«Хотин-қизлар» масаласининг ижобий натижалари | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Библиографическое описание:

Рахимова, З. М. «Хотин-қизлар» масаласининг ижобий натижалари / З. М. Рахимова. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2017. — № 24.2 (158.2). — С. 50-52. — URL: https://moluch.ru/archive/158/44677/ (дата обращения: 16.12.2024).



“Хотин-қизлар масаласи”нинг ечими хотин-қизлар билан эркакларнинг юридик тенгҳуқуқлилиги эълон қилинишини, аёлларни жамоат ишлаб чиқаришига кенг миқёсда жалб қилинишини, аёллар учун касбий, оилавий ва репродуктив функцияларни айни пайтда бажариш учун шароит яратилганлигини, имтиёзлар, нафақалар, бола туғилиши ва болани парвариш қилиш билан боғлиқ таътиллар бериш шаклида хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини ташкил этилиши, хотин-қизлар меҳнатидан фойдаланишни чекланиши ва ҳоказолардан иборат эди [1].

Мамлакатнинг саноатлашуви, саноат ишлаб чиқаришининг ривожланиши туфайли хотин-қизлар меҳнатини жалб қилиш иқтисодий заруратга айланди. Эркаклар меҳнат қилган ишчи ўринларни энди аёллар эгаллади (бу айниқса энг обрўсиз, малакасиз ва кам ҳақ тўланадиган ишларга тегишли) [8].

Хотин-қизларга нисбатан совет давлат сиёсатида уч асосий босқични ажратиш мумкин [6]:

  1. 1917–1930 йй. Бу даврда жинслар тенглиги Советлар давлатининг расмий мафкуравий вазифаси этиб эълон қилинган эди. Айни шу даврда хотин-қизларнинг жамоат ва давлат бошқаруви идораларида иштирок этиши учун партиявий-маъмурий квоталарни амалда жорий этиш бошланди.
  2. 1930–1960 йиллар. Мазкур босқичда жинсларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш соҳасида совет давлати сиёсатининг концепциясида катта ўзгаришлар юз берди. Айни шу йилларда ижтимоий протекционизм ғояси шаклланади, унинг оқибатида эса хотин-қизлар давлат сиёсати субъектидан унинг объектига айланди [3]. Бунинг оқибати бўлиб ушбу даврда хотин-қизлар ҳуқуқи ва манфаатларини камситадиган бир қатор қонунлар қабул қилинади.

1936 йилда абортлар тақиқланади; ўғил ва қиз болаларнинг бирга мактабда ўқиши бекор қилинади; эркаклар алимент тўлашдан озод қилинади; ажрашиш жараёни яна мураккаблаштирилади; гражданлик никоҳлар бекор қилинади.

  1. 1960–1991 гг. 1960нчи йилларнинг бошларига бориб хотин-қизлар эмансипацияси борасида ўз олдига қўйган кўп масалалар охиригача етказилмади. 1980нчи йиллар ўрталарида бошланган демократик жараёнлар ҳам жинслар тенг ҳуқуқлиги масаласида кескин ўзгариш касб этмади. 1990нчи йиллар бошида масаланинг моҳияти “аёлларни оилага қайтариш”га [9] бориб тақаларди.

Аёллар совет даврида ҳам, ҳозирги даврида ҳам иқтисодий сиёсатнинг молиявий, бюджет, тижорий, солиқ ва бошқа турларини белгилашда кенг иштирок этмайди. Ишчи ўринларини эгаллашда гендер номутаносиблик ошкора ва яширин шаклларда илгари ҳам мавжуд эди, ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда; аёллар иқтисодиётни бошқаришда тўлақонли иштирок этмайди; аёлларнинг интеллектуал имкониятлари соҳаларга кам жалб этилган; оналик вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлган аёллар ишчи кучининг суст мослашувчанлиги, малака даражасининг пастлиги сақланиб қолмоқда. Буларнинг барчаси аёлларнинг ишлаб чиқаришда кенг иштирок этгани ҳолда иқтисодиётни бошқаришда ниҳоятда кам иштирок этишига сабаб бўлди. Аёлларнинг қонунчилик ва ижроия ҳокимияти соҳаларидаги иштирокида ҳам шундай вазият сақланиб қолган. Бунда қонунчилик меъёрлари ва уларга риоя этиш механизмлари мавжуд бўлса-да, улар жинслар тенглигини таъминлай олмайди. Аёлнинг маданий меъёрлари ва стереотиплари, унинг лавозимга оид интилишлари ва уларни амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мусулмон хотин-қизларига нисбатан ҳимоялаш сиёсатининг кўзлаган мақсади уларнинг анъанавий турмуш тарзини, онгини, тафаккурини ўзгартириш, янги турмуш, янгича ҳаёт тарзи тарафдорларига айлантириш, аёлларни иқтисодий ва сиёсий жараёнларга жалб этишдан иборат эди.

Ўтиш даврида Ўзбекистон хотин-қизларининг шароити. Мустақиллик эълон қилинишидан бир неча йил ўтибоқ Ўзбекистон Республикаси ҳукумати жамият ҳаётида хотин-қизларнинг аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор бера бошлади. 1999 йил “Аёллар йили” деб эълон қилинганиданоқ хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасидаги ишлар фаоллаша бошлади. Ҳукумат қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистонда уларнинг мақомини оширишга қаратилган бир қатор самарали дастурлар ишлаб чиқилди.

Бироқ, ушбу чораларга қарамай, аҳолининг кўпчилигини ташкил этган хотин-қизлар кўп сабабларга кўра кўп соҳаларда эркаклар билан тенг шароитда эмас. Чунончи, гарчи Ўзбекистон қонун ҳужжатларида жинс асосида ҳар қандай камситиш тақиқланган бўлса-да ва меҳнат бозорида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кенг чоралар тизими назарда тутилган бўлса-да, бозор муносабатлари шароитида аёлларни ҳимоя қилиш чоралари улар меҳнатининг нарҳи ошишига олиб келиши масаласи тобора кўпроқ кўтарилмоқда, ҳамда статистика кўрсатишича, хотин-қизлар (айниқса кичик боласи борлари)нинг ишга жойлашиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Эркаклар ва аёллар қатнашувидаги асимметрияни турли сабаблар билан изоҳлаш мумкин: аёлларнинг эҳтиёж ва хоҳишларини инобатга олувчи амалий тенглик механизми йўқлиги, жамиятда патриархал меъёр ва ақидаларнинг сақланиши ва бошқалар [10]. Бу ҳолат ўтиш даври шароитида аввалги даврларнинг муҳим ютуқларининг барҳам топишига олиб келди. Аёлларнинг маданий меъёрлари ва стереотиплари, лавозим борасидаги интилишлари ҳамда уларни рўёбга ошириш имкониятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди [2]. Шуни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон хотин-қизлари мамлакатларининг сиёсий ҳаётида қатнашиш ҳуқуқларини ёқлаб чиқа бошладилар. Уларнинг фаолияти Ўзбекистонга демократик ислоҳотлар йўлидан бораётган мамлакат қиёфасини беришга интилаётган ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланди. 2004 йилда Олий Мажлисга сайлов тўғрисидаги қонуннинг 22-моддасига «аёллар сони сиёсий партиялар номзодларнинг умумий рўйхатининг 30 %дан кам бўлмаслик керак» [11] деган ўзгартиш киритилди.

Бундан ташқари хотин-қизларга нисбатан зўравонлик, хотин-қизлар савдоси, аёлларнинг меҳнат бозоридаги аҳволи каби (нафақат Ўзбекистон учун) долзарб муаммолар ҳамон мавжуд.

Совет давлати хотин-қизлар ва эркаклар тенглиги борасида олиб борган сиёсатининг таҳлили ижобий натижалар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: биринчидан, оддий касбларнинг аксариятига хотин-қизларга имкон берилганлиги, ўқув юртларига киришда камситилмаслик; иккинчидан, касбий меҳнат билан банд аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги; учинчидан, хотин-қизлар ўзини англашининг ўсиши ва жамоат ишларга кенг жалб қилиш йўли билан ижтимоий фаолликларини оширилиши.

Адабиёт:

  1. Гендер муносабатлари назарияси ва амалиётига кириш, мақолалар тўплами,Тошкент, 2007.
  2. Женщины и мужчины Узбекистана. Стат. сборник. Ташкент, 2002. (Ўзбекистон эркак ва аёллари. Стат. тўплам. Тошкент, 2002.)
  3. Захарова Н. К., Посадская А. И. «Женский вопрос» и социальная политика // Семья и семейная политика. М., 1991. (Захарова Н. К., Посадская А. И. «Хотин-қизлар масаласи» ва ижтимоий сиёсат // Семья и семейная политика. М., 1991.)
  4. История Узбекской ССР в 4-х тт. Т. 3. Т.: «Фан», 1967. (Ўзбекистон ССР тарихи. 4 томда. Т.3. Т.: «Фан», 1967.)
  5. Права человека: Единство общечеловеческого и национального. Т. 2, Т.: «Шарк», 1995. (Инсон ҳуқуқлари: Умуминсоний ва миллий жиҳатларнинг бирлиги. Т. 2, Т.: «Шарк», 1995.)
  6. Хасбулатова О. А. Обзор опыта советской государственной политики в отношении женщин // Гендерная реконструкция политических систем / Ред.-сост. Н. М. Степанова, Е. В. Кочкина. СПб.: Алетейя, 2004.
  7. Шукурова Х. С. Социализм и женщины Узбекистана. Т., 1970.
  8. Ф.Аҳмедшина, О.Шнирова, И.Школьников., Совет даврида «хотин-қизлар» масаласини ҳал қилиш тажрибаси, Гендер муносабатлари назарияси ва амалиётига кириш, Тошкент, 2007.
  9. Горбачев М. С. Перестройка и новое мышление для нашей страны и для всего мира. М., 1987. с. 116 – 118.
  10. Табышалиева А. Отражение во времени. (Заметки к истории положения женщин Центральной Азии). Бишкек, 1998. с. 88
  11. www.quotaproject.org асосида келтирилди
Основные термины (генерируются автоматически): семейная политика, Совет.


Задать вопрос