Араб тилшунослигида шаклдошлик ҳодисаси | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 30 ноября, печатный экземпляр отправим 4 декабря.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №50 (288) декабрь 2019 г.

Дата публикации: 11.12.2019

Статья просмотрена: 153 раза

Библиографическое описание:

Сотволдиев, Сирожиддин Махаммаддин ўғли. Араб тилшунослигида шаклдошлик ҳодисаси / Сирожиддин Махаммаддин ўғли Сотволдиев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2019. — № 50 (288). — С. 603-606. — URL: https://moluch.ru/archive/288/65113/ (дата обращения: 16.11.2024).



Мазкур мақолада араб лексикологиясида ўзига хос ҳодиса саналувчи шаклдош-талаффуздош сўзлар (омоним, пароним ва вариантдош сўзлар)га бағишланган луғатлар ва уларнинг манбалари тадқиқ этилган.

Калит сўзлар: лексикография, шаклдош-талаффуздош сўзлар, уржуза луғат, мусаллас, омоним, пароним, сўз вариантлари.

В данной статье рассматриваются источники, посвященные омонимам и паронимам, которые рассматриваются как специфическое явление в арабской лексикологии.

Ключевые слова: лексикография, словообразование, омоним, пароним, арабский язык.

Араб тили ва ёзуви тарихига назар ташланса, унинг инсоният тамаддунидаги ўрни ва ўзига хос тараққиёт йўли, бошқа тилларда учрамайдиган лексик, морфологик ва синтактик хусусиятлари қисман намоён бўлади. Жумладан, умумий тилшуносликнинг шаклдош-талаффуздош (الْمُشْتَرَكُ اللَّفْظِيّ — al-mushtaraku al-lafẓiyyu) сўзлар — омонимлар, паронимлар ва сўз вариантларини ўрганувчи соҳаси ҳам араб тилида ўзгача бўй кўрсатади. Бунда нафақат талаффуз, балки ёзув хусусиятлари ҳам ҳисобга олинади.

Хулосалар етарли бўлса-да, ҳозиргача шаклдош-талаффуздош сўзлар бўйича якдил тўхтамга келинмаган. Бу борада тилшунослар икки гуруҳга бўлинганлар. Биринчи гуруҳ Ибн Дуруставайҳ [5] бошчилигидаги олимлардан иборат бўлиб, улар бу тил ҳодисасини кўпмаънолилик (полисемия) билан изоҳлайдилар. Иккинчи гуруҳ — Сибавайҳ ва у билан ҳамфикр тилшунослар «al-mushtaraku al-lafẓiyyu» ҳодисаси дунёнинг саноқли тилларига, шу жумладан араб тилига ҳам хос эканини таъкидлаб, унинг белгиларини аниқ кўрсатиб берадилар. Бу ихтилофнинг илдизига етиш учун ҳар икки томоннинг далиллари билан мухтасар танишамиз.

Биринчи гуруҳ вакили Бадиҳийнинг фикрича, сўз аввало битта маъно англатади, кейин бу маънодан бир неча маънолар туғилади. Бу «туғилиш», унинг таърифига кўра, маъно тараққиётидир [1]. «Бу тараққиёт секин ва босқичма-босқич кечади, сўз маъноси ўзгариши тўсатдан юз бермайди, балки узоқ вақт давом этади. Пировардида, сўзнинг бош маъносига яқин бошқа маъноси пайдо бўлади» [6], деб ҳисоблайди доктор Алий Абдулвоҳид Вофий ҳам. У ўз фикрини давом эттириб, бунда чегарадошлик ва ўхшашлик алоқалари муҳим ўрин тутишига эътибор қаратади.

Чегарадошлик алоқаси икки ҳолат — ўрин-жой ва вақтга нисбатан кузатилиши мумкин. Биринчи ҳолатга, яъни ўрин-жойга нисбатан чегарадошлик алоқасига мисол тариқасида «ظَعِينَةُ» (ẓa‘īnatun) сўзини олайлик. Бу сўз даставвал «тахтиравондаги аёл» маъносини англатган. Кейинчалик эса тахтиравоннинг ўзини ҳам, тахтиравон ўрнатилган туяни ҳам билдирадиган бўлиб қолди.

Вақтга нисбатан чегарадошлик алоқасига мисол тариқасида эса «العَقيِقَةُ» (al-‘aqīqatu) сўзининг маъно ўзгариш ҳолатини кўриб чиқиш мумкин. Бу сўз аслида чақалоқнинг туғилганда мавжуд сочини билдиради. Кейинроқ эса шу сочни қирқиш маросимида сўйиладиган қурбонликка нисбатан ҳам қўлланадиган бўлиб қолди.

Ўхшашлик алоқаси «الأَفْنُ» (al-’afnu) сўзининг маъно ўзгаришида намоён бўлади. Бу сўз аслида туя сутининг камлигини билдиради. Кейинроқ ақлнинг камлиги ва эсипастликка нисбатан ҳам қўлланилган. Ёки «الْمَجْدُ» (al-majdu) сўзи аслида ҳайвон қорнининг ўт-ўланга тўйишини англатган бўлса, кейинроқ саховатга тўлиб-тошишни ҳам билдирадиган бўлди.

Ўз навбатида, иккинчи гуруҳ тилшунослари «al-mushtaraku al-lafẓiyyu»ни араб тилининг энг жозибадор ва ўзига хос қирраси сифатида эътироф этадилар. Бу гуруҳнинг классик намояндаси Сибавайҳ ўз «Al-kitābu» асарининг «بَابُ اللَّفْظِ لِلْمَعَانِى» (Bābu al-lafẓi li-l-ma‘ānīy) бўлимида талаффуздош, аммо турли маъноли сўзлар ҳақида баҳс юритар экан, «وجد» (wjd) ўзаги асосида бир неча мисоллар келтиради ва бунга ўхшашлар кўплигини қўшимча қилади [7]. Масалан: وَجَدَ (wajada) — топмоқ; وَجَدَ (wajada) — бой бўлмоқ; وَجِدَ (wajida) — аза тутмоқ.

Яна бир классик наҳвшунос Мубаррид ҳам Сибавайҳнинг фикрини қувватлаб, бир хил талаффуз қилинса-да турли маъноларни англатувчи сўзларнинг араб тилига хос эканига урғу беради [8].

Иқтибослардан кўриниб турибдики, ҳар икки томоннинг ҳам асослари ўринлидир. Хулоса қилиш мумкинки, Сибавайҳ ва унинг тарафдорлари умумий тилшуносликда омонимлар деб таърифланувчи ҳодиса ҳақида фикр юритганлар. Ибн Дуруставайҳ ва унинг издошлари эса полисемия, яъни кўпмаънолилик (تَعَدُّدُ الْمَعَانِي — ta‘addudu al-ma‘ānīy) ҳақида баҳс юритишган. Шу сабаб шаклдош сўзларни ўрганишда ҳар икки томоннинг ҳам қимматли хулосаларини инобатга олиш лозим.

Юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалар классик араб наҳви мактабларининг нуқтаи назарлари ва хулосалари атрофида бўлди. «Аl-mushtaraku al-lafẓiyyu» ҳодисасига бугунги араб тилшунослигининг ёндашуви ҳам албатта эътиборлидир. Классик наҳв мактабларидан фарқли ўлароқ, замонавий араб тилшунослиги барча йўналишларда жаҳон тилшунослигининг умумий қоидаларига тобора интилиб бормоқда. Буни тилшунослик терминларининг қўлланилишида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, ҳозирги вақтда омоним, пароним ва вариантдошлик ҳодисаларига алоҳида-алоҳида таъриф берилиши ва тадқиқ этилиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Масалан, пароним сўзларга доктор Муборак Муборак бошчилигида тузилган «Mu‘jamu al-muṣtalaḥati al-alsuniyyati» номли терминология луғатида қуйидагича таъриф берилади: «Мushtaraku al-jadhari — مُشْتَرَكُ الْجَذَرِ (паронимлик) бир сўзнинг бошқа бир сўз билан ўзак таркибида ўзаро мос келиши бўлиб, бироқ улар бошқа-бошқа маъноларни ифода этади» [13]. Омонимия атамаси эса «Тилда товуш ва ёзув томони бир хил бўлиб, аммо турлича, бир-бирига боғлиқ бўлмаган маъно ифодаловчи сўзлар»га нисбатан қўлланмоқда[1].

Араб тили лексемасидаги шаклдош-талаффуздош сўзларнинг бадиий қийматини балоғат усталари яхши англаганлар. Улардан бири Абдулқоҳир Журжоний бўлиб, ўз вақтида: «Омонимларни нутқда қўллаш суҳбатдошни чалғитишга, гўё уни алдаётгандек ёки ниманидир яшираётгандек тутишга, нутқни икки маъноли бўлишига хизмат қилади» [4], — деб ёзган эди.

Замонавий тилшуносликда омонимлар қуйидагича тасниф қилинади:

Тўлиқ омоним (الْجِنَاسُ التَّامُّ — al-jināsu at-tāmmu). Бунда икки ва ундан ортиқ сўз ҳарфлар сони, уларнинг талаффуз ўрни, диакратик белгилари билан бир хил бўлади, лекин турли лексик маънони билдиради.

Араб тилшунослари тўлиқ омоним (al-jināsu at-tāmmu) ҳам 2 хил бўлишини таъкидлайдилар. Бу хилларнинг ҳар бири яна бир неча қисмларга тақсимланади:

  1. Тўлиқ-содда омоним (الْجِنَاسُ التَّامُّ غَيْرُ مُرَكَّبٍ — al-jināsu at-tāmmu ghayru murakkabin):

А) Тўлиқ-содда-ўхшаш омоним (الْمُمَاثِلُ الْجِنَاسُ التَّامُّ — al-jināsu at-tāmmu al-mumāthilu) — бундай омонимлар ўзак таркибида ҳарфлар сони, тури ва ҳатто сўз туркуми (исм, феъл, ҳарф) жиҳатидан умумийликка эга бўлади.

Б) Тўлиқ-содда-ўхшаш бўлмаган омонимлар (الْمُسْتَوْفَي الْجِنَاسُ التَّامُّ — al-jināsu at-tāmmu al-mustawfá). Бундай омонимлар фонетик ва график ўхшашлиги, ўзак ҳарфлари сони ва талаффузи бир хиллиги билан характерланади, бир сўз туркуми доирасида эмас, балки турли сўз туркумлари ўртасида юзага келади. Масалан:

سَمَّيْتُهُ يَحْيَى لِيَحْيَى وَ لَمْ يَكُنْ إِلَى رَدِّ أَمْرِ اللَهِ فِيهِ سَبِيلٌ

(Sammaytuhu Yaḥyá li-yaḥyá wa lam yakun ’Ilá raddi ‘amril-lāhi fīhi sabīlun) [14].

Маъноси: «Яшаб қолиши учун уни Яҳё деб атадим, Аммо Аллоҳнинг иродасига қарши чора йўқ».

Биринчи сўз يَحْيَى (Yaḥyá) — атоқли от, иккинчи сўз эсаҳозирги-келаси замон феъли, «яшамоқ» маъносида.

  1. Тўлиқ-бирикмали омоним (الْجِنَاسُ التَّامُّ مُرَكَّبٌ — al-jināsu at-tāmmu murakkabun) — бу хил омонимлик бир мустақил маъноли содда сўз ва бирикма ўртасида юзага келади. Бунда бирикма бир сўз ва бошқа бир сўзнинг бир қисми жамланмасидан иборат бўлиши ҳам мумкин.

Тўлиқ-бирикмали омоним 4 турли бўлади:

А) Тўлиқ-бирикмали-ясама омоним (الْمَرْفُو الْجِنَاسُ التَّامُّ مُرَكَّبٌ — al-jināsu at-tāmmu murakkabun al-marfuw). Бунда бир сўз бошқа сўзнинг бир қисми билан бирга яхлит олинганда, бошқа бир сўзга омонимлик ҳосил қилади. Масалан:

الْمَكْرَ مَهْمَا اسْتَطُعْتُ لَا تَأْتِهِ لِتَقْتَنِيَ السُّؤْدَدَ وَ الْمَكْرَمَة

(Al-makra mahmā ma-staṭa‘tu lā ta’tihi, Li-taqtaniya as-su’dada wa-l-makramah) [14].

Маъноси: «Сен ҳар қанча макр қилма, саховат ва мойиллигингни яшира олмайсан».

Байтнинг биринчи мисрасидаги сўз + бўғин (аl-makra mah) биргаликдаиккинчи мисра охирида келган бутун сўз (аl-makramah) билан омоним бўлмоқда.

Б) Тўлиқ-бирикмали-ўхшаш омоним (الْمُتَشَابِهُ الْجِنَاسُ التَّامُّ مُرَكَّبٌ — al-jināsu at-tāmmu murakkabun al-mutashābihu). Бунда бир сўз бутун бирикма билан ҳам ёзилишда, ҳам талаффузда омонимлик ҳосил қилади. Масалан:

إِذَا مَلَكٌ لَمْ يَكُنْ ذَاهِبَةٍ فَدَعْهُ فَدَوْلَتُهُ ذَاهِبَةٌ

(’Idhā malakun lam yakun dhāhibah, Fada’hu fadawlatuhu dhāhibah).

Маъноси: «Агар подшоҳ мурувватли бўлмаса, Огоҳлантирки, давлати тезда кетгувчидир».

Бу байтда биринчи мисра зарбидаги сўз билан иккинчи мисра ажзидаги сўз ҳам қофиядош, ҳам омонимдир. Кўринишидан бу сўзлар бир хил сўзга ўхшаса-да, аслида биринчи мисрадаги ذَاهِبَةٍ (dhāhibah) сўз бирикмасидир (ذَا + هِبَةٍ), яъни «мурувват эгаси» маъносида.

В) Тўлиқ-бирикмали-боғланган омоним (الْمَلْفُوفُ الْجِنَاسُ التَّامُّ مُرَكَّبٌ — al-jināsu at-tāmmu murakkabun al-malfūfu). Омонимларнинг бу ўзига хос тури бўлиб, бунда бир мустақил маъноли сўз бошқа бир сўз бирикмаси билан талаффузда ўхшаш бўлади, бироқ ёзувда кичик фарқ кўзга ташланади. Масалан:

فَقُلْ لِنَفْسِكَ ايِ الضَّرْبَ يُوجعَهَا ضَرْبُ النَّوَاقِيسِ اَمْ ضَرْبُ النَّوِيَ قِيسِي

(Fa-qul li-nafsika ’ayi-ḍ-ḍarba yūja‘ahā, Ḍarba-n-nawāqīsi ’am ḍarbu-n-nawiya qīsī) [14].

Маъноси: «Ўзингдан сўра, қандай зарб сенга оғриқ беради: Қўнғироқ зарбими ёки фироқ зарбими, фарқлаб айт!»

Ушбу мисолдаги биринчи омоним бир мустақил сўз — النَّوَاقِيسِ (an-nawāqīsi) сўзи бўлиб, ناقوس (naqus — «қўнғироқ»)нинг кўплигидир. Иккинчи омоним эса «от + феъл» бирикмасидан иборат: النَّوِيَ (an-nawiya) «айрилиқ, фироқ» маъносини англaтувчи от; قِيسِي (qīsī) эса قاس (qāsa — «қиёсламоқ») феълининг буйруқ майлидаги шаклидир.

Г) Тўлиқ-бирикмали-тўқилган омоним (الْمُلَفَّقُ الْجِنَاسُ التَّامُّ مُرَكَّبٌ — al-jināsu at-tāmmu murakkabun al-mulaffaqu). Бу хил омонимлар бирикмалар (конструкциялар) ўртасида кузатилади. Масалан:

فَلَمْ تَضَعْ الْاَعَادِي قَدْرَ شَانِي وَ لَا قَالُوا فُلَانٌ قَدْ رَشَانِي

(Fa-lam taḍa‘i-l-’a‘ādī qadra shānī, Wa lā qālūw fulānun qad rashānī) [14].

Маъноси: «Шаъним даражалари чегара билмас, «Фалончи мени сотиб олган», демаслар».

II. Тўлиқ бўлмаган омоним (الْجِنَاسُ غَيْرُ التَّامِّ — al-jināsu ghayru at-tāmmi) — бундай омонимларнинг ўзак таркибидаги бир ёки бир неча ўринларида муайян фарқ бўлиши мумкин. Бу фарқ ўзак ҳарфларининг сонида, ёки уларнинг талаффузида, ёки диакратик белгиларида кузатилиши мумкин, худди шунингдек, маъносида ҳам. Шу фарқлар асосида араб тилшунослари тўлиқ бўлмаган омонимнинг бир неча турларини ажратиб кўрсатадилар:

  1. Сўзнинг талаффузи ва диакратик белгилари билан фарқ қилувчи омонимлар. Бу навни қадим куфий хатининг имло қоидалари билан боғлаб тушунтириш тўғрироқ бўлар эди. Куфий хатида ёзувда ҳарфнинг диакратик белгилари, сўзларнинг қисқа унли ҳаракатлари ўз ифодасини топмайди. Демак, шу хусусиятларни ҳисобга олганда, талаффузи ва диакратик белгилари билан фарқни намоён қилувчи омонимлар икки хил бўлади:

А) Тўлиқ бўлмаган-таҳриф омоним (جِنَاسٌ تَحْرِيفٌ — jināsun taḥrīfun) — сўзма-сўз таржима қилинса, «нотўғри талаффуз» демакдир. Аслида бу ўринда бирор сўзни ҳақиқий нотўғри талаффуз қилиш эмас, балки ёзилиши бир хил, аммо ўқилганда қисқа унли ҳаракатлар ҳисобига бир-биридан муайян тарзда фарқланувчи сўзлар назарда тутилмоқда.

Б) Тўлиқ бўлмаган-тасҳиф омоним (جِنَاسٌ تَصْحيف — jināsun taṣḥīfun) — сўзма-сўз таржимаси «нотўғри ёзилиш» бўлиб, бу турда икки сўзнинг ўзак таркибидаги ҳарфлар ўз диакратик белгилари билан фарқ қилиши кузатилади.

  1. Тўлиқ бўлмаган омонимларнинг иккинчи хили ўзак таркибидаги ундош товушларнинг талаффузи асосига кўра қисмларга ажратилади:

А) Тўлиқ бўлмаган-музореъ омоним (الجناس المضارع — al-jināsu al-muḍari‘) — ўзак таркибида талаффузи ўхшаш, махражи бир-бирига яқин ундош товушлар мавжуд сўзлар ўртасида кузатилади.

Б) Тўлиқ бўлмаган-лоҳиқ омоним (الجناس اللاحق — al-jināsu al-lāḥiqu) — бундай сўзларда асосий фарқни келтириб чиқараётган ундош товушлар ҳосил бўлиш ўрнига кўра бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Мухтасар айтганда, зикр этилганлардан араб тилида шаклдошлик ҳодисаси бўйича қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

– шаклдошлик (омонимия ва паронимия) ва кўпмаънолилик (полисемия) бошқа-бошқа ҳодисалар бўлиб, ҳар иккиси ҳам «al-mushtaraku al-lafẓiyyu» мавзусининг қамров доирасига киради ва шу йўналишда ўрганилади;

– замонавий тилшуносликда омонимларнинг тўлиқ (الجناس التام — al-jināsu at-tāmmu) ва тўлиқ бўлмаган (الجناس غير التام — al-jināsu ghayru at-tāmmi) турлари ажратилади. Бу турлар ҳам ўз ўрнида бир неча навларга таснифланади. Тўлиқ омоним (الجناس التام — al-jināsu at-tāmmu)нинг содда, содда-ўхшаш, содда-ўхшаш бўлмаган, бирикмали, бирикмали-ясама, бирикмали-ўхшаш, бирикмали-боғланган, бирикмали-тўқилган навлари бор. Тўлиқ бўлмаган омоним (الجناس غير التام — al-jināsu ghayru at-tāmmi) эса ўзаро талаффузи ва диакратик белгилари билан фарқ қилувчи, таҳриф, тасҳиф, музореъ-лоҳиқ каби навларга ажратилган.

Адабиётлар:

  1. Tavfīqu Muḥammadun Shāhinun. Аl-mushtaraku al-lughawiyyu: naẓariyyan wa taṭbīqan. –al-Qāhiratu: Maktabatu Wahbata, 1980. — 397 ṣ.
  2. ‘Umar ’Аhmad Мukhtār. Al-mu‘jamu al-mawsū‘iyyu li-alfāẓi al-Qur’āni al-karīmi wa qirā’ātihi. -Аr-Riyāḍu: Suṭūru al-ma‘rifati, 2002. — 1504 ṣ.
  3. Jalālu ad-dīni as-Suyūṭiyyu. Аl-mazharu fī ‘ulūmi al-lughati wa ’anwā‘ihā. –Bayrūt: Al-maktabatu al-‘asriyyatu. — 651 ṣ.
  4. ‘Abdu al-Qāhiri al-Jurjāniyyu. ’Аsrāru al-balāghati. –Bayrūt: Dāru al-kitābi, 2001. — 120 ṣ.
  5. ’Ibnu Durustawayh. Taṣ’ĥīĥu al-faṣīĥi wa sharhihi. –Al-Qāhiratu, 2004. — 599 ṣ.
  6. ‘Аliyyun ‘Abdu al-Wāḥidi al-Wāfiy. ‘Ilmu al-lughati. –Bayrūt: 1992. — 236 ṣ.
  7. Sibawayhi. Аl-kitābu. 4 mujallad. –Al-Qāhiratu: Маktabatu al-Khanajī, 1988. — 446 ṣ.: 432 ṣ.; 662 ṣ.; 494 ṣ.
  8. Al-Mubarridu. Ма-ttafaqa lafẓahu wa-’khtalafa ma‘nāhu. –Bayrūt: Dāru al-‘ilmi, 1996. — 225 ṣ.
  9. Ibn Manẓūr. Lisanu al-ʻarabi. 2-jild. –Bayrut: Dāru Ṣādir. — 646 ṣ.
  10. Quṭrubu. Al-muthallathu. –Bayrut, 1990. — 124 ṣ.
  11. ’Ibnu as-Sayyidi al-Batalyawsiyyu. Al-muthallathu. 2 mujallad. — Baghdād: Dāru Rashīd, 1983. — 524 ṣ.; 593 ṣ.
  12. Ibnu Mālikin. Al-ʼIkmālu al-ʼIʻlāmi bi-tathlīthi al-kalāmi. –Bayrut, 2000.
  13. Мubārak Мubārak. Mu‘jamu al-muṣtalaḥati al-alsuniyyati. –Bayrūt: Dāru al-fikri al-lubnāniyуati. –Ṣ.213.
  14. ‘Aliy al-Jarām, Muṣtafá ’Amīn. Al-balāghatu al-wāḍiḥatu. –London: Dāru al-ma‘ārifi, 1999. –Ṣ.264.
  15. Крачковский И. Ю. Избранные сочинения. Т. 4. — М.-Л.: Изд-во АН СССР, 1957.
  16. Brоckelmann C. Geschichte der arabischen litteratur. Bd. I. — Weimar, 1898.

[1] Паронимия ва омонимия атамалари ўзбек тилшунослигида ҳам мавжуд. Бу борада мустақил луғатлар ҳам тузилган. Бу ҳақида қаранг: Маъруфов А. Паронимлар луғати. –Тошкент: Ўқитувчи, 1974. -204 б.; Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тили омонимларининг изоҳли луғати. –Тошкент: Ўқитувчи, 1984. -156 б.

Основные термины (генерируются автоматически): омоним, араб, бунд, неча, пароним.


Похожие статьи

«Ал-Мусаллас» – биринчи шаклдош сўзлар луғати

Ушбу мақола араб лексикографияси тарихида ўзига хос ўрин тутувчи шаклдош сўзлар (омоним, пароним ва вариантдош сўзлар)га бағишланган уржуза луғатлар ва уларнинг илк манбалари ҳақида баҳс юритади.

Сўз ясаш жараёни ва унинг араб адабий тилининг луғат таркибини шакллантиришдаги роли

Мақолада араб тилида сўз ясашнинг асосий услублари: морфологик ва лексико-семантик соҳалари, лексика билан грамматика ўртасидаги боғланиш, араб сўзларининг ўзагига ва таркибий андозасига кўра таснифи хақида айтилади.

Араб тилини ўргатишда инфографикадан фойдаланиш

Ушбу мақолада инфографиканинг аҳамияти, чет тилларини, хусусан араб тилини ўрганишда унинг расмли ва ҳаракатли расм турларидан фойдаланиш йўллари ҳақида маълумот берилган.

SIN-VIRTUE концептларининг инглиз афоризмларида вербаллашуви

Ушбу мақолада халқнинг турмуш тажрибасига таяниб бир шахс яратган қисқа, образли турғун бирликлар ҳикматли сўзлар яъни афоризмларнинг концептуал белгилари кенг ёритиб берилган

Бошланғич синфларда Алишер Навоий асарларини ўқитиш усуллари

Ушбу мақолада умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларида Алишер Навоий ижодини ўрганиш зарурлиги масалалари, умумтаьлим мактабларида илмий-амалий билимларини чуқурлаштириш таьлим-тарбия самарадорлигини сифат босқичига кўтариш фикрлари баён эти...

Бадиий матнларда ибораларнинг қўлланилиши хусусида (Теодор Драйзернинг «Бахтиқаро Керри» ва Чўлпоннинг «Кеча ва Кундуз асарлари мисолида)

Мақолада ўзбек ва инглиз бадиий матнларида қўлланилган фразеологик иборалар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз боради.

Нутқ маданиятида миллийлик руҳи

Мазкур мақолада нутқ маданиятини такомиллаштиришда миллийлик масалалари, нутқнинг равон ва мазмундор бўлиши учун инсон ўз устида ишлаши зарурлиги, тинимсиз машқ қилиш орқали мақсадга эришиш йўллари ҳақида сўз боради.

Тафсири Қушайрий Қўлёзмаси

Бу мақолада ҳижрий тўртинчи асрда яшаган Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрийнинг ҳаёти ва унинг “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” (Қуръон тафсир қилишдаги нозик ишоралар) асари ҳақида маълумот берилган. Асарнинг ўзига хос хусусиятлари, услу...

Маҳмуд Замахшарийнинг дунё қўлёзма фондларида сақланаётган асарлари

Ушбу мақолада аллома Маҳмуд Замахшарийнинг юртимиз кутубхоналари ва қўлёзма фондларида мавжуд бўлмаган, лекин шу билан бир қаторда чет эллик олимлар томонидан ўрганилган баъзи асарлари ҳамда унинг қаламига мансуб деб ҳисобланувчи номи маълум бўлган, ...

Сув омборларидан фойдаланишни яхшилаш мақсадида техник тавсиялар ишлаб чиқиш (Тўдакўл сув омбори мисолида)

Мақолада Тўдакўл сув омборида олиб борилган дала тадқиқотлари асосида унинг техник ҳолати хамда конструктив параметрларига тасир қилувчи салбий омиллар ёритиб берилган. Бу жараёнларни огоҳлантириш (олдини олиш) тадбирлари ишлаб чиқилган.

Похожие статьи

«Ал-Мусаллас» – биринчи шаклдош сўзлар луғати

Ушбу мақола араб лексикографияси тарихида ўзига хос ўрин тутувчи шаклдош сўзлар (омоним, пароним ва вариантдош сўзлар)га бағишланган уржуза луғатлар ва уларнинг илк манбалари ҳақида баҳс юритади.

Сўз ясаш жараёни ва унинг араб адабий тилининг луғат таркибини шакллантиришдаги роли

Мақолада араб тилида сўз ясашнинг асосий услублари: морфологик ва лексико-семантик соҳалари, лексика билан грамматика ўртасидаги боғланиш, араб сўзларининг ўзагига ва таркибий андозасига кўра таснифи хақида айтилади.

Араб тилини ўргатишда инфографикадан фойдаланиш

Ушбу мақолада инфографиканинг аҳамияти, чет тилларини, хусусан араб тилини ўрганишда унинг расмли ва ҳаракатли расм турларидан фойдаланиш йўллари ҳақида маълумот берилган.

SIN-VIRTUE концептларининг инглиз афоризмларида вербаллашуви

Ушбу мақолада халқнинг турмуш тажрибасига таяниб бир шахс яратган қисқа, образли турғун бирликлар ҳикматли сўзлар яъни афоризмларнинг концептуал белгилари кенг ёритиб берилган

Бошланғич синфларда Алишер Навоий асарларини ўқитиш усуллари

Ушбу мақолада умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларида Алишер Навоий ижодини ўрганиш зарурлиги масалалари, умумтаьлим мактабларида илмий-амалий билимларини чуқурлаштириш таьлим-тарбия самарадорлигини сифат босқичига кўтариш фикрлари баён эти...

Бадиий матнларда ибораларнинг қўлланилиши хусусида (Теодор Драйзернинг «Бахтиқаро Керри» ва Чўлпоннинг «Кеча ва Кундуз асарлари мисолида)

Мақолада ўзбек ва инглиз бадиий матнларида қўлланилган фразеологик иборалар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз боради.

Нутқ маданиятида миллийлик руҳи

Мазкур мақолада нутқ маданиятини такомиллаштиришда миллийлик масалалари, нутқнинг равон ва мазмундор бўлиши учун инсон ўз устида ишлаши зарурлиги, тинимсиз машқ қилиш орқали мақсадга эришиш йўллари ҳақида сўз боради.

Тафсири Қушайрий Қўлёзмаси

Бу мақолада ҳижрий тўртинчи асрда яшаган Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрийнинг ҳаёти ва унинг “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” (Қуръон тафсир қилишдаги нозик ишоралар) асари ҳақида маълумот берилган. Асарнинг ўзига хос хусусиятлари, услу...

Маҳмуд Замахшарийнинг дунё қўлёзма фондларида сақланаётган асарлари

Ушбу мақолада аллома Маҳмуд Замахшарийнинг юртимиз кутубхоналари ва қўлёзма фондларида мавжуд бўлмаган, лекин шу билан бир қаторда чет эллик олимлар томонидан ўрганилган баъзи асарлари ҳамда унинг қаламига мансуб деб ҳисобланувчи номи маълум бўлган, ...

Сув омборларидан фойдаланишни яхшилаш мақсадида техник тавсиялар ишлаб чиқиш (Тўдакўл сув омбори мисолида)

Мақолада Тўдакўл сув омборида олиб борилган дала тадқиқотлари асосида унинг техник ҳолати хамда конструктив параметрларига тасир қилувчи салбий омиллар ёритиб берилган. Бу жараёнларни огоҳлантириш (олдини олиш) тадбирлари ишлаб чиқилган.

Задать вопрос