В статье рассматривается актуальная проблема регулирования договоров о внешнеэкономической деятельности в рамках гражданского права Республики Узбекистан. Проанализированы различные виды договорных обязательств.
Ключевые слова: внешнеэкономическая деятельность, внешнеэкономическая сделка, юридическое лицо, внешнеторговое соглашение, Узбекистан
Бугунги ривожланиб бораётган иқтисодий ҳаётда иқтисодиётнинг бир хилда бир хилда мўтадил кетиши учун ташқи иқтисодий фаолиятнинг аҳамияти катта ҳисобланади, шунингдек ривожланиб бораётган бозор муносабатларида турли давлатлар билан сиёсий алоқалар сингари иқтисодий алоқалар ҳам ривожланиб боради. Бу эса иқтисодий ҳаётда бизнеснинг роли нақадар юқори рол ўйнашини билдиради.
Шу билан бир қаторда, 2018 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам экспорт билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Унга асосан 2019-йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт ҳажми 18 миллиард долларга чиқиши кераклиги таъкидлаб ўтилди [1]. Бундан ташқари давлат раҳбари томонидан эълон қилинган янги 2019-йилга берилган “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” ҳам бевосида ташқи иқтисодий фаолият, ташқи савдо ҳамда ташқи иқтисодий битим билан бевосита боғлиқ ҳисобланади. Чунки мазкур давлат дастури асосида мамлакатимизга четдан инвестициялар келиши билан бир қаторда маҳсулотларимизни чет эл бозорига чиқариш ҳам сезиларли даражада кенгайтирилиб борилади. Тадбиркорлик субъектлари фаолияти иқтисодий юксалишнинг муҳим омилларидан бирига айланди, десак асло муболаға бўлмайди. Бу эса ўз навбатида ташқи иқтисодиё битим ҳамда битим тушнчаларини очиб берилиш кераклигини англатади.
Амалдаги Фуқаролик қодекси 101-моддасига асосан битим-фуқаролар ва юридик шахсларларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган ҳаракатларга айтилади [2]. Битим-юридик шахс ва фуқароларнинг ўрнатилган ҳуқуқ ва бурчларини белгилашга, юзага келтиришга ва уни бекор қилишга қаратилган келишувдир [3]. Бунда ҳар қандай битим шахсларнинг эрк-иродаси билан боғлиқ бўлиб, муайян ҳуқуқий оқибат тўғдиришга қаратилади. Битимда фуқаро ва ташкилотларнинг маълум моддий ҳамда маданий эхтиёжларини қондиришга қаратилган эрклари ифодаланилади.
Ташқи иқтисодий фаолиятга оид битимлар чет давлатлардаги юридик ва жисмоний шахсларнинг ўзаро ишлар, товарлар ва хизматларни бажариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган ўзаро келишувдир [4]. Мазкур келтириб ўтилган ҳолатни қуйидагича таҳлил қилишимиз мумкин, яъни ҳар қандай чет эл элементи билан мураккаблашган шартномаларни (бир томонда чет эл жисмоний ёки юридик шахси иштирок этиши шарт) ташқи иқтисодий фаолиятга оид битимлар деб тушуниш мумкин. Қуйидаги ҳолатда ташқи иқтисодий фаолиятда ташқи иқтисодий битим деб эътироф этилиши учун асос бўлади.
− Томонлардан бири хорижий ҳуқуқ субъекти (жисмоний ёки юридик шахс, давлат);
− Томонлардан бири жойлашган манзили хорижда жойлашган бўлиши керак;
− Ташқи иқтисодий битим қаратилган мол-мулк хорижда жойлашган бўлиши керак.
Ташқи иқтисодий фаолиятда ташқи иқтисодий битим асосан шартномалар асосида расмийлаштирилиши боис ташқи савдо битими ва ташқи иқтисодий битим тушунчасида ўзаро фарқ пайдо бўлади [5]. Ушбу ҳолатдан билиб олишимиз мумкинки, ташқи иқтисодий битим ҳамда ташқи савдо битимини очиб бериш талаб этилади.
Ташқи савдо битими-тарафларнинг бири чет эл жисмоний ёки юридик шахс бўлса, предметини товарлар, ишлар, хизматлар, шунингдек интеллектуал фаолият натижалари ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини экспорт ёки импорт қилиш боғлиқ операциялар ташкил этади [6]. Ушбу ҳолатга қуйидагича изоҳ бериб ўтишимиз мумкин. Ташқи савдо операциялари аниқ, яъни савдо операциялари ишлар, хизматлар, ижодий фаолият натижалари ҳисобланади.
Ташқи иқтисодий битим бу — турли давлатларга мансуб шахслар томонидан ишлар, товарлар ва хизматларни амалга оширишга қаратилган манфаатли битим ҳисобланади. Бир сўз билан айтган ташқи савдо битими ташқи иқтисодий битимнинг таркибий қисми ҳисобланади. Ташқи иқтисодий фаолият ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга оид битимларни назарий жихатдан ёритиб бериш мақсадида бир қатор олимларнинг фикрларини келтириб ўтсак мақсадга мувофиқдир.
Е.А Карагулянинг фикрича ташқи иқтисодий фаолият– турли халқаро субъектлар билан иқтисодий, хўжалик, молиявий ишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳисобланади [7]. О. Н. Толочканинг фикрича ташқи иқтисодий фаолият — ташқи савдо, инвестициялар, қурилиш ва бошқа фаолиятлар, шу жумладан ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик, халқаро товарлар алманишуви, иш, хизмат, интеллектуал салоҳият ва бошқа тадбирларни амалга оширишга қаратилган шартномавий келишувдир [8].
Юқоридаги фикларни инобатга инобатга олиб шуни қўшимча қилиш мумкинки ташқи иқтисодий битим бу — турли давлатларга мансуб шахслар томонидан ишлар, товарлар ва хизматларни амалга оширишга қаратилган манфаатли битим ҳисобланади.
Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятга оид мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик масаласида ҳам фикр билдириб ўтиш мақсадга мувофиқди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг VI бўлими бевосита халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларига нисбатан татбиқ қилиш масалаларига бағишланган (ФКнинг 1158–1199-моддалари). Шартномадан ташқари мажбуриятлар билан боғлиқ муносабатлар Фуқаролик кодексининг 1193–1196-моддаларида белгиланган тартибда бир тарафлама ҳаракатлардан иборат мажбуриятлардир. Бунда зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар, истеъмолчига етказилган зарар учун жавобгарлик, бўйича муносабатларни тартибга солиш қоидалари белгиланган бўлиб, улар моҳиятига кўра ҳозирги замон халқаро хусусий ҳуқуқининг тамойилларини ўзида мужассамлаштиради [9].
Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича шартномадан ташқари мажбуриятлар асосан халқаро ҳуқуқий характердаги фуқаролик муносабатларидан иборат бўлади. Зарар етказиш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар ҳақида сўз юритилганда шуни таъкидлаш керакки, бундай ҳолларда асосий коллизион мезон бўлиб, унда зарар етказилган жой қонуни тамойили амал қилади. Масалан, Германия, Италия, Греция, Туркия, Япония ва бошқа бир қатор давлатларда ушбу тамойил амал қилади. Бироқ, турли мамлакатларда деликт (ҳуқуқбузарлик) содир этилган жой турлича тушунилади. Зарар ундирилишини талаб қилишга асос бўлиб ноқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этилган жой ёки шу ҳаракат оқибати келиб чиққан жой ёки иккала ҳолатнинг бир-бири билан узвий боғлиқлиги бўлиши мумкин. Масалан, Швейцария давлатининг «Халқаро хусусий ҳуқуқ тўғрисида»ги Қонунида белгиланишича, агар зарар етказган шахс ва жабрланувчи бир давлатнинг фуқаролари бўлган тақдирда, яъни иккала томон ҳам бир давлатда истиқомат қилишса, зарарни ундириш бўйича келиб чиққан низо шу давлатнинг қонунчилигига асосан суд томонидан кўриб чиқилади [10]. Зарар етказиш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар ҳуқуқий табиатига кўра, қоида тариқасида, асосан фуқаролик ҳуқуқининг, жумладан халқаро хусусий ҳуқуқнинг асосий институтларидан бири бўлиб ҳисобланади. Демак, бу турдаги мажбуриятлар фуқаролик-ҳуқуқий мажбурият сифатида тан олинади ва ўз навбатида, жабрланувчи ўзига етказилган зарар учун тегишли тартибда маълум шаклдаги мулк ёки бошқа бир ашёни, шунингдек зарар етказиш оқибатида келиб чиққан маънавий зарарни қоплашни айбдордан талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, маънавий зарар жабрланувчининг мулкига ёки соғлиғига етказилган зарар қопланишидан қатъий назар талаб қилиниши мумкин [11].
Зарар етказганлик учун жавобгарликка нисбатан зарар етказган шахснинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги содир этилган жойда амал қилинадиган қонун қўлланилади, агар зарар кўрган шахс учун бу афзалроқ бўлса, зарар юзага келган ҳудуддаги мамлакатнинг қонунига амал қилиш керак, агар зарар етказган ва зарар кўрган шахслар битта давлатга мансуб бўлса, бу ҳолда ушбу давлатнинг қонуни қўлланилади, айбли ҳаракатга қодирлик зарар етказганнинг шахсий қонунига ёки деликт (ҳуқуқбузарлик) содир этилган жойнинг қонунига кўра белгиланиши мумкин. Масалан, Хитой Халқ Республикасида ноқонуний ҳаракат содир этиш жойининг қонуни амал қилади [12]. Шундай қилиб, коллизион масалани ҳал қилишда деликт мажбуриятларига нисбатан кўпинча зарар етказилган жойнинг қонуни қўлланилиб, шу билан бирга у, башарти зарар кўрган шахснинг мамлакати ҳуқуқи унга зарарни қоплашга доир яхшироқ имкониятлар туғдирса, тузатишлар билан қабул қилинади. Зарар етказувчи ҳаракат бир мамлакатда содир этилиб, натижаси эса бошқа мамлакатда юзага келса, бирмунча мураккаброқ вазият туғилади. Кўп томонли битимлар (1960 йилда қабул қилинган Атом энергетикаси соҳасида учинчи шахсларга нисбатан бўлган жавобгарлик тўғрисидаги Париж конвенцияси, 1926 йилда қабул қилинган Атом кемалари эгаларининг жавобгарлиги тўғрисидаги Брюссель битими ҳамда 1963 йилда қабул қилинган Ядровий зарар учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик тўғрисидаги Вена битими) тегишли ҳаракат (оқибат) юз берган мамлакатларнинг судлари ваколатлилиги тамойилидан келиб чиқади [13]. Бунда суд ишини кўраётган жойлашган мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланилиши лозим. Лекин, кўп мамлакатлар ушбу битимларга қўшилмагани сабабли, бу каби масалаларга доир алоҳида икки томонлама шартномалар амал қилади. 1929 йилда қабул қилинган Варшава конвенцияси ҳамда 1955 йилда қабул қилинган Гаага протоколига биноан ташувчининг йўловчига, юкига, қўлдаги юкига ҳамда бошқа юкка етказилган зарар учун жавобгарлиги миқдори алоҳида белгиланадиган сумма билан чекланади (масалан, йўловчига етказилган зарар учун 250 минг франк компенсация белгиланган). МДҲ мамлакатлари битимида зарар етказиш оқибатида юзага келадиган мажбуриятлар бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва вазифаларини белгилаш тартиби ҳақидаги коллизион нормалар мавжуд. Уларда зарарни қоплаш тўғрисидаги талабга асос бўлган ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилган мамлакат қонун ҳужжатларида белгиланади. МДҲ мамлакатларининг модел Фуқаролик кодекси белгилайдики, зарар етказилганда истеъмолчига нисбатан қуйидаги ҳуқуқлар қўлланилиши мумкин: истеъмолчи истиқомат қиладиган мамлакатнинг ҳуқуқи, ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатган шахс яшайдиган мамлакатнинг ҳуқуқи, истеъмолчи товар сотиб олган ёки унга хизмат кўрсатилган мамлакатнинг ҳуқуқи тан олинади [14]. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1189-моддасига кўра, хорижий элемент мавжуд бўлган шартномалар Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари унинг томонлари танлаган мамлакат ҳуқуқи воситасида тартибга солинади [15]. Ушбу модданинг мазмуни шартнома томонларини муайян мамлакатда амал қилувчи ҳуқуқий тартиботнигина танлаш ҳуқуқига эга бўлиб, ҳуқуқнинг ва оқилоналикнинг етакчи қоидаларини танлаш имкониятига эга эмаслар, дея талқин этилмоғи лозим. Шартнома тарафлари шартноманинг барча қисмига ёки унинг айрим бўлагига нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқни танлашлари мумкин. Бунда шартнома тузиш пайтида ҳам, кейинчалик ҳам қўлланиладиган ҳуқуқ танланиши мумкин. Шунингдек, шартнома тарафлари шартномага нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқни ўзгартириш масаласини ҳал этишлари мумкин. Амалда кўпчилик ҳолларда томонлар шартнома тузар эканлар, унга нисбатан қайси мамлакат ҳуқуқини қўллаш лозимлиги масаласини ҳал этиш ҳақида ўйлаб кўрмайдилар [16]. Агар шартнома тузувчи тарафлар ўртасидаги келишув билан шартнома муносабатлари қайси мамлакат ҳуқуқига буйсундирилганлиги масаласи ифода этилмаган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1190- моддасига кўра, қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқ коллизия нормалари асосида ҳал этилади. Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, шуни хулоса қилимиз мумкинки бугунги кунда иқтисодий ривожланишни ҳоҳлайдиган ҳар қайси давлат ўзининг мустақил иқтисодиётини йўлга қуйишда экспорт салохиятини, инвестиция жозибадорлиги юксак даражага кўтариши талаб этилади. Ҳозирги вақтда 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” Давлат дастурида кейинги 5 йилда давлатимизга 40 миллиад АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция кириб келиши назар тутилган. Мазкур инвестиция маблағининг 30 миллиарди тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобланади. Экспортни янада қўллаб–қувватлаш масаласи бўйича ишлар жадаллик билан давом эттирилиб келинмоқда. Хусусан, 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йили Давлат дастурида ҳам иқтисодиётни ривожланитириш масаласи бўйича 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида давлат бюджетидан маблағ йўналтирилди. Бундан ташқари янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 майдаги 373-сон Қарори асосида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилди. Бу ҳам ўз навбатида тадбиркорларимизга давлатимиз томонидан берилаётган кенг имкониятларидан бири ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида ташқи иқтисодий битим, уни расмийлаштири ҳамда рўйхатдан ўтказиш ҳамда уни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ муносабатларни юзага келтиради.
Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятга оид шартномаларни, битимларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш жараёнини такомиллаштириш юзасидан бир қатор назарий, амалиётга йўналтирилган ҳамда қонунчиликка таклифларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқди.
Назарий таклифлар
1) Фуқаролик ҳуқуқи, Бизнес ҳуқуқи, Халқаро тижорат ҳуқуқи ва бошқа юриспруденция адабиётларига “Ташқи иқтисодий битим”, “Ташқи савдо битим” тушунчаларини киритиш мақсадга мувофиқдир.
Мазкур ҳолатда Германия, Швейцария, Жанубий Корея давлат тажрибасида ташқи иқтисодий битим ҳамда ташқи савдо битимларини ўзаро фарқли томонлари келтириб ўтилган. Хусусан, ташқи иқтисодий битим-турли давлатлардаги хусусий секторлар ҳамда давлат ташкилотлари ўртасидаги тузиладиган ташқи савдо, кооперация ишлаб чиқариш, инвестиция ҳамда молиявий-валюта кредит фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатдир. Ташқи савдо битим — тарафларнинг бири чет эл жисмоний ёки юридик шахс бўлса, предметини товарлар, ишлар, хизматлар, шунингдек интеллектуал фаолият натижалари ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини экспорт ёки импорт қилиш боғлиқ операциялар ташкил этади.
Амалиётга йўналтирилган таклифлар
1) Ўзбекистон Республикасида ҳам экспорт-импорт шартномаларини давлат рўйхати ва экспертизадан ўтказувчи ягона давлат органини ташкил этиш. Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлигининг фаоляиятини янада такомиллаштириш талаб этилади. Уни мустақил Давлат органи сифатида ташкил этиш керак.
Мазкур ҳолатни хорижий мамлакатлар билан таққослайдиган бўлсак, хорижий давлатларда шартномаларни рўйхатдан ўтказиш учун фақат битта давлат органи масъул хисобланади. Хусусан, АҚШда “Agencies of licenses Centre”, Германияда “Гамбург Савдо Палатаси Хизмат Маркази”, Жанубий Кореяда “One Stop Centre” давлат идоралари томонидан тадбиркорлик шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилади. Ҳар қандай кўринишдаги шартномаларни рўйхатдан ўтказилиши Ягона давлат идораси томонидан амалга оширилса тадбиркорларнинг хусусан, инвесторларнинг вақти тежалади. Бу эса ўз навбатида инвестициянинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Юқоридан келиб чиқиб, Ўзбекисон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1980 йилги “Халқаро товарлар олди-сотдиси тўғрсида”ги Вена конвенциясини ҳамда Халқаро йўк ташиш бўйича шартномаларни тартибга солишга қаратилган “Инкотермс” қоидаларини ратификация қилиш таклиф этилмоқда. Бугунги ривожланган давлат томонидан “Инкотермс” қоидалари мажбурий аҳамият касб этади. Хусусан, Германия 1995, Жанубий Корея 2005, Украина 2005 ратификация қилиб амалда мажбурий кучга эга. Вена конвенциясини Бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатларнинг 20 % ратификация қилган. “Инкотермс” қоидалари ва Вена конвенцияси бизга қуйидаги афзалликларни беради:
− мазкур қоидани қўллаган давлатларнинг халқаро йўк ташиш бўйича томонлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган форс-мажор ҳолатларнинг олди олинади;
− бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларимиз кенгаяди;
− инвестиция оқими жадаллашади;
Ўзбек тадбиркорларининг жаҳон бозорига чиқиши янада осонлашади.
Адабиёт:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси 2018 йил 28 декабр.
- Зокиров И. Б. Фуқаролик ҳуқуқи: Дарслик I қисм. Масъул мухаррир: қайта ишланган ва тўлдирилган бешинчи нашр.-Т.: ТДЮИ нашриёти, 2016. 293-бет.
- Гражданский кодекс Франции. 19 февраля 2018. Ст 2045
- International Trade Centre/ Model cotracts for companies. Legal Guidance for doing international Business Geneva/ ITC. 2018. Page 33
- Allen Overy Basic principles of English contract law. 5 the edition/ 2019. Page 22
- International Trade Centre/ Model cotracts for companies. Legal Guidance for doing international Business Geneva/ ITC. 2018. Page 35
- О. Н. Толочка “Внешне экономическое сделки ” Учебное пособие / ГРГУ, 2017, СТ 5
- Лман И.А, Карагулян Е.А “Методическое пособие для экспортно-ориентированнқх субъектов малого и средного предпринимательства ХМАО-Югри:«Организация внешнеэкономической деятельности предприятий малого и средного предпринимательства "” Екатеренбург ООО Пресс Групп. 2016.
- Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига шарҳ. Адлия вазирлиги. — Т.: «Vektor-Press», 2016. — 816 б. — (Профессионал (малакали) шарҳлар). 445 бет.
- Учет И Анализ Внешнеэкономической Деятельности: учебноепособие для студентов направления бакалавриата 080100.62 «Экономика» и специальности 080109.65 «Бухгалтерский учет, анализ и аудит» всех форм обучения / Е. В. Морозова, И. В. Лотоцкая; Сыкт. лесн. ин-т. — Сыктывкар: СЛИ, 2017. — ст 66
- Основы внешнеэкономической деятельности: методические материалы по изучению дисциплины для студентов, обучающихся по специальности 036401.65 «Таможенное дело» / автор-сост. Л. Г. Акулова / Саратовский госу-дарственный социально-экономический университет. — Саратов, 2016. — 24 с.
- Contract law of The People’s of China.adopted 1999. 15 March. Article 7
- Учет И Анализ Внешнеэкономической Деятельности: учебноепособие для студентов направления бакалавриата 080100.62 «Экономика» и специальности 080109.65 «Бухгалтерский учет, анализ и аудит» всех форм обучения / Е. В. Морозова, И. В. Лотоцкая; Сыкт. лесн. ин-т. — Сыктывкар: СЛИ, 2017. — 88 с.
- Учет И Анализ Внешнеэкономической Деятельности: учебноепособие для студентов направления бакалавриата 080100.62 «Экономика» и специальности 080109.65 «Бухгалтерский учет, анализ и аудит» всех форм обучения / Е. В. Морозова, И. В. Лотоцкая; Сыкт. лесн. ин-т. — Сыктывкар: СЛИ, 2017. — 37 с.
- Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига шарҳ. Адлия вазирлиги. — Т.: «Vektor-Press», 2010. — 816 б. — (Профессионал (малакали) шарҳлар). 455 бет.
- Основы внешнеэкономической деятельности: методические материалы по изучению дисциплины для студентов, обучающихся по специальности 036401.65 «Таможенное дело» / автор-сост. Л. Г. Акулова / Саратовский государственный социально-экономический университет. — Саратов, 2013. — 24 с.