Фарғона вилоятидаги православ черковлари фаолияти: тарих ва бугунги кун | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 31 октября, печатный экземпляр отправим 4 ноября.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №36 (326) сентябрь 2020 г.

Дата публикации: 07.09.2020

Статья просмотрена: 3 раза

Библиографическое описание:

Жумаев, Ш. Ш. Фарғона вилоятидаги православ черковлари фаолияти: тарих ва бугунги кун / Ш. Ш. Жумаев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2020. — № 36 (326). — С. 131-133. — URL: https://moluch.ru/archive/326/73492/ (дата обращения: 21.10.2020).



Мақолада Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминланиши ҳамда мамлакат сиёсий ҳаётида кўп миллатли фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланишини хуқуқий кафолатлари, Фарғона вилоятида фаолият юритаётган православ черковлари тарихи ва бугуни ёритилган.

Калит сўзлар: дин, миллат, конфессия, православ, черков

В статье освещены вопросы обеспечения религиозной толерантности и межнациионального согласия в Узбекистане, правовые гарантии социальной защиты многонациональных граждан в политической жизни страны, история и современность православных церквей, действующих в Ферганской области.

Ключевные слова: религия, нация, конфессия, православие, церковь, молитва

Дунёда турли динлар мавжуд бўлиб, ҳар бир дин ўзининг эътиқод қилувчилари, издошларига, ишонувчиларига эга, у инсонлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолган. Барчамизга яхши маълумки, дин инсон ва жамият ҳаётида муҳим функцияларни бажаради ва одамларни фақат яхшиликка, эзгуликка чорлайди. Инсонлар доимо диний эътиқодга эҳтиёж сезганлар ва унга бўлган ишончни устун деб биладилар.

Мустақиллик туфайли Ўзбекистонда виждон эркинлиги таъминланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмайди” [1] дейилган. Ўзбекистон кўп миллатли, поликонфессионал давлат. Бундай давлатда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ижтимоий-сиёсий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун динлар ҳақида билиш, конфессиялараро мулоқот, мамлакатимизда қурилаётган демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан саналади.

Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатимизда тинчликни янада мустаҳкамлаш, миллатлараро барқарорликни юксалтириш мақсадида 2017 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди [2]. Фармонга мувофиқ, Байналмилал маданият маркази негизида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритишида давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришда мустаҳкам таянч бўлади.

Фарғона вилояти ҳудудига православлик черкови тарафдорларининг кириб келиши Россия империясининг минтақага кириб келиши билан баробар кечган.

Дастлабки православлар ҳарбийлар, савдогарлар, хизматчилардан иборат бўлган. Фарғона шаҳридаги “Сергий Радонежский” черкови раҳбарининг айтишича, дастлаб руслар кириб келганда черковлар маҳаллий аҳолини ушбу динга киритиш учун эмас, балки православлар ҳар кунлик ибодатларини бажаришлари учун қурилган.

Фарғона вилоятидаги православ черковларининг қурилиши асосан 4 та турга бўлинган;

  1. Умумжаҳон православ черковлари
  2. Ҳарбий черковлар
  3. Унча катта бўлмаган ибодат уйи
  4. Панеллар (асосан қабристонларда қурилган)

Дастлабки икки тур бир қатор умумий архитектура, режалаштирилган ва дизайн хусусиятларига эга бўлган.

Фарғона водийсидаги шаҳар ва ҳарбий черковларнинг барчаси режа бўйича тўғри тўртбурчак ва тўғри шарққа қараб йўналтирилган шаклда бўлган. Черковлар асосий ибодат қилиш хонаси, қурбонгоҳ, остида ертўласи ва устида қўнғироқ учун жой ажратилган бошқа хоналардан иборат бўлган. Қуббалар ва бутун том темир листлар билан ёпилган ва ёғли бўёқ билан бўялган. Черков анжомлари, икона ва баъзида қўнғироқлар ҳам Россиядан олиб келинган. Фақатгина Қўқон ва Наманган черковлари учун қўнғироқлар эски мис милтиқлар ва шунга ўхшаш анжомлар ёрдамида қуйиб тайёрланган [3].

Черков қурилиши жараёнида асосий тош ишлари рус меъморлари бошчилигида маҳаллий усталар томонидан амалга оширилган. Уларнинг Ўрта Осиё ҳудудига мос анъанавий конструкцияларни қуриш санъати, режалаштирилган темир-бетонли аркаларнинг етишмаслиги сабаб ғишт билан алмаштирилган.

Фарғона вилоятидаги энг қадимги черковлардан бири Александр Невский черкови бўлиб, ушбу черков 1891–1899 йилларда хазина маблағлари эвазига қуриб битказилган [4]. Византия услубида қурилган черков биноси ўша пайтда Фарғона шаҳрининг марказида жойлашган. Ушбу черковда 700 кишигача православ диндор инсонлар ибодатларини амалга оширган. 1936 йилга келиб черков биноси ёпилган.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида христианлик дини православ йўналишига мансуб 3 та черков расман фаолият юритмоқда. Булар, Фарғона шаҳридаги “Сергий Радонежский”, Қўқон шаҳридаги “Казанская икона Божией матери”, Қувасой шаҳридаги “Иоан Кронштадский” черковлари ҳисобланади.

Ушбу черковларда православликда мавжуд бўлган сирли маросимларга, диний байрам ва пост (рўза) тутишга катга эътибор каратилади ва мазкур жараёнларда дин вакиларига алоҳида савоблар нозил бўлади, деб эътиқод қилинади.

Шунингдек, православликда нишонланадиган қуйидаги христиан байрамлари Пасха, Исо Масиҳнинг арши аълога кўтарилиши, Биби Марямнинг туғилиши, Исо Масих хочини тиклаш каби байрамлар нишонланади.

Фарғона шаҳридаги “Сергий Радонежский” черкови 1952 йилдан бери фойдаланиб келинмоқда. Фарғонадаги ушбу черков 1930–1952 йилларда ўз фаолиятини тўхтатган бўлиб, унгача бўлган муддатда немис-лютеран черкови бўлган. Таъмирлашдан кейин 1952 йилдан бошлаб янги ном билан фаолиятини бошлаган. Унинг 3 қаватли иконаси Троцкий черкови билан боғлиқ бўлиб, ушбу икона 1952–1954 йилларда Мария Соколовий томонидан яратилган. Черковда ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари диний ибодатлар амалга оширилади. Кунлик ибодатларда 80–100 нафаргача, байрам кунлари эса 100 нафардан кўпроқ ибодат қилувчилар черковга ташриф буюришади.

Қўқон шаҳридаги иккинчи йирик православ черкови 1998 йил 13 августда Адлия бўлимидан рўйхатдан ўтган. Черков Қўқон шаҳар “Ўрда таги” кўчаси 70-уйда жойлашган. Ибодатхона биноси 1905 йилда қурилиши бошланган ва икки ярим йил давомида қурилиб 1908 йилда тугалланган. Черков қурилиши архитектор Григорий Николаевич Васильевнинг ёзишича анъанавий рус меморчилигининг намунаси бўлган ёғочлар орқали қурилиши керак бўлган. Черков қурилиши ҳомийлар ва ўша пайтда Қўқон савдогарлари бўлган Полунин ва Хабаров деган инсонлар ҳисобига қурилган. Черков ўша пайт учун камёб ҳисобланган электр ёритиш асбоблари билан жиҳозланган. Черковда қурилган катта ва кичик қўнғироқлар Қўқон хони Худоёрхоннинг хазинасидаги мисдан эритиб қуйилган.

Бугунги кунда ушбу черковда ҳафтанинг жума, шанба ва якшанба кунлари ибодат маросимлари амалга оширилади. Кунлик ибодатларга 20–50 нафар, байрам кунлари эса, 100 нафардан кўпроқ ибодат қилувчилар ташриф буюришади.

Қувасой шаҳридаги “Авлиё Иоанн Кроншдатский” черкови 2002 йил 24 апрелда адлия рўйхатидан ўтказилган. Черков Қувасой шаҳар “Мустақиллик” кўчаси 21-уйда жойлашган. Ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари диний ибодатлар амалга оширилади. Кунлик ибодатларда 40 нафаргача, байрам кунларида эса 40 нафардан кўпроқ эътиқод қилувчилар черковга ташриф буюришади.

Хулоса қилиб айтганда, Фарғона вилоятидаги православлик черкови тарихи ва фаолияти тадқиқ қилинганда, унинг хатти-ҳаракатларида ҳокимият қонун қоидаларига ҳурмат билан ёндашиш, миссионерлик фаолиятига зўр берилмаганлиги намоён бўлди. Бу эса православлик черковига хос бўлган хусусият ҳукумат қарорларига бағрикенглик билан ёндашув узоқ тарихдан шаклланганидан дарак беради.

Адабиёт:

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси.-Тошкент: Ўзбекистон, 2018. -Б. 8.
  2. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5046-Фармони. 19.05.2017 // http://lex.uz/docs/3210345
  3. Жукова. Л. И. К истории христианства в Средней Азии (XIX-XX вв.) Т.: Ўзбекистон, 1998. С. 135
  4. https://ru.wikipedia.org/wiki/ Храм_Святого_Николая_Чудотворца_(Фергана)
Основные термины (генерируются автоматически): XIX-XX.


Ключевые слова

конфессия, Дин, миллат, православ, черков
Задать вопрос