Мазкур мақолада сўзнинг билиш жараёнларидаги, жумладан нутқий-тафаккур фаолиятидаги роли, хотирада билимнинг ифодаланиш шакллари ҳамда зарур пайтда тиклаб олиш учун хотирада билимларни тартибга солиш хусусияти ёритилган.
Калит сўзлар: сўз, экспрессивлик, денотатив маъно, нутқий-тафаккур фаолияти
В этой статье описывается роль речи в когнитивных процессах, включая речемыслительную деятельность, формы выражения знаний в памяти и способность систематизировать знания в памяти для восстановления, когда это необходимо.
Ключевые слова: слово, выразительность, денотативное значение, речемыслительная деятельность
This article describes the role of speech in cognitive processes, including speech and thought activity, forms of expression of knowledge in memory, and the ability to organize knowledge in memory for recovery when needed.
Keywords: word, expressiveness, denotative meaning, speech and thought activity
Тил нафақат мулоқот воситаси, балки оламни кўриш, ҳис қилиш ва англаш, хабарларни жўнатиш учун хизмат қилувчи белгилар тизими ҳамдир.
Сўз ва унинг моҳияти, мазмуний мундарижаси, нутқий воқеланиши каби масалаларга эътибор Аристотель “Поэтика”сидан бошлаб ҳозирги замон тилшуносларининг қарашларида ҳам давом этмоқда. Шунинг учун ҳам А.Потебня айтадики, сўзловчи тингловчида ўзининг фикрини эмас, тингловчининг ўзининг фикрини уйғотади. Албатта, миллат тафаккури остидаги умумийлик мавжуд бўлади. Денотатив маъно ҳар қандай эмоционал-экспрессивликдан ҳоли бўлади Коннотатив маъно эса “устама” маъно бўлиб, эмоционал-экспрессив бўёққа эга бўлади, эмоционал-экспрессив бўёқ ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Коннотатив маъно денотатив маънонинг устига қўйилади, унинг кейинги босқичи ҳисобланади. Прагматик маъно ижтимоий, амалий маъно ҳисобланиб, асрлар давомида қўлланиб келинаётган денотат ёки коннотат тўлдира олмаётган бўш ўринларни, ўзи қониқмаётган жиҳатларни ифодалаш учун миллат томонидан ўйлаб топилган амалий маъно бўлиб, шу миллатнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий, географик-ареал, диний-этнографик, тарихий-адабий ва бошқа жиҳатларини ўзида мужассамлаштиради. “Экспрессив” сўзи лотинча сўз бўлиб, асл маъносига кўра “кучайтирилган” демакдир. Бу атама тилшуносликка кўчма маъноси билан кирган бўлиб, “кучли ҳиссий образлилик хусусияти” деган маънони ифодалайди. [1] Экспрессивлик (экспрессия) (лотинча expressio) — ифодавийлик, ҳис-туйғуни, хавотирни билдирувчи куч. Ўзбек тилида номинатив маънога экспрессия элемент қўшилган сўзлар кўп. Тилда эмоциянинг ифодаланиши доим экспрессивдир, бироқ тилдаги экспрессия доим эмоционал бўлмайди. Бошқача айтганда, эмоционалликнинг экспрессивликка муносабати хусусий ҳолатнинг муносабатидекдир1. Кўринадики, эмоционал лексика хусусийликни, экспрессив лексика эса мумийликни билдиради. Эмоционал-экспрессив терминини қўллаш эмоцияларни ифодаловчи ва ижтимоий жиҳатдан салбий ва ижобий баҳоланувчи лексикага оид сўзлардан эмоционал-экспрессив муносабатни ифодаловчи сўзларни аниқ фарқлашга ёрдам беради. “Билим тузилмалари” тушунчаси когнитив тилшуносликнинг асосий ва энг муҳим тушунчаларидан бири. Зеро, когнитив тилшуносликда “билимнинг билиш жараёнларидаги, жумладан нутқий-тафаккур фаолиятидаги ролини, хотирада билимнинг ифодаланиш шакллари ҳамда зарур пайтда тиклаб олиш учун хотирада билимларни тартибга солиш тамойиллари”ни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бошқача айтганда, когнитив тилшуносликнинг асосий муаммолари турли билим тузилмаларининг, шунингдек, ушбу билимларнинг тил бирликлари воситасида концептуал ташкил этилиши ва вербаллашуви кабилардир.Биз оламни жамият томонидан ўзлаштирилган билимларни матнда ифодаловчи (акс эттирувчи) тил воситасида англаймиз. Билим деганда “ижтимоий-тарихий тажрибада синовдан ўтган, ва мантиқан тасдиғини топган борлиқни билишга доир натижа ва унинг тасаввурлар, тушунчалар, мулоҳазалар, назариялар кўринишида инсон онгида адекват акс этишини” тушунамиз. Шу ўринда қайд қилиш жоизки, тил ўзида асосан тайёр фикрларнинг “ифода шакли”ни эмас, балки “билимларнинг мазмуний тузилиши ва тасаввурлари усулини” намоён этади. Инсон олам ҳақида билимларни вужудга келиши ва қабул қилиши учун, энг аввало, ушбу олам тўғрисида ўз тафаккур фаолияти самараси бўлган билимларга эга бўлиши лозим. Бу эса биз матнни тузаётганимизда, ёки кодланган матнни ўқиётганимизда тил билан эмас, балки у орқали ифодаланувчи ва юборилувчи билим билан иш кўришимизни англатади. Матн талқинининг самарадорлиги нафақат грамматик тоифаларни билишга ва “ментал луғат”га, балки экстралингвистик (нолисоний) омиллар — “бевосита олам ҳақидаги билимларни вербаллаштиришнинг лисоний, аниқроғи, конвенционал шакллари”га алоқадор бўлган билимларга ҳам боғлиқдир. Шу боис, аввало ўзида билимларни қайта ишлаш жараёнларини намоён этувчи лексик бирликлар, матн яратиш, қайта баён қилиш ва талқин қилиш масалаларига доир замонавий тадқиқотлар когнитив ёндашувларнинг кенг қўлланилиши билан характерланиши бежизга эмас. Е.Кубрякованинг фикрича, “тил бирликлари, тил тоифалари, тил синфлари, турли ифода даражалари билан бўлса-да, инсон томонидан қайта ишланадиган маҳсулга айланган мазмуний ахборотга ишора қилади. Предметли билиш фаолияти давомида олинган ахборот тил шаклларида ўз аксини топади, қайд қилинади. [2] Айнан шунинг учун “тил ахборотни қайта акс этиш, трансформациялашда аҳамиятга эга бўлган умумий когнитив механизм, когнитив восита — белгилар тизими сифатида” когнитив лингвистика (тилшунослик)нинг, “...лисоний феноменларни инсоннинг тафаккур фаолияти асосида ётувчи когнитив механизмлар — билимларни тушуниш, хулоса чиқариш, анологик фикрлаш, баҳолаш, онтологиялаш нуқтаи назаридан тадқиқ қилиш ва тавсифлаш” йўналишининг диққат марказида туради. Тилга нисбатан когнитив ёндашув доирасида тадқиқотчиларнинг диққат-эътибори “билимнинг турли билиш жараёнлари, жумладан, нутқий тафаккур фаолиятидаги ролига, билимларнинг инсон хотирасида қайта намоён бўлиш шаклларига ҳамда мазкур билимларни хотирада тартибга солувчи, зарур ҳолларда уларга тезкорлик билан мурожаат қила олишни таъминловчи ташкилий тамойиллар”га йўналтирилган.
Адабиёт:
- Лингвистический энциклопедический словарь. Гл. ред. В. Н. Ярцева. – 2-е изд. — М.: СЭ., 1990. — 685 с.
- Кубрякова Е. С. Начальные этапы становления когнитивизма: лингвистика — психология — когнитивная наука // Вопросы языкознания. - 1994. — № 4. — С. 34 -47.