Глобаллашув жараёни, йирик агломерациялар, ўсиш нуқталари ва махсус иқтисодий зоналар кўринишидаги янги минтақавий марказларнинг шаклланиши инвестициялар, юқори малакали ишчи кучи ва истиқболли инфратузилма лойиҳаларини жалб қилишда рақобатни кучайишига олиб келмоқда. Йирик минтақавий марказлар хиссасига жаҳон ЯИМнинг 75 фоизи, экспортининг — 58, инвестицияларнинг 76 фоизи тўғри келмоқда [1]. Бу ўз навбатида бошқа минтақалар ва мамлакатлар ҳам ўзининг рақобатдошлигини ошириш ҳамда рақобат устунликларини сақлаб қолишга қаратилган минтақавий сиёсат юритилмоқда.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мақсадли ҳудудий сиёсат олиб борилмоқда. Чуқур институционал ўзгаришлар амалга оширилди, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди, мақсадли комплекс ҳудудий дастурлар амалга оширилмоқда.
Ривожланган ва изчил тараққий этаётган давлатлар (Япония, AҚШ, Германия, Буюк Британия, Хитой ва бошқалар) тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакат рақобатдошлиги, ўзининг чегараси доирасида умумий инфратузилмани қўллаб-қувватлаш, ҳудудлараро ва минтақалараро интеграцияни чуқурлаштиришнинг янги методларини қўллаш асосида ривожланаётган минтақалар иқтисодиётининг рақобатдошлигига тўлалигича боғлиқдир. Бунда ташқи муҳитнинг таъсири ва рақобат минтақаларни ўзларининг рақобат устунликларидан, ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятидан янада самарали фойдаланишга ундамоқда.
Шу сабабли, минтақалар рақобатдошлиги ҳолатига таъсир этувчи янги омилларнн ўрганиш минтақавий иқтисодиётнинг янги ва мураккаб тадқиқот предмети сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга минтақалар рақобатдошлигини тадқиқ қилишнинг назарий-методологик базаси хали етарли даражада тизимлаштирилмаган ва у асосан ҳудудий ишлаб чиқариш комплекслари, иқтисодий районлаштириш, ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш ва жойлаштириш концепцияларига асосланиб колмоқда.
Бу мамлакат ва унинг минтақалари иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича стратегик қараш ва дастурий чора-тадбирлар ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Жаҳон иқтисодиётида содир бўлаётган жараёнлар ҳамда мамлакатни истиқболда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш борасида Республика Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек: «Жаҳон бозорларида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги шароитда иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини тубдан ошириш, экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш устувор аҳамият касб этади».
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 декабрдаги ПК-1442-сонли «2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори [2], 2015 йил 6 мартдаги ПФ-4707-сонли «2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ўзгартиришларни таъминлаш чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармони [3], 2015 йил 5 майдаги ПK-2343-сонли «2015–2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида» қарори [4] муҳим манба ҳисобланади.
Минтақа рақобатбардошлилигини ошириш омиллари сифатида қуйидагиларни белгилаш мумкин:
1. Рақобатдошлик ўзининг кўп омиллилиги ва кўп жиҳатлилиги билан ижтимоий ва иқтисодий жараён ва ходисаларни комплекс қамраб олиб, булар минтақа ривожланишининг турли жиҳатларига мультипликатив ва синергетик таъсир кўрсатади. Шунинг учун минтақа рақобатдошлигининг ҳолатини ҳам бошқариладиган, ҳам ўзини- ўзи жалб этувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда тизимли ва динамикада баҳолаш зарур.
2. Минтақанинг рақобат салоҳиятини тадқиқ қилиш натижалари шуни кўрсатадики, ушбу масалани кенг қамровли ўрганиш учун унинг омилли ва натижавий тарафлари алоҳида тадқиқ этилиши зарур. Бу эса, минтақа рақобатдошлигининг иқтисодий, технологик ва ижтимоий ресурслар ҳамда имкониятларининг кўпқиррали тарафларини қамраб олади.
3. Рақобатдошликнинг бошқариладиган ва ўзини ўзи жалб килувчи омилларини, уларнинг «жараёнга», «объектга», «лойиҳага» ва «муҳитга» йўналтирилганлиги тарафидан тадқиқ қилиш шуни кўрсатадики, табиий-хомашё ресурсларидан самарали фойдаланишда «объектга» йўналтирилган моделни қўллаш мақсадга мувофиқдир. Минтақа иқтисодий салоҳиятидан оқилона фойдаланишда иқтисодий ўсишнинг ҳам «объектга» ҳам «лойиҳага» йўналтирилган моделларини тенг даражада қўллаш зарур.
4.Рақобатдошликнинг иқтисодий диагностика натижалари шуни
кўрсатадики, ҳудуднинг технологик жиҳатдан суст иқтисодиётини бевақт
«инновацион ривожланишга» йўналтириш самарасиз ҳаражатларга олиб
келиши мумкин. Инновацион ривожланиш моделини қўллаш иқтисодий ўсиш билан эндоген омиллар (юқори технологияга асосланган саноат тармоқларининг мавжудлиги, иқтисодиётни самарали бошқариш тизими ҳамда кулай ишбилармонлик муҳитининг мавжудлиги ва х. к.) ўртасида ижобий боғлиқлик аниқ кузатилаётган ҳудудларда ўзини оқлайди.
5.Ҳудудлар иқтисодий ўсишининг эндоген модели натижаларига кўра аниқландики, иқтисодиётнинг хомашё етиштирувчи тармоқларини
ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар самарадорлиги узоқ
истиқболда кўпроқ ишлаб чиқариш миқёсининг ортишидан келадиган
самарани рағбатлантириб, эндоген ўсиш омилларига кам даражада таъсир
кўрсатади. Хоразм вилоятида эса эндоген омилларнинг таъсири юқори бўлиб, иқтисодий ўсиш ва асосий капиталнинг ортиши мос равишда эканлиги аниқланди.
6.Минтақаларда юқори технологияларга асосланган ва инновацион
ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида инновацион ривожланишни
комплекс равишда ҳам талаб, ҳам таклиф нуқтаи назаридан қараб чиқиш
зарур. Бунинг учун ишлаб чиқаришнинг материал ва энергия сиғимини
камайтириш ва юқори технологик қувватларни жадал жорий қилиш мақсадида махсус дастур қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Бу дастурда, шунингдек, ишчи кучи сифати ва ходимлар салоҳиятини ошириш, касбга йўналтирилган таълим тизимини яхшилаш, кадрларни алмаштириш ва қайта тайёрлаш масалаларини қамраб олиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
7. Минтақаларнинг саноатлашиш даражасини оширишда қишлоқ туманлари салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаётганидан далолат бермоқда. Бу борада қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кайта ишлаш саноати, бозор ва аутсорсинг хизматлари билан узвий боғланишини назарда тутувчи, қишлоқ туманлари ва шаҳар посёлкаларини уйғунлашган ҳолда ривожлантириш борасидаги жаҳон тажрибасини қўллаш лозим. Шу ўринда маҳаллий тадбиркорлик салоҳиятини фаоллаштириш ҳисобига кичик саноат зоналарини яратиш ва ривожлантириш зарур.
8. Туманларнинг индустриал ривожланиши маҳаллий хомашё ва материалларни чуқур қайта ишлаш имконини берувчи ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш учун қулай шароит яратиш зарурлигини кўрсатмоқда. Бу эса саноатни янада ривожлантириш ва ҳудуд аҳолисининг турмуш сифатини ошириш имконини беради.
9. Юқори қўшилган қийматга эга бўлган, замонавий технологияларга асосланган ва экспортга йўналтирилган ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш ҳудудий кластерлар асосини шакллантириш имконини беради. Бунинг учун янгиликларни яратиш ва жорий этиш билан боғлиқ фаолиятларни кенгайтириш юзасидан прагматик чоралар қабул қилиш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар бериш ҳамда кичик бизнесни йирик саноат корхоналари билан уйғунлаштириш зарур.
10.Иқтисодиётнинг хомашё тармоқларига таяниб қолиши, инвестицион фаолликнинг ҳудуд табиий-иқтисодий салоҳиятига мос келмаслиги ҳамда йирик саноат корхоналарининг бир нечта ҳудудларда жамланиши айрим минтақаларда асимметриянинг ортда қолиш ҳолатини келтириб чиқармоқда.
11. Минтақа даражасида рақобатдошликни ошириш жараёнини бошқаришда тизимли ишларни ташкил қилишга тўсқинлик қилувчи аниқланган ҳолатлар «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги» Қонунда марказий ва маҳаллий бошқарув органлари функцияларини ҳамда мансабдор шахслар мажбуриятлари ва ҳуқуқларига ойдинлик киритиш ва аниқлаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.
12.Минтақалар рақобатдошлигини оширишга қаратилган устувор вазифаларини уч босқичда амалга ошириш мумкин.
Биринчи босқичда минтақаларни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Бунда ривожланишнинг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб, минтақалар ривожланишининг асосий тамойил ва ёндашувлари аниқлаштирилади.
Иккинчи босқичда ташқи ва ички омилларнинг таъсирини ҳамда ривожланиш сценарийларини ҳисобга олган ҳолда стратегик қарашлар шакллантирилади.
Учинчи босқичда эса аниқ стратегиялар, узоқ муддатли дастурлар ва лойиҳалар шаклланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимининг қўшма қарори билан 2016–2017 йилларда Хоразм вилоятининг товарлар бозорларида рақобатни ривожлантириш юзасидан ҳудудий дастур тасдиқланган.
Хоразм вилоятида туманлар ва шаҳарларнинг рақобат устунликларидан оқилона фойдаланиш, мавжуд имкониятлар, заҳиралар ва ресурсларни жалб қилишга йўналтирилган, умумий қиймати 12 млрд.сўмлик 126 та лойиҳа ишлаб чиқилган.
Бу лойиҳаларни амалга ошириш вилоятни рақобатбардошлигини оширишга, халқни моддий фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Адабиётлар:
- Европа Иттифоқи, НАФТА ва АТЭС таркибига кирувчи минтақалар улуши. Манба: 2014 йил учун Жаҳон банки маълумотлари. Электрон манба: http://databank.worldbank.org (манбадан фойдаланилган сана: 15.01.2016 й.).
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 декабрдаги ПК-1442-сонли «2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори.
- 2015 йил 6 мартдаги ПФ-4707-сонли «2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ўзгартиришларни таъминлаш чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармони.
- 2015 йил 5 майдаги ПK-2343-сонли «2015–2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида» қарори.