Библиографическое описание:

Бекжанов Д. Ю. Минтақанинг экологик-иқтисодий жиҳатларини рақобатбардошликка таъсирини баҳолаш // Молодой ученый. — 2016. — №12.4. — С. 35-38.

 

Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш унинг рақобатбардошлигини ошириш ва минтақавий ривожланишнинг барқарорлигини таъминлаш муҳим омилларидан ҳисобланади [1].

Иқтисодиётнинг жаҳон хўжалик алоқаларига янада кўпроқ жалб қилиниши, шунингдек минтақаларнинг мавжуд табиий-иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланишни кўзда тутган тузилмавий ўзгартишлар ҳудудий-ишлаб чиқариш тизимларининг, мезодаражанинг рақобатбардошлигини оширишда экологик-иқтисодий жиҳатни бош ўринга қўяди ҳамда экологик йўналтирилган минтақавий иқтисодиётнинг фаолият кўрсатишида худудий жиҳатдан мослаштирилган механизмни шакллантиришни тақозо этади. Ушбу муаммолар Хоразм вилояти иқтисодиёти учун айниқса катта аҳамият касб этади, зеро вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикаси ихтисослашган соҳалардаги табиий экологик шарт-шароитларнинг такрор ишлаб чиқаришдаги барқарорлиги, экологик-иқтисодий жиҳатдан мувозанатлашганлик даражаси билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А Каримов таъкидлаганидек: “Бугун Оролбўйида нафақат экологик, балки дунё миқёсида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммолар пайдо бўлди” [2].

Минтақанинг иқтисодий ривожланиш стратегияси бу [5]:

-  давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ўрта муддатли ва узоқ муддатли вазифаларини амалга оширишга қаратилган ҳамда ушбу вазифаларни ҳал қилишда минтақаларнинг рационал ҳиссасини ҳисобга олган чора-тадбирлар тизими;

- минтақа ривожланишининг умумий мақсадлари, вазифалари, йўналишларини ҳамда минтақанинг ресурс имкониятлари, мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазияти ва минтақага нисбатан ташқи шарт-шароитларнинг эҳтимолий ривожланиш сценарийларини белгилаб берадиган ҳужжат;

- муайян ривожланиш босқичидаги ижтимоий-иқтисодий вазият, марказ ва минтақанинг қарор топаётган ўзаро муносабатларига, ташқи иқтисодий вазиятга, яъни ягона давлат доирасида жамият ривожининг мақсадли йўл-йўриқларига таъсир кўрсатадиган шарт-шароитлар ва омиллар тизимига боғлиқ ҳолда ўзгариб турадиган ҳужжат;

- тугал бўла олмайдиган ҳамда ташқи ва ички шарт-шароитлар ўзгариб борган сайин ўзгартириб борилиши мажбурий бўлган ҳужжат.

Бунинг билан боғлиқ ҳолда Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш қай даражада мақсадга мувофиқ эканини баҳолаш учун Хоразм вилоятидаги хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий бошқарув органлари ва турли ижтимоий ташкилотлар раҳбарлари ўртасида социологик сўров ўтказилди ва бунда экологик омиллар ҳам ҳисобга олинди.

 

1-расм. Экологик омилни ҳисобга олган ҳолда Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш қай даражада мақсадга мувофиқ эканини баҳолаш

 

2015 йилда ўтказилган социологик сўров натижалари шуни кўрсатдики, маҳаллий бошқарув органлари раҳбарларининг 32,8% ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг 19,2% Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлигини қўллаб-қувватладилар, мос равишда раҳбарларнинг 10,2% ва 21,1% рад жавобини бердилар. Бунда маҳаллий бошқарув органлари раҳбарлирининг 50,4%дан кўпроғи ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг 43,8% минтақанинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини шакллантириш учун минтақа стратегиясини ишлаб чиқиш етарли эмас деб ҳисобладилар.

Минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияси танлангандан кейин, куч ва ресурсларни минтақа иқтисодий ривожланишининг потенциаллари ва устуворликларини амалга оширишга қаратиш мумкин бўлади. Стратегияни ишлаб чиқиш асносида миллий иқтисодиётни модернизация қилиш шароитида минтақаларнинг ўрни, роли ва вазифалари аниқлаштирилади, минтақа ривожининг стратегик устуворликлари белгиланади, янги институционал муҳитда стратегияни амалга оширишнинг иқтисодий, молиявий ва ташкилий механизмлари яратилади.

 

2-расм. Хоразм вилояти иқтисодиёти рақобатбардошли ривожланишининг асосий экологик-иқтисодий устуворликлари

 

Алоҳида минтақанинг, масалан, Хоразм вилоятининг, ривожланиш стратегияси минтақавий ривожланиш дастурларини шакллантиришда шак-шубҳасиз эколгик жиҳатларни ҳам ҳисобга олмоғи лозим.

Бундай таҳлилий ишларнинг қуйидаги турларини кўрсатиб ўтиш мумкин:

-минтақавий статистик материалларнинг «анъанавий» таҳлили [3];

- минтақа ривожининг тарихий жиҳатдан таҳлили;

- минтақада стратегик режалаштиришнинг ўтмиши (ретроспективаси);

- минтақага ташқи экспертлар берган баҳоларининг таҳлили;

- минтақа иқтисодиётининг қарор топган тузилмасини таҳлил этиш ва баҳолаш;

- ялпи минтақавий маҳсулот тузилмасининг таҳлили;

- ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ўзига хослигининг, минтақа стратегиясини ишлаб чиқишда ўсиш потенциали ва дастлабки шарт-шароитларнинг SWOT таҳлили[6];

- муҳим ўсиш нуқталарининг ва кластерлар шаклланишида асосий марказларнинг таҳлили;

- минтақанинг рақобатчилик имкониятларининг таҳлили.

Хоразм вилояти иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишнинг қуйидаги устувор йўналишларини кўрсатиб ўтиш мумкин:

- минтақа транзит потенциалининг ривожига чет эл инвестицияларининг тўғридан-тўғри жалб қилинишини рағбатлантириш йўли билан вилоятнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш; аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, истеъмолчилар талабини фаоллаштириш ва кенгайтириш, шу жумладан чет эл туризмини ривожлантириш йўли билан ижтимоий жиҳатдан муҳим соҳаларга (соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва ҳ.к.) инвестицияларнинг жалб қилинишини кучайтириш;

- корхоналарни, биринчи навбатда ишлаб чиқариш соҳаси корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш билан боғлиқ саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш, меҳнат сиғимли машинасозлик соҳаларини ривожлантириш ҳисобига саноат тузилмасини рационализация қилиш; пахта толасини чуқур қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини яратиш; мева ва сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш ва қадоқлаш бўйича экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш; ёғ-мой саноатида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш;

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш. Бу биринчи навбатда қуйидагиларни кўзда тутади: тикув маҳсулотлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича янги кичик корхоналарни яратиш; минтақанинг рақобатчиликдаги афзалликларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича агрофирмалар ва кооперацияларни ривожлантириш ҳамда мева, сабзавот ва полизчилик шарбатлари, турли консерва маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва зираворлар, қуруқ меваларнинг янги ишлаб чиқаришини ташкил этиш; миллий товарлар ва халқ ҳунармандчилиги буюмларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш; Туркманистон Республикаси билан чегарага яқин савдо ва иқтисодий ҳамкорлик соҳасида кичик тадбиркорликни ривожлантириш; туризм бизнеси ва унинг бутун инфратузилмасини ривожлантириш;

- экспорт потенциалини ривожлантириш ва бу ишни қуйидагилар ҳисобига амалга ошириш: тўқимачилик соҳасида рақобатбардошлиги юқори бўлган маҳсулот ишлаш бўйича янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш; экспортнинг энг муҳим турлари – мева-сабзавот маҳсулотлари ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари, гиламлар ва гиламчилик буюмлари бўйича мавжуд потенциалдан фойдаланиш даражасини ошириш; Хива ва Урганч шаҳарларидаги тарихий жойларни зиёрат қилиш учун туризм хизматларини фаоллаштириш.

Шундай қилиб, айтиш мумкинки, минтақанинг экологик-иқтисодий рақобатбардошлиги унинг иқтисодий потенциалини ўстириб бориш, техник-технологик, ташкилий-иқтисодий ва бошқа янгиликларни жорий қилиш асосида уни сифат жиҳатдан чуқур қайта тузиш ва модернизация қилиш билан боғлиқ. Бунинг билан боғлиқ ҳолда экологик йўналтирилган, рақобатбардош минтақавий иқтисодиётнинг Хоразм вилоятининг экологик-иқтисодий шарт-шароитларига мослаштирилган амал қилиш  механизмини шакллантириш ҳам шак-шубҳасиз устуворликлардан ҳисобланади.

 

Адабиётлар:

 

  1. И.А.Каримов. “Бош мақсадимиз мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб борилаётган исолоҳотларни, иқтисодиётимиздаги таркибий ўзгаришларини изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юриш” Халқ сўзи 16 январь 2016 йил.
  2. И.А Каримов. БМТ саммити “Минг йиллик ривожланиш мақсадларига” бағишланган ялпи мажлис. 20 сентябрь 2010 йил.
  3. Дырдонова А. Методические подходы к выявлению и оценке кластеров в экономике региона. М.: Региональная экономика: теория и практика.№8,2010, с.25.
  4. Пчелинцев О.С. Региональная экономика в системе устойчивого развития. – М.: Наука, 2004. – 258 с.
  5. Porter M. Location, clusters and the new microeconomics of сompetition. Jornal of Business Economics, 1999.
  6. Braczyk H, Cooke P, Heidenreich M. Regional Innovation Systems. UGL Press, London, 1998.

Обсуждение

Социальные комментарии Cackle