Эпик анъанавийлик ва наслий туркумлик масаласи
Автор: Матьязова Нилуфар Сабировна
Рубрика: Спецвыпуск
Опубликовано в Техника. Технологии. Инженерия №3 (5) июнь 2017 г.
Дата публикации: 14.07.2017
Статья просмотрена: 58 раз
Библиографическое описание:
Матьязова, Н. С. Эпик анъанавийлик ва наслий туркумлик масаласи / Н. С. Матьязова. — Текст : непосредственный // Техника. Технологии. Инженерия. — 2017. — № 3.1 (5.1). — С. 33-35. — URL: https://moluch.ru/th/8/archive/62/2602/ (дата обращения: 22.12.2024).
Халқ ижодиётида эпос ўзининг монументаллиги, мураккаб композицияга эга бўлиши, воқеаларнинг кўп қирралилиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу сабабли эпос аксарият ҳолларда туркум кўринишида намоён бўлади.
“Гўрўғли” эпоси ана шундай кенг кўламли туркумлардан бири саналади.
Ўрта Осиё, Кавказ, Сибирь, Яқин Шарқ, шунингдек Европанинг бир қисмига ёйилган бу эпос кўплаб халқлар ижодидан жой олган. Эпоснинг ҳар бир версияси муайян бир халқнинг миллий маданияти, уларнинг тарихий ўтмиши билан алоқадор мотивлар билан боғлиқ бўлиб, ўзаро жиддий фарқларга эга.
Дарҳақиқат, “Гўрўғли” эпоси даставвал Кавказ ва Ўрта Осиё версияларига ажралади. Кейин эса ўзбек, туркман, тожик ва бошқа версияларга бўлинади.
Ҳатто ўзбек халқининг ўзи илгари таъкидлаганимиз каби икки версияга эга. Бирорта бошқа эпоснинг бу қадар кенг ва ранг-баранг тарқалганлиги тадқиқотларда қайд қилинмаган.
Шундай экан, ушбу эпосда туркумдаги шохобчаларнинг кўп бўлиши, улар ичида наслий туркумнинг шаклланиши ва тармоқларга бўлиниб кетиши ўз-ўзидан маълум.
В.М. Жирмунский Гўрўғли ва унинг шажарасини ташкил этувчи ўғиллари Авазхон, Ҳасанхон, неваралари Нурали, Равшан, эвараси Жаҳонгирлар ҳақида достонлар яратилганлигини таъкидлаб, ушбу ҳодисани бахшилар ақл-заковатининг туҳфаси сифатида баҳолайди.
Албатта В.М.Жирмунскийнинг ушбу фикри “Гўрўғли” эпосининг Шарқий версияси ҳақида айтилган. Шарқий версияда мавжуд бўлган наслий туркумлик жуда кенг доирада бўлиб, ушбу масала махсус тадқиқотга асос бўлганлигини юқорида қайд қилиб ўтдик. М.Мирзаева наслий туркумликни Гўрўғли-Авазхон-Нурали-Жаҳонгир ва Гўрўғли-Ҳасанхон-Равшан каби икки шохобчага бўлади.
Қ.Мамашукуров эса ушбу туркумликни Ҳасан, Аваз, Нуралилар шажараси билан боғлиқ ҳолда учта шохобчага ажратади ва Нурали биографиясининг алоҳида ҳолда берилганлигига эътиборни жалб этади.
М.Обидованинг тадқиқотларида тарихий туркумлик ҳақида эътиборга лойиқ фикрлар учрайди. У “Шайбонийхон” ва “Келиной” достонларини ушбу туркум сирасига киритади. Унинг таъкидлашига кўра, “Шайбонийхон”да XVI асрга оид, “Келиной”да эса XIX-XX асрларга алоқадор тарихийлик хусусиятлари ўз ифодасига эга бўлган. Бинобарин, “Гўрўғли” эпосида наслий туркумлик анъанаси ўзининг ёрқин изини қолдириб, кўплаб воқеаларни ўз ичига олган анча достонлар яратилган.
Эпос марказида турувчи ҳар қандай образ халқ идеали сифатида шаклланади ва унинг довруғи юксак кўтаринки руҳ билан куйланади. Ўша образ халқ анъаналари руҳида дунёга келиб, мўъжизавий хусусиятларни ўзида мужассамлаштиради, эпик отига, қуролига эга бўлади, илк қаҳрамонлик кўрсатиш асносида халққа танилади, кейин уйланади ва фарзанд кўради. Фарзандларини ўзидек қилиб тарбиялайди, ватан ҳимоячиси қилиб вояга етказади. Улар отасига таянч бўлиб, буюк қаҳрамонликлар кўрсатади ва аста-секин эпик қаҳрамонлар шажараси шакллана бошлайди. Бу ҳолат ўз-ўзидан наслий туркумликни келтириб чиқаради. Шу нуқтаи назардан қаралса наслий туркумлик қадимий эпик анъана бўлиб, “Алпомиш”, “Манас”, “Эдиго” каби кўплаб достонларда баҳодирларнинг фаолиятлари уч-тўрт ва ундан ҳам кўп авлодлар мисолида тилга олиниб, севиб куйланади. “Эдиго” достонида бундай анъанага асосланган қирқдан ошиқ достонларнинг мавжудлиги фикримизни тасдиқлайди. “Гўрўғли” эпосининг Шарқий ўзбек версиясида наслий туркумликка уюшган достонлар тизими йигирмадан ошади.
“Гўрўғли” эпосининг Хоразмда тарқалган версиясида эса наслий туркумлик анъанаси у қадар кенг доирани ташкил этмайди. Эпоснинг 2004 йилда нашр этилган ўн олти достони орасида саккизта достон Авазхон фаолияти билан узвий боғланган. Булар: “Аваз уйланган”, “Араб танған”, “Қирқ минглар”, “Авазнинг Ваёнгонга кетиши”, “Туҳмат ташлаган”, “Сафар маҳрам”, “Авазхон”, “Гўрўғлининг Дарбандга кетиши” достонларидир.
Қўлёзма нусхалар ўзбек тилида бўлиб, ўтган асрнинг ўрталарида араб ёзувида кўчирилган. Мазкур достонларда Авазхон баъзан бош қаҳрамон, баъзан воқеаларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён бўлади.
Бундай олиб қараганда ушбу достонлар ўзаро бирикиб, Авазхон биографик туркумини ташкил этади. Эпос таркиби ичидаги барча достонларни қўшган ҳолда қаралса, “Гўрўғли” эпоси билан боғлиқ ҳолда наслий туркум сифатида кўзга ташланади.
Шарқий версияда Авазхон билан дахлдор достонлар сони катта доирани ташкил этади. Чунки ушбу версияда туркум шохобчалари қирқ саккизтадан иборатдир. Тўра Мирзаевнинг таъкидлашича, “Гўрўғли” эпосининг шарқий версиясида асранди фарзанд Ҳасанхон бош қаҳрамон бўлган битта-“Далли” достони мавжуд бўлгани ҳолда иккинчи асранди фарзанд-Авазхон ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ кўплаб достонлар туркумдан жой олган. “Балогардон”, “Интизор”, “Бўтакўз”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Зулфизар билан Авазхон”, “Гулихиромон”, “Маликаайёр”, “Машриқо” ва бошқа қатор достонлар шулар жумласига киради..
Хоразм “Гўрўғли” туркумида гарчи Ҳасанхоннинг асраб олиниши ҳақида махсус достон бўлмаса-да, унинг фаолияти билан алоқадор битта достон мавжуд бўлиб, у “Эрҳасан” деб номланади. Мазкур достон “Ошиқнома” мажмуасининг 4-китобида чоп этилган. Ушбу достонда тасвирланишича, Эрҳасан темирчининг ўғли бўлиб, унинг ўзи Гўрўғлини излаб келада ва у билан ота-ўғил тутинади. Туркумдаги мазкур достон унинг Арзирум шаҳридаги Таллихон исмли қизга ошиқ бўлиб, уни Чамлибелга олиб қайтиши воқеаларга бағишланган. Хоразм “Гўрўғли” туркумида Авазхон ҳақидаги достонларнинг Шарқий версиядагига нисбатан анча камлиги туркум шохобчаларининг ҳалигача тўлиқ ёзиб олинмаганлиги билан алоқадордир. С.Рўзимбоевнинг ёзишича, воҳада тарқалган мазкур туркум бир пайтлари қирқдан ошиқ достонларни ўз ичига қамраб олган.. Ҳозиргача Хоразм “Гўрўғли” эпосининг 18 достони нашр қилинди.
Эпос билан боғлиқ ушбу тафсилотлар Хоразм “Гўрўғли” эпосида ҳам кенг доирани қамраб олувчи наслий туркумлик бўлганлигини тасдиқлайди. Хоразм “Гўрўғли” туркумидаги “Фақир қиз” ва у билан боғлиқ “Қон ўғли” достонлари ҳақида маълумот йўқ. Бироқ Т. Мирзаевнинг ёзишича Шарқий версия достонларида “Эрўғли” шохобчаси охирги якунловчи достондир.
Бинобарин, “Эрўғли” достонининг ҳар иккала версияда якунловчи достон сифатида тилга олиниши бежиз эмас. Бир вақтлари барча версияларда ушбу достонлар бахшилар репертуарида куйланган ва муайян генетик алоқадорликка эга. Кейинчалик улар айрим версияларда сақланиб, баъзиларида унутилиб кетган. Баъзи минтақаларда эса бадеҳагўйлик таъсирида айрим янги достонлар яратилган. Хоразм “Гўрўғли” туркумида илгари таъкидлаганимиздек Авазхон билан алоқадор достоннинг биринчиси олиб келиниши воқеаларига бағишланган. Аслида Гўрўғлининг фарзанд асраб олишига туртки берувчи эпизод эпоснинг дастлабки шохобчаларидаёқ эътиборни тортади.
Эпосдаги ҳар бир эпизод ўз ўрнида келтирилади, уларнинг орасида ортиқчаси бўлмайди. Аксарият ҳолларда бирор достонда муаммо бўлиб қолган эпизод иккинчи ёки учинчи шохобчаларда воқеаларга жон киритади. Гўрўғлининг эронлар ва чилтанлар билан тушида учрашиши эпизодида унинг фарзанд тилашга улгурмай қолиши эпосдаги воқеаларнинг кейинги ривожланишига катта таъсир кўрсатади.
Эпосда Гўрўғлининг зурёдсиз бўлишига ушбу эпизод асос бўлиб хизмат этади. Шу билан бирга айрим тадқиқотларда эпик қаҳрамоннинг бефарзандлигига иккинчи асос ҳам борлиги таъкидланади.
Х.Г.Кўрўғлининг ёзишича, инсон билан пари ўртасидаги никоҳдан зурёд туғилмайди. Агар туғилган тақдирда ҳам ўша жонзот ёвузлик хусусиятига эга бўлади. Бунинг эпосдаги ёрқин кўриниши “Китоби дадам Қўрқут” эпосидаги Дапагўз образидир. “Гўрўғли” эпосининг шаклланиш жараёни XVII-XVIII асрлар доирасида кечганлиги сабабли бефарзандлик мотивининг асоси сифатида архаик эпосдаги қадимий мифологияга оид анъаналар муайян даражада четлаб ўтилган ва диний ақидаларга мос бўлган худодан фарзанд тилаш мотивига мурожаат этилган.
Натижада Авазхоннинг асранди фарзанд сифатида Гўрўғли хонадонига кириб келиши воқеалари эпосдан жой олган. Авазхоннинг фарзанд сифатида асраб олиниши унинг шахс билан боғлиқ биографик туркумнинг туғилишига замин яратган. Гўрўғли Авазни тарбиясига олгач, уни қаҳрамонлик сари етаклайди. Уруш-саваш сирларини ўргатади. Асранди ўғилнинг биринчи жасорати “Араб танған” достонида кўринади. Арабга тутқун бўлган отасини қутқаришда Авазхон ёш бўлса-да, жасорат кўрсатишга интилади. Отанинг болани, боланинг отани тутқунликдан қутқариши воқеалари эпос учун анъанавий мотивлар бўлиб ҳисобланади.
“Китоби дадам Қўрқут” эпосидаги “Қозилик хўжа ўғли Яганак” деб номланган еттинчи шохобча, “Салор Қозоннинг асир тушиши, ўғли Ўрознинг қутқариши” номли ўн биринчи шохобчадаги воқеалар бунга мисол бўла олади.
Аваз эпосдаги ўзи иштирок қиладиган ҳар бир шохобчада том маънодаги эпик қаҳрамон даражасига тадрижий равишда ўсиб, тобора Гўрўғлининг ҳақиқий таянчига айлана боради. Унинг эпик қаҳрамон даражасига етиб, мустақил жанг қилиши билан боғлиқ лавҳалар “Туҳмат ташлаган”, “Сафар маҳрам” каби шохобчаларда кўринади.
“Сафар маҳрам” шохобчасида Авазхоннинг жасорати янада бўртдириб тасвирланган. Сафар маҳрамнинг аразлаб кетиб қолган аёлини олиб қайтишда Ёзим барзанги билан бўлган шиддатли жангда Авазхон Ғирот ёрдамида фаол жанг қилиб, Сафар маҳрамни асирликдан қутқариб, унинг аёлини ёв қўлидан озод қилади. Шуни таъкидлаш лозимки. Авазхоннинг барча уруш-савашларида Ғирот унинг ҳақиқий ёрдамчиси сифатида гавдаланади. Дарвоқе эпосда от эпик қаҳрамоннинг ҳақиқий ёрдамчисидир. У фақат жасорат соҳиби эмас, балки “ҳарбий ҳийлалар”нинг эгасидир.. Гўрўғлининг эпик оти Ғиротда айнан ана шу “ҳарбий ҳийлалар” мужассамлашганлиги сабабидан Авазхон бирор жойга сафарга отланса албатта отасидан Ғиротни беришни илтимос қилади. Ғирот эпик от сифатида Гўрўғлига қанчалик ёрдам кўрсатса Авазхонга ҳам шундай хизмат қилади. Умуман, “Гўрўғли” эпосида Гўрўғли-Ғирот Авазхон учлигини ягона тизимдаги образлар сифатида тасаввур қилиш лозим бўлади. Уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас.
Эпос бадиий тўқима асосига қурилган бўлса-да, ундаги воқеалар негизида халқ ҳаёти ётади. Шу сабабли ҳаётда бўладиган хиёнат, бахиллик, очкўзлик, ота-болани қарама-қарши қўйиш каби иллатлар ҳам унда ўз аксини топади. Ўзбек “Гўрўғли” эпосининг Шарқий версиясида биографик ва наслий туркумлик мукаммал тарзда намоён бўлади. “Авазхон”дан ташқари, “Ҳасанхон” ва “Нурали” наслий туркумлари тизимидаги достонлар бунга мисол бўла олади.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Каррыев Б.А. Эпические сказания о Кёргоглы у тюркоязычных народов. –М.: ВЛ., 1968, С 17
- Кичигулов П “Гороглы” хакында сохбет, Ашгабат, “Туркменистан”, 1978, 71-бет.
- Короглы Х.Г. Взаимосвязи эпоса народов Средней Азии, Ирана и Азербайджана, -М.: Наука. 1983, С. 199
- Сариев С.М. Хоразм “Гўрўғли” достонларининг қўлёзма вариантлари, НДА, -Т.:2007, 8-бет
- Рўзимбоев.С Хоразм достонларининг спецификаси, типологияси ва поэтикаси. докт.дис.-Т.:1990, 122-бет.
- Короглы, Баку, 1959, 142-166-бетлар, Гороглы, Ашгабат, 1970, 197-242-бетлар.
- ЎзР ФА ҚҚБ кутубхонаси, инв.-42938, 36801. Хушкелди, Тошкент, 1962.