Мамлакатимиз Биринчи Президенти И. А. Каримов томонидан белгилаб берилган иқтисодий ривожлантириш дастурининг устувор вазифаларидан бири бўлиб бу — ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш, бу борадаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобланади [1].
Мамлакатимизнинг биринчи Президенти И. А. Каримов ўз маърузаларида қуйидаги кўрсаткичларни таъкидлаб ўтдилар: «Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда».
Ҳар қандай тадбирколик маълум бир худудда: мамлакат, вилоят, шаҳар ёки қишлоқ миқёсида олиб борилади. Тадбиркорлик фаолиятини самарали олиб бориш учун маълум бир ички муҳити бўлиши керак. Бундай муҳит айрим ҳудудлар миқёсида мужассамланиб, ўзида ишбилармонлик функцияларини амалга оширишни мужамлаштирган. Умумий ҳолда тадбиркорлик муҳити асосан қуйидаги тўртта омил: ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий омилларнинг ўзаро боғлиқлиги натижасида амалга оширилади. Улар ижобий ёки рағбатлантириш кўринишида ҳам шаклланиши мумкин. Ушбу ҳолда мамлакат ёки минтақада мавжуд шарт-шароитлар тадбирорлик фаолиятини олиб бориш учун мос бўлади. Чунки бундай муҳит тадбиркорга амалга оширилаётган ишларнинг натижалари қандай бўлишини олдиндан кўра билишга кенг имконият туғдиради.
Ҳуқуқий базанинг тўлиқ ёки бир меъёрда юритилмаслиги тадбиркорлик фаоллиги даражасига салбий таъсир кўрсатади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида амалиётда тадбиқ қилинаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосини ташкил қилаётган бир бутун ҳуқуқий база мавжуддир.
Сиёсий омил тадбиркорлик жараёнида бўлаётган барча ходисаларга давлатнинг муносабатини ва уларга давлатнинг таъсирини белгилаб беради. Давлатнинг тадбиркорлик фаолиятига қай даражада таъсир кўрсатиши ёки аралашиши кераклиги ҳам сиёсий омил тушунчасига киради. Бундай аралашиш олдиндан белгиланмаган ёки белгиланган бўлиши мумкин.
Ҳар бир мамлакатда тадбиркорликнинг ривожланишига ундаги сиёсий тизимнинг барқарорлиги катта таъсир кўрсатади. Агар сиёсий тизим барқарор бўлмаса тадбиркорлар катта инвестицияларни жалб қилмасдан юқори даражадаги фойда олиш мақсадидида кичик муддатга мўлжалланган турли хилдаги операцияларни амалга оширишга ҳаракат қилишади. Сиёсий аҳволнинг барқарорлиги тадбиркорга ўз фаолиятини стратегик жиҳатдан лойиҳалаштириш, яъни узоқ муддатга мўлжалланган ишларни амалга ошириш ишларини беради.
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишларимиз халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингларида ўзининг ижодий ифодасини топмоқда. 2015 йилнинг октябрь ойида Жаҳон банки «Бизнес юритиш» рейтингини эълон қилди. Ана шу рейтингда Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилиб, 87- ўринни эгаллади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, «Янги бизнесни қўллаб қувватлаш» деб аталадиган мезон бўйича мамлакатимиз айни пайтда жаҳонда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан қўлланиладиган банкротлик тизимининг самарадрлиги бўйича 75-ўринни эгаллаб турибди. «Кичик бизнес субъектларига кредит бериш» деб номланадиган кўрсатгич бўйича Ўзбекистон сўнгги уч йилда 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди ва ўтган йилнинг ўзида рейтингини 63 позицияга яхшилади.
Жаҳон банкининг маърузасида Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олгани қайд этилган.
Мамлакатимиз Биринчи Президенти И. А. Каримов таъкидлаганидек: «Бизнинг эътиборимиз марказида туриши керак бўлган энг муҳим масалалардан яна бири — бу Конституциямизга мувофиқ кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳалари бўлмиш хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш йўлидан барча ғов ва тўсиқларни йўқ қилиш, уларнинг эркинлигини таъминлашдир. Хулоса қилиб айтганда, демократик ва бозор ислоҳотлари йўлидаги изчил ҳаракатларимизнинг мантиқи биздан доимо илгарилаб боришни талаб этаётганини таъкидлаш лозим. Бу борада жаҳон бозорида кескин рақобат кучайиб бораётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки бундай вазият Ўзбекистонда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун уларнинг йўлидаги, шуни яна таъкидлаш керак, ҳар қандай қаршиликни олиб ташлашни долзарб вазифа қилиб қўймоқда» [2].
Мамлакатимизда сўнгги йилларда иқтисодиётни барқарор суръатларда ривожлантириш, унинг макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлаш борасида миқёси ва аҳамияти жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам кичик бизнес йўналишини юксак босқичларга кўтаришга алоҳида эътибор берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги «Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак» номли маърузасида ҳам бизнес юритиш бўйича кўрсаткичларимизни тизимли асосда чуқур ўрганиш, мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этишга доир аниқ чора ва таклифлар ишлаб чиқиш, аввало, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг муҳим вазифасига айланиши лозимлигини таъкидлади. [3]
Ўзбекистонда босқичма-босқич олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларида хусусий мулк устувор бўлган кўп укладли иқтисодиёт шаклланди ва у ҳозирги кунда самарали фаолият кўрсатмоқда. Ана шу иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини оширишда йирик корхоналар билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари муҳим роль ўйнамоқда.Шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрнини янада кенгайтириш учун кичик бизнес корхоналари самарадорлигини ошириб бориш муҳим молиявий-иқтисодий аҳамиятга эга. Маълумки, юқори даромад (фойда) даражасига эга бўлган корхоналар ўзини ўзи инвестиция билан таъминлашда бозорда рақобат устунлигига эга бўлади ва бу ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) салоҳиятини кенгайтиришга ташқи инвестицияларни кўпроқ жалб этишда ҳам устунлик беради.
Кичик корхоналарнинг фойда даражаси нафақат маҳсулот сифати ва унинг бозор баҳосига, балки бир бирлик махсулотни ишлаб чиқариш ва уни сотишга қилинаётган харажатларни камайтириб боришга ҳам боғлиқдир. Ўзгариб борувчи бозор иқтисодиётида бундай мураккаб муаммони самарали ечимини топиш корхонада яқин, ўрта ва узоқ даврларга мўлжалланган, ҳар тарафлама чуқур асосланган бозор стратегиясига эга бўлишни тақозо қилади. Бундай бозор стратегияси хусусий бизнесни амалга ошириш ғояси пайдо бўлиши, ривожланишини бошланиши, иқтисодий ўсиши ва етукликка эришиши босқичларини ўз ичига олган бўлиши керак. Хусусий бизнес юритишнинг ушбу қоидасига амалда бефарқ бўлиш ёки юзаки ёндашиш корхона ўз фаолиятининг дастлабки босқичидаёқ ёки кейинчалик молиявий инқирозга учрашига сабаб бўлади.
Албатта кичик корхона учун бозор стратегиясини ишлаб чиқиш, унинг мулкдори иштирокида махсус консалтинг марказлари ёрдамида кенг маркетинг тадқиқотларига таянган ҳолда амалга оширилиши лозим. Аммо ҳамма кичик корхоналарни ҳам дастлаб бундай вазифани бажаришга маблағлари етарли бўлмайди. Шу боисдан янги ташкил этиладиган корхона мулкдори дастлаб ўз ғояси ва билимига таянган ҳолда иш кўради. Кейинчалик тажриба, ахборотлар базаси стратегияни чуқурроқ асослашга имкон яратади.
Шундай қилиб, таъкидлаш мумкинки, кичик бизнес вакиллари ўз корхонасини пайдо бўлиш (рўйхатдан расмий равишда ўтиши) ва ривожланиш жараёнида ишлаб чиқаришга қилинадиган харажатлардан ташқари, бозор стратегиясини асослаш ва уни маркетинг тадқиқотини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қилишга ҳам мажбур бўладилар.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, тадбиркорлар маҳсулотларини сотиш, ўз ишлаб чиқариши учун ресурслар сотиб олиш, мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маркетинг ахборотларига эга бўлиш ва шу каби бошқа мақсадлар учун сарф қилинаётган бозор харажатлари ошиб бориш тенденциясига эга. Ушбу харажатларни пасайтириш йўлларини қидириб топиш, кичик бизнесни ривожланиши ва фаолият юритишига кўмаклашувчи асосий омиллардан ҳисобланади.
Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида қонун устуворлигини таъминлаш фуқароларнинг ислоҳотларимизга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, унинг ҳаётийлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ислоҳотларни амалга оширишнинг бугунги босқичида иқтисодий қонунларга амал қилувчи тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида солиқ юкини камайтириш, солиқларни унификация қилиш тадбирларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган Фармон ва Қарорлар ҳамда давлат бюджет сиёсатини белгилашга оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар асосида ҳисоб ва ҳисобот тизими ҳам такомиллашиб борди. Хўжалик юритувчи субъект фаолияти натижалари ҳисоб тизимининг дастлабки ҳужжатлар маълумотлари асосида шаклланадиган статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботлари, шунингдек, солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловларга оид мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ахборотлардан иборат бўлади. Ушбу ахборотларнинг жамланиши нафақат давлат солиқ назорати сифатини оширишга, балки ахборотлардан ички ва ташқи фойдаланувчиларни маълумотлар билан таъминлаш учун ҳам хизмат қилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
- Каримов И. А. «2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш — устувор вазифамиздир». — Тошкент.: «Халқ сўзи» газетаси, 2015, 18 январь.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси: «Biznes Daily «Биржа» 2014 йил, 6 декабрь. (141–142-сон).
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси.
- Lex.uz Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базаси.
- http://www.stat.uz — Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси расмий сайти.