Библиографическое описание:

Ходжаев О. Ш. Глобал муаммоларни ҳал этишда қадриятларнинг ўрни // Молодой ученый. — 2017. — №4.2. — С. 53-55. — URL https://moluch.ru/archive/138/39864/ (дата обращения: 19.04.2018).



Айрим мамлакатларда ҳам, бутун дунёда ҳам барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эришиш технократик жамият тузилиши ва моҳиятидан келиб чиқадиган катта қийинчиликлар билан боғлиқ. У компьютер инқилоби таъсирида ўзгарганига қарамай, техноген цивилизациянинг асосий шакл-шамойилларини сақлаб қолмоқда ва шу сабабли ҳозирда мавжуд кўринишда нафақат бундай жамият танқидчиларини, балки техника тараққиёти тарафдорлари (технократик оптимистлар) собиқ издошларининг бир қисмини ҳам қаноатлантирмаяпти.

Уларнинг аксарияти фикрига кўра, ҳозирги Ғарб цивилизацияси инсоният учун шикастли бўлган кўпгина зиддиятларни юзага келтирди, чунки унинг замирида табиат ва унинг ресурсларига нисбатан истеъмолчилик ёндашуви ётади. Тегишли қадриятлар тизимидан мустаҳкам ўрин олган бундай тасаввурлар тарихан саноат инқилоби, кейинроқ – фан-техника инқилоби даврида шаклланган бўлиб, ўз илдизлари билан инсон, худди Ердаги Худо каби, дунёни бунёд этади, уни табиат имкониятлари ва ўз имкониятлари билан ҳисоблашмасдан ўз ихтиёрига кўра ўзгартиради, деган дунёқарашга бориб тақалади. Пировардда нафақат экологик ва демографик тангликлар, балки маънавий инқироз ҳам юзага келади, бунда аввалги дунёқараш мўлжаллари объектив шароит тазйиқи остида ўзгараётган амалиёт билан тўқнашади. Шу боис Ўзбекистонда айнан маънавий инқирознинг олдини олиш мақсадида 1994 йилда «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази ташкил қилинди, 1996 йилда марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди ва унга кўра 1997 йилдан барча таълим муассасаларида «Маънавият асослари» фанини ўқитиш жорий қилинди. 1999 йилда Маънавият ва маърифат марказлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Маънавият кенгаши ташкил қилинди. 2008 йилда республикамиз президенти Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият енгилмас куч» асарида маънавий таҳдидлар ва маънавий юксалиш омилларини назарий асослади, зеро «Маънавият-инсоннинг улғайиш ва куч-қудрат манбаидир» [1], фақат маънан етук инсонгина ҳар қандай таҳдидга қарши курашга ўзида куч топиши мумкин.

Айни шу сабабли қадриятлар муаммоси, ижтимоий ривожланишнинг янги устуворликларини ва бошқа дунёқараш мўлжалларини излаш жамиятни маънавий янгилашнинг бош вазифаларига айланади. Бугунги кунда турли мамлакатларнинг олимлари бошқа қадриятларга мувофиқ бунёд этилган ўзга цивилизацияга ўтиш амалга оширилган тақдирдагина инсоният экологик ва бошқа глобал муаммоларни бартараф эта олиши мумкинлигини деярли якдиллик билан қайд этмоқдалар. Уларнинг фикрича, мазкур қадриятлар табиат ва унинг эҳтиёжларини табиатдан устун қўювчи антропоцентризмга эмас, балки ҳаёт феноменининг бетакрорлигига ва биосферани мувозанат ҳолатида сақлаш лозимлигига эътиборни қаратувчи биосфероцентризмга асосланиши лозим. Инсон эса, ақлли мавжудот ва мазкур мураккаб тизимнинг таркибий қисми сифатида, бу билан нафақат ҳисоблашиши, балки тегишли тарзда иш кўриши ҳам лозим. Унинг дунёга муносабатини ўзгартириш, инсонпарварлик ва коэволюция, яъни табиат ва жамиятнинг муштарак ривожланиши тамойилларига таяниб, янги қадриятлар тизимини ва ижтимоий ривожланиш мўлжалларини яратишдан бошқа йўли йўқ.

Дунё халқлар ўртасида ўзаро алоқа ва асосли ҳамкорлик йўлига янада ишонч билан кириши, одамларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолияти эса табиат билан зиддиятга киришмаслиги учун дунёда юз бераётган ҳозирги жараёнлар ҳақидаги илмий билимларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, шунингдек одамларнинг юз бераётган ҳодисалар ва жараёнларга ўз жавобгарлигини янада теранроқ тушунишига эришиш лозим. Бу яна шунинг учун ҳам муҳимки, замонавий электрон қурилмалар ва ҳисоблаш техникаси инсоннинг ўз фаолияти натижаларини ҳам, улар олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни ҳам чамалаш ва башорат қилиш қобилиятини кўп карра оширади. Шу сабабли ижтимоий ва ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришда олимнинг роли ортиши билан бир қаторда унинг инсон учун ҳам, атроф муҳит учун ҳам муайян экологик, тиббий ва бошқа оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган техник лойиҳалар бўйича қарорлар ва тавсиялар учун жавобгарлигини мислсиз даражада ошириш масаласи ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Кейинчалик муайян инсон дунёвий ахлоқ ва қадриятлар умумий тизимини яратишнинг бошланғич таянч нуқтасига айланди. Бу одамлар, давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларда ахлоқ «олтин қоидаси»ни рўёбга чиқариш мумкинлиги ва зарурлигини эълон қилган Форобий, Ибн Сино, Т. Гоббс, П. Гассенди, М. Вольтер, Ж. Ж. Руссо, И. Кант, Г. Гердер ва бошқа мутафаккирлар этикасида айниқса бўртиб намоён бўлди. Унинг бизгача турли кўринишларда етиб келган мазмуни Вольтер баёнида барча одамларга қаратилган инсоний чорлов сифатида янграйди: «Ўзинг билан қандай муомала қилишларини истасанг, бошқалар билан шундай муомала қил». Айни шу XVII асрда инглиз либерализмининг ёрқин вакили Ж. Локк (1632-1704) инсоннинг узвий ҳуқуқлари (яшаш, эркинлик, мулк ҳуқуқи ва б.) дахлсиз эканлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди. Алишер Навоий ўзининг машҳур «эркинлик», «тенглик», «бирдамлик», «адолат» шиорларини эълон қилиб, одамларнинг умуминсоний қадриятларга бўлган ишончини мустаҳкамлади.

Улар тўла ҳолда БМТ Бош Ассамблеяси 1948 йил 10 декабрда қабул қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ўз ифодасини топди ва 1975 йилда халқаро Хельсинки битими билан тасдиқланиб, жаҳон ҳамжамияти тан олувчи умумий нормага айланди.

Инсоният ўзини ўзи ташкил этувчи жонли тизим сифатида ўз мавжудлиги учун кураш олиб бормоқда, яхшироқ келажакка эришишга ҳаракат қилмоқда. Бунда ҳозирги глобаллашув жараёнлари ва улар юзага келтираётган турли муаммолар инсоният олдида тарқоқлик ва ихтилофларни енгиб, ўз бирлиги сари ҳаракат қилиш, айни вақтда маданиятлар, асрий анъаналарнинг ўзига хослигини, айрим миллатлар ва халқларнинг хусусиятларини сақлашдан бошқа чора қолдираётгани йўқ. Бундай бирлашувга эса, фақат умуминсоний қадриятларни эътироф этиш ва уларга риоя қилиш орқали эришиш мумкин.

Адабиётлар:

1. Каримов И.А. Юксак маънавият-енгилмас куч. -Т.: Маънавият, 2008. – Б.18.

Основные термины (генерируются автоматически): ва бошқа, табиат ва, табиат ва унинг, экологик ва, ва шу, тузилиши ва, ва унинг ресурсларига, ва ўз, ва бошқа дунёқараш, экологик ва демографик, қилинди ва, ва маънавий, экологик ва бошқа, қадриятлар табиат ва, ва бошқа оқибатларга, ва маърифат», ҳам чамалаш ва, улғайиш ва, ва бошқа мутафаккирлар, ва жараёнларга ўз.

Обсуждение

Социальные комментарии Cackle
Задать вопрос