Библиографическое описание:

Хажиева И. А., Жуманиязова Г. Р. Оила — тарбиянинг биринчи мактаби // Молодой ученый. — 2016. — №12.4. — С. 109-111.



 

Ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс ва ўзгармасдир. Оила жамиятнинг энг кичик бўғини бўлиб, жамиятнинг, халқнинг келажак тараққиёти оилаларнинг мустаҳкамлиги билан узвий боғлангандир. Зеро, тарбиянинг асоси оиладан бошланади. А.Авлоний таъбири билан айтганда: “Тарбияни туғулган кундан бошламак, вужудимизи қувватландурмак, фикримизи нурландурмак, ахлоқимизи гўзалландурмак, зеҳнимизи равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур?... деган савол келадур. Бу саволга, “биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур”, деб жавоб берсак бўлур...”.

Дарҳақиқат, тарбия бу — инсоннинг ўзи ва ўз хулқи ҳақидаги тасаввурининг тўғри ва холис бўлишини таъминловчи мураккаб жараёндир. Айни шу мураккаб жараённи амалга ошириш оиланинг устунлари — ота-она зиммасига юклатилган. Бу эса ота-онадан тарбияни тўғри ташкил қилишни талаб этади. Чунки ҳар қандай тарбиянинг бош мезони тарбияланувчида ўзи ва ўз фазилатлари ҳақида тўғри тасаввурларни шакллантиришдан иборат. Тарбия ҳар бир давр ва тараққиёт билан ҳам чамбарчас боғланган. Ота-оналар билиши, амал қилиши лозим бўлган яна бир муҳим масала фарзандларига бераётган тарбия давр руҳига, замон имкониятлари ва эҳтиёжларига қай даражада мос келишини яхши тасаввур этишдир. Демак, ота-онанинг кўзи олдида ширин фарзандлари билан бир қаторда уларнинг жамият, миллат тараққиёти, давр эҳтиёжи билан узвий боғланган келажаги ҳам турмоғи керак. Ўз навбатида тарбия жараёнида асрлар давомида шаклланган анъана ва урф-одатларга таянилса, муайян натижаларга эришиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, фарзанд учун ота-онадан қоладиган энг катта ва бебаҳо мерос бу гўзал хулқ ва яхши амаллар бўлса, биз баркамол авлодни тарбиялаш масаласига муносиб ҳисса қўшган бўламиз. Келажагимизнинг бунёдкорлари бўлмиш ёшларнинг илк ахлоқий шаклланиш жараёнлари оиладан бошлангани боис давлатимизда оила ва тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳатто давлатнинг олий ҳужжати саналмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила тўғрисида алоҳида боб ажратилиб, 63-моддада “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга...” деб белгилангани давлат томонидан оилага кўрсатилаётган ғамхўрликнинг намунасидир. Оила — маҳалла — таълим муассасаси — жамият — давлат уйғунлигига эришмоқ тараққиётнинг муҳим шартидир.

Фитрат таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”.

Ҳақиқатан ҳам, миллат ва давлатнинг саодати, унинг келажаги ва жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаши бевосита оила ва ундаги тарбиявий муҳитга алоқадор. Оилада фарзанднинг онги, тафаккури, дунёқараши шаклланиши билан бир қаторда унда Ватанга муҳаббат, қадриятларга тўғри муносабат туйғулари ҳам пайдо бўлади.

“Ҳар бир инсон учун, — деб таъкидлаган эди Президентимиз, — Ватан тушунчаси, энг аввало, оиладан бошланади. Шу боис оила ва мафкура тушунчалари чамбарчас боғлиқдир. Оиланинг жамиятдаги ўрни, тарбиявий-ахлоқий аҳамияти, қадр-қимматини англаб етмасдан, оилага миллий манфаат нуқтаи назаридан ёндошмасдан туриб, халқчил мафкура ярата олмаймиз”. Юртбошимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратиб: “Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир”, дейди.

Демак, ота–она шунчаки фарзандни дунёга келтирувчи эмас, балки бунёдкор, қалб меъмори ҳамдир. Энг нозик ва жуда масъулиятли жараён тарбия жараёнидир. Бола — беғубор. Унга дунёни оқ деб ўргатилса, оқ деб билади, қора деб тушунтирилса, қора деб билади. Тарбия билан бир болани олтин этмоқлик мумкин, тупроқ қилмоқ ҳам мумкин. Ёки Олимат ул Банотнинг фикрларига эътиборни қаратайлик: “Ота-оналар қўлида болалар азиз омонатдирлар. Шунинг учун ҳам уларни гўзал тарбия этмоқ яхши хулқларга ўргатмоқ ва кўркам одатларни тушунтирмоқ лозим”.

Маълумки, соғлом фарзандни дунёга келтириш учун ота-онанинг ўзи соғлом бўлиши керак. Бу эса Президентимиз таъбири билан айтганда: “Тўлақонли овқатланиш кўп жиҳатдан унинг таркибига, истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсоннинг нормал ривожланиши ва фаолият юритиши, унинг организмида тўғри модда алмашинуви, саломатликни мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, кексайиш жараёнини секинлаштириш ва умрни узайтириш учун зарур бўладиган тўйимли ва сифатли моддалар билан керакли даражада таъминланишига боғлиқ”.

Дарҳақиқат, тўғри овқатланиш, инсон организми учун зарурий маҳсулотларни истеъмол қилиш қоидаларига амал қилиш танани соғлом ва бақувват бўлишига хизмат қилади.

Атоқли физиолог И. П. Павлов ҳозирги замон кишиси 100 йилдан кам умр кўрмаслиги керак, борди-ю, бу ҳол кузатилмаётган экан, бунга асосан нотўғри ҳаёт тарзи сабаб бўлади, деб бежиз айтмаган.

Ўз навбатида шуни таъкидлаш жоизки, ҳаёт тарзини тўғри йўлга қўйиш учун жисмоний ва маънавий соғломлик уйғунлашмоғи керак. Бу эса, оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор беришни тақозо қилади. Зеро, тарбиянинг асоси оилада қўйилади. Оилада фарзандга одоб-ахлоқ сирлари, жамиятда ўзини тутиш қоидалари ўргатилади. Ота-она фарзандини тарбиялаш билаш бир қаторда ўзи ҳам ўрнак бўлиши лозим.

Профессор С. С.Ғуломов соғлом болани тарбиялаш ва вояга етказишда қуйидаги жиҳатларни ажратиб кўрсатади: “Соғлом бола — аввало соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Соғлом болани вояга етказишда соғлиқни сақлаш тизимининг ўрни ва таъсири, шу билан бирга, масъулияти катта. Соғлом болани вояга етказишда таълим-тарбия ва спортнинг ўрни ва таъсирини янада кучайтириш лозим”.

Шу боис Ўзбекистонда бугунги кунда спорт турларини ривожлантириш, фарзандларимизни спорт билан шуғулланишига имкониятлар ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жисмоний тарбия билан болаликдан шуғулланишга имкон яратиш мақсадида болалар спортини ривожлантириш борасида бир қатор амалий ишлар қилинди. Жумладан, болалар спортини ривожлантириш, болаларни спортга қизиқтириш учун турли спорт иншоотлари барпо этилган. Бундай амалий ҳаракатларнинг самараси ўлароқ фарзандларимиз спортнинг турли жабҳаларида юқори кўрсаткичларга эришмоқда. Ўз- ўзидан англашиладики, Ватан тақдири, унинг эртанги куни бугунги кунда фарзандларимизнинг тарбиясига, уларнинг жисмоний ва маънавий соғломлигига алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади. Жисмоний етукликка эришиш шахснинг иродасига боғлиқ бўлиб, ижтимоий тарбия тизимининг муҳим таркибий қисмидир. Спорт ва жисмоний тарбия шахснинг ақлий камолотига ҳам катта таъсир кўрсатиб, унинг ишлаш қобилиятини оширади, узоқ умр кўришига ёрдам беради. Шунингдек, спорт қадди-қоматни ҳар қандай ёшда талаб даражасида сақлаб қолиш имконини бериш билан бир қаторда ҳордиқ чиқариш ва меҳнатни алмаштириб туришга ёрдам беради. Спортнинг инсон ҳаётидаги муҳим аҳамияти ва унга тўғри муносабатда бўлиш биринчи навбатда оилада тарбия жараёнида шакллантирилади. Ота-оналар фарзандининг қизиқиши ва имкониятларига қараб, спортнинг бир турига қизиқтириши керак. Бу ҳам оилавий тарбиянинг ажралмас бир қисмидир.

Тарбия фарзанднинг бутун тақдирига дахлдор бўлган жараён. Бошқача айтганда, фарзанд бир ниҳол бўлса, ота-она боғбондир. Ниҳолга қандай парвариш қилинса, унинг меваси ҳам шунга боғлиқ. Ўз-ўзидан маълум бўладики, фарзандлар тарбиясини тўғри танлаш, уларнинг қалбида эзгу ахлоқий фазилатларни шакллантириш ҳар бир ота-онанинг бурчи. Чунки бугун танланаётган тарбия эртага давлатнинг келажагига хизмат қилувчи баркамол авлодни шакллантиради. Оилани том маънодаги жамият таяниши мумкин бўлган энг кичик бўғинга айлантирсак, нафақат давлат тараққиётига ҳисса қўшамиз, балки фарзандларимизнинг турли хил ёт ва бегона ғояларга қўшилиб кетишини олдини оламиз. Ўз навбатида солиҳ ва гўзал ахлоқли фарзандларни тарбиялаб, уларнинг камолини кўришдан баҳраманд бўламиз.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “Келажак бугундан бошланади. Ҳозир тарбия масаласига эътибор қилинмаса, келажак бой берилади”.

Бу эса ҳар биримиздан давлатимизда яратилаётган имкониятлар, оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан тўғри хулоса чиқариш ва уларга муносиб бўлишни талаб этади.

 

Адабиётлар:

 

  1. Авлоний.А. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. — Т.: Ўқитувчи — 1992. — б.13.
  2. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. — Т.: Ўзбекистон — 2012. — б.13.
  3. Фитрат. Оила. — Т.: Маънавият — 1998. –б. 13.
  4. Каримов И. А. Миллий истиқлол мафкураси– халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. — Т.: Ўзбекистон. — 2000. –б. 23.
  5. Каримов И. А. Юксак маънавият — енгилмас куч. –T.: Маънавият. — 2008. — б.52.
  6. Қаранг: Эркин Юсупов. Инсон камолотининг маънавий асослари. -Т.: Университет. — 1998, — Б. 120.
  7. Каримов И. А. Ўзбекистонда озиқ овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқдан. 06.06.2014
  8. Валеология асослари. Педагогика олий ўқув юртлари учун ўқув қўлланма.Т. — 2010. — б.50.

Обсуждение

Социальные комментарии Cackle