Комил инсон талқини: ўтмиш ва ҳозирги замон | Статья в журнале «Молодой ученый»

Библиографическое описание:

Абдуллаева Ш. Д. Комил инсон талқини: ўтмиш ва ҳозирги замон // Молодой ученый. — 2017. — №16.2. — С. 22-24. — URL https://moluch.ru/archive/150/42535/ (дата обращения: 14.12.2018).



В данной статье говориться о постоянном и непрерывном духовном образовании, глубоком усвоении богатой культурной истории в укреплении и прогрессе общества с духовно-нравственной стороны, всестороннем изучении наследия великих предков.

Ключевые слова: история, общество жизнь, прогресс, глобализация, эгоцентризм, религия, культура, наследие, учёные.

This article is focused on a permanent and continuous spiritual education, deep learning a rich cultural history in the strengthening and progress of society from the moral side, a comprehensive study of heritage of great ancestors.

Key words: History, society, life, progress, globalization, egocentrism, religion, culture, heritage, scientists.

Инсонни камолот сари етаклайдиган ҳар қандай таълимот ўз йўналиши, ўз тартиб-қоидаси ва ўз тамойилларига асосланади. «Шу тариқа, комил инсоннинг ўзига хос аҳлоқ кодекси ишлаб чиқилган бўлиб, бу сифатларга эга бўлиш ҳар бир одамнинг орзу-армони деб қаралган. Бундан яна шу ҳам маълум бўладики, ўрта асрлардаги яхши аҳлоқ, комил инсон ҳақидаги тушунчалар нисбий хусусиятга эга – бир томондан, жами руҳий-маънавий қудрат, ақлу-заковат, яхши сифатларнинг жамулжами ҳисобланган мавҳум бир зот тушунчаси, иккинчи томондан, шу чўққига интилиб, муайян мартабаларга эришган киши ҳам комил инсон деб ҳисобланган» [1].

Маълумки, комил ва етук инсон башариятни қадимдан қизиқтириб келган масаладир. Аслини олганда, комил инсонни вояга етказиш асрлар мобайнида кишиларнинг орзуси, истаги, идеали бўлиб келган. Комил инсон тўғрисидаги тушунча ва тасаввурлар турли даврларда турлича талқин қилинган. Даврлар ўтиши, замонлар ўзгариши билан у ҳақидаги фикрлар ҳам ўзгариб борган. Комил инсон тўғрисидаги фикрларнинг эволюцияси, такомиллашуви, унинг қандай бўлиши тузумнинг характери, ишлаб чиқариш даражаси, давлатни бошқариш услуби, илм-фан ва маданиятнинг ривожига боғлиқ бўлган. Шу нуқтаи назардан қараганда, таниқли тасаввуфшунос Маҳмуд Асъад Жўшоннинг фикрига қўшилса бўлади. У «Ҳулқлар ўзгарадими?» – деган саволга, «ўзгаради, фақат таълим–тарбия туфайли», – деб жавоб беради. Турк олимининг айтишича, инсондаги туғма ёки рўёбга чиқмаган фазилат ҳам тарбияга муҳтож. «...потенциал (имконият) сифатида инсоннинг ичида яхши ҳулқлар мояси бўлиши мумкин. Унинг мижозида, зуваласида бордир бу «моя», бу асос. Аммо уни ривожлантириш керак. Бу эса таълим-тарбия билан бўлади» [2], – дейди Жўшон. Ҳудди шундай етук ва камолотга етган инсонни тарбиялаш ўз-ўзидан бўлмайди. Етук шахс тўғрисидаги тасаввурлар, гўё аҳлоқ ва одоб сингари ривожланиб, ўзгариб борган. Тарихга назар ташланганда, комил инсон тўғрисидаги ғоялар халқ оғзаки ижодида, бадиий адабиётда, фалсафий, тарихий ва аҳлоқий рисолаларда, пандномаларда, диний-тасаввуфий ва дунёвий илмларга бағишланган асарларда акс этганига амин бўламиз.

Комил инсон ғояси ўз моҳият-эътибори билан миллий, умуминсоний ва гуманистик мазмунга эгадир. Ҳар бир жамият ўз олдига етук, ҳар томонлама камолга етган, ўзида бутун ижобий, олийжаноб ҳислатларни тўплаган баркамол авлодни тарбиялашни орзу қилади. Шунинг учун комил инсон ғояси ўтмишимизнинг узоқ-узоқ даврларига бориб тақалади. «Комил инсон ғояси азал-азалдан халқимизнинг эзгу орзуси, унинг маънавиятининг узвий бир қисми бўлиб келган. У ислом фалсафасидан озиқланиб, янада кенгроқ маъно-мазмун касб этган. Баркамол авлод ҳақидаги юксак ғоялар Абу Наср Форобий ва Алишер Навоий каби мутафаккирларимизнинг асарларида, айниқса, теран ифода топган» [3].

Комил инсон ғояси энг қадимий динлардан бири Зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто» да ҳам ўз ифодасини топган. Унда яхшилик билан ёмонлик, ҳақ билан ҳақсизлик, ёруғлик билан зулмат ўртасидаги кураш тасвирланади. Ахура Мазда– яхшилик ҳамда ёмонлик – Ахриман худолари ўртасида қаттиқ кураш кетади. Ахура Мазда дунёдаги бутун мавжудларни яратган, у бунёдкорлик кучига эга. Ахриман эса Ахура Мазда бунёд қилган нарсаларни йўқ қилишга ҳаракат қилади. У вайронкорлик билан машғул бўлади. «Авесто» да яхшилик ёмонлик устидан албатта ғалаба қозонади, деган ғоя илгари сурилади. Зардуштийлик уч асосий аҳлоқий қоидага таянади: «Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал» [4]. Мана шу учта қоидага риоя қилган одам камолотга етган ҳисобланади.

«Авесто» да ўз туғилган ерига муҳаббат, тўғрилик, ростгўйлик, ярамас ишлардан ўзни тийиш, меҳнатсеварлик, эзгулик, деҳқоничилик ва чорвачиликни эъзозлаш, адолат ва ҳақиқат учун кураш, мардлик ва шижоаткорлик, бахт-саодат каби аҳлоқий қадриятларга катта эътибор берилган. Бу маънавий-аҳлоқий қоидалар кейинчалик Шарқ мамлакатлари мутафаккирларининг дунёқарашига катта таъсир кўрсатди.

Жаҳон динларидан бири ҳисобланган буддавийлик динида ҳам камолотга эришиш алоҳида ўрин эгаллайди. Буддавийлик дин сифатида аввал Ҳиндистонда вужудга келиб, кейинчалик Хитой ва бошқа мамлакатларга тарқалган. Унинг асосий ғояси бу дунё азоб-уқубатларидан қутулиш йўлларини топиш. Бу таълимот «тўрт олий ҳақиқат» деб номланади: 1. Азоб-уқубат ҳақидаги таълимот. 2. Азоб-уқубат сабаблари ҳақидаги таълимот. 3. Азоб-уқубатлардан халос бўлиш ҳақидаги таълимот. 4. Азоб-уқубатлардан қутқаришнинг нажот йўлларини топиш ҳақидаги таълимот. Азоб-уқубатлардан қутулишнинг «Олийжаноб саккиз йўли» мавжуд. Булар: биринчи – тафаккур (тўғри маслак, нуқтаи назар), иккинчиси – нутқ (тўғри ният қилиш), учинчиси – фаолият (тўғри ўзини тутиш), тўртинчиси- аниқламоқ (тўғри сўз), бешинчиси – ҳаёт (тўғри ҳаракат қилиш), олтинчиси- меҳнат (тўғри муомилада бўлиш), еттинчиси-хотира ва ўзаро тартиб, саккизинчиси-фикрларини тўплаш[5]. Шу саккиз қоидага амал қилган одам камолотга эришади.

Кадимги Хитой файласуфи Конфуций (мил. авв. 551-479) «суҳбатлар ва мулоҳазалар» («Лунь юй») китобида умуминсоний мазмунга эга инсонпарварлик ғояларини кўтариб чиққан ва комил инсон тўғрисидаги қарашларини илгари сурган. Конфуций «Ҳамма одамлар ўз табиатига кўра» бир – бирларига ўхшайдилар, тарбияга қараб улар бир-бирларидан фарқланадилар» [6], – деб таъқидлайди.

Конфуцийнинг фалсафий ва ахлоқий қарашларида инсон ва унинг камолоти масаласи муҳим ўрин эгаллайди. У адолат, ҳақгўйлик, ўзгаларга, ота-онага ҳурмат, одамийлик, самимийлик каби инсоний фазилатлар камолотга олиб боради, деб ишонди. У мулойимлик, саҳоватпешалик, яхшилик ва эзгулик, ҳақиқатга эришиш, инсонийликни юксак фазилатлар ҳисоблайди. Конфуцийнинг фикрича, комил инсон ҳамма нарсани ўзидан излайди, пасткаш-ўзгарлардан.

Ислом дини намояндалар Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в)ни барчага намуна, бекаму-кўст, ахлоқан пок, камтар ва ҳокисор, сабр-тоқатли, софдил ва билимдон инсон деб биладилар. Турли диний манбаларда, ҳусусан ҳадисларда, олимларнинг тадқиқотларида Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг яхши сифатлари, ҳамида аҳлоқи, ҳалол ва поклиги, ўзгаларга, ғариб ва муҳтож бева-бечораларга ғамхўрлиги, зоҳирий ва ботиний билимларни бекаму-кўст идрок қилиши ва бошқа фазилатлари ҳақида сўз боради. Таниқли турк олими Маҳмуд Асъад Жўшон Муҳаммад Пайғамбарнинг завжалари Ойшанинг фикрларига таяниб, ул зот ахлоқини Қуръони карим билан қиёслайди. «Қуръони каримнинг барча оятлари ифодалаган, кўрсатган ғояларни, мақсадларни махкам ушлаган, амалда қўллаб, ҳақиқатан ҳаётга татбиқ этган бир исон эдилар Ҳазрати Пайғамбаримиз» [7].

Айниқса, бу борада буюк муҳаддис Исо ат-Термизий (824-892) ёзган асарлари, тўплаган ҳадислари эътиборга лойиқ, деб ўйлаймиз. Муҳаддиснинг «Аш-шамоил ан-набавийа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») ва «Шамойили Муҳаммадийя” («Муҳаммад пайғамбарнинг фазилатлари») китобларида Пайғамбарнинг ҳулқ-одоби, қилган хайрли ишлари, ақл заковати, ширинсуханлиги, камтарлиги, саҳийлиги, одатлари, мулойимлиги, ғариб ва бева-бечораларга ғамхўрлиги, меҳр-шафқатлилиги, инсонпарварлиги ҳақида ҳадислар жамланган. Хусусан, ат-Термизий ҳадисларида ул зотнинг доимо халқ ғамида юриши, умматларнинг манфаати ва уларнинг фаровонлиги тўғрисида кеча-ю кундуз ўйлаб юриши таъкидланади. Муҳаммад Пайғамбар ҳаётда ўта камтар, бошқалар билан муносабатда фақат керакли иш тўғрисида сўз юритар, ортиқча ва кераксиз сўзларни гапирмас эдилар. Ул зотнинг ўзгалар учун ғамхўрлик қилиши, нотиқлиги, бошқалар билан сўзлаш услуби ҳақида ат-Термизийнинг тўплаган ҳадисларида қуйидагилар айтилади: «Ҳожати йўқ сўзларни қилмас эрдилар. Ва сўзларини Худо номи ила бошлаб, худо номи ила тамом эрдилар. Лабларин учи ила сўзлаб қўя қолмас эрдилар. Сўзларин лафзлари оз, маънолари кўп бўлур эрди. Сўзлари бир-биридан ажралган бўлур эрди. На анда ҳожатдан зиёда алфоз бўлур эрди. Ва на анда камчилик бўлур эрди. Ўзлари тез мижоз ва бошқани хор қиладурган зот эмас эрдилар. Неъмат қанчалик ҳақир бўлсин, ани ҳурмат қилур эрдилар. Ани ёмон демас эрдилар. Дунё ё дунёвий нарсалар учун ҳаргиз ғазаблари келмас эрди. Яъни, дунёни ҳеч бир нарса фаҳм қилмас эрдилар, балки қачон бир кишининг ҳақига тажовуз қилинса, ул ҳолда ғазабларин ҳеч бир нарса босолмас эрди. Андин интиқом олмай қўймас эрдилар. Ўзлари учун бир кишидан хафа ҳам бўлмас эрдилар» [8]. Ҳадисдан маълум бўладики, Муҳаммад (с.а.в.) бировларнинг ҳақига хиёнат қилганларни ўта ёмон кўрган, уларга қарши курашган.

Адабиётлар:

  1. Комилов Н. Тасаввуф. Биринчи китоб. – Т.: Ёзувчи, 1996. –Б. 153.
  2. Маҳмуд Асъад Жўшон. Тасаввуф ва гўзаллик. – Т.: Адолат, 2004. – 134 б.
  3. Миллий истиқлол ғояси: Асосий тушунча ва тамойиллар. – Т.: Ўзбекистон, 2000 – 56 б.
  4. Фалсафа. Э. Юсупов таҳрири остида. (Ўқув қўлланма). – Т.: Шарқ, 1999. – 56 б.
  5. Фалсафа. Қисқача изоҳли луғат. – Т.: Шарқ, 2004. – 76 б.
  6. Фалсафа. Э. Юсупов таҳрири остида. – Т.: Шарқ, 1999. – 49 б.
  7. Маҳмуд Асъад Жўшон. Тасаввуф ва гўзаллик. –Т.: Адолат, 2004. – 131 б.
  8. Абу исо ат-Термизий. Аш-шамоил ан-набавийа. – Т.: Чўлпон, 1993. – 61 б.


Обсуждение

Социальные комментарии Cackle
Задать вопрос