Фузулий ижодига муносабат: анъана ва издошлик | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №27 (265) июль 2019 г.

Дата публикации: 09.07.2019

Статья просмотрена: 922 раза

Библиографическое описание:

Рузиев, Э. У. Фузулий ижодига муносабат: анъана ва издошлик / Э. У. Рузиев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2019. — № 27 (265). — С. 293-295. — URL: https://moluch.ru/archive/265/61401/ (дата обращения: 17.12.2024).



В статье анализируется восприятие творчества Физули в разные эпохи. Рассматривается влияние поэта на тюркскую и, в частности, узбекскую, поэзию. Приводятся примеры.

Ключевые слова: Физули, узбекская литература, тюркская поэзия, газели.

Адабиётда форсий тил ҳукумрон бўлган бир пайтда, туркий тилнинг ғоятда катта имкониятини кўрсатиб берган Алишер Навоий бўлса, ундан сўнг бу адабиёт ривожига катта ҳисса қўшган ижодкор Муҳаммад Фузулийдир. Фузулий (1498–1556) ижоди умумтуркий адабиёт учун қадрли ва ардоқлидир. Туркий тилда сўзлашувчи кимса йўқки, унинг номини билмаган, ғазалларини ўқимаган бўлса. Туркий ғазалчиликда Фузулийнинг ўз ўрни бор. Фузулий озарбайжон тилида шеърлар ёзиш билан бир қаторда форс, араб тилларида ҳам асарлар яратган. У шеъриятга шунчаки қарамайди, у билим асосида шеър яратилишини таъкидлаб шундай дейди: “Илмсиз шеър асоси йўқ девор каби ўлур ва асоссиз девор ғоятда бееътибор ўлур“ [1,б. 6] Фузулий айниқса шеърий жанрлар ичида ғазал жанрига алоҳида аҳамият қаратди:

Ғазал билдирар шоирнинг қудратин,

Ғазал ортурар нозиминг шуҳратин.

Ғазал де, ки машҳури даврон ўла

Ўқумоқда, ёзмоқда осон ўла.

Фузулий шеъриятининг қарийиб беш аср давомида севиб ўқилишига сабаб ҳам унинг илмга асосланганлиги ва барча мисраларнинг қалб ҳарорати билан йўғрилганлигидадир. Унинг ғазаллари халқ кўнгли ва тилига яқин бўлган. Шунинг учун ғазаллари барча китобхонлар қалбидан бирдек жой эгаллаган.

Фузулий ижодини ўрганиш, унга издошлик ўз давридан бошланган.Қатор таскираларда шоир ижоди ҳақида маълумотлар бериб ўтилади.Шундай таскиралардан бири Султонмуҳаммад Нойи Мутруби Самарқандий (1559–1629) томонидан тузилган “Тазкират уш-шуаро” таскирасидир. Мутрубий 16–18 асрлардаёқ ўзбек китобхонлари орасида муносиб шуҳрат топган Муҳаммад Сулаймон ўғли Фузулийнинг ҳаёти, бадиий маҳорати ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиши билан бир қаторда қуйидаги мисраларни илова қилади:

Булбули дил гулшани рухсоринг айлар орзу,

Тўтийи жон лаъли шаккар боринг айлар орзу. [2, б. 262]

Фузулий озарбайжон адабиёти билан бир қаторда ўзбек, форс, араб, ҳинд адабиётини ҳам ўрганган ва севиб ўқиган. Шарқ адабиётининг буюк намоёндалари, хусусан, ўзбек адабиётидан Лутфий, Атоий, Навоий ижодини зўр қизиқиш билан ўрганган. Навоийни ўзига устоз билган. Шоир “Лайли ва Мажнун” достонида шундай ёзади:

Турк арабу ажамда айём,

Ҳар шоира вермишиди бир ком…

Ўлмуш еди, Навоий сухандон

Манзури шаҳан шоҳи Хуросон.

Фузулий Навоийни устоз сифатида билгани каби кейинги давр ўзбек классик адабиёти ижодкорлари асарларида Фузулий ижодига издошлик, унинг ғазалларига ёзилган кўпгина мухаммас ва татаббуларни учратамиз. 18 асрдан бошлаб туркий шеъриятга Фузулийдек таъсир кўрсатган ижодкор жуда камдир. Фузулийнинг ўзбек мумтоз адабиётига таъсири сабабларини Т.Жалолов қуйидаги хусусиятларни кўрсатиш орқали изоҳлайди:

1) Фузулий тилининг ўзбек тилига яқинлиги;

2) Фузулийнинг хушлафз шеързабонлиги;

3) Фузулий асарларининг баркамоллиги. [3, б.8]

Фузулий яшаб ижод етган адабий давр озарбайжон адабиётининг ниҳоятда гуллаб яшнаган даври еди. Ўзбек адабиётида муносиб ўринга ега бўлган кўплаб ижодкорлар ижодида Фузулийнинг адабий таъсирини сезиш мумкин. Жумладан, 16–17 асрларда яшаб ижод етган Аҳсаний, Вафоий, 18 асрда Равнақ, Нишотий, Кироний, Мунис, шунингдек кейинг даври ижодкорлари Ғозий, Огаҳий, Турди, Машраб, Увайсий, Муқимий, Шавқий, Фурқат, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, Э.Воҳидов ва бошқаларнинг ижодида Фузулийга издошлик ҳолатларини кузатишимиз мумкин. Қуйида биз айрим ижодкорлар ижодидаги Фузулийга издошлик аньаналарини кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилдик. Умуман олганда, Фузулий ижоди ўзбек адабиётида мавжуд уч адабий муҳит: Бухоро,Хива, Қўқон муҳитига ҳам ўзнинг беқиёс таъсирини кўрсатган. Ўзбек шеъриятининг жуда кўп атоқли арбоблари Фузулийни ишқий ғазаллар яратишда ҳассос санъаткор деб билиб, унга назира битганлар, ғазалларига мухаммаслар боғлаганлар. 18 асрда етишиб чиққан ижодкорлардан бири Полвонқули Равнақ ҳам Фузулий лирик меросидан илҳомланган,таълим олган. Жумладан унинг Фузулий шеърларига ўхшаш:

Келки бошингға дўнуб нозингга қурбон ўлайин,

Чашма жодуи фусунзоринга қурбон ўлайин [1, б.172] мисраларида буни яққол сезишимиз мумкин. 18 асрда яшаган ўзбек адабиётининг йирик вакилларида бири, машҳур “Ҳусну Дил” достонинг муаллифи Муҳаммадниёз Нишотий ижодида ҳам Фузулийга издошлик ҳолатларини учратамиз. Унинг шеърияти лексикаси Фузулий асарлари тилига жуда яқиндир. Буни бир томондан ўғуз шеваси таьсири, иккинчи томондан Фузулий ижодидан таьсирланиш сифатида баҳолаш мумкин. “Ҳусну Дил” достонида тушум келишлиги қўшимчаси –и(-ни) (Келтуринг Ақли деди кишваристон), қаратқич келишиги қўшимчаси –нг (-нинг) шаклида (Қоматинг оғушига қилди нигоҳ) қўлланган бўлиб, бу поетик қўлланишлар Фузулий достонларида ҳам айнан шундай тарзда ифодаланган. Шуни таькидлашимиз ўринлики, Нишотий нафақат Фузулий, умуман, шарқ мумтоз адабиётининг моҳир билимдони бўлган.

18 аср охири ва 19 аср бошларида Бухорода яшаб ижод етган, ижодкорлардан Муллақурбон Жоний ижодида ҳам Фузулий адабий таъсирини учратиш мумкин. Жоний Навоий ва Фузулий ғазалларига назиралар боғлаганида, тахмислар тўқиганида нафақат шеърнинг вазни, қофияси, туроқланиши жиҳатидан балки маъно жиҳатидан ҳам яқинлашишга интилган. Фузулий:

Жониминг гавҳари ул лаъли гуҳар бора фидо,

Умриминг ҳосили ул шеваи рафтори фидо… деб ёзса, Жоний унга ҳамоҳанг равишда

Шавқнинг шуҳрати бошинг уза зар тора фидо,

Кўнглуминг махзани гул орази гулнора фидо… дея устозининг бу ошиқона сўзларига жўровоз бўлади.

Фузулийдан илҳом олиб ижод қилган ижодкорлардан яна бири Муҳаммадшариф Шавқий Каттақўрғонийдир. Шавқий (1785–1871) шеъриятда улуғ Навоийга қанчалик еътиқод қўйган бўлса, Фузулийга ҳам шунчалик ҳурмат билан қараган. Ҳатто ғазалларинигина емас, 1841-йилда Бухорода тартиб берган “Девон” ни, “Дебочаи девон ва ғазалиёти Шавқий” сарлавҳали автобиграфик маснавийсини ҳам озарбайжонлик устоднинг тили ва услубига яқин қилиб яратган:

Ҳижратдин ўтиб минг икки юз йил

Йўқдин бу жаҳона келмишам, бил.

Ўттизға кирганда сайр етиб роҳ,

“Хатми кутуб” айламишман,ей шоҳ,

Толиблара хизмат айладим чўх

Уйқу била роҳат айламак йўқ. [1, б.105]

Бухоро адабий муҳитининг йирик вакили Турди Фароғий ижодида ҳам Фузулий ижодининг баракали таъсири сезиш мумкин. Унинг:

Фитнаю шўрҳама руб ила маскун дутди,

Хўплар маснадини сулфа била дун дутди… каби мисралари билан бошланувчи ғазалида Фузулий поезиясига хос сўзлар (дун, дутди, кўнглими каби)ни учратамиз. Бу каби сўзлар ғазалнинг оҳагдорлиги ва жозибасини кўрсатиб беришга хизмат қилган, албатда.

Ўзбек адабиётининг буюк шоирларидан бири Бобораҳим Машраб (1640–1711) ижодида ҳам Фузулийга ёндош жиҳатларни кўришимиз мумкин. Машраб буюк сўфий шоир бўлиши билан бир қаторда шарқ мумтоз адабиётининг чуқур билимдони ҳам бўлган. Машрабнинг:

Не савдолар боша солдинг, бу савдолар туганмасму,

Ки банд еттинг аёғларни яна бандлар ёзилмасму? байтлари билан бошланувчи ғазалини ўқиганимизда беихтиёр Фузулийнинг машҳур “Ўсонмасму” радифли ғазали есга тушади. Бу икки ғазал ҳам маъно, ҳам поетик жиҳатдан ўзаро ҳамоҳангдир.

Бу каби мисолларни ўзбек адабиёти тарихидан кўплаб келтириб ўтишимиз мумкин. Хоразм адабий муҳити ижодкорлари Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмийлар ижодини кузатамизми ёки Қўқон адабий муҳитида ижод қилган ижодкорлар Амирий, Увайсий, Нодира, Мадалихон ижодига назар ташлаганимизда ҳам Фузулига оҳангдошлик, издошлик ҳолатлари яққол намоён бўлади. Фузулийга издошлик кейинги давр ўзбек ижодкорлари ижодида ҳам учрайди. Жумладан, ХХ асрда ўзбек ғазалчилигида муносиб асарлар яратган шоир Эркин Воҳидов “Фузулий ҳайкали қошида” шеърида шундай ёзади:

Ошиқлар ухлайди саҳарга томон

Фузулий девонин бошига қўйиб…

Ғазал ҳам бўлурми шунча дилрабо,

Бунчалар серишва, бунчалар серноз.

Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо,

Фузулий шеърига ошиқлигим рост.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ўзбек халқи қардош озарбайжон фарзанди Фузулий ижодига зўр қизиқиш ва катта ҳурмат билан қараб келган ва ҳозир ҳам шундайдир. Қадимдан ота-боболаримиз навоихонлик, фузулийхонлик кечаларини уюштиришиб тонггача ғазаллар ўқишган. Буюк шоир Эркин Воҳидовнинг: “Бизнинг ота-боболаримиз Фузулий байтларини ибтидоий мактабдан ёд олиб, кўнгилга жо қилганлар”-дейишига сабаб ҳам шундандир. Фузулий ўз асрларининг таъсир кучи ва тақдири ҳақида ўз девони девончасида шундай ёзганди: “…менинг ҳар бир сўзим бир паҳлавондир, улар юриш бошлаганда ер у сувни батамом босиб олади.(Шеърларим) қаерга борса, у ердан мол-мулк талаб қилмайди, ҳеч кимга озор бермайди. Замоннинг ўтиши менинг сўзларимга зарар етказиб, паймол қила олмайди” [4, б.8] Бу сўзларнинг нечоғли тўғри еканлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Адабиётлар:

  1. Абдуллаев В. Ўзбек адабиёти тарихи. -Т.: Ўқитувчи, 1980.
  2. Муҳаммад Фузулий. Асарлар.Икки жилдлик. Девон. -Тошкент, 1968.
  3. Фузулий, Девон. Т.:1959. Нашга тайёрловчилар: Т.Жалолов, М.Муинзода.
  4. Фузулий, “Ғамзасин севдинг кўнгил” Т.:2009. Тузувчи, изоҳлар муаллифи.Очилов.
  5. “Ўзбек адабиёти тарихи” 5 том, Т.:1980.
Основные термины (генерируются автоматически): Девон, шоира Эркин.


Задать вопрос