“Тазкирату-л-авлиё” асарининг туркий таржимаси ва унинг қўлёзма нусхалари | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №46 (284) ноябрь 2019 г.

Дата публикации: 16.11.2019

Статья просмотрена: 644 раза

Библиографическое описание:

Махамадходжаев, Б. Х. “Тазкирату-л-авлиё” асарининг туркий таржимаси ва унинг қўлёзма нусхалари / Б. Х. Махамадходжаев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2019. — № 46 (284). — С. 409-413. — URL: https://moluch.ru/archive/284/64014/ (дата обращения: 17.12.2024).



Ушбу мақолада Фариддидин Атторнинг “Тазкирату-л-авлиё” тазкираси ва унинг туркий таржимаси қўлёзма нусхалари манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этилиб, асарнинг бир нечта нусхалари қиёсий ўрганилган.

Таянч иборалар: “Тазкирату-л-авлиё”, Фариддидин Аттор, қўлёзма, туркий таржима, мўътабар нусха,тазкира.

В статье рассматриваются вопросы перевода знаменитого произведения "Тазкирату-л-авлиё" на турецкий язык. Проводится сравнительный анализ различных вариантов перевода.

Ключевые слова: Тазкирату-л-авлиё, Фариддидин Аттор, турецкий язык, перевод.

Шайх Фаридуддин Атторнинг энг машҳур асарларидан бири, шубҳасиз, “Тазкирату-л-авлиё” (Авлиёлар тазкираси) асаридир. Асарнинг иккинчи номи: “Мақомоту-л-авлиё” (Авлиё зотлар, яъни солиҳ зотларнинг фазилатлари ва каромотлари). Мазкур асарда етмиш икки азиз зотнинг ҳол ва ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинган бўлиб, жами икки юз ўттиз учта авлиёнинг номи зикр қилиб ўтилган. Ҳар бир таржимаи ҳол қуйидаги сўзлар билан бошланган: “Нақл астки, шайх (Фалон ибн Фалон)...”, шундан сўнг ўша авлиё зотнинг туғилган жойи, яшаган диёри, сўзлари, каромотлари ҳақида сўз боради.

“Тазкирату-л-авлиё” усмонли турк тилига, чиғатой туркчасига, уйғур тилига ва француз тилига таржима қилинган.

Авлиё зотлар ҳақида ўнлаб маноқиблар, тазкира асарлар ёзилган. Уларнинг орасида Фаридуддин Атторнинг “Тазкирату-л-авлиё” асари ўзининг бадиий услуби ва ўзига хос жиҳатлари биланалоҳида ажралиб туради. Шайх Фаридуддин Аттор ўз асарида юзга яқин авлиёнинг таржимаи ҳоли, каромотлари ва сўзларини жамлаган. Улуғ сўз санъаткори, яъни кучли бадиий истеъдод эгаси бўлган Фаридуддин Аттор бу асарида бетакрор адабий услуб ва ғоят таъсирчан тарзда авлиё зотлар хусусида сўз юритган [9].

ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар ҳазинасида сақланаётган “Тазкирату-л-авлиё” асарининг қўлёзма нусхалари ичида энг қадимий нусхаси № 4267 / 1 рақами остида сақланади. Мазкур нусханинг асарнинг энг қадимий нусхаси эканлигига унинг китобат қилинган (яъни, кўчирилган) санасидан билиб оламиз. Бу нусха шоир вафотидан 65 йил ўтгач, кўчирилган бўлиб, сулс хатидадир. Сарлавҳалари (яъни, авлиёларнинг ҳар бирининг номи) қизил рангда битилган ва рамкага олинган. Қоғози шарқ қоғози, ишлов берилган сифатли қоғоздир. Ушбу нусханинг кўчирилиш санаси: ҳижрий 698 сана Ражаб ойи (мелодий 1299 йил, апрел). Нуқсони: асарнинг биринчи варағи йўқ. Асар жами 242 варақдан иборат (1б — 242 а). Ўлчови: 15 х 23 см.

Мазкур нусханинг бошланиши:

... و بصرهم بغامض سراير النبيين و حصن الاصفاء و الاتقياء من اتباعة الدين اما بعد

جون از قرآن و احاديث گذاشتي هيچ سخن بالاتر از سخن مشايخ طريقت نيست رحم هم الله كه

سخن يشان نتيجه كار و حال است نه ثمره حفظ و قال

Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар ҳазинасида “Тазкирату-л-авлиё” асарининг 55 та қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, уларнинг саккизтаси туркий тилга қилинган таржима нусхаларидир. Булардан биттаси “Тазкирату-л-авлиё” асарининг уйғур тилига қилинган таржимаси ҳисобланади. Мутаржими: умрининг охирини Қўқонда ўтказишга мажбур бўлган асли Ёркандлик олим, шоир Муҳаммад Сиддиқ Рушдийдир. У асарнинг муқаддимасида “Мен шайх Фаридуддин Атторнинг машҳур “Тазкирату-л-авлиё” асарини таржима ва шарҳ қилишга ҳижрий 1190 сана (мелодий 1776 йил)да ибтидо қилдим, тўрт йил тамом бўлганда итмомига (охирига) еткурдим” деб ёзган.

Туркий тилга қилинган таржималарнинг аксариятининг аввали ё охири нуқсонлидир. Аммо тўлиқ бўлган ва чиройли ҳуснихат билан настаълиқ хатида кўчирилган нусхалари ҳам мавжуд. Айниқса, № 77 / 2 инв. рақамли қўлёзма бунга далил бўла олади. Ушбу қўлёзма нақш рамкали, муқаддима қисми аввали бежирим лавҳалидир. Мазкур таржима Муҳаммад Раҳимхон Баҳодирхон буйруғига биноан Муҳаммад Юсуф Охунд Хоразмий томонидан ҳижрий 1327 (мелодий 1909) йилда амалга оширилган. Таржиманинг битта жилдда мавжудлиги, ёзувининг хушхат эканлиги ва таржима аслиятига мувофиқ, катта омонатдорлик билан амалга оширилганлигини назарда тутиб, ушбу нусха“Тазкирату-л-авлиё” асари таржимасининг тўлиқ ҳолда сақланган нусхасидир, дейишимизга асос бўла олади.

ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланаётган “Тазкирату-л-авлиё” асарининг юқорида баён қилинган энг қадимий нусхасидан бошқа қирқдан зиёд қўлёзма нусхалари ҳам мавжуд. “Тазкирату-л-авлиё” асарининг мазкур қўлёзмалари турли даврларда кўчирилган. Улар хат турига, безак берилганлиги ва ё аксинча безаксизлигига, оддий кўринишга эга эканлигига, қоғозининг сифатига ва бугунгача қай аҳволда сақланганлигига, муқовасининг юпқа ёки қалинлигига, муқова олди ва орқасига нақшлар, муҳри бор ёки йўқлигига қараб бир-биридан фарқланади. Китоб варақлари четидаги муҳрлар эса, ўша нусханинг асл соҳиблари томонидан босилган бўлиб, китоб қандай сифатда тайёрланганлигига, кўчирилганлигига ва муқоваланганлигига қараб ҳам буюртмачининг кимлигини таҳмин қилиш ҳам мумкин.

Келгусида Тошкент қўлёзма фондларида сақланаётган “Тазкирату-л-авлиё” асари қўлёзма нусхаларининг каталогини тузиш ва ана шу нусхалар асосида “Тазкирату-л-авлиё” асарининг илмий-изоҳли нашрини амалга ошириш лозим. Шунингдек, мазкур асарнинг Тошкент нусхалари асосида илмий-танқидий матнини ҳам тайёрлаш керак. Чунки хорижлик тадқиқотчиларнинг илмий ишларида Тошкент қўлёзма фондларида сақланаётган китоблар ҳақида сўз юритилмаган. Демак, биз танишиб чиққан “Тазкирату-л-авлиё” асарининг қўлёзма нусхаларидан хорижлик тадқиқотчиларнинг бехабар эканлиги маълум бўлмоқда. Шу жиҳатдан ҳам “Тазкирату-л-авлиё” асарининг Тошкент қўлёзма фондларида сақланаётган юзга яқин қўлёзма нусхаларинива асарнинг туркий тилга таржима қилинган таржимаси қўлёзмалари нусхаларини матншунослик ва манбашунослик ҳамда адабиётшунослик фани нуқтаи назаридан тадқиқ қилиш ниҳоятда муҳим, долзарб вазифалардан биридир.

“Тазкирату-л-авлиё” асарининг ўнга яқин туркий таржимаси мавжуд. ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар ҳазинасида ҳижр. 1254 (мел. 1858) — 1327 (мелод. 1909) йиллар мобайнида кўчирилган нусхалари бор.

Қуйида мазкур қўлёзма нусхалар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз:

  1. 869 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё” таржимаси” деб номланган мазкур қўлёзма ҳижрий 1254 (мелод. 1858 йил) да кўчирилган бўлиб, хати настаълиқ услубида. Қўлёзманинг ўлчови: 21,5х35,5 см. Ҳар варақда 21 йўл ёзув битилган. Мазкур нусха жами 228 варақни ташкил қилади.

Асарни туркий тилга таржима қилган шахс — Хожа Шоҳ ибн Саййид Аҳмад ал-Хоразмийдир.

Асарнинг бошланиши:

بسم الله الرحمن الرحيم الحمد لله الجواد بافضل انواع النعماء المنان باشرف العطاء المحمود في اعلى فرد العزت الكبراء المعبود باحسن اجناس العبادات في اعماق الارض و اطباق السماء

Асарнинг охирги жумласи:

تمت الكتاب بعون الملك الوهاب تاريخ ماه سنة 1254 رمضان المبارك برحمتك يا ارحم الراحمين

Китоб фиҳристи (мундарижаси) 60а-60б варақда бўлиб, жами 72 авлиё зот номи рўйхат қилинган.

Бу рўйхат 1. Имом Жаъфар Содиқ (разияллоҳу анҳу) зикри билан бошланган ва 72. Ҳусайн Мансур Ҳаллож (раҳматуллоҳи алайҳ) зикри билан тугаган.

  1. 868/1 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё” таржимаси”. Ушбу қўлёзма юқоридаги нусханинг айниси. Фақат асарнинг кўчирилиш санаси бирмунча кейинроқ амалга оширилганлигига далолат қилади. Яъни, асар ҳижр. 1291 (мелод. 1874) йилда китобат қилинган. Таржимон: Хожа Шоҳ ибн Саййид Аҳмад. Котиб: Мулло Муҳаммад Юсуф. Асар настаълиқ хатида бўлиб, 15 йўл қилиб кўчирилган. Ўлчови: 20,5х34,5 см. Асар жами 321 варақни ташкил қилган.
  2. 2061/3 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё” таржимаси”. Мазкур нусха ҳам юқоридаги икки нусха билан деярли бир хил ўхшашликда бўлиб, фақатгина охирги варағи йўқ. Асар аввалида таржимон номи “Хожа Шоҳ ибн Саййид Аҳмад” деб ёзилган. Асар ҳижр. 1259 (мелод. 1843) йилда кўчирилган. Настаълиқ хатида, ўлчови: 20х34,5 см. Ҳар варағида 21 йўл ёзув мавжуд.

Котиби, яъни кўчирувчиси номаълум, чунки мазкур қўлёзманинг охирги варағи йўқолган.

  1. 77/1 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё” таржимаси” деб номланган ушбу қўлёзма нусха настаълиқ хатида 21 йўл қилиб, 14,5х24,5 см ўлчовда кўчирилган. Асар жами 192 варақдан иборат. Таржиманинг тил услуби ўн тўртинчи-ўн бешинчи аср чиғатой тилини эслатади, афсуски, котиби ва кўчирилган санасини аниқлашнинг имкони бўлмади. Мазкур қўлёзма 23 варағининг ҳар икки томонида турли ёзувлар, изоҳлар битилганлиги билан бошқа нусхалардан фарқ қилади.

Қўлёзма бўш қодирилган варақларни ҳам ҳисоблаганда жами 207 варақдан иборат. Муқаддима қисми аввали, яъни “Тазкирату-л-авлиё”нинг аслиятига тегишли бўлган муқаддима қисми йўқ. Китобдаги ҳар бир авлиё зот номи, сарлавҳалар, байт, нақл қилингандирки каби сўзлар қизил сиёҳда ёзилган. Хат тури хушхат настаълиқ.

Қалин муқова картонга юрқа чарм қопланган. Олд муқова лаклангани учун ялтироқ тусда. Муқова ўртасида бўртма гул нақш, юқори қисмида эса, ромб шаклида саҳҳоф (яъни, муқовасоз)нинг муҳри бор. Муҳр ёзуви:

عمل محمد ضريف صحاف(1217)

Тахминимизга кўра, “Тазкирату-л-авлиё” асарининг туркий тилга қилинган таржималари ичида ушбу қўлёзма энг қадимийроғи бўлиши мумкин.

  1. 7298 инв. рақамли қўлёзма. Бу насха ҳам “Тазкирату-л-авлиё” таржимаси” деб номланган бўлиб, китобат қилинган санаси ҳижр. 1276 (мелод. 1859 йил). Мутаржим: Хожа Шоҳ ибн Саййид Аҳмад Хоразмий. Асар жами 253 варақдан иборат, ўлчови: 20,5х34,5 см., 17 йўлли, настаълиқ хатида кўчирилган.
  2. 870 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё” таржимаси”, 2-дафтар” деб қайд қилинган мазкур нусха қўлёзма охирида берилган маълумотга кўра: ҳижрий 1327 сана (мелод. 1909 йил)да Рабийъул-аввал ойининг 22-чиси Душанба куни китобат қилинган (кўчирилган) бўлиб, таржимони: Хожа Шоҳ ибн Саййид Аҳмад. Кўчирувчиси эса: Муҳаммад Юсуф Охунд.

Асар настаълиқ хатида, 25 йўлли қилиб, 17х27 см ўлчовда кўчирилгандир. Жами 248 варақдан иборат.

Қўлёзма қалин картон муқовали, бўртма нақшлик. Қоғози (ўрта сифатдаги) рус қоғози, чунки ёруғликка тутиб қаралганда, қоғоз фонида учта чўртан балиқ сурати кўринади. Қўлёзма варақларининг четида юмалоқ муҳр бор. Афсуски, муҳрдаги ёзувни ўқишнинг иложи бўлмади.

Мазкур асарнинг “нақл қилибдурларким”, “байт”, “зикри.... раҳматуллоҳи алайҳ” каби ёзувлари қизил рангда ёзилган.

Асарнинг бошланиши

بسم الله الرحمن الرحيم الحمد لله الجواد بافضل انواع النعماء المنان باشرف العطاء المحمود في اعلى فرد العزت الكبراء المعبود باحسن اجناس العبادات في اعماق الارض و اطباق السماء

Асарнинг охирги жумлалари:

Ва бу таржима мутолаа ва китобати жаннатмакон Арабхон марҳумий мадрасасида вуқуъга келди. Илоҳий мазкур подшоҳимизни ҳамиша тавфиқи адолат била умру давлатин зиёда қилиб, машойих ва сулаҳо ва уламо ва риоялариға амният била давлати соясида зиндагончиликни ило йавми-л-қийом насиб ва рузий қилғойсен, омийн йо Рабба-л-оламийн.... Иннака анта ал-изза ал-икром. Тамма.

Мазкур қўлёзманинг 4б варағида мутаржим ўзини “Хожашоҳ ибн Саййид Аҳмад ибн Саййидуллоҳ Аллоҳҳайдар ал-Мусавий ал-Хоразмий” деб таништирган.

Муқаддима охирида эса, асарда муборак таржимаи ҳоллари баён қилинган авлиё зотларнинг номлари рўёхат қилиб келтирилган бўлиб, жами тўқсон бешта авлиё номидан иборат. Шайх Фаридуддин Аттор “Тазкирату-л-авлиё” асари муқаддимасида асарда зикр қилинган авлиё зотларнинг номлари мундарижасини ёзмаган. Аммо туркий таржиманинг барча нусхаларида муқаддима сўнгида мундарижа баён қилинган ва ҳар бир авлиё зот номидан сўнг қизил рангда (ўша зотнинг зикри қайси варақда эканлигини билдириш учун) араб сонлари билан ёзиб қўйилган.

  1. 4398 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё” таржимаси”. Мазкур нусханинг ўлчови: 20,5 х 25,5 см. 15 йўлли, жами 231 варақдан иборат. Хат услуби настаълиқ. Таржимони ва котиби маълум эмас.

Қўлёзманинг муқаддима қисми аввали йўқ. Асар қуйидаги жумлалар билан бошланган:

Имом Абду(р)раҳмон Уккофдин сўр(а)диларким: “Киши Қуръон ўқур ва билмаским, не ўқур. Онга ҳеч асари бўлғойму?” Ойди: “Киши дору ейур ва билмаским, не ейур, асар қилур. Агар ўзи билмасаким, не ўқур, онинг асари кўб турур”.

Китобнинг охирги жумлалари эса қуйидаги маснавий ва китобат қилинган санага доир маълумотдан иборат:

Гар изҳори сано бўлса риоя,

Бас, айла шунча ҳам этмақ кифоя.

Таммат ал-китаб би-авни ал-Малик ал-Ваҳҳоб йавма йакшанба фий шаҳри Жумодий ас-Соний 1259 саната.

Мазкур қўлёзма нусхаси тахминимизча, Хоразм нусхасининг айнан ўзи.

  1. 12128 инв. рақамли қўлёзма. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида юқоридаги етти туркий таржималари билан бирга “Тазкирату-л-авлиё” асарининг яна бир таржимаси мавжуд бўлиб, у “Тазкирату-л-авлиёи туркий” деб номланади. Ушбу қўлёзма фиҳристда “Таржимаи ва шарҳи Тазкирату-л-авлиё” деб қайд қилинган. Таржимон ва шориҳ: Муҳаммад Сиддиқ Рушдийдир. Бу қўлёзма “Тазкирату-л-авлиё” асарининг уйғур тилига қилинган таржимаси ҳисобланади. Мутаржими: умрининг охирини Қўқонда ўтказишга мажбур бўлган асли Ёркандлик олим, шоир Муҳаммад Сиддиқ Рушдийдир. У асарнинг муқаддимасида “Мен шайх Фаридуддин Атторнинг машҳур “Тазкирату-л-авлиё” асарини таржима ва шарҳ қилишга ҳижрий 1190 сана (мелодий 1776 йил)да ибтидо қилдим, тўрт йил тамом бўлганда, итмомига (охирига) еткурдим” деб ёзган.

Биз қўлёзмани кўздан кечирганимизда, “Тазкирату-л-авлиё” асарининг уйғурча таржимаси эканлигига амин бўлдик. Шунинг учун бу нусха ҳақида тўхталмаймиз.

17–18 асрлар мобайнида ҳам “Тазкирату-л-авлиё” асари бир неча бор туркий тилга таржима қилинган. Асарнинг туркий тилга қилинган энг муваффақиятли таржимаси Хоразмда, Муҳаммад Раҳимхон Феруз томонидан буюртма асосида амалга оширилган “Таржимаи “Тазкирату-л-авлиё” дир. Мазкур асарнинг бир нечта нусхаси ЎзР ФА Шарқшунослик қўлёзмалар институти фондида сақланади.

Биз мазкур мақоламизда асарнинг туркий таржималарига доир жиҳатларни ёритишга ҳаракат қилдик. Келгусида “Тазкирату-л-авлиё” асарининг форсий ва туркий тиллардаги қўлёзмаларини қиёсий таҳлил қилиш баробарида, уларни чуқурроқ тадқиқ қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Адабиётлар:

  1. Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская литература. /глава Навои и Аттор. Избранные труды. — Москва. Наука. Главная редакция Восточной литературы. 1965.
  2. Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская литература. — Москва. Наука. Главная редакция Восточной литературы. 1965.
  3. Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР (СВР). Том — 2, — Ташкент, 1954г.
  4. Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР (СВР). Том — 3, Ташкент, 1955г.
  5. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди, № 8455 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё”. 390 варақ.
  6. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди, № 77 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё таржимаси”. 400 варақ.
  7. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди, № 4398 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё таржимаси”. 405 варақ.
  8. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди, № 870 инв. рақамли қўлёзма. “Тазкирату-л-авлиё”. 387 варақ.
  9. Nefahatül Üns (Evliya Menkıbeleri) Abdurahman Caamiy., (Terjume ve Serh Laamiy Celevi)., Istanbul — Marifet yayinleri, 1995. s-21.
Основные термины (генерируются автоматически): Восточная литература, восточная рукопись Академии наук, главная редакция, китобат, Москва, суфийская литература, Ташкент, турецкий язык.


Ключевые слова

“Тазкирату-л-авлиё”, Фариддидин Аттор, қўлёзма, туркий таржима, мўътабар нусха, тазкира

Похожие статьи

Тафсири Қушайрий Қўлёзмаси

Бу мақолада ҳижрий тўртинчи асрда яшаган Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрийнинг ҳаёти ва унинг “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” (Қуръон тафсир қилишдаги нозик ишоралар) асари ҳақида маълумот берилган. Асарнинг ўзига хос хусусиятлари, услу...

Маҳмуд Замахшарийнинг дунё қўлёзма фондларида сақланаётган асарлари

Ушбу мақолада аллома Маҳмуд Замахшарийнинг юртимиз кутубхоналари ва қўлёзма фондларида мавжуд бўлмаган, лекин шу билан бир қаторда чет эллик олимлар томонидан ўрганилган баъзи асарлари ҳамда унинг қаламига мансуб деб ҳисобланувчи номи маълум бўлган, ...

Талабаларининг жисмоний маданият соҳасида илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш тизимини асосий муаммолари

Мазкур мақола жисмоний маданият соҳаси талабаларининг илмий фаолиятини ташкил этиш тизимини муаммолари ва у фаолиятни такомиллаштириш йўллари борасида фикрлар келтирилган.

Шахс касбий йўналганлиги ривожланишида масъулиятлиликнинг аҳамияти

Мазкур мақолада касбий масъулиятлилик, шахснинг мотивлар тизимининг ўзига хослиги, касбий йўналганликда қизиқишлар ва шахсни бирлиги масалари таҳлил қилинган.

Акмалхон тўра Тошкандий ва унинг “Тажвид Умму-л-Китоб” манзумаси

Акмалхон Тўра Тошкандий (ХIХ) Тошкентда яшаб ва ижодий фаолиятини олиб борган ҳамда Бухорода ҳам истиқомат қилган. У араб, форс ҳамда туркий тилларда ижод қилган нодир олимлардан биридир. Унинг ҳаёт ва ижоди батафсил ўрганилган эмас. Назмий ва насрий...

Ўзбекистонда таржима назариясининг шаклланиши

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳондаги бошқа халқлар, мамлакатлар ўртасида қанчалик обрў-эътибори ва нуфузга эга бўлаётганлигини мамлакатимизга чет эл инвесторларининг кириб келиши, ХIХ аср тараққиёти, тараққиётнинг ўзбек модели, ҳамда ўзбек адабиёти...

Бўлажак тасвирий санъат ўқитувчисининг касбий маҳоратларини такомиллаштиришда амалий машғулотларни ташкил этиш методикаси

Мақолада бўлажак тасвирий санъат ўқитувчиларини касбий тайёрлашда назарий ва амалий билимларнинг уйғунлиги, тасвирий санъатнинг асоси бўлган қаламтасвирнинг назарий ва амалий машқлар бажаришнинг аҳамияти хақида ишлаш жараёнида сўз боради. Талабаларга...

«Масъулият» тушунчасининг моҳияти ва унинг ижтимоий талқини

Мақолада “масъулият” тушунчасининг ижтимоий-педагогик талқини, бошланғич синф ўқувчиларида масъулият ҳиссини тарбиялашнинг мазмуни ва ташкилий масалалари, оиланинг ўқувчиларда масъулият ҳиссини тарбиялашдаги имкониятлари ёритилган.

Халқ оғзаки ижодида сўз санъати

Ёш авлодни маънавий тарбиясини мукаммал қилиш, уларнинг қалбида ватанга бўлган муҳаббат, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни шакллантириш, ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашда халқ оғзаки ижоди намуналарининг муҳим жихатлари: бахшиёна достонлар, иб...

Қадимги туркий мақолларда эллипсис ҳодисаси («Девону луғати-т-турк» асаридаги мақоллар мисолида)

Ушбу мақолада Маҳмуд Кошғарий «Девону луғати-т-турк» асарида келган мақолларда эллипсис ҳодисасининг қўлланиши, унинг мақол таркиби ва мазмунига таъсири тўғрисида фикр юритилади.

Похожие статьи

Тафсири Қушайрий Қўлёзмаси

Бу мақолада ҳижрий тўртинчи асрда яшаган Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрийнинг ҳаёти ва унинг “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” (Қуръон тафсир қилишдаги нозик ишоралар) асари ҳақида маълумот берилган. Асарнинг ўзига хос хусусиятлари, услу...

Маҳмуд Замахшарийнинг дунё қўлёзма фондларида сақланаётган асарлари

Ушбу мақолада аллома Маҳмуд Замахшарийнинг юртимиз кутубхоналари ва қўлёзма фондларида мавжуд бўлмаган, лекин шу билан бир қаторда чет эллик олимлар томонидан ўрганилган баъзи асарлари ҳамда унинг қаламига мансуб деб ҳисобланувчи номи маълум бўлган, ...

Талабаларининг жисмоний маданият соҳасида илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш тизимини асосий муаммолари

Мазкур мақола жисмоний маданият соҳаси талабаларининг илмий фаолиятини ташкил этиш тизимини муаммолари ва у фаолиятни такомиллаштириш йўллари борасида фикрлар келтирилган.

Шахс касбий йўналганлиги ривожланишида масъулиятлиликнинг аҳамияти

Мазкур мақолада касбий масъулиятлилик, шахснинг мотивлар тизимининг ўзига хослиги, касбий йўналганликда қизиқишлар ва шахсни бирлиги масалари таҳлил қилинган.

Акмалхон тўра Тошкандий ва унинг “Тажвид Умму-л-Китоб” манзумаси

Акмалхон Тўра Тошкандий (ХIХ) Тошкентда яшаб ва ижодий фаолиятини олиб борган ҳамда Бухорода ҳам истиқомат қилган. У араб, форс ҳамда туркий тилларда ижод қилган нодир олимлардан биридир. Унинг ҳаёт ва ижоди батафсил ўрганилган эмас. Назмий ва насрий...

Ўзбекистонда таржима назариясининг шаклланиши

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳондаги бошқа халқлар, мамлакатлар ўртасида қанчалик обрў-эътибори ва нуфузга эга бўлаётганлигини мамлакатимизга чет эл инвесторларининг кириб келиши, ХIХ аср тараққиёти, тараққиётнинг ўзбек модели, ҳамда ўзбек адабиёти...

Бўлажак тасвирий санъат ўқитувчисининг касбий маҳоратларини такомиллаштиришда амалий машғулотларни ташкил этиш методикаси

Мақолада бўлажак тасвирий санъат ўқитувчиларини касбий тайёрлашда назарий ва амалий билимларнинг уйғунлиги, тасвирий санъатнинг асоси бўлган қаламтасвирнинг назарий ва амалий машқлар бажаришнинг аҳамияти хақида ишлаш жараёнида сўз боради. Талабаларга...

«Масъулият» тушунчасининг моҳияти ва унинг ижтимоий талқини

Мақолада “масъулият” тушунчасининг ижтимоий-педагогик талқини, бошланғич синф ўқувчиларида масъулият ҳиссини тарбиялашнинг мазмуни ва ташкилий масалалари, оиланинг ўқувчиларда масъулият ҳиссини тарбиялашдаги имкониятлари ёритилган.

Халқ оғзаки ижодида сўз санъати

Ёш авлодни маънавий тарбиясини мукаммал қилиш, уларнинг қалбида ватанга бўлган муҳаббат, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни шакллантириш, ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашда халқ оғзаки ижоди намуналарининг муҳим жихатлари: бахшиёна достонлар, иб...

Қадимги туркий мақолларда эллипсис ҳодисаси («Девону луғати-т-турк» асаридаги мақоллар мисолида)

Ушбу мақолада Маҳмуд Кошғарий «Девону луғати-т-турк» асарида келган мақолларда эллипсис ҳодисасининг қўлланиши, унинг мақол таркиби ва мазмунига таъсири тўғрисида фикр юритилади.

Задать вопрос