Глобал муаммоларни ечишда фалсафанинг роли | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 4 мая, печатный экземпляр отправим 8 мая.

Опубликовать статью в журнале

Библиографическое описание:

Ходжаев, О. Ш. Глобал муаммоларни ечишда фалсафанинг роли / О. Ш. Ходжаев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2017. — № 4.2 (138.2). — С. 52-53. — URL: https://moluch.ru/archive/138/39863/ (дата обращения: 25.04.2024).



Оғир ва мураккаб вазифаларни ечишда инсонга фан доим ёрдам берган. Бир пайтлар эришиб бўлмайдиган, инсон имкониятлари даражасидан ташқарида бўлиб туюлган нарсаларнинг аксариятига айнан фан ёрдамида эришилган. Айни шу сабабли глобал муаммолар хавф солаётгани ҳақидаги илк огоҳлантиришларнинг ўзиёқ одамларни фанга ўз эътиборини қаратишга, олимларни эса бу муаммоларни ечиш йўлларини излашга мажбур қилди.

Юзага келган вазиятнинг ўзига хослиги ва янгилиги шундан иборатки, ҳар қандай муайян муаммоларни айрим фан ёки бир неча фанлар мажмуи доирасида ўрганиш мумкин бўлса, инсон, жамият ва табиатни уларнинг кўп сонли ўзаро алоқалари ва ўзаро боғлиқликларида қамраб олувчи мураккаб тизимдан иборат глобал муаммоларни тадқиқ этишга айрим фанлар қодир эмас. Зеро ўз тадқиқоти объекти – у ёки бу айрим муаммони бошқа глобал муаммолар контекстида талқин қилишга муайян фанлар доираси торлик қилади. Шу сабабли у ёки бу фан қайси муайян вазифаларни ечишидан қатъий назар, улар билан боғлиқ жараёнлар ва ҳодисаларга, яъни бутун вазиятга, шу жумладан охир-оқибатда олинган натижаларга нисбатан фалсафий ёндашув доимо тадқиқотнинг зарурий шарти ҳисобланади.

Ҳар қандай айрим фанлар муайян босқичда ўз тадқиқот предметини фалсафий жиҳатдан англаб етишга у ёки бу даражада муҳтож бўлади. Муайян фан предметига ва инсоният олдида турган муаммоларга нисбатан бундай кенг ёндашувсиз фундаментал кашфиётлар қилиш ҳам, умуман фаннинг ривожланиши ҳам мумкин эмас.

Шундай қилиб, айни ҳолда, бир томондан, масалаларнинг фалсафий ечими тўғрисида, бошқа томондан эса – фалсафа фанларнинг кенг доираси ўзаро алоқа қилишини рағбатлантириши, бунда уларнинг фанлараро бирлашуви муҳим ўрин тутиши тўғрисида сўз юритилади.

Гарчи фалсафа одамларнинг кундалик ҳаёти ва амалиётидан анча узоқда бўлган ҳаддан ташқари умумий масалаларни ўрганади, деган фикр мавжуд бўлса-да, у (фалсафа) глобал муаммоларни ечишда муҳим рол ўйнайди. Зеро, умумий назариялар баъзан билимнинг аксарият муайян соҳаларига қараганда кўпроқ самара бериши мумкинлиги яхши маълум.

Албатта, фалсафа сиёсий ва бошқа қарорлар қабул қилиш жараёнига муқаррар тарзда ва бевосита таъсир кўрсатади, деб айтиш унча ўринли бўлмайди. Зеро, унинг бош вазифаси дунёқарашни шакллантириш ва шу тариқа амалий қарорлар ишлаб чиқиш жараёнига билвосита таъсир кўрсатишдан иборат. Унинг вазифаси глобал муаммоларнинг табиий-илмий ва техникавий жиҳатларини бевосита ўрганишдан эмас, балки бошқа фанлар таклиф қиладиган тегишли ечимларнинг фалсафий, методологик, маданий ва ахлоқий негизини таъминлашдан иборат.

Фалсафий тадқиқот муайян фанларнинг мазкур соҳадаги ютуқларига таяниб, масаланинг айрим жиҳатларини мавҳумлаштиради ва глобал муаммоларни улар бир-бирини қай даражада тақозо этиши нуқтаи назаридан ўрганади. Бошқача айтганда, фалсафий ёндашув глобал муаммоларни уларнинг ижтимоий аҳамияти ва ижтимоий белгиланганлиги нуқтаи назаридан яхлит ўрганишни назарда тутади. Бундай тадқиқот аввало глобал муаммоларнинг моҳиятини аниқлашни назарда тутади, чунки уларнинг асл табиати ва генезисини аниқлаш бу муаммоларнинг илмий ва амалий ечимини топиш йўлларини кўп жиҳатдан белгилаб беради.

Глобал муаммоларни фалсафий англаб етишнинг ўзига хос хусусиятларини тавсифлар эканмиз, фалсафанинг асосий функцияларидан келиб чиқадиган ва билишнинг шу шаклигагина хос бўлган хусусиятларни қайд этиб ўтамиз.

Биринчидан, фалсафа, дунёқарашни шакллантирар экан, инсон фаолияти йўналишини кўп жиҳатдан белгилайдиган муайян мўлжаллар беради. Шу тариқа фалсафа ўзининг дунёқарашни шакллантириш ва аксиологик функцияларини бажаради.

Иккинчидан, турли фанлар доирасида ўрганиладиган мураккаб тизимлар ҳақида яхлит тасаввур мавжуд эмаслиги бу фанларнинг ўзаро ҳамкорлиги йўлида жиддий тўсиқ ҳисобланади. Шу маънода фалсафанинг мазкур фан доирасида юзага келадиган назарияларни умумлаштирувчи методологикфункцияси айниқса муҳим аҳамият касб этади, чунки илмий билимнинг интеграциялашувига кўмаклашади.

Учинчидан, фалсафа ижтимоий ҳодисалар ва жараёнларни тарихий контекстда тушунтириш имконини беради. У жамият ва табиат ривожланишининг умумий қонунларини таърифлайди ва шу сабабли глобал муаммоларни ўрганишда уларни ижтимоий тараққиёт билан узвий боғлиқ бўлган қонуний ҳодиса сифатида тушунишга йўл кўрсатади. Шундай қилиб, глобал муаммоларнинг пайдо бўлиши тасодиф ёки инсониятни ҳалокатга олдиндан маҳкум этувчи тақдирнинг ҳукми сифатида эмас, балки қарама-қаршиликларга тўла инсоният тарихи объектив ривожланиш жараёнининг маҳсули сифатида қаралади.

Тўртинчидан, фалсафа глобал муаммолар ривожланишининг умумий тенденциясини, уларнинг ўзаро алоқаси ва бир-бирини тақозо этиш даражасини фалсафий нуқтаи назардан англаб етиш имконини беради.

Бешинчидан, фалсафа назарий фикрлаш маданиятини ривожлантириш учун имконият яратиш орқали маънавий – маданий функцияни бажаради. Турли халқларнинг фалсафа тарихини ўрганиш, уларнинг маданияти билан ҳам танишиш имконини беради. Муайян халқлар олдида турган муаммоларнинг бирортасини ҳам уларнинг маданиятига боғламасдан ечиш мумкин эмас.

Олтинчидан, глобал муаммоларга оид илмий ахборотнинг шиддат билан ўсиб бораётган оқимида янада аниқроқ мўлжал олиш имконияти табиий-тарихий жараённи яхлит кўриш ва уни талқин қилишга нисбатан диалектик ёндашув маҳсули ҳисобланади.

Еттинчидан, фалсафа инсон ҳаётининг мазмуни, ўлим ва умрбоқийлик масалаларини кун тартибига қўядики, бу инсониятга глобал муаммолар таҳдид солаётган шароитда айниқса муҳим аҳамият касб этади.

Ниҳоят, фалсафанинг яна бир муҳим методологик функцияси шундан иборатки, у инсониятнинг ҳозирги муҳим муаммолари билан бевосита боғлиқ бўлган ва башарият ривожланишининг объектив тенденцияларини тушуниш ва англаб етишда улкан рол ўйнайдиган «табиат», «жамият», «цивилизация», «ижтимоий тараққиёт», «фан-техника инқилоби» каби бошқа категорияларни ишлаб чиқади.

Основные термины (генерируются автоматически): ва шу, дунёқарашни шакллантириш ва, шакллантириш ва шу, ва табиатни уларнинг, ва мураккаб вазифаларни, ўзаро алоқалари ва, ўзига хослиги ва, ва билишнинг шу, фалсафа сиёсий ва, ва шу сабабли, боғлиқ жараёнлар ва, муаммоларнинг илмий ва, ва бевосита таъсир, муаммоларнинг табиий-илмий ва, предметига ва, ва ижтимоий, ҳаёти ва, маданий ва, мавҳумлаштиради ва, боғлиқ бўлган ва.


Похожие статьи

Задать вопрос