Тафсири Қушайрий Қўлёзмаси | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 4 мая, печатный экземпляр отправим 8 мая.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №28 (318) июль 2020 г.

Дата публикации: 14.07.2020

Статья просмотрена: 50 раз

Библиографическое описание:

Мухаммадиев, У. Б. Тафсири Қушайрий Қўлёзмаси / У. Б. Мухаммадиев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2020. — № 28 (318). — С. 278-280. — URL: https://moluch.ru/archive/318/72529/ (дата обращения: 25.04.2024).



Бу мақолада ҳижрий тўртинчи асрда яшаган Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрийнинг ҳаёти ва унинг “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” (Қуръон тафсир қилишдаги нозик ишоралар) асари ҳақида маълумот берилган. Асарнинг ўзига хос хусусиятлари, услуби, уламоларнинг асарга бўлган муносабатлари келтирилган.

Асарнинг қўлёзма нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Калит сўзлар: Қуръон, имом, талқин қилиш, ўргатиш, ишора, маънодан ажралган

В статье приводятся сведения о жизни Абула Касима Абдулкарима ибн Хавазина Кушайри, который жил в Хиджри в четвертом веке, и его работа «Латойфуль ишарат би тафсирил Коран» (Нежные символы в толковании Корана). Приводятся особенности работы, ее стиль и отношение ученых к работе. Оригинальная рукописная версия работы хранится в рукописном фонде Международного научно-исследовательского центра им. Бухари.

Ключевые слова: Коран, имам, интерпретация, учение, намек, оторванный от смысла

In the article are given informations about the life of Abul Qasim Abdulkarim ibn Hawazin Qushayri, who lived hijriy in the fourth century and his work «Latoiful isharat bi tafsiril Qur'an» (Delicate symbols in the interpretation of the Quran). The peculiarities of the work, its style, and the attitude of the scholars to the work are provided. An original manuscript version of the work is being kept in the manuscript fund of the Imam Bukhari International Scientific Research Center.

Keywords: Koran, imam, interpretation, doctrine, hint, disconnected from the meaning

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасининг қўлёзмалар фондида тасаввуфий тафсирлар сирасига кирувчи Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрий қаламига мансуб “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” (Қуръон тафсир қилишдаги нозик ишоралар) асари сақланмоқда ( № inv. MR 227 ).

Асар муаллифининг тўлиқ исми Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин ибн Абдулмалик ибн Толҳа ибн Муҳаммад Истивоий Қушайрий Найсобурийдир. Тасаввуф ва ҳадис илми пешволаридан бўлган. 376 ҳижрий санада Истиво[1] шаҳрида туғилган. Қушайр ибн Каъб авлодидан бўлганлиги учун Қушайрий нисбатини олган.

Қушайрийнинг илм дунёсига кириши кичиклигидан бошланган. У дастлаб адабиёт ва араб тилини ўрганди. Кейинчалик ҳисоб илмини ўрганиб, қишлоғидаги идорада ишлаш мақсадида Найсобурга боради ва иттифоқо Абу Али Даққоқнинг дарс ҳалқасига қатнашиб қолади. Даққоқдаги ихлос, тақво ва юзида порлаётган нурни кўрган Абул Қосимда унга шогирд бўлиш истаги туғилади. Шайх ҳам ундаги зийракликни кўргач шогирдликка қабул қилади ва кейинчалик унга ўз қизини никоҳлаб беради. Абу Алий Бохарзий ўзининг “Думятул қаср” [1.37] китобида Қушайрийнинг шариат илмларида тенгсиз бўлганлигини таъкидлаган.

Қушайрий фиқҳ, ақоид, усул, тафсир, адабиёт, араб тили грамматикаси, шеърият илмларида замонасининг энг пешқадамларидан ва тасаввуф илми пешволаридан эди. Эътиқод бўйича ашъарий мазҳабида, фиқҳда шофиъий мазҳабида бўлган [2.37].

Имом Қушайрий душанба куни Робиъул аввал ойининг 16 кунида 465 ҳижрий санада Найсобур шаҳрида вафот этган ва устози Абу Али Даққоқнинг қабри ёнида дафн қилинган [3.5].

Исмоил Пошо Бағдодий “Ҳадийятул орифин” асарида Қушайрийнинг биз ўрганаётган асардан ташқари яна қуйидаги китобларни тасниф қилганини айтади:

“Арбаъийн фил ҳадис”, “Истифазотул муродот”, “Булғотул мақосид”, “ат-Тахйир фи илмит тазкир фий маъани исмиллаҳи таъала”, “ат-тайсир фи илмит тафсир”, “Уйунул ажвибати фий фунунил масъалати”, “ал-Фусул фил усул”, “Китабул маъариж”, “ал-Мунтаҳо фий нукати улиннуҳо”, “Носихул ҳадиси ва мансухиҳи”, “Наҳвул қулуб”, “Ҳаятул арвоҳ вад далилу ила ториқис-салоҳ”, “Шикаяти аҳли сунна би ҳикаяти ма наалаҳум минал меҳнаҳ”, “Мансурул хитоб фи шуҳудил албаб”.

Биз ҳозирда ўрганаётган “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” асари 410/1019 йилда ёзилган бўлиб, ўзига хос услуби билан бошқа тафсир китобларидан ажралиб туради. Асарнинг номидаги “Латоифул ишорат” (нозик ишоралар)” атамаси ҳам шунга далолат қилади. Муфассир Қуръон оятларини ҳар бир қори ва олим муфассирга маълум бўлмаган жиҳатларини очиб берган. Баъзи оятлар, хоссатан, “хуруфу муқаттаот” (маънодан узилган, маъноси номаълум ҳарфлар) билан бошланган оятлар сўфийлик таълимотлари асосида тафсир қилинган. Мусаннифнинг ўзи асар ҳақида шундай дейди: “Бу китобимиз Қуръон ишораларидан маърифат аҳли тилига кўчган алоҳида тарафларни зикр этади” [3.5].

Мусаннифнинг мақсадини яхшироқ тушуниб олиш учун эътиборимизни мисол тариқасида “Муъминун” сурасининг 2 оятига қаратамиз:

Оятда мўминлар сифатланиб, “Улар намозларида хушуъ қилувчилардир” , дейилади. “Кашшоф” тафсирида намозда хушуъ қалбнинг қўрқиши, кўзнинг пастга, сажда жойига қаратилиши, одобларга риоя қилиш, кийимни йиғиштириш, жасадни ва кийимларни ўйнашдан тайилиш, атрофга қарамаслик [4.703] каби маънолар билан изоҳланган. “Тафсирий Қушайрий”да эса намозда хушуъ улуғворлик сифатларини мукаммал қилиш, кашф султони[2] ҳукми остида эриб кетиш билан қалбни муножот майдонига қўйишдир, дейилган.

“Шуаро” сурасининг биринчи ояти: “То. Сийн. Мийм” “ҳуруфу муқаттаот” (маънодан узилган, маъноси номаълум ҳарфлар) билан бошланган. “Кашшоф” тафсирида ушбу оятнинг қироат услубларини баён қилиш билан чекланилган. Қушайрийнинг тафсирида “То” Аллоҳнинг куч-қувватининг нуқсони йўқлигига, “Сийн” қудратининг ўта юксаклигига, “Мийм” буюклигининг азалий эканига далолат этиши ёритилган.

Имом Қушайрийнинг мазкур услуби “тафсири ишорий” йўли билан тафсир қилиш дейилади. Бу услуб Қуръонни зоҳирига хилоф равишда таъвил қилишдир. Бунда илм аҳлларидан баъзилари ёки буюк тасаввуф пешволаридан мужоҳада билан нафсларини тарбиялаган, Аллоҳ қалб кўзларини мунаввар этган, Қуръони каримнинг сирларини идрок этиб, илоҳий илҳом, раббоний фатҳ воситасида зоҳирий ва ботиний маънолар орасини жамлаган ҳолда Қуръоннинг дақиқ маънолари зеҳнларида порлаган кишилар томонидан ўзларигагина зоҳир бўлган махфий ишораларга доир таржима қилишади [5.115].

Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган мазкур асар “Фотиҳа” сураси билан бошланиб, “Анфол” сурасида тугаган. Настаълиқ ёзув тури билан шарқ қоғозида ёзилган нусха тўлиқ эмаслиги сабабли унинг ёзилган йили ва хаттоти маълум эмас.

Изланишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, ушбу тафсирнинг қўлёзма нусхалари бошқа тафсирларга нисбатан кам тарқалган. Саудия Арабистонидаги “Мактабатун Анийза” фондида унинг айрим қисмлари сақланмоқда. Жами 124 бетдан иборат қисмлар бир тартибда эмас. Уларда Қуръоннинг еттита сураси тафсирини кўриш мумкин. Айрим бетларда қисқа ҳошиялар бериб ўтилган.

Саудия Арабистонидаги яна бир “Малик ас-Сауд” университети кутубхонасида ҳам № 2518 рақам остида мазкур асар қўлёзма нусхаси сақланаётган бўлиб, у ҳам тўлиқ эмас. Шунингдек, Дамашқ шаҳридаги “Зоҳирия” (№ 391), Миср Араб Республикасидаги “Таймура” (№ 55/1 266), Истамбул университети марказий кутубхонасида (№ 376 А 3228) рақамлар остида асар нусхалари сақланмоқда. Германиялик олим Карл Бругмен каталогида № 556–557 рақам билан кўрсатилган.

“Shoh.uz” сайтида 2017 йил 20 июлда эълон қилинган “Тошкентда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар” мавзусидаги мақолада Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида асарнинг 18 асрда ёзилган қўлёзма нусхаси сақланаётганини маълум қилинган.

Adabiyot:

  1. Abu Ali Boxarziy. Dumyatul qasr. J.2. — Bayrut. Darul jiyl. 1994.
  2. Abul Abbos Ahmad ibn Ahmad ibn Muhammad ibn Mahdiy Hasaniy. Bahrul madid fi tafsiri Qur’anil majid. — Bayrut. Darul kutubil ilmiya. 2001.
  3. Abul Qosim Abdulkarim ibn Havozin Qushayriy. Latoiful isharot. — Bayrut. Darul kutubil ilmiya. 2007.
  4. Zamaxshariy. Kashshof. — Bayrut. Darul kutubil ilmiya. 2009
  5. Muhammad Aliy Sobuniy. Tibyon fi ulumil Qur’an. — Pokiston. Maktabatul bushro. 2011.

[1] Найсобурга (Нишопур, Эрон) қарашли ҳудуд (Эъжомул аълом)

[2] Аллоҳ таоло назарда тутилмоқда



Ключевые слова

Қуръон, имом, талқин қилиш, ўргатиш, ишора, маънодан ажралган
Задать вопрос