Гипноз таъсири остида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларни жавобгарликдан озод қилиш асослари | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 29 января, печатный экземпляр отправим 2 февраля.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №1 (396) январь 2022 г.

Дата публикации: 05.01.2022

Статья просмотрена: 10 раз

Библиографическое описание:

Атакулов, Б. А. Гипноз таъсири остида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларни жавобгарликдан озод қилиш асослари / Б. А. Атакулов. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2022. — № 1 (396). — С. 300-303. — URL: https://moluch.ru/archive/396/87471/ (дата обращения: 19.01.2022).



Мақолада гипноз таъсири остида жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш асослари таҳлил қилинган. Ҳозирда гипноздан фойдаланиш ҳолатларни тобора кўпайиб бораётганлиги сабабли, қонун чиқарувчи жиноят содир этишнинг ушбу усулига алоҳида эътибор қаратиши кераклиги тўғрисида ҳулосалар ишлаб чиқилган. Диний ғоялар замирида зомбилаштирилган террористларнинг, яъни ўз жонига қасд қилувчи жангариларнинг Яқин Шарқ, АҚШ ва Россияда юқори даражали террористик актларни содир этганликлари тўғрисидаги маълумотларни учратиш мумкин.

Калит сўзлар: жиноят, гипноз, ақли норасолик, сомнамбула, руҳий мажбурлаш, жиноий жавобгарлик.

В статье анализируются основания освобождения от уголовной ответственности лиц, совершивших преступление под воздействием гипноза. Разработаны выводы об уделении законодательными органами особого внимания таким методам совершения преступления, исходя из роста использования гипноза в настоящее время. Имеются данные о совершении террористических актов террористами-смертниками, зомбированных на основе религиозных идей в России, США и Ближнем востоке.

Ключевые слова: преступление, гипноз, невменяемость, сомнамбула, психологическое давление, уголовная ответственность.

Гипноз хавфли қуролдир. Худди атом энергияси каби, ундан оқилона фойдаланиш керак.

Вольф Мессинг.

Йилдан йилга инсониятнинг билими кўплаб соҳаларда ошиб бормоқда, шу жумладан гипнологияда ҳам. Инсон мияси ва умуман унинг танасининг ишлаш механизмларини ўрганган ҳолда, фан манипуляция қилиш учун янгидан янги гипноз усуллари ва технологияларини ишлаб чиқармоқда.

“Гипноз” тушунчасига тўхталадиган бўлсак, шуни таъкидлаш керакки, бу уйқуга ўхшаш ҳолат бўлиб, у инсонга муайян оҳангдаги таъсир кучларини сингдириш ва бош мия пўстлоғини тўҳтатиш билан бирга кечади [1]. Ўз навбатида, ғайриқонуний гипноз инсон руҳиятига информацион таъсир кўрсатиш орқали унинг ҳохиш-иродасига қарши қасддан ноқонуний равишда қаршилик кўрсата олмайдиган даражадаги ожиз аҳволга олиб келиш сифатида белгиланиши лозим. Бу инсон руҳиятига қўрқув ҳиссиётларини ёки гипноз ҳолатини келтириб чиқарадиган, унинг ҳоҳиш-иродасини ҳамда ўзининг эркин ифода этиш қобилиятини чеклайдиган ахборотнинг турли йўллар билан таъсир кўрсатиши тушунилиши керак [2]. Агар, бир томондан, у руҳий, жисмоний ва психоматик касалликларни даволашда ёрдам берувчи психотерапевтик восита бўлиб ҳизмат қилса, бошқа томондан эса гипноз таъсири остидаги одамни устидан деярли чексиз бошқарув ўрнатиб, ундан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш хавфини туғдиради. Мисол учун, хитойлик гипнозчи аёллар тўдаси Америка Чайна-Тауннинг кекса ахолисни ўмариб 800 минг доллар ишлаб олган. Жабрланувчиларнинг ўзлари фирибгарларни таниганига бир соатдан кўп бўлмасада, уйларига олиб киришган ва ўз ихтиёрлари билан барча жамғармаларини бериб юборишган. 1990-йилларда Украинада Буюк Оқ биродарлик “Дунё онаси Мария ДЭВИ” номли, собиқ Иттифоқ бўйлаб саёҳат қилиб, кучли таъсир ўтказиш билан биргаликда таълимот ўргатиш ва қўрқитиш йўли билан одамларни гипноз қилган шахсга пул ва мол-мулкларини беришга мажбурлаган секта ҳақида ёзилади. Суд томонидан ушбу секта раҳбари Кривоносовнинг жиноят содир этишда гипноздан фойдаланганлиги исботлаНган ва у 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, 47-ёшли Мишель Эйро ва 22-ёшли Габриэль Бомпар суд ижроичиси Туссен-Огюст Гуффэни ўлдиришда гумон қилинган Гуффэ жиноий ишида, Габриэль Бомпар адвокатларининг ҳимоя услуби мутлақо ўзига хос бўлиб: таъкидланишича, Эйро уларнинг ҳимояси остидаги Габриэль Бомпарни гипноз қилган ҳолда жиноятда иштирок этишга мажбур қилган [3].

Шундай қилиб, XIX асрнинг охирларига келиб, олимлар гипноз жиноятчининг қуролига айланишига шубҳа қилишмаган, аммо гипноз ёрдамида қотиллик қилишни ҳеч ким ўйламаган хам. Гуффэ иши кўпчиликнинг фикрини ўзгартиришга сабаб бўлди.

Ўз табиатига кўра, гипноз ёрдамида содир этилган жиноятлар ўта яширин ҳодиса бўлиб, бу эса ўз ўрнида шу тарзда содир этилган жиноятлар сони фақат ортиб боришидан далолат беради.

Л.Седихни сўзларига кўра, айрим жабрланувчилар содир этилган жиноятни эслолмаслиги, обрўси тўғрисидаги кўчли кўрқуви мавжудлиги ва психотравматик ҳолатга қайтишни истамаслиги сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмайди.

Шуни таъкидлаш жоизки, гипноз остида содир этилган жиноятларда иккита субъект мавжуд бўлиб, булар жиноий гипнозчи ва гипноз таъсири остида жиноят содир этган шаҳс.

Жиноий гипнозчи — бу бошқа бир шахсга нисбатан жиноят содир этиш, ушбу шахсга нисбатан жиноят содир этишни осонлаштириш ёки уни гипноз ёрдамида учинчи шахсга қарши жиноят содир этишга мажбурлаш мақсадида гипноз қўллаган шахс.

Гипноз таъсири остида жиноят содир этган шахс — бу гипнотик мажбурлаш натижасида, гипнотик ҳолатда бўлган ёки уни тарк этгандан сўнг постгипнотик таъсири остида шахсга нисбатан жиноят содир этган шахс.

Машҳур рус олими Таганцев шундай дейди: “ўйлашимча, агар инсон гипноз таъсири остида ҳаракат қилгани ҳақиқатан ҳам исботланган бўлса, бундай қилмиш вақтинчалик онгсизлик ҳолатида содир этилган ва ақли норасолик ҳолати деб топилиши лозим” [4, c. 175].

Амалдаги жиноят қонунчилигида, ҳусусан ЎзР ЖКнинг 18-моддасига кўра, рухий ҳолатнинг сурункали бузилиши, вақтинчалик бузилиши, ақлдан озиш ёки рухий ҳолатнинг бошкача тарзда бузилиши туфайли ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) ҳақиқий моҳиятини ва ижтимоий ҳавфлилигини англай олмаган ёки уларни назорат қила олмаган шахс ақли норасо деб топилади. Шахсни ақли норасо деб топиш қуйидаги икки мезонлар бўлиши талаб қилинади: юридик ва тиббий. Агар тиббий мезонга мурожаат қиладиган бўлсак, аниқланишича, ушбу мезон шахснинг рухий ҳолати бузилганлигининг белгиларини ифодалайди, гипноз эса бу туркумга кирмайди. Демак, гипноз таъсирида содир этилган жиноятларни ақли норасо ҳолатда содир этилган жиноятларга таалуқли эмас деган хулосага келамиз.

Гипноз усули билан содир этилган жиноятлар нафақат гипноз таъсири остидаги шахс томонидан, балки унга қарши ҳам содир этилиши мумкин. Шу боис шундай савол туғилади: бундай ҳолларда гипноз таъсири остида жиноят содир этган шахс қай даражада жиноий жавобгарликка тортилади?

Юқоридаги саволга жавоб тариқасида шуни таъкидлаш керакки, ҳорижий давлатлар тарихида гипноздан фойдаланиш ҳуқуқий тартибга солинганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, гипноз ходисасига ҳуқуқий маънода илк маротаба Францияда эътибор қаратилган. 1784 йил 12 мартда Людовик XVI тиббиёт факултетидан комиссия тайинлайди. Текширувлар натижасида комиссия қиролга бир нечта ҳисоботларни тақдим этади, уларнинг бирида эса у месмер амалиётининг ахлоқийлигига шубҳа билдиради. Худди шу йили, ботаник Антуан Лорен де Жусью Қироллик тиббий жамиятининг бошқа вакиллари билан ташкил этилган мустақил комиссиясининг ҳисоботи аввалги комиссиянинг ҳисоботлари билан ўҳшаш бўлади. Ушбу ҳисобтларнинг натижасига асосан, шифокорларга ҳайвонлар магнетизмидан дарс ўтиш ва уни амалда қўллаш тақиқланган. 1891 йилда Британия тиббиёт ассоциацияси (БТА) томонидан худди шундай комиссия тузилиб, у гипнозни фақат терапевтик мақсадларда ва фақат малакали эркак шифокорлар томонидан қўлланилиши керак деган ҳулосага келган. Комиссия гипноз ҳодисасини омма олдида намойиш қилишга қарши бўлган.

1815 йилда Австрияда магнетизм машғулотлари конун томонидан тақиқланган эди. Икки йилдан сўнг, парламентнинг алоҳида қарорига кўра, магнетизм билан шуғулланиш фақат шифокорларга рухсат этилган. 1817 йилда Данияда ҳам худди шундай мазмундаги қирол фармони чиқарилган [5].

Гипноз руҳий зўрликнинг махсус кўриниши, руҳий мажбурлашнинг эса ўзига хос тури ҳисобланади [6]. Бироқ амалдаги қонунчиликда гипноз таъсири остида содир этилган жиноятларнинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмаган. Бизнинг фикримизча, гипноз таъсири остида бўлган шахс ўз харакатларини бошқара олмаслиги туфайли, жиноий қилмишни квалификация қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 41 1 -моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Жиноят ҳуқуқи учун муҳим бўлган гипнознинг бир қатор психофизиологик хусусиятлари қайд этилган. Шундай қилиб, гипноз таъсири остидаги одам ақли расо ҳолатдаги одамдан фарқли ўлароқ, қабул қилаётган ахборотларни таҳлил қила олмайди. Бу ҳодиса гипноз таъсири остидаги одамнинг миясида қўзғалишни вужудга келтириб, у мия пўстлоғининг исталган қисмида тўпланади ва ўзининг атрофида турғунлик ҳолатини юзага келтиради. Гипнотик ҳодисаларнинг жиноий ҳусусиятларини ўрганган ҳолда, улар ёрдамида айрим ҳодиса, фактларни ҳотирадан ўчириш (амнезия), гипноз таъсири остидаги одамга реал воқеликда мавжуд бўлмаган нарсалар, ҳиссиётлар, ҳаракатлар борлигини, ёки аксинча, мавжуд бўлганларнинг йўқлигини, белгиланган йил, кун ва соатда муайян ҳаракатларни бажаришни (бажармасликни) сингдириш мумкин деган ҳулосага келдик.

Жисмоний ва руҳий зўрликни фарқлайдиган бўлсак, улар ўртасидаги чегара объектив (етказилган зарарнинг моҳияти бўйича: организмнинг анатомик бутунлиги ва ҳаётий жараёнларни бузилиши ёки руҳиятга таъсир қилиши) ва субъектив (жиноятчининг содир этилган жиноятга руҳий муносабати) белгилар билан асосланган бўлиши керак. Шундай қилиб, жиноий гипнозчи жабрланувчининг соғлигига ёки ҳаётига зарар етказиш мақсадида эмас, балки унинг руҳиятига қўшимча таъсир кўрсатиш мақсадида гипноз кучини оширувчи дори воситалардан фойдаланиши мумкин. Бинобарин, инсон организмига кам ахамиятли физиологик таъсир кўрсатувчи наркогипноз рухий зўрликнинг бир тури ҳисобланади.

Аммо шундай ҳолатлар бўладики, жиноят содир этиш вақтида шахс ўз ҳаракатларини бошқара олиш ва ўз қилмишининг ғайриқонунийлигини англаш қобилияти сақланиб қолади. Бундай ҳолатлар, гипнозчининг ўзи ёки гипноз таъсири остида жиноят содир этган шахснинг жавобгарлигини ҳеч қандай вазиятда истисно қилмаслиги лозим. Шу сабабли, қонун қўлловчи учун шахснинг жиноят содир этишдаги ҳохиш-иродасининг даражасини аниқлаш муҳим ўрин тутади.

Маълум бир шахснинг ўзи жиноят содир этиш мақсадида гипноз қилиш истагини билдирганлик ҳолатлари мавжудлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бунда, гипноз қилган шахс ёрдамчи, гипноз қилинган шахс эса бевосита ижрочи вазифасини бажаради.

Инсон гипноз уйқусига кетишдан олдин у жиноий мақсадларда гипноз ҳолатига тушиши мумкинлигини билган ёки гумон қилган бўлса-да, ҳеч қандай қаршилик кўрсатишга уринмаганлик ҳолатлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ушбу шаҳс жиноий жавобгарликга тортилиши лозим. Чунки, бундай ҳолатда, гипноз таъсирига тушишдан олдин у ўз ҳохиш-иродасига эга бўлади ва ўз ҳаракатларини тўлақонли бошқара олади.

Шундай қилиб, гипноз таъсири остида жиноят содир этган шахс, агар олдиндан унинг таъсирига тушиши мумкинлигини билмаган, гипноз жараёнида унга қаршилик кўрсата олмаган ва ўз ҳаракатларини бошқара олмаган бўлса жиноий жавобгарликга тортилмаслиги лозим деган ҳулосага келишимиз мумкин.

Юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда, қонун чиқарувчи жиноят содир этишнинг ушбу усулига алоҳида эътибор бериши керак деган ҳулосага келишимиз мумкин. Чунки, ҳозирги кунда гипноз ёрдамида жиноят содир этишнинг кўплаб усуллари тез-тез қўлланилиб келинмоқда.

Амалиётда турли касалликларни даъволаш жараёнида гипнотехнологиялардан фойдаланувчи психологлар, психотерапевтлар ва тиббиётнинг бошқа вакиллари томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, гипнозни даволовчи воситадан инсон руҳияти ва физиологиясини таҳқирлаш қуролига айлантирган ҳолатлари ҳам учраб туради. Диний ғоялар замирида зомбилаштирилган террористларнинг, яъни ўз жонига қасд қилувчи жангариларнинг Яқин Шарқ, АҚШ ва Россияда юқори даражали террористик актларни содир этганликлари тўғрисидаги маълумотлар учратиш мумкин. Гипноз ўзганинг мулкини ўзлаштиришнинг бир усули ҳисобланади. Шу сабабли, гипноздан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни олдини олиш мақсадида қуйидагилар таклиф қилинади:

1) Ўзбекистон Республикаси «Гипноз тўғрисида» ги Қонунини қабул қилиш, шу билан бир қаторда гипнозга қонуний таъриф бериш, гипноздан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини белгилаш, гипнозни амалга ошираётган шахслар томонидан гипноз қилинган шахсларни кейинчалик кузатиш имконияти бўлмаган ҳолларда гипнотерапия ва гипноз машғулотларини оммавий равишда ўтказишни тақиқлаш;

2) Ўзбекистон Республикаси “Лицензиялаш, рухсат бериш ва ҳабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги 14.07.2021 № 701-II-сонли Қонунига қўшимча киритиб, шу жумладан лицензия талаб қилинадиган фаолиятлар рўйхатига гипноз ва гипноз ўргатиш турини кўшиш;

3) ЎзР ЖК 41 1— моддасида енгиб бўлмас руҳий мажбурлаш натижасида жиноят қонунчилиги билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга гипнотик мажбурлаш оқибатида зарар етказилиши, агар бундай ҳолатда шахс ўз ҳаракатларини бошқара олмаган бўлса қонуний деб топилишини назарда тутиш;

4) Ички ишлар вазирлиги органларида мутаҳассислар гуруҳларини яратиш, шунингдек, жиноий ҳуқуқ ва гипноз соҳасидаги ваколатли терговчилар мавжуд бўлинмаларни такомиллаштириш, шу жумладан уларга гипноздан фойдаланилган ҳолда содир этилган жиноятларни тергов қилиш, таҳлил қилиш ва олдини олиш мажбуриятини юклаш;

5) хавф остидаги шаҳсларга нисбатан виктимологик профилактика чораларини қўллаш.

Адабиёт:

  1. Бородулин В. И., Горкин А. П., Гусев А. А., Ланда Н. М., Петровская Л. И., Симолин А. В., Синюков В. Д., Туманова Н. Л. Новый иллюстрированный энциклопедический словарь. — М., 1999. — 543с.
  2. Седых Л. В. Гипноз как способ психического принуждения // Труды юридического факультета Ставропольского государственного университета. Вып. 19. Ставрополь: Сервисшкола, СГУ, 2008.
  3. https://hypnosismoscow.livejournal.com/121153.html
  4. Таганцев Н. С. Русское уголовное право. Лекции. Часть общая. В 2 т. Т. 1. М.: Наука. 1994. c.175.
  5. http://lawtheses.com/prestupleniya-sovershaemye-s-primeneniem-gipnoza-osobennosti-kvalifikatsii-i-preduprezhdeniya
  6. Седых, Л. В. Использование гипноза в предвыборной агитации // Труды юридического факультета Ставропольского государственного университета. Вып. 17. Ставрополь: Сервисшкола, СГУ, 2008.
Основные термины (генерируются автоматически): Гипноз, агар, ставрополь, Ставропольский государственный университет, юридический факультет.


Ключевые слова

жиноят, гипноз, ақли норасолик, сомнамбула, руҳий мажбурлаш, жиноий жавобгарлик
Задать вопрос