Мақола саноат корхоналарини ишлаб чиқариш фаолиятини модернизация қилиш, янги техника ва технология билан қуроллантиришда молиялаш муаммоларини хал этишнинг устувор йўналишларидан бири бўлган лизинг муносабатлари, унинг ижара ҳамда кредитдан фарқловчи жиҳатлари ва афзалликларини ёритишга бағишланган.
Калит сўзлар: лизинг, ижара, кредит, лизинг муносабатлари, лизинг устунликлари, лизинг афзалликлари.
В статье рассматриваются лизинговые отношения, как один из приоритетов решения проблемы модернизации производственной деятельности промышленных предприятий, финансирования новой техники и технологии, изучены особенности и преимущества лизинга.
Ключевые слова: лизинг, аренда, кредит, лизинговые отношения, преимущества аренды.
The article discusses leasing relations as one of the priorities for solving the problem of modernizing the production activities of industrial enterprises, financing new equipment and technology, and studying the features and advantages of leasing.
Таҳлил ва натижалар
Лизингнинг тавсифи инвестицион белгиларни мавжудлигидан далолат беради, чунки технологик жиҳатдан янги жиҳозларни сотиб олиш молиялаштирилади. Лизингдан фойдаланиш нафақат молиявий капитал бозори субъектлари функциялари ва имкониятларини кенгайтиришга, балки миллий иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Лизинг муносабатларида фақатгина хўжалик субъектлари фаол қатнашиб, бевосита давлат аралашуви талаб этилмайди. Унга кўра лизинг олувчи маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш жараёнида кўрсатган хизматлари учун лизинг берувчига пул ёки моддий кўринишда инвестиция харажатларини ва мукофот пули тўлайди
Инвестицияларни молиялаштиришни ушбу шакли йирик, бир марталик моливий маблағларни талаб қилмайди ҳамда саноатга капитални жалб қилиш, шунингдек хорижий инвесторлар маблағларидан фойдаланиш учун шароит яратади. Лизингдан самарали фойдаланиш унинг хусусиятларини ва ички моҳиятини тўғри тушуниб олишни талаб қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида лизингнинг ривожланиши нафақат мамлакатимизнинг турли вилоятларида жамланган тажрибани умумлаштиришни, балки чет эл, айниқса саноати ривожланган мамлакатларда лизинг фаолиятини ташкил этилиш шакл ва усулларини ҳар томонлама таҳлил қилишни тақозо этади. Лизинг муносабатлари моҳиятини англаш нафақат кўп йиллик чет эл тажрибасига, балки кўп жиҳатдан лизинг ривожланишининг тарихига боғлиқ. Шунинг учун “Лизинг муносабатлари” тушунчаси иқтисодий мазмунини ёритаётганда ушбу икки омилни ҳисобга олиш керак. Ҳар қандай мураккаб иқтисодий тушунчалар каби лизинг тушунчасининг ҳам бир неча талқинлари мавжуд.
“Лизинг” сўзи инглизча “lease” –феълидан келиб чиққан бўлиб, “мулкни узоқ муддат ижарага ёки вақтинча ишлатиб туриш учун бериш ёки топширишни билдиради”. Шу нуқтаи назардан аксарият ҳолларда лизингга ижара ҳусусиятидан келиб чиққан ҳолда таъриф берилади. Шундай ҳолатни Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган “Лизинг тўғрисида”ги 756-I сонли Қонунида ҳам кузатиш мумкин [13]. Мазкур қонуннинг 2-моддасида лизинг тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Лизинг (молиявий ижара) ижара муносабатларининг алоҳида тури бўлиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олади ва уни шу шартномада белгиланган шартларда ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради”.
Юқоридаги қонунда лизинг муносабатларида учта томон қатнашиши мажбурлиги белгилаб қўйиляпти. Бу ҳолат соҳага бағишланган баъзи илмий адабиётларда ҳам учраб, лизинг муносабатларида “учта ва ундан ортиқ субъект қатнашади: ускуналарни етказиб берувчи, лизинг (молия) компаниялари ва фойдаланувчилар” кўринишида ифодаланиши шулар жумласидандир. Аммо бугунги кунда хорижий мамлакатларда кенг қўлланилаётган лизинг турларини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг ҳаммасида ҳам учта томон иштирок этмаслигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Масалан, қайтариладиган лизингни оладиган бўлсак, унда икки томон иштирок этади. Булар айланма маблағларга муҳтожлик сезган корхона ва маблағ таъминотчиси (молия ташкилоти, яъни лизинг берувчи) иштирок этади. Корхона ўз мулкининг талаб қилинадиган айланма маблағ суммасига тенг қисмини лизинг берувчига шартнома асосида беради. Натижада корхона айланма маблағга эга бўлиш орқали ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантиришга эришади ва шартнома амал қилиш муддати тугагандан сўнг лизинг берувчидан мулкни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса юқоридаги таърифга кўра лизингнинг бундай, яъни икки хўжалик субъекти ўртасида амалга оширилиши мумкин бўлган тури четлаб ўтилаётганидан далолат беради, дейиш мумкин.
Лизинг фаолиятига тўла-тўкис баҳо бериш учун, энг аввало, унинг иқтисодий моҳиятини ўрганиш талаб этилади.
Лизинг фаолияти ўзида маълум муддат фойдаланилмай турган ёки жалб қилинган молиявий ресурсларни инвестициялашни гавдалантириб, лизинг берувчи шартли мулкий шартнома асосида ишлаб чиқарувчи мулкига эга бўлиш ва бу мулкни лизинг олувчига тадбиркорлик мақсадида вақтинчалик тўлов шарти асосида тақдим этишни ифодалайди. Лизинг берувчи ишлаб чиқарувчига тақдим этадиган мулкни ўз маблағлари ёки жалб қилинган маблағлар ҳисобига молиялаштириши мумкин. Бу Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган “Лизинг тўғрисида”ги 756-I сонли Қонуннинг 8-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.
Иқтисодчи олимлар орасида лизинг таърифи бўйича турли қарашлар мавжуд. В. М. Джуха, М. И. Лещенко томонидан лизинг узоқ муддатли ижарага тенглаштирилади.Лизингга ижара шакли сифатида таъриф берилади [14]. Масалан, “лизинг — молия-кредит муносабатларининг шаклларидан бири бўлиб, корхоналар томонидан машина, асбоб-ускуна ва шунга ўхшашларни узоқ муддатли ижарага олинишини англатади” ёки “лизинг ижара муносабатларининг алоҳида шакли” кабилар. Аммо улар ўртасида фарқ қилувчи жиҳатлар тўлиқ очиб берилмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда “лизинг” ва “ижара” муносабатлари ўртасида фарқни очиб бериш юзасидан хусусий фикрларимизни баён қиламиз [15,16].
Лизинг ва ижара тавсифларини таққослаш давомида аниқландики, фикримизча, лизинг ўзига хос устунликларга эга, хусусан мулкни олувчи ижарачидан фарқли равишда ўзига зарур бўлган мулкни буюртма асосида олиш имкониятига эга, яъни лизинг келишувида лизинг олувчи фаол рол ўйнайди. Бунинг оқибатида мулкни ишлатиш билан боғлиқ барча рисклар унга юкланади. Ижара келишуви тузилганда эса ижарачи ижарага олинган мулк бўйича жавобгар ҳисоблансада, ижарага берувчи таклиф этган мулк билан чекланиб қолади. Бундан ташқари, ижара шартномасидан фарқли равишда лизинг келишуви субъекти бўлиб, лизинг келишуви схемасида иштирок этувчи мулк таъминотчилари ҳам майдонга чиқади. Лизинг келишувини тузишда суғурталашни лизинг олувчи, ижара шартномасида эса ижарага берувчи амалга оширади.
Лизинг ва ижара орасидаги асосий фарқларни фикримизча қуйидагича тавсифлаш мумкин (1-жадвал).
1-жадвал
Лизинг ва ижаранинг таққослама тавсифи
Таққослаш объекти |
Ижара |
Лизинг |
Келишув иштирокчилари, яъни субъектлар |
Ижарага олувчи Ижарага берувчи |
Лизинг олувчи Лизинг берувчи Лизинг объектини сотувчи |
Мулкни етказиб берувчини танлашда лизингга ва ижарага олувчи роли |
Пассив |
Фаол |
Сотувчи (мулкни етказиб берувчи) нинг иштироки |
Йўқ |
Лизинг берувчи билан олди-сотди шартномаси |
Аниқланган камчиликлар ва мулкнинг тасодифан ишдан чиқиши билан боғлиқ хатарларнинг тақсимланиши |
Ижара берувчига |
Лизингга олувчига юклатилади |
Манба: муаллиф томонидан ишлаб чиқилган.
Жадвалда келтирилган фарқларни қуйидагича тўлдириш мумкин:
Биринчидан, қисқа ва узоқ муддатли ижара сифатида, энг аввало, иккиёқлама муносабатлар тушунилади. Лизингда эса мулк эгаси ва ундан фойдаланувчи орасидаги воситачи, яъни лизинг берувчи мавжуд бўлиб, у молиявий битимни тузиш билан шуғулланади.
Иккинчидан, лизинг шароитида мулкни ва унинг ишлаб чиқарувчисини танлаш лизинг олувчи томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, лизинг берувчи мулкни ишлаб чиқарувчига мулкни лизингга бериш учун сотиб олинаётгани тўғрисида ахборот беришга мажбурдир.
Мулк унинг сотувчиси томонидан лизинг олувчига унинг жойлашган манзили ёки шартномада кўрсатилган бошқа манзилда топширилади ва фойдаланувчи томонидан фойдаланишга қабул қилинади.
Лизингга берувчида фақат мулк учун тўлов ва сотувчи билан олди-сотди шартномасини бекор қилиш мажбурияти қолади. Ижарада мулк сотувчиси қатнашмайди ёки мустақил роль ўйнамайди.
Лизинг ва ижара муносабатларини бир-биридан фарқловчи хусусиятларини кўриб чиқиш давомида хулоса қилиш мумкинки, лизинг муносабатлари ўз ичига ижара муносабатларига хос бўлган қўшимча камчиликларни олмагани ҳолда, битта жуда муҳим афзалликка эга: лизинг олувчи лизинг шартномаси асосида ўзига керакли мулкни олади, ижарачи эса ижара берувчи таклиф қилган мулк билан кифояланади. Бир гуруҳ иқтисодчилар лизингни тадбиркорлик фаолиятини кредитлаш услуби, шунингдек, банкларнинг кредит-молия сиёсатининг элементи сифатида таърифлайдилар.
Фикримизча, лизинг ва тижорат кредити орасида маълум фарқлар мавжуд бўлиб, булар қуйидагилардан иборат.
Биринчидан, лизинг олувчи ва лизинг берувчи пул шаклидаги эмас, балки ишлаб чиқариш шаклидаги капитал билан иш юритади.
Иккинчидан, улар орасидаги фарқ мулкка мулкчилик муносабати асосида юзага келади. Кредитда фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлади, яъни кредитнинг истеъмол қиймати кредит олувчига вақтинчаликка ўтади, лизингда эса фойдаланиш ҳуқуқи вақт ўтиши билан мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига ўтади.
Учинчидан, лизинг кредитдан фарқли равишда узоқ муддатли характерга эга.
Тўртинчидан, лизинг қайтариш асосида фақат асосий капиталга маблағ жалб этишни ёки киритишни кўзда тутади ва бу маблағни мақсадли сарфлашни кафолатлайди. Кредитда эса маблағлар бошқа мақсадларда, хусусан айланма маблағларни тўлдириш учун ҳам ишлатилади, натижада кредитни сарфланиши устидан назорат қилиш қийинлашади.
Умумий ҳолда, лизинг муносабатлари кредит муносабатлари билан ўхшаш бўлсада, лекин уларни бир хил муносабат деб бўлмайди (2-жадвал).
2-жадвал
Кредит ва лизинг механизмларини қўллаш хусусиятлари
Кредит |
Лизинг |
Маблағлар тадбиркорлик фаолиятининг барчасига йўналтирилади. |
Маблағлар асосий фондларни ривожлантириш ва модернизациялашга йўналтирилади. |
Маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат қийинлашади. |
Маблағлардан мақсадли фойдаланишга тўлиқроқ эришилади. |
Мулк солиғидан кредит муддатига, лекин 5 йилдан ортиқ бўлмаган ҳолда озод этилади. |
Лизинг муддати давомида мулк солиғидан озод этилади. |
Кредитни тўлаш шартнома шартлари ва активлар ҳолатига боғлиқ бўлади. |
Тўловларнинг тўхтатилиши билан лизингга олинган мулк қайтарилиши лозим. |
Манба: муаллиф томонидан ишлаб чиқилган.
Лизингнинг тавсифи инвестицион белгиларни мавжудлигидан далолат беради, чунки технологик жиҳатдан янги жиҳозларни сотиб олиш молиялаштирилади. Лизингдан фойдаланиш нафақат молиявий капитал бозори субъектлари функциялари ва имкониятларини кенгайтиришга, балки миллий иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Лизинг муносабатларида фақатгина хўжалик субъектлари фаол қатнашиб, бевосита давлат аралашуви талаб этилмайди. Унга кўра лизинг олувчи маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш жараёнида кўрсатган хизматлари учун лизинг берувчига пул ёки моддий кўринишда инвестиция харажатларини ва мукофот пули тўлайди.
Хулоса ва таклифлар
Лизинг моҳияти ва мазмунини аниқлаш бўйича илмий изоҳларни умумлаштириш асосида хулоса қилиш мумкинки, лизинг ижара ва кредитдан фарқ қилиши, ўзида юқорида келтирилган хусусиятларни мужассамлаштирган, нисбатан кенг ва мураккаб тушунча ҳисобланади. Лизинг асосида ишлаб чиқариш воситаларини ижара асосида мулкни сотиб олиш билан боғлиқ бўлган тадбиркорликнинг юқори даражасига тегишли бўлган мулкий муносабатлар комплекси ётади.
Лизингдан капитал қўйилмаларни молиялаштириш шакли сифатида фойдаланиш самарадорлиги унинг қуйидаги устунликлари билан белгиланади:
− инвестиция жалб этишнинг бошқа шаклларига нисбатан лизинг асосида молиялаштиришнинг соддалиги, чунки лизинг объекти лизинг муддати давомида лизинг берувчи тасарруфида қолади;
− лизинг схемаси корхонага зарурий асосий воситадан узоқ муддат давомида доимий тўловларни амалга ошириш асосида фойдаланиш имконини беради;
− лизинг йирик инвестицион лойиҳани йирик молиявий ресурсларни жалб этмай бошлаш имконини яратади;
− жиҳозларни тезкор равишда янгилаш имконияти кенгаяди;
− лизинг объекти (лизингга берилган мулк) ни тезкор амортизациялаш лизинг муддати тугаганидан сўнг мулкни минимал баланс қиймати билан сотиб олиш имконини беради;
− лизинг операциялари корхонанинг молиявий барқарорлиги ва ликвидлиги кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмайди;
− лизинг лизинг олувчи балансида кредит қарздорлигини кўпайтирмайди ҳамда шахсий ва қарз маблағлар нисбатига таъсир кўрсатмайди.
Лизинг тадбиркорлик фаолиятининг банк ёки тижорат ижарасига нисбатан юқорироқ даражасига тегишли бўлиб, юқоридаги фаолият турларининг барча хусусиятларини ўзаро бирлаштиришни талаб этади. Лизинг ўзида ижара ва кредит ташкилий-иқтисодий муносабатларини жамлаган инвестицион фаолият туридир. Демак, лизингнинг иқтисодий аҳамияти беқиёс бўлиб, у ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш билан боғлиқ бўлган жараёнларни амалга оширишга кенг имкониятлар яратади, мамлакатда инвестицион жараёнларни жадаллашувига хизмат қилади.
Адабиёт:
- Abshoff S. et al. Towards the price of leasing online //Journal of Combinatorial Optimization. — 2016. — Т. 32. — №. 4. — С. 1197–1216.
- Bourjade S., Huc R., Muller-Vibes C. Leasing and profitability: Empirical evidence from the airline industry //Transportation Research Part A: Policy and Practice. — 2017. — Т. 97. — С. 30–46.
- Gao S. S. International leasing: strategy and decision. — Routledge, 2018.
- Simon P. et al. Tidal energy leasing and tidal phasing //Renewable energy. — 2016.
- Газман В. Д. Лизинг: теория, практика, комментарии //М.: Фонд «Правовая культура. — 1997. — Т. 416. — С. 6.
- Горемыкин В. А., Богомолов А. Ю. Особенности лизинговых отношений в агропромышленном комплексе //Финансовый менеджмент. — 2005. — №. 5. — С. 5–9.
- Тульская Н. С., Косован А. П. и др. Лизинг один из перспективных источников инвестиций хлебопекарных предприятий //Хлебопечение России. — 2000. — №. 1. — С. 13–14.
- Прилуцкий Л. Н. Финансовый лизинг. Правовые основы, экономика, практика. — М.: Ось-89, 1997.
- Ғозибеков Д.Ғ., Собиров О. Ш., Мўминов А. Г. Лизинг муносабатлари назарияси ва амалиёти. — Т.: Фан ва технология, 2004. — 308
- Ғозибеков Д.Ғ. Инвестицияларни молиялаштириш масалалари — Т.: Молия, 2003. — 330 б.
- Жўраев А. С., Хўжамқулов Д. Ю., Маматов Б. С. Инвестиция лойиҳалари таҳлили. — Т.: Шарқ, 2003. — 251 б
- Набиев Э.Ғ., Марпатов М. Д. Лизинг ғояси, тарихи, ҳуқуқий асослари ва амалиёти. — Т.: УАЖБНТ маркази, 2004. — 79 б.
- Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелдаги “Лизинг тўғрисида”ги Қонуни.
- Джуха В. М. Лизинг — Ростов н/Д.: Феникс, 1999. — 320 с.
- Лещенко М. И., Бочков Б. Е., Демин Ю. Н., Лещенко А. В. Оценки cобственности и лизинговый бизнес. — М.: МГИУ, 2003. — 227 с.
- Лещенко М. И. Основы лизинга. — М.: Финансы и статистика, 2004. — 327 с.