши ҳақида сўз юритилади.

“Ат-Таърифот”да сўзларнинг маъноларини ёритишда Қуръон оятлари ва ҳадислардан изчил фойдаланилган бўлиб, умумий олтмиш тўққизта истилоҳ таърифида қирқ уч суранинг саксон беш ояти далил сифатида келтирилган. Шулардан саккиз оят такрор қўлланилган.

Саййид Шариф Журжоний ўз даврининг қомусий олими ҳисобланган ва ўз даврида кенг ўрганилган илмларнинг барчасига оид асарлар битган. “Ат-Таърифот” асари ҳам ўша даврдаги диний истилоҳлар қомусига бўлган мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб ёзилган бўлса-да, нафақат ўз даври, балки ҳозирга қадар барча илм аҳлларининг бу борадаги эҳтиёжини қондириб келмоқда. Бу эса унинг аҳамиятини белгиловчи муҳим омиллардан саналади. Шу билан бирга, XV асрдан кунимизга қадар исломий илмларга оид истилоҳлар борасида эътироф ва эътиборда бўлган “ат-Таърифот” асарини Қуръон илмлари нуқтаи назаридан ёритиш Саййид Шариф Журжоний меросининг ўрта асрлар Қуръон илмлари ривожида тутган ўрнини кўрсатиб беради.

Адабиёт:

  1. Муҳаммад ибн Али Шавконий. Ал-Бадру-т-толе. — Қоҳира, 1930.
  2. Ислам ансиклопедиси. — Истанбул,2013. — Ж. 40.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Самарқанднинг сара уламолари. — Тошкент: HILOL NASHR, 2014.
  4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Руҳий тарбия. — Тошкент: HILOL NASHR, 2016. — Ж. 1.
  5. Саййид Шариф Журжоний. Мўъжам ат-Таърифот. — Қоҳира: Дор ал-фазила, 2004.
Основные термины (генерируются автоматически): HILOL, NASHR.


Ключевые слова

тафсир, Журжоний, қуръон луғати, диний истилоҳлар қомуси, таъвил, муташобеҳ, тавба
Задать вопрос