Электрон тўлов воситалар билан ҳисоб-китоб қилишнинг ҳуқуқий тартибга солиниши | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №46 (441) ноябрь 2022 г.

Дата публикации: 16.11.2022

Статья просмотрена: 29 раз

Библиографическое описание:

Ганиев, Е. Ж. Электрон тўлов воситалар билан ҳисоб-китоб қилишнинг ҳуқуқий тартибга солиниши / Е. Ж. Ганиев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2022. — № 46 (441). — С. 478-482. — URL: https://moluch.ru/archive/441/96417/ (дата обращения: 17.12.2024).



Одатда тўлов қарздор шахс томонидан пул маблағини кредиторга топширилиши тушунилади. Бунда пул маблағи нақд шаклда ёки турли воситаларда ифодаланиши мумкин. Ана шундай воситалардар бири электрон тўлов воситалари ҳисобланади. Электрон тўлов воситалари эса электрон шаклда ифодаланган ҳамда электрон тарздаги фармойиш асосида тўловчининг ҳисобидан олувчининг ҳисобига ўтадиган электрон қайдлар ҳисобланади. Қоида тариқасида тўловлар ҳисоб-китоб шакллари орқали амалга оширилади. Яъни пул маблағларини, тўловчига тегишли бўлган сумма нақд ёки электрон кўринишдаги маблағлар олувчига топширилади ёки унинг ҳисобрақамига ўтказилади. Шу сабабли даставвал ҳисоб-китоб тушунчасининг илмий моҳиятини аниқлаб олиш мақсадга мувофиқдир.

Калит сўзлар: электрон пуллар, электрон тўлов воситалари, банк карталари, ҳисоб-китоблар, ҳуқуқ, шартнома, мажбурият, маблағларин олувчи, кредитор, қарздор.

Обычно под платежом понимается передача денежных средств должником кредитору. При этом денежные средства могут выражаться как в наличных деньгах, так и в различных средствах. Одним из таких средств являются электронные платежные средства. Электронные платежные средства выражаются в электронной форме, а также являются электронными записями перевода со счета плательщика на счет получателя на основании электронного поручения. Как правило, платежи осуществляются через расчетные формы. То есть денежные средства, сумма, принадлежащая плательщику, наличные или электронные средства перечисляется получателю или зачисляется на его счет. Поэтому целесообразно сначала определить научный характер понятия расчетов.

Ключевые слова: электронные деньги, электронные средства платежа, банковские карты, расчеты, право, договор, обязательство, получатель средств, кредитор, должник.

Ҳисоб-китоб тушунчаси бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодий, ҳам ҳуқуқий категория сифатида тушунилади. Иқтисодий нуқтаи назардан ҳисоб-китоблар атамаси асосан «тижорат ҳисоб-китоблари», деб юритилади ва бунда «тижорат ҳисоб-китоблари» дейилганда меҳнат сарфи ва хўжалик фаолияти натижасини қиймат (пул) шаклида ўлчаш йўли билан хўжаликни юритиш усули тушунилади [1, c. 5].

А. Д. Аюшиевнинг қайд этишича, тижорат ҳисоб-китобларининг асосини харажат ва натижанинг, даромад ва сарф-харажатлар миқдорининг, молиявий кирим ва чиқимлар миқдорининг ўзаро ўлчами ташкил этади [2, c. 7].

Г. М. Винокуровнинг фикрича, бозор муносабатлари шароитида тижорат ҳисоб-китоблари товар ишлаб чиқаришнинг кенг қамровли туси ва мамлакат ичкарисидаги ҳамда ташқи бозордаги рақобат муҳитида қиймат қонун билан асосланади [3, c. 46].

Мазкур фикрларни умумлаштириб, шундай хулосага келиш мумкинки, иқтисодий маънода ҳисоб-китоблар деганда, товар ишлаб чиқариш, иш бажариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида қилинган харажат ва натижа ўртасидаги нисбатни ўлчами тушунилади ва бунда меҳнат сарфи ва хўжалик фаолияти натижаси қиймат (пул) шаклида ўлчанади.

Л. Е. Попованинг фикрича, юридик маънода ҳисоб-китоблар деганда, қонунда белгиланган тартибда маблағларнинг ўтказилишига оид пул операцияси ва тўловчининг қонун ёки шартнома асосида мажбуриятини ижро этиш усули тушунилади [4, c. 8].

Л. Е. Попованинг мазкур таърифида ҳисоб-китоблар тушунчаси айни пайтда иккита элементдан иборат ҳолда ифодаланмоқда. Биринчидан, ҳисоб-китоблар пул операцияси бўлса, иккинчидан ҳисоб-китоблар маблағ тўловчининг ўз мажбуриятини ижро этиш усули сифатида талқин этилмоқда. Албатта, бундай талқин ўзига хос ёндашув сифатида диққатга сазовор. Бироқ ҳисоб-китоблар ҳар доим ҳам маблағ тўловчининг зиммасидаги мажбуриятни ижро этиш усули сифатида танланмаслигини, айрим ҳолатларда у закалат тариқасида шартнома тузилиши учун асос ёки жавобгарлик чораси сифатида неустойкани тўлаш кўринишида қўлланилишини ҳам ҳисобга олиш зарурки, мазкур жиҳатлар ҳисоб-китобларга нисбатан маблағларни тўловчи (бу ўринда қарздор)нинг ўз мажбуриятини ижро этиш усули эканлиги ҳолатида бир қадар инкор этишига сабаб бўлади.

Д. А. Медведевнинг фикрича, ҳисоб-китоблар деганда, шундай ҳуқуқий муносабат тушунилиши лозимки, бу муносабатлар фуқаролик-ҳуқуқий мажбурият субъектлари ва кредит ташкилотлари (айрим ҳолларда эса фақат ушбу мажбурият субъектлари ўртасида) ўртасида топширилган мол-мулк (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) ёки бошқа асослар бўйича тўловни амалга оширишдан вужудга келади [5, c. 490].

С. Б. Бобоқуловнинг фикрича, ҳисоб-китоблар деб шартномадан ёки бошқа ҳуқуқий асослардан келиб чиққан пул мажбуриятини тўлашга қаратилган ҳаракатга айтилади. Бундай пул мажбуриятини шартномага (масалан, маҳсулот етказиб бериш шартномаси) биноан бирор нарса сотиб олган ёки бирон-бир нарсани буюртма қилган ёхуд мулкни ижарага олган шахс бажаради [6, c. 398].

Ҳисоб-китоблар тушунчасига С. Б. Бобоқулов томонидан берилган таърифни таҳлил қилиб, шуни таъкидлаш лозимки, ҳисоб-китобларда энг аввало маблағларни тўловчи шартномада назарда тутилган суммани олувчига шартномада келишилган тарзда ёки қонунда белгиланган усулда топшириш асосий мазмун моҳиятни ташкил этади. Шу сабабли ҳисоб-китоблар маблағларни олувчи томонидан ҳали бажарилмаган иш ёки хизмат ёхуд топширилган товар учун олдиндан амалга оширилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатларда ҳисоб-китоблар мажбуриятни бажариш ва ҳуқуқий алоқаларни якунловчи инструмент — мажбуриятларни бекор қилиш асоси эмас, аксинча, мажбуриятлар вужудга келганлигини тасдиқловчи воситага айланади. Ҳисоб-китобларнинг бу жиҳати эса ўз вақтида ривожланган бозор муносабатлари тизимида ҳисоб-китобларнинг тушунчаси ва моҳиятини талқин этишда янгича ёндашувни тақозо этади.

Юридик адабиётлар аванс тўлаш кўп ҳолатларда мажбурият бажарилишини таъминлаш усули эмас, балки ҳисоб-китобнинг бир қисмини олдиндан амалга ошириш усули сифатида талқин қилинади. Жумладан, И. Б. Зокировнинг таъкидлашича, закалатни авансдан фарқ қилиш керак. Закалат билан аванснинг бир-бирига ўхшаш томони шундаки, буларнинг ҳар иккиси ҳам келажакда тўланадиган суммалар ҳисобидан тарафлардан бири томонидан иккинчисига аввалдан тўланиб қўйилган пул суммаси бўлиб кўрилади. Аммо аванс закалатдан фарқ қилиб, мажбуриятнинг бажарилишини таъминламай, балки шартнома юзасидан тарафлардан бирининг иккинчисига тегишли бўлган суммани мазкур иккинчи тарафнинг фаолиятини пул билан таъминлаш мақсадида аввалдан берилган пул суммаси ҳисобланади [7, c. 484].

Ҳ.Р.Раҳмонқуловнинг фикрича, тўланган сумма закалат эканлиги ҳақида шубҳа туғилган тақдирда, бу сумма агар бошқа ҳол исботланган бўлмаса, фақат одатда тўлов вазифасини бажарадиган бўнак (аванс) сифатида тўланган деб ҳисобланади [8, c. 136].

Фикримизча, аванс тўлаш ҳисоб-китобларнинг ўзига хос усули ҳисобланиши зарур ва уни шартнома тузилганлигини тасдиқлаш воситаси ҳамда мажбурият бажарилишини таъминлаш усули сифатида талқин этиш тўғри бўлмас эди.

Фикримизча, ҳисоб-китоблар деганда, бир шахснинг тасарруфидан иккинчи шахснинг тасарруфига ўтказилиши лозим бўлган пул маблағларини тегишли тартибда расмийлаштириш ёки маълум бир ҳаракат (нақд пул билан ҳисоб-китоб, пулни қўлдан-қўлга топшириш)ни амалга ошириш натижасида тўлаш тушунилади.

Маълумки, кўп ҳолларда ҳисоб-китоблар тушунчаси «тўлов» тушунчаси билан айний тушунча сифатида қаралади. Хусусан, Е. Ю. Коваленко «ҳисоб-китоб», «тўлов», «пул ўтказмаси» тушунчаларининг ўзаро нисбатини таҳлил қилиб, қуйидагиларни билдириб ўтади: ҳуқуқий нуқтаи назардан «тўлов» ва «ҳисоб-китоб» тушунчалари, гарчи уларнинг иқтисодий мазмунига кўра фарқлар мавжуд бўлсада синоним ҳисобланади. Биринчидан, тўловлар ҳам, ҳисоб-китоблар нақд пуллардан фойдаланиш ёки улардан фойдаланмасдан амалга ошириладиган пул мажбуриятларини бажарилиши ҳисобланади. Иккинчидан, пул мажбуриятлари нақд пулсиз бажарилганда, тўлов ва ҳисоб-китоблар битта ҳуқуқий шаклда амалга оширилади. Учинчидан, пул мажбуриятлари нақд пулсиз амалга оширилганда, тўлов ва ҳисоб-китоблар пулни ўтказиш, тўлов ҳужжатини бериш кўринишида намоён бўлади [9, c. 7–8].

Р. Э. Товмасяннинг фикрича, «ҳисоб-китоблар» атамасининг турли қонун ҳужжатларида ифодаланишини таҳлил қилиб, мазкур атамага қуйидагича таъриф бериш мумкин: ҳисоб-китоблар деганда, хусусий-ҳуқуқий ёки оммавий-ҳуқуқий мажбуриятларни бажариш учун пул маблағларини топшириш (ўтказиш), шунингдек пул маблағларини уларнинг «эгаси» томонидан ўзининг бошқа ҳисоб-рақамига ўтказиш тушунилади [10, c. 25].

В. В. Недорезков таъкидлашига биноан, ҳисоб-китоблар деганда, юридик ва жисмоний шахсларнинг пул мажбуриятларини бажаришга қаратилган нақд пулларни топшириш ва (ёки) олиш, ёхуд пул маблағларини нақд пулсиз ўтказиш бўйича амалга оширадиган, ҳуқуқ томонидан тартибга солинган ҳаракатлари тушунилади [11, c. 21–22].

Мазкур фикрга илмий-назарий жиҳатдан баҳо берадиган бўлсак, албатта, ҳисоб-китоблар пул маблағлари тўловини амалга оширади. Бошқача айтганда, ҳисоб-китоб қилинганда, маблағларни олувчи томонидан мажбурият бажарилганлиги эвазига пул маблағларини унга ўтказиш кўзга ташланади. Бироқ ҳисоб-китобларни фақат тўловдангина иборат, деб тушунмаслик лозим. Чунки, ҳисоб-китоблар амалга оширилиши фақат пуллар орқали амалга оширилади, тўлов эса мол-мулк топшириш, бирор-бир ишни бажариш каби ҳаракатларда намоён бўлиши мумкин. Масалан, ФКнинг 544-моддаси «Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш» — деб номланиб, унда ҳақ тўлашнинг қўйидаги кўринишлари назарда тутилади:

— вақти-вақти билан ёки бир йўла тўланадиган қатъий суммада белгиланган тўловлар тариқасида;

— ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган маҳсулот, мевалар ёки даромадларнинг белгиланган улуши тариқасида;

— ижарага олувчи томонидан кўрсатиладиган маълум хизматлар тариқасида;

— ижарага олувчи томонидан ижарага берувчига шартномада келишилган ашёни мулк қилиб ёки ижарага топшириш тариқасида;

— ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш бўйича шартномада келишилган харажатларни ижарага олувчи зиммасига юклаш тариқасида.

Ижара тўловларини бундай кўринишда белгиланиши, юридик адабиётларда таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини ривожлантириш ва улар учун қулай ишлаб чиқариш муҳитини яратиш билан боғлиқдир [12, c. 85–86].

Ҳисоб-китоблар эса тўлов функцияси билан бирга, ҳуқуқий муносабатни якунланиши, пулли мажбуриятларнинг амалга оширилиши ва пул айланмасини таъминланишини намоён қилади. Зеро, ҳисоб-китоблар амалга оширилган мол-мулклар эмас, фақат пул маблағлари тўловчидан олувчининг тасарруфига ўтади ва шу орқали ўзига хос ҳуқуқий жараёни амалга оширилади.

Таъкидлаш лозимки, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар вужудга келиш жараён ва ҳолатига кўра бевосита ва билвоситалик хусусиятига эга. Кўпчилик фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар бевосита ва бирон-бир бошқа ҳолатнинг таъсири натижасида эмас мустақил вужудга келади. Масалан, олди-сотди, ижара, пудрат муносабатлари тўғридан-тўғри вужудга келади. Баъзи фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар эса, билвосита, яъни бирон-бир бошқа муносабатларнинг таъсирида вужудга келиши билан тавсифланади. Шу билан бирга билвосита вужудга келадиган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг баъзилари «иккиламчи» ёки «ёрдамчи» атамасини қўшиш орқали номланади. Масалан, «иккиламчи ижара (қўшимча ижара)» (ФКнинг 546-моддаси), «ёрдамчи пудратчи» (ФКнинг 634-моддаси).

Ҳисоб-китоб муносабатлари ҳам бевосита эмас билвоситалик хусусиятига эга муносабатлар ҳисобланади. Масалан, пудрат шартномаси муносабатлари белгиланган ишлар бажарилгандан сўнг ҳисоб-китолб муносабатлари вужудга келади ва амалга оширилади. Шу муносабат билан ҳисоб-китоб муносабатлари мутлоқ мустақил иқтисодий аҳамиятга эга бўлмайди, — деган хулосага келиш мумкин. Бу муносабатлар ёрдамчи вазифани бажариб уларнинг юзага келиши натижасида умуман янги қиймат вужудга келмайди (масалан,товар учун нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш). Бу ҳолат ҳисоб-китоб муносабатларининг товар айирбошлаш жараёни расмий кузатиш вазифасини бажаради деган тушунчани юзага келтирмайди.

Аксинча бу муносабатлар акцессияли мажбуриятлар бўлиб улар юридик мустақилликка эгадир. Акцессия (accessio — қўшилиш, бирлашиш) — бир ашёнинг иккинчи ашёга юридик жиҳатдан тегишлилигини, мансублилигини билдириб бунинг натижасида бир ашё иккинчи ашёсиз янги мулкдорга ўтмайди.

Ҳисоб-китоб муносабатларининг қуйидаги ўзига хос хусусиятлари мавжуд:

  1. Бу муносабатлар мажбурият шаклида ифодаланади. Бу муносабатларга киришиш ва уларни амалга ошириш жараёнида субъектлар (иштирокчилар, тарафлар) бир неча ҳаракатларини амалга оширишлари лозим бўлади. Масалан, аккредитивда маблағ билан таъминлангандан сўнг аккредитив ҳисобварағи очилади, банк эмитент ижрочи банкка пулни ўтказади, сотувчи банкка аккредитивда кўзда тутилган ҳужжатларни тақдим қилади, ҳужжатлар асосда тўлов амалга оширилади.

Ҳисоб-китоб мажбуриятлари деганда, мулкни топшириш ёки бошқа асосларга кўра тўловни амалга ошириш мажбуриятлари тушинилади. Ҳисоб-китоб мажбуриятларининг асосий мақсади қарздорнинг тасарруфидаги пул маблағларини тегишли расмийлаштириш орқали кредиторнинг тасарруфига ўтказиш ҳисобланади.

  1. Ҳисоб-китоб муносабатларининг фуқаролик муомиласидаги ўрни алоҳида бўлиб, улар ёрдамида фуқаролик муомиласидаги эквивалентлик (тенглик) ни таъминлашга ҳаракат қилинади. Асосий шартнома бўйича товар ҳаракати билан ёнма-ён пулни тўлаш юради (ҳисоб-китоб мажбуриятлари — аккредитив, инкассо ва бошқалар). Бу эса, ҳисоб-китобларнинг ҳар доим фуқаролик муомиласидаги мувозанатни тенглаштириб туриши учун асос ҳисобланади. Яъни, бир тарафнинг товарни иккинчи тарафга топшириш ҳаркатининг муқобили сифатида унинг пули иккинчи тараф томонидан биринчи тарафга тўланиши лозим. Акс ҳолда тарафлар ўртасидаги фуқаролик муомиласидаги тенгликка путур етади.
  2. Ҳисоб-китоб муносабатлари ҳар доим ўзида пул мажбуриятларин ифодалайди. Пуллар турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашё бўлганлиги учун уларнинг нобуд бўлиши ёки ҳисобвараққа ўтказилмаслиги қарздорни бурчни натура ҳолида бажариш мажбуриятидан озод қилмайди. Зеро пулли мажбуриятларга нисбатан турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёларга қўлланилганидек, genusnonperit — тур нобуд бўлмайди — қоидаси қўлланилади. Бу қоидага кўра қарздорнинг мажбуриятни бажаришигача бўлган давр мобайнида турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёларнинг турли сабабларга кўра нобуд бўлиши оқибати, хусусий аломатлари билан белгиланадиган ашёларга доир мажбуриятлардан фарқ қилади. Маълумки, хусусий аломати билан белгиланадиган ашёларда мажбурият предмети ҳисобланган ашёнинг нобуд бўлиши бурчни натура ҳолида бажариш имконини бермайди. Чунки одатда хусусий аломати билан белгиланадиган ашёнинг айнан ўхшаши мавжуд бўлмайди ва нобуд бўлган хусусий белгили ашёнинг ўрнига бошқа ҳарқандай ўхшаш ашёнинг топширилиши бурчни асл ҳолида ижро этилишини ифода қилмайди. ФКнинг 87-моддасига мувофиқ, алоҳида, фақат ўзигагина хос, уни бир хил ашёлар орасидан ажратиб турадиган ва шу тариқа хусусий аломатларга эга бўлган ашё хусусий аломатлари билан белгиланган ашё ҳисобланади. Хусусий аломатлари билан белгиланган ашёлар жумласига ноёб, яъни ўзи бир дона бўлган ашёлар, шунингдек муайян усул билан ажратиб қўйилган ашёлар (муҳр босиш, алоҳида белгилар тушириш, номер, рақам бериш ва шу кабилар) киради. Хусусий аломатлари билан белгиланган ашёлар бошқаси билан алмаштириб бўлмайдиган ашёлардир. Мазкур нормада қатъий равишда белгиланганидек, хусусий аломати билан белгиланадиган ашёни бошқаси билан алмаштириш ва мажбуриятни шу орқали асл холида бажариш мумкин эмас. Агар бундай тартибнинг имкони бўлса, бундай ашё хусусий белгили ашё эмас, турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашё ҳисобланади [13, c. 487–488].

Бир турдаги ҳамма ашёларга хос аломатларга эга бўлган ҳамда сони, оғирлиги, ўлчови ва шу кабилар билан белгиланадиган ашёлар турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар ҳисобланади. Турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар бошқаси билан алмаштирса бўладиган ашёлардир (ФКнинг 87-моддаси 3–4 қисмлари). Пул ҳам турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашё бўлганлиги учун унга нисбатан бурчни натура ҳолида бажариб бўлмаслиги қоидаси татбиқ этилмайди ва ҳар доим нобуд бўлган муайян сумма ва купюрадаги банкнотларни бошқа купюрадаги банкнота тўлаш орқали мажбуриятни асл ҳолида бажариш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, ҳисоб-китоблар тизимида электрон тўлов воситалари алоҳида ўрин тутади. Зеро, Интернетнинг ривожланиши, виртуал олам ва смарт (ақлли) технологияларнинг кўплаб ижтимоий-иқтисодий муносабатларга қўлланилиши ҳисоб-китоб муносабатларида ҳам электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш даражасини оширди. Айрим мутахассислар [14, c. 69–77] эса келажакда нақд пул ўз ўрнини электрон тўлов воситалари, шу жумладан электрон пулларга бўшатиб беришини башорат қилишмоқдаки, бу ўз навбатда электрон тўлов воситаларининг тушунчаси, моҳияти ва ҳуқуқий тартибга солишдаги ўзига хос жиҳатларини аниқлаш тақозо этади.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 1 ноябрдаги «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида» ЎРҚ-578-сон қонунининг 34-моддаси 1-қисмига кўра, «ахборотни ўз ичига олган ва тўловчига тўловни амалга ошириш, шунингдек тўловчи билан электрон тўлов воситаларининг эмитенти ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган бошқа операцияларни амалга ошириш имконини берадиган банк картаси ёки бошқа электрон жисм электрон тўлов воситаларидир».

Электрон тўлов воситалари орқали ҳисоб-китоб қилиш анъанавий ҳисоб-китоблардан фарқли равишда асосан банк карталари орқали амалга оширилади. Бунда тўловчи банк картасида мавжуд бўлган маблағни муайян харид учун сотувчининг банк картасига ўтказиб бериш йўли билан тўловни амалга оширади. Тўловчи ўзининг мобил қурилмаси орқали банк картасидаги маблағни бошқа картага ўтказиш тўғрисида фармойиш бериш йўли билан ҳисоб-китоб қилади. Ўз навбатида, тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида тўловчига тегишли хабар берилиб, унинг карта рақамидаги маблағлар миқдори у ўтказган сумма ҳамда хизмат кўрсатувчининг тегишли хизмат ҳақи чегириб қолинган миқдорда камаяди.

Электрон тўлов воситалари орқали ҳисоб-китоб қилишнинг қулайлиги ҳамда ортиқча ташвишлардан холи эканлиги ҳам мутлақ тус касб этмайди, албатта. Бу вазиятда банк карталари билан боғлиқ турли фирибгарликлар, Интернет тармоғидаги носозликлар ёки тегишли қурилмаларнинг ишламай қолиши муаммоларни юзага келтириши мумкин. Лекин электрон тўлов воситалари орқали ҳисоб-китоб қилишнинг моҳияти тегишли ахборотнинг алмашиниши орқали намоён бўлади ва маблағларни олувчи ҳам бу ҳолатда нақд пул суммасини кўрмайди ёки уни қўли билан ушламайди, аксинча унга банк картаси рақамига маблағ келиб тушганлиги ҳақида ахборот келади. Ахборотнинг бу тариқа етказилиши ҳамда бу асосда пул маблағлари уни олувчининг тасарруфига ўтиши кейинчалик олувчи томонидан бу пул маблағларини нақдлаштириш ёки электрон тўлов воситалари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини беради.

Бугунги кунда электрон тўловлар ёки умуман электрон тўлов воситалари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш банк карталарини очиш ва уларни тегишли хизмат кўрсатувчи дастурларга улаш ва Интернет орқали фармойиш бериш тизимига асосланади. Ривожланган рақамли жамият учун бу зарурий шарт ва замон талаби ҳисобланади. Шунга қарамасдан мазкур ҳисоб-китоб усулида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдини олиш чоралари кўчайтириш, банк карталаридан маблағларни ноқонуний ечиш билан шуғулланаётган фирибгарларнинг турли ҳаракатларидан ишончли ҳимоя тизимини яратиш зарур. Шу билан бирга, банк карталарини очаётган банк ва карта эгалари ўртасида тузиладиган шартномаларнинг мазмунини аниқлаштириш ҳамда банкнинг картадаги маълумотлар махфийлиги ҳамда сир сақланиши кафолатлаш мажбурияларини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Адабиёт:

1. Царегородцева Г. Ю. Развитие коммерческого расчета в системе рыночного хозяйства в организациях АПК: Автореф. Дис.... канд. юрид. наук. — Вологда: 2002.

2. Финансы предприятий: учеб. Пособий/ Под. Ред. А. Д. Аюшиева. — Иркутс: 2003.

3. Винокуров Г. М. Экономический механизм и его развитие на основе коммерческого расчета в селськом хозяйстве // Известия Иркутской государственной экономической академии. 2006. № 2.

4. Попова Л. Е. Правовое регулирование расчетов в Российской Федерации: Автореф. дис... канд. юрид. наук. — Санкт-Петербург: 2007.

5. Гражданское право. Ч II. Учебник // под. ред. А. П. Сергеева, Ю. К. Толстого. — М.: Велби, 2003.

6. Фуқаролик ҳуқуқи. II-қисм // Масъул муҳаррир: Ҳ.Раҳмонқулов ва И. Б. Зокировлар. — Тошкент: Илм-Зиё, 2008.

7. Зокиров И. Б. Фуқаролик ҳуқуқи.I-қисм. –Тошкент: ТДЮИ, 2009.

8. Раҳмонқулов Ҳ. Мажбурият ҳуқуқи. — Тошкент: ТДЮИ, 2005.

9. Коваленко Е. Ю. Правовое обеспечение расчетных отношений в предпринимательской сфере: Автореф. дис. … канд. юрид. наук. — Алматы: 2002.

10. Товмасян Р. Э. К вопросу о безналичных расчетах: финансово-правовой аспект// Вестник Адыгейского государственного университета. 2011. — № 1.

11. НедорезковВ. В. Правовое регулирование расчетов в сфере агропромышленного производства:Автореф. дис.…. канд. юрид.наук. -Уфа: 1999.

12. Қаранг: Бобоқулов С. Б. Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ижара шартномасини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий муаммолари. — Тошкент: Илм-Зиё, 2007.

13. Гражданское право. Ч II. Учебник // под. ред. А. П. Сергеева, Ю. К. Толстого. — М.: Велби, 2003.

14. Ранчинский К. Л. Вопросы правового статуса и регулирования электронных денег в странах ЕС //Вестник Российского университета дружбы народов. Серия «Юридические науки», 2011. № 1.

Основные термины (генерируются автоматически): пул, электрон, банк, коммерческий расчет, Правовое регулирование расчетов, средство, сумма, товар.


Ключевые слова

кредитор, шартнома, қарздор, ҳуқуқ, электрон пуллар, электрон тўлов воситалари, банк карталари, ҳисоб-китоблар, мажбурият, маблағларин олувчи

Похожие статьи

Ҳосилдорлик кўрсаткичларига таъсир этувчи омиллар ва уларни бошқариш

Ҳосилдорлик маълум бирликдаги ўсимликлар ҳосилининг йиғиндисидир. Экинзорда ўсимликлар сийрак бўлса, ҳар бир алоҳида олинган ўсимликнинг маҳсулдорлиги юқори бўлишига қарамасдан ҳосилдорлик паст бўлади. Туп қалинлигини ошиб бориши билан алоҳида олинга...

Аҳоли яшаш жойларида чиқиндилар муаммоси ва уларни ечишнинг замонавий йўллари

Нукус шаҳар худуди қаттиқ маиший чиқиндилардан тозалаш тизими тўғри ташкиллаштирилган бўлиб, чиқиндилар йиғиш майдончалари, контейнерлар сони етарли, аммо худуд тупроғининг микробиологик кўрсаткичлар бўйича тозалик даражаси бўйича гигиеник меъёрларга...

Айрим хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг ўзига хос хусусиятлари

Мазкур мақолада айрим хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида мавжуд бўлган енгиллаштирувчи ҳолатлар, уларни жазо тайинлашда ҳисобга олиш масалалари ҳамда уларнинг ўзига хос жиҳатлари ўрганилди. Шу билан бирга, миллий қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган,...

Ҳозирги даврда оила тарбиясини юксалтиришнинг устувор йўналишлари

Ушбу мақолада оила тарбияси ҳар қанча ўзига хос, бетакрор бўлмасин, у, асосан, ягона манбадан озиқланиб, ўсиб ўзгариб, бойиб бориши хақида гапириб ўтилган. Бу манба миллий-маданий меросдир. Бинобарин, аввало айтиб ўтилганидек, оила тарбияси миллий ма...

Хива ёрлиқларида шаръий ва фиқҳий ҳукмлар терминалогияси таҳлили (XIX аср)

Хива хонлиги архивидаги ҳужжатлар — ёрлиқлар, хонлик тарихига оид маълумотларни кенг ва ҳар томонлама ўрганишда катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда бу турдаги расмий ҳужжатларни ўрганиш тадқиқотчиларнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунингд...

«Оталикга олиш» — ёшлар бандлигини таъминлашда самарали янги тизим

Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг 27-декабрдаги мамлакатимиз ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказган мажлисида 2020 йилда ёшлар билан олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини оширишда ёшларнинг муаммоларини а...

Акмалхон тўра Тошкандий ва унинг “Тажвид Умму-л-Китоб” манзумаси

Акмалхон Тўра Тошкандий (ХIХ) Тошкентда яшаб ва ижодий фаолиятини олиб борган ҳамда Бухорода ҳам истиқомат қилган. У араб, форс ҳамда туркий тилларда ижод қилган нодир олимлардан биридир. Унинг ҳаёт ва ижоди батафсил ўрганилган эмас. Назмий ва насрий...

Газламалар сифатини такомиллаштириш йўллари

Газламалар учун энг муҳим бўлган гигиеник хусусияти нафақат газламада ишлатилган тола таркибига, балки газламанинг тузилишига: зичлигига, толалар билан тўлдирувчанлигига, газламанинг қалинлигига, тўқилиш турига, ипларнинг майин ва силлиқлигига боғлиқ...

Гипноз таъсири остида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларни жавобгарликдан озод қилиш асослари

Мақолада гипноз таъсири остида жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш асослари таҳлил қилинган. Ҳозирда гипноздан фойдаланиш ҳолатларни тобора кўпайиб бораётганлиги сабабли, қонун чиқарувчи жиноят содир этишнинг ушбу усулига ал...

Ўзбекистонда таржима назариясининг шаклланиши

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳондаги бошқа халқлар, мамлакатлар ўртасида қанчалик обрў-эътибори ва нуфузга эга бўлаётганлигини мамлакатимизга чет эл инвесторларининг кириб келиши, ХIХ аср тараққиёти, тараққиётнинг ўзбек модели, ҳамда ўзбек адабиёти...

Похожие статьи

Ҳосилдорлик кўрсаткичларига таъсир этувчи омиллар ва уларни бошқариш

Ҳосилдорлик маълум бирликдаги ўсимликлар ҳосилининг йиғиндисидир. Экинзорда ўсимликлар сийрак бўлса, ҳар бир алоҳида олинган ўсимликнинг маҳсулдорлиги юқори бўлишига қарамасдан ҳосилдорлик паст бўлади. Туп қалинлигини ошиб бориши билан алоҳида олинга...

Аҳоли яшаш жойларида чиқиндилар муаммоси ва уларни ечишнинг замонавий йўллари

Нукус шаҳар худуди қаттиқ маиший чиқиндилардан тозалаш тизими тўғри ташкиллаштирилган бўлиб, чиқиндилар йиғиш майдончалари, контейнерлар сони етарли, аммо худуд тупроғининг микробиологик кўрсаткичлар бўйича тозалик даражаси бўйича гигиеник меъёрларга...

Айрим хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг ўзига хос хусусиятлари

Мазкур мақолада айрим хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида мавжуд бўлган енгиллаштирувчи ҳолатлар, уларни жазо тайинлашда ҳисобга олиш масалалари ҳамда уларнинг ўзига хос жиҳатлари ўрганилди. Шу билан бирга, миллий қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган,...

Ҳозирги даврда оила тарбиясини юксалтиришнинг устувор йўналишлари

Ушбу мақолада оила тарбияси ҳар қанча ўзига хос, бетакрор бўлмасин, у, асосан, ягона манбадан озиқланиб, ўсиб ўзгариб, бойиб бориши хақида гапириб ўтилган. Бу манба миллий-маданий меросдир. Бинобарин, аввало айтиб ўтилганидек, оила тарбияси миллий ма...

Хива ёрлиқларида шаръий ва фиқҳий ҳукмлар терминалогияси таҳлили (XIX аср)

Хива хонлиги архивидаги ҳужжатлар — ёрлиқлар, хонлик тарихига оид маълумотларни кенг ва ҳар томонлама ўрганишда катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда бу турдаги расмий ҳужжатларни ўрганиш тадқиқотчиларнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунингд...

«Оталикга олиш» — ёшлар бандлигини таъминлашда самарали янги тизим

Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг 27-декабрдаги мамлакатимиз ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказган мажлисида 2020 йилда ёшлар билан олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини оширишда ёшларнинг муаммоларини а...

Акмалхон тўра Тошкандий ва унинг “Тажвид Умму-л-Китоб” манзумаси

Акмалхон Тўра Тошкандий (ХIХ) Тошкентда яшаб ва ижодий фаолиятини олиб борган ҳамда Бухорода ҳам истиқомат қилган. У араб, форс ҳамда туркий тилларда ижод қилган нодир олимлардан биридир. Унинг ҳаёт ва ижоди батафсил ўрганилган эмас. Назмий ва насрий...

Газламалар сифатини такомиллаштириш йўллари

Газламалар учун энг муҳим бўлган гигиеник хусусияти нафақат газламада ишлатилган тола таркибига, балки газламанинг тузилишига: зичлигига, толалар билан тўлдирувчанлигига, газламанинг қалинлигига, тўқилиш турига, ипларнинг майин ва силлиқлигига боғлиқ...

Гипноз таъсири остида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларни жавобгарликдан озод қилиш асослари

Мақолада гипноз таъсири остида жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш асослари таҳлил қилинган. Ҳозирда гипноздан фойдаланиш ҳолатларни тобора кўпайиб бораётганлиги сабабли, қонун чиқарувчи жиноят содир этишнинг ушбу усулига ал...

Ўзбекистонда таржима назариясининг шаклланиши

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳондаги бошқа халқлар, мамлакатлар ўртасида қанчалик обрў-эътибори ва нуфузга эга бўлаётганлигини мамлакатимизга чет эл инвесторларининг кириб келиши, ХIХ аср тараққиёти, тараққиётнинг ўзбек модели, ҳамда ўзбек адабиёти...

Задать вопрос