Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳондаги бошқа халқлар, мамлакатлар ўртасида қанчалик обрў-эътибори ва нуфузга эга бўлаётганлигини мамлакатимизга чет эл инвесторларининг кириб келиши, ХIХ аср тараққиёти, тараққиётнинг ўзбек модели, ҳамда ўзбек адабиёти, санъати, маданиятига қизиқиши, мисолида кўриш мумкин. Ўзбек халқи жаҳон адабиётининг нодир асарлари билан танишиш баробарида, ўзи жаҳон адабиёти хазинасининг бойишига ҳиссасини қўшмоқда. Қўйидаги мақолада ўзбек таржима мактаби тарихи босқичлари хақида маълумотлар келтирилган.
Калит сўзлар: Ўрта Осиё, шарқ таржима мактаблари, жаҳон адабиёти, нодир асарлар, умумжаҳон маданият, қардош тиллар, миллатлар, тарих, санъат, таржимон
Сегодня мы можем видеть престиж Узбекистана среди других народов и стран мира на примере вхождения иностранных инвесторов в нашу страну, развития XIX века, узбекской модели развития, а также интереса к узбекской литературе, искусству, культуре. Наряду со знакомством с редкими произведениями мировой литературы узбекский народ сам вносит свой вклад в богатство сокровищ мировой литературы. В данной статье приводятся сведения об этапах истории узбекской школы перевода.
Ключевые слова: Центральная Азия, восточные переводческие школы, мировая литература, редкие произведения, мировая культура, родственные языки, народы, история, искусство, переводчик
Таржима тарихи, таржима назарияси ва таржима танқидчилиги республикамизда анча йиллардан бери тараққиёт этиб келмоқда. Айнан таржима бир мамлакат ёки қитъа одамларини бошқа мамлакат одамларининг ҳаёти, турмуш тарзи маданияти, урф-одати, тарихи, адабиёти ва илм-фани билан таништиради. Таржима орқали биз ўзга маданиятларни, ўзгалар эса буюк ўзбек маданиятини ўрганиб келишмоқда.
Ўзбекистонда таржима тарихини ёритишда Ғ.Саломов, Н.Комилов, Ж.Шарипов ва бошқаларнинг ўрни салмоқлидир. Таржимашунослик қизиқ фанлардан бири бўлганлиги боис жуда тез ривожланиб кетди. Таржимашунослик соҳасида донғи кетган олимлардан бири Ғ.Саломовдир. У таржимашунослик жумладан, таржима тарихи бўйича ҳам жиддий илмий изланишлар олиб боради. Яна бир шундай ижодкорлардан бири бу Анвар Хожиахмедовдир. У «Рус классик адабиётидан қилинган илк таржималар ва уларни ўзбек адабиёти тараққиётидаги аҳамияти» номли кандидатлик диссертациясини ёқлаган. У ярим асрдан кўпроқ вақт ичида рус тилидан ўзбек тилига қилинган таржималарни ўрганиб улар ҳақида қимматли маълумот беради.
Юсуф Пўлатов 1963 йилда «Ўзбекистонда чет эл адабиёти ва Мопассон новеллаларининг таржима»си номли кандидатлик диссертациясини ёқлади. Ушбу диссертация бошқалардан фарқ қилиб, унда нафақат рус тили, балки инглиз, француз ва бошқа кўплаб тиллардан тўғридан тўғри ўзбек тилига таржима қилиш кераклиги ҳам таъкидлаб ўтилади.
Ўзбек адабиёти борган сари чет эл адабиёти намуналарининг таржималари билан бойиб бормоқда. Эркин Воҳидов таржима қилган Гётенинг «Фауст», Абдулла Орипов таржима қилган Дантенинг «Илоҳий комедия», Рауф Парпи таржима қилган Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари» эпопеясининг биринчи китобидир. Улардан ташқари Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си, Байроннинг «Дон-Жуан»и таржималари бунинг гувохидир.
Ўзбекистонда таржима минг йиллик тарихга эга. Бунда М.Огаҳийнинг ҳам таржимонлик фаолияти катта аҳамиятга эга. ХIХ асрда яшаб ижод этган Огаҳий Низомий, С.Шерозий, Ҳ.Деҳлавий, А.Жомий каби классик ижодкорларнинг «Ҳафт пайкари», «Гулистон», «Шоҳ ва гадо», «Юсуф ва Зулайҳо», «Баҳористон» сингари шоҳона асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Н.Комилов, Огаҳийнинг таржимонлик фаолиятига бағишланган кандидатлик диссертациясида унинг таржимачилик фаолияти ва иқтидорини таржимага бўлган қарашлари ва санъатни очиб беради. Огаҳий 20та йирик асарни таржима қилган бўлиб, улардан 18таси бизгача етиб келган.
Шеър, поэзия, поема, романлари билан халқимизни меҳр-муҳаббатини қозонган машҳур ажойиб адибу, забардаст шоир Ойбек поэма ва шеърий романларни таржима қилган шоир-таржимондир. Унинг таржимонлик фаолияти 20 йилларнинг ўрталарида бошланган, кичик-кичик шеърий асарларни, кейинчалик тарихий китобларни, Ғарбий Европа маданиятидан китобларни таржима қилиб, катта тажриба орттиради. Шоирнинг таржима санъатида эришган энг юксак ютуғи А. С. Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романнинг таржимаси бўлиб, у бир неча марта қайта нашр этилади.
Ҳозиргача таржимашунослик йўлида тинмай меҳнат қилиб келган марҳум олимимиз, юқорида таъкидланиб, номи зикр этилган таржимашунос Ғ.Саломов ўзбек таржима назарияси ва таржима мактаби асосчисидир. У таржима назарияси ва тарихи борасида улкан ишларни амалга оширди. Фан янги асрда гуллаб яшнаётганини кўрган Ғ.Саломов таржиманинг ўзига хос ўрни борлигини таъкидлайди.
Ҳамма даврда таржима ўзига хос равишда ривожланган, лекин бу ХХ аср охири ва ХХI асрнинг бошидаги таржима бўлган ёндашув унданда баландроқ бўлганидан далолат беради. Ғ.Саломов асосан маданий ва илмий алоқалар ва таржима, бадиий таржима услубидек таржима тарихини ҳам кенг ёритади ва ўзи тадқиқотлар олиб боради. Бундан ташқари у шеърий таржимада ҳам мазмун, шакл ва иложи бўлса оригиналликни сақлаб қолиш кераклигини айтиб ўтади. У таржимашунослик фанларини таснифини бераркан, таржимашунослик фанини қуйидаги қисмларга бўлган ҳолда тараққий эттириш мумкин дейди:
- Таржима тарихи;
- Таржима назарияси;
- Таржима танқиди;
- Синхрон таржима;
- Автоматик таржима асослари.
Ғ.Саломов таржима тарихини танқид қилишда бир неча йўналишларни кўрсатиб ўтади. Унинг таснифига кўра у қуйидагича тус олади:
- Соҳалар ва жанрлар бўйича. Бунга аниқ гуманитар фанлар таржимаси, таржима ва луғатшунослик (икки тиллик ва кўп тиллик луғатлар тузиш) киради.
- Тил принциплари бўйича. Бунга масалан, арабча-ўзбекча, форсча-ўзбекча кабилар бўлиши мумкин ҳамда билингвизм таржима киради.
- Тарихий анъаналар ва маҳаллий шароитга оид типик белгилар бўйича. Бунга мисол тариқасида таржима мактабларини олиш, Толедо таржима мактаби, Бағдод таржима мактаби ҳ.к.
- Даврлар бўйича. Бунга масалан, антик давр, ўрта асрлар, эрамизнинг I асридан то Х асригача, янги давр ва ҳ.к.ларни белгилаб олиб тадқиқ қилиш мумкин.
Н.Комилов ҳам таржима тарихи борасида катта ишлар қилган олим. У Огаҳийнинг таржимонлик фаолиятини ўрганиб чиқиб, таҳлил қилади ва ёритади. Н.Комилов Огаҳий ҳаётини ва ижодини синчиклаб ўрганиб чиқаркан, уни ҳам адабиётчи, ҳам тарихчи, ҳам таржимон эканлигини ва уччала соҳада ҳам бирдек қалам тебратган хассос шоир, теран фикрли олим, моҳир таржимон деб ёзади. Таржимачилик борасида Огаҳий «Равзатус-Сафо», «Нодирнома», «Зафарнома». «Зуддат ут-ҳикоят», «Насиҳатномайи Кайковус» ва бошқа асарларни юксак маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилади. Бундан ташқари Н.Комилов Хоразм таржима мактаби, унинг намоёндалари ва уларнинг ишлари ҳақида ҳам иш олиб боради. Хоразм таржима мактаби таржимонлари ҳаёти, турмуш тарзи, таржима принципларини изоҳлаб ёритиб беради.
Ғофур Ғулом таржимон сифатида ҳам маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшди. У 20 йиллардаёқ бадиий таржима китобхонини буюк шоир В. В. Маяковский ижоди билан таништирди. Ғофур Ғулом А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, Н.Некрасов каби рус шоирларининг, Шайх Саъдий, В.Шекспир, Ш.Руставели. Т.Шевченко, А.Лохутий каби классикларнинг, А.Твардовский, М.Турсунзода каби замонамиз вакилларининг асарларини ўзбек китобхонига туҳфа этди. Айниқса, ўзбек тилида буюк Шекспирнинг «Отелло»си ва «Қирол Лир»и Ғофур Ғулом таржимасида жуда катта шуҳрат топди. Бу ўринда Ғофур Ғуломнинг таржимонлик маҳоратини батафсил таҳлил қилиш қийин. Бадиий таржима Ғофур Гулом учун халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш воситаларидан бири эди. Шунинг учун ҳам атоқли шоир ўзбек халқини қардош халқлар маданиятидан ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд қилиш ишида ҳам катта жонбозлик кўрсатди.
Ҳозирги кундаги ўзбек тилига қилинган таржималар нафақат жуғрофиянинг кенглиги, балки фани, услуби, мавзу ва ғоялари жиҳатидан ранг-баранглиги билан ҳам ажралиб туради. Масалан, Кабо Абининг «Ящик одам» (С.Раҳмонов таржимаси), Габриел Гарсия Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» (Н.Қобул, А.Жўраев таржимаси), М.Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» (Қ.Мирмуҳамедов таржимаси), Ч.Айтматовнинг «Қиёмат» (И. Ғофуров таржимаси), «Асрга татигулик кун» (А.Рашидов таржимаси) романлари, каби асарлар шулар жумласига киради.
Ушбу таржималар нафақат абадий ҳаётимизда, балки умуман маданий ҳаётимизда юз берган хайрли воқеалар эканини эътироф этишимиз лозим. Бу йирик таржималарнинг ҳар бири жиддий татқиқотларга мавзу бўлишга арзийди.
Ҳар бир таржима асрини ўша таржима яратилган давр билан боғлиқ ҳолда тарихийлик принципи асосида ўрганиш лозим. Бундай қоидага амал қилмаслик таржима асарининг сифатини, таржимоннинг хизматини ва ҳар бир давр таржимачилигининг асосий тенденцияларини баҳолашда жиддий хатога ёки бир йўқламаликка олиб келиши турган гап.
Таржима тарихини чуқур ўрганиш фақат умумий маданий юксалиш ёки муайян миллий адабиёт тарихини ўрганишдагина эмас, балки ўша адабиётнинг ҳозирги тараққиёт жараёни, хусусияти, адабий воқеалари кўламини татқиқ этиш, ривожлантириш истиқболини белгилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда таржимачилик ишлари кўзга кўринган олимлардан Ж.Шарипов ҳам малакали иш олиб бориб «Ўзбекистонда таржима тарихидан» ва «Бадиий таржима ва моҳир таржимонлар» номли китобини чоп эттирди. Олим Ўзбекистонда таржима тарихини ўрганишда қизғин фаолият кўрсатди ва ўзбек таржимачилиги тарихини кенг миқёсда ўрганди, олимнинг «Ўбекистонда таржима тарихидан» монографиясида номлари унутилиб кетган юзлаб таржимонлар, жуда кўп таржима асарларининг номларини келтирди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда таржима тарихини ўрганишга қизиқиш бор. Хулоса шуки, таржима турли халқлар адабиёти, санъати, маданиятини яқинлаштиради. Бу эса мустқил Ўзбекистонимизда ўтказилаётган ислоҳатлар талабига тўла мувофиқдир.
Адабиётлар:
- Абдураҳмонова Н. (2000) Бадиий таржима программаси “Филология масалалари”, 2000
- Валиқулов Ю. (2004) Таржима ижод кўприги. Маърифат газетаси, 2004
- Хужаев. Г. (1995) Бадиий таржима ва миллий колорит. Мақоллар тўплами, таржима назарияси масалалари, Тошкент 1995 йил.