“Ҳотамтойнинг укаси” афсонасининг бадиияти | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 6 марта, печатный экземпляр отправим 10 марта.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №5 (347) январь 2021 г.

Дата публикации: 25.01.2021

Статья просмотрена: 7 раз

Библиографическое описание:

Алхиева, С. Р. “Ҳотамтойнинг укаси” афсонасининг бадиияти / С. Р. Алхиева. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2021. — № 5 (347). — С. 383-384. — URL: https://moluch.ru/archive/347/78013/ (дата обращения: 25.02.2021).



Бу мақола инсон саховати, у қандай бўлиши лозимлиги,бундай табиат Худо томонидан берилиши ва шуҳратпарастликнинг оқибати фожиа билан тугаши ҳақида.

Калит сўзлар: саховатпешалик, шуҳратпарастлик, худбинлик, инсон табиати, Ҳотамтой образи, Навоий ҳикмати, Жалолиддин Румий.

В статье рассказывается о национальной узбекской легенде «Брат Хатамтая», раскрывается художественный смысл текста и значение легенды для узбекского народа.

Ключевые слова: узбекские легенды, образ Хатамтая, Навои, Ж.Руми, народный эпос, характер человека.

Шундай асарлар борки, ҳали ўқимай туриб, унинг сарлавҳасидан гап нима ҳақида эканлигини билиб оламиз. Севимли шоиримиз Омон Матчоннинг “Ҳаққуш қичқириғи” [1] асаридаги йигирма тўртинчи афсона ҳам айнан шундай яратиқлар сирасидандир. Афсона “Ҳотамтойнинг укаси” деб номланиб, гарчи унда обрў-эътиборга эга бўлмоқ учун одамларга сахийлик қилмоқчи бўлиб, ўзини саҳоватпеша кўрсатмоқчи бўлган, оқибат эса бахиллиги тутиб асл юзи намоён бўлган одамнинг қиёфаси акс этган. Шу ўринда бағрикенг, саҳоватпеша, олийжаноб инсон — неча асрлардан буён бугунги кунимизгача тиллардан тушмайдиган афсонавий инсоннинг укаси эканлиги, бироқ, шакл-шамойиллари тубдан фарқ қилишини, характерлари зидлантирилганлини кўрамиз.

Асарнинг бош ғоясига тўхталишимиздан олдин Ҳотамтой шахсига юзлансак, аслида у фақат саховатли инсон ўтган эдими ёки афсонавий образми, буни қуйидаги манбалардан ойдинлаштириб оламиз: Изоҳли луғатда: “Ҳотамтой — тойлик қабиласидан бўлган, ўзининг ўта сахийлиги билан машҳур бўлган, сахий, саховатли, олийжаноб Ҳотам исмли афсонавий араб шоири” [2], дея келтирилган.

Мумтоз адабиётимиз вакиллари ушбу тимсолга кўпроқ мурожаат қилганлари қатори буюк мутафаккир А.Навоий ҳам “Мажолис ун-Нафоис” асарининг 2-қисмида Ҳусайн Бойқарони унга қиёс қилиб мадҳ этганлигини кўрамиз, асар изоҳида эса тўлароқ маълумотга эга бўламиз:

“Ҳотам — Абусафона ҳотам ибни Саъди Тойи (тўлиқ исми). Тахминан VI аср охирлари VII аср аввалларида яшаган араб шоири. Халқ орасида Ҳотамтой номи билан машҳур. Унинг бизгача етиб келган бир қанча шеърларини тўплаган араб адиби ва хаттоти Ризқуллоҳ Ҳассун 1872 йилда Лондонда нашр эттирган. Ҳотам ҳақида шарқда жуда кўп афсоналар ва ривоятлар, қисса ва достонлар мавжуд. Хотам номи саховат рамзига айланиб кетган. Навоий Ҳусайн Бойқарони ҳам шоирликда, ҳам саховатда Ҳотамтойга ўхшатади” [3].

Демак, Ҳотамтой хаёллардаги афсонавий қаҳрамон эмас, балки Тангри ато этган сахий табиати туфайли чинаккам афсонавий қаҳрамонга айланган инсон экан. Аммо, унинг укаси афсонада қандай шахс бўлиб гавдаланади? Ҳотамтойнинг улуғланган саховатига зид ўлароқ унинг укаси манфаатпараст, худбин, шуҳратпараст, хасис образ бўлиб гавдаланади. Унинг бу характерини акасидек эл-у юртга хотамтойлик қилмоқчи бўлганлигини, ўтган-кетган эҳтиёжмандлар учун тўрт эшикли уй қурдириб, ҳар эшикка бир лагандан пул қўйдиргани ва ўзи эса четдан пойлаб турганидан билишимиз мумкин. Аввало, чин саховат соҳиби кимгадир яхшилик қилиш учун буни ташкиллаштириб ўтирмайди, дуч келган вақти буни амалга ошириб кетаверади. Иккинчидан эса туҳфа қилаётган нарсасининг ортидан пойлаб турмайди. Укасининг қўли очиқ эмаслиги, аксинча, бахил ва шуҳратпарастлигини афсонадаги чол образи очиб беради. У (чол) ҳар бир эшикдаги пулни елкасида ортиб кетаётган чоқ сахий дея ном қозонмоқчи бўлган қаҳрамонимиз ғазабга келади:

“Бирин ол-да, э, майли ол учтасини,

Бошқаларга қолдиргин-да биттасини!” –

Дея чолни тўхтатади ва дашномлар билан сийлайди. Мана шунда унинг асл юзи намоён бўлади. Оқсақол чол эса уни синаётган донишманд бўлиб чиқади. Донишманд унинг мурожаатига жавобан хотамтойлик ҳар кимга ҳам фол эмаслигини қуйидаги сатрлар билан аниқ ва кўркам тушунтиради:

“ Ҳотамтойлик — шуҳрат эмас, зўр ҳикматдир,

Уни ато қилғувчиси табиатдир!”.

Мана шу мисранинг ўзи асарнинг бадиий ғоясини очиб беради: саховатпешалик, очиқкўнгиллик бу бир зумда қўлга киритиладиган нарса бўлмасдан, Аллоҳ томонидан инъом этилган улуғ фазилатлар эканлиги, бу фазилатлар ҳар кимга ҳам табиатан берилмаслиги шу бир афсонада исботланади. Сўнгра эса донишманд Ҳотамтой ва укасининг гўдаклигини эслайди: акаси жуда оз эмса ҳам тўйишини, укаси учун қолдиришини, ука эса онаси бир кўксини эмизган дам, чангалидан унисин ҳам чиқазмаслигини айтади.

Хотамтой укасининг хатти-ҳаракатини қуш йўлига дон сочаётган овчига ўхшатиш мумкин. Буни Мавлоно Жалолиддин Румий равон талқин этган: “Қуш йўлига дон сочаётган овчининг ҳаракати раҳм-шафқатдан эмас, ўлжа таъмасидаги ҳийласидир” [4]. Бу ерда ука учун кутилаётган ўлжа шуҳрат эди. У ўз манфаати учун сахийлик қилмоқчи бўлди. Бу эса сахийликка кирмаслиги, бу билан ўзининг бошқа иллатини ҳам намоён қилаётганлигини англатади. Бахил, ўз истаклари йўлида ҳар нарсага тайёрлар табиийки, нафсига қул кимсалар ҳисобланади. Улар қай жабҳада жасорат кўрсатмасинлар, кучсиз одам ҳисобланишади. Буюк мутафаккиримиз Алишер Навоий бу фикрни қуйидагича изоҳлайди: “Тўқайларда юрган шеърни енгиш шижоат эмас, агар нафс итини енгсанг, оламда сендан шижоатли киши йўқдур” [5]. Ҳотамтойнинг укаси ҳам акасидек ном чиқармоқчи бўлмасдан, ўз нафсини енга билганда эди, балки бунчалар қийналмасди, эл-у юртга кулгу бўлмасди.

Бу билан уни фақат салбий қаҳрамонга чиқариб қўймаслик лозим, худдики инсонни бир иллати учун ёмонотлиққа чиқариб бўлмаганидек. Унинг ҳам ўзига яраша Ҳотамтойда бўлмаган фазилатлари бордир, фақат унинг шу иллати (шуҳратпарастлиги) афсонада асқотганлиги учун салбий образ бўлиб гавдаланади. Масалан, у тежамкор бўлиши мумкин. Ҳотамтой муҳтожларга-ку майли, номуҳтожларга ҳам борбудини беришга тайёр — бу исрофгарчиликка киради. Унинг бу камчилигини эса укаси тўлдиради. Ҳар бир нарсага манфаат билан қаровчи, “ҳисоб-китоб” билан юрувчи кишилар табиийки, тежамкор бўлишади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, фақат унинг хасислиги афсонада асқотганлиги учун ёмон образ бўлиб қиёфаланади. Афсона бизга ҳар биримизнинг чиройли фазилатларимиз билан бирга хунук камчиликларимиз ҳам бўлиши мумкин бўлган ҳақиқатни ўргатади. Шунингдек, ҳамма нарсада фақат бир томонлама ёндашмаслик кераклигини ҳам англаймиз. Ҳотамтой укасининг хатоси — ўзида йўқ нарсага эришмоқчи бўлганида. Афсонанинг бадиий қиммати ҳам шундаки, ҳар кимни ўз эзгу йўлидан боришга ундайди.

Адабиётлар:

  1. Омон Матчон, “Ҳаққуш қичқириғи”. Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, -.: 1979.
  2. Ўзбек тилининг Изоҳли луғати, “Ҳ”. “Ўзбекистон миллий энсклопедияси” Давлат илмий нашриёти, Тошкент.
  3. Алишер Навоий, “Мажолис ун-Нафоис”, 2-қисм
  4. Жалолиддин Румий, “Най ноласи”, “Юрист медиа маркази” нашриёти. Тошкент — 2011
  5. А.Навоий, Афоризмлар. ЎзФАН нашриёти. Тошкент — 1941.
Основные термины (генерируются автоматически): VII.


Ключевые слова

саховатпешалик, шуҳратпарастлик, худбинлик, инсон табиати, Ҳотамтой образи, Навоий ҳикмати, Жалолиддин Румий
Задать вопрос