Ёшларнинг маънавий қиёфасини шакллантиришда мафкуранинг ўрни | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 27 апреля, печатный экземпляр отправим 1 мая.

Опубликовать статью в журнале

Библиографическое описание:

Хажиева, И. А. Ёшларнинг маънавий қиёфасини шакллантиришда мафкуранинг ўрни / И. А. Хажиева, А. Ш. Сапарбаев. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2016. — № 12.4 (116.4). — С. 113-116. — URL: https://moluch.ru/archive/116/32161/ (дата обращения: 19.04.2024).



 

Мазкур мақолада мафкуранинг жамият ҳаётидаги ўрни тўғрисида фикр юритилади. Ёшлар тарбиясида мафкуранинг аҳамиятига эътибор қаратилади. Маънавият, иқтисод ва мафкуранинг ўзаро муносабати юзасидан таҳлилий фикрлар билдирилади.

Калит сўзлар: Мафкура, маънавият, иқтисод, тараққиёт, ёшлар, комил инсон, давлат, халқ, жамият, тарбия, ватанпарварлик.

В данной статье говорится о роли идеологии в жизни общества. Обращается внимание значению идеологии в воспитании молодёжи. Размышляется о взаимосвязи идеологии, экономики и духовности.

Ключевые слова: идеология, духовность, экономика, цивилизация, молодёжь, государство, народ, общество, воспитание, патриотизм.

This article illustrates the role of ideology in society. The attention is paid to the importance of ideology in the upbringing of the youth. The analytical ideas are given on the interconnection of spirituality, economics and ideology.

Key words: ideology, spirituality, economics, civilization, youth, state, people, society, upbringing, patriotism.

 

Жаҳон тарихий тажрибасининг кўрсатишича, дунёдаги бирорта халқ, миллат мафкурасиз ривожлана олмайди. Давлатнинг, халқнинг, миллатнинг тўлақонли равишда мафкура асосида ривожланади. Айниқса, ҳозирги кунда глобаллашув шароитида ғоя ва мафкурага эҳтиёж ортиб бормоқда [1, с. 91, 2]. Бу жараёнда миллий ўзликни англаш, зарур бўлса, ҳимоя қилиш талаб этилади. Аслида миллий ғоянинг билиш, тарбиявий, регулятив, коммуникатив, норматив, қадриятли, сафарбар этиш, йўналтириш, ҳимоя, ғоявий бандлик каби функцияларини бажариш учун миллий ғоя ёшлар ва аҳоли онгида фақат билим ва тасаввур сифатида эмас, ишонч ва эътиқод сифатида шаклланиши лозим. Демак, ёшларни маънавий тарбиялашда миллий ғояни тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Миллий ғояни тарғиб қилишда, маънавиятни ривожлантиришда асосий ёндашув маърифий ёндашув бўлса ҳам, бу жараён миллий ғоянинг хусусиятлари билан бевосита боғлиқ.

Маълумки, инсоният тарихий тараққиёти жараёнида кўплаб мафкура ва ғоялар яратилган, беҳисоб ижтимоий-сиёсий кучлар ўз ғоялари ва таълимотлари билан майдонга чиққан. Ғоя характери жиҳатидан қандай бўлишидан қатъий назар уни ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамият касб этиб келган. Шу жиҳатдан биз ҳам миллий мафкурани ёшлар онгига сингдириш орқали баркамол авлодни тарбиялашга астойдил ҳаракат қилар эканмиз, шуни унутмаслигимиз керакки, бирор бир мафкуранинг моҳиятини англаб етиш учун фақат унинг таркибидаги ғояларни таҳлил қилишнинг ўзи етарли эмас. Мафкуранинг моҳиятига чуқур кириб бориш лозим. Асрлар мобайнида умумэътироф этган тамойиллар ва қонун устуворлиги, сиёсий плюрализм, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби хусусиятлар дунёвий жамиятнинг асосини ташкил этади. Бундай жамиятда инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари, жумладан, виждон эркинлиги ҳам қонун йўли билан кафолатланади.

Миллий ғоя одамлар онгида, хотирасида ғоялигича қолмай, амалиётга, ҳаётга айланган тақдирдагина ҳақиқий миллий ва ҳақиқий истиқлол ғояси бўлиши мумкин.

Бугунги кунда инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган экан, хилма-хил қарашларнинг мафкура майдонида ҳукмронлик қилишга интилиши табиий, албатта. Шу боис эътиқод умумийлигига асосланган ҳолда якка мафкура ҳукмронлигини таъминлаш орқали жаҳон майдонларини мафкуравий жиҳатдан ўзига қарам қилишга турли хатти-ҳаракатлар содир этилмоқда. Бундай ҳаракатлар қаторига диний ақидапарастлик, экстремистик курашларни киритиш мумкин. Улар ижтимоий, миллий хусусияти, қайси давлатга мансублигидан қатъий назар, барча мусулмонларнинг маънавий бирлиги ҳақидаги тасаввурларга таяниб, уларни ягона халифалик остида сиёсий бирлашуви ғоясини асослашга ҳаракат қилади. Бу эса узоқ йиллар мобайнида ёшлар онги ва қалбини заҳарлашга, кези келганда, ўз давлатига қарши бош кўтаришига сабаб бўлади. Жамият тараққиётига рахна солувчи таҳдидлардан энг даҳшатлиси “оммавий маданият”дир. “Оммавий маданият” миллат ва макон танламайди, у омма орасига худди ёмғирдан сўнг чиққан қўзиқоринга ўхшаб ёпирилиб кириб келади. Президентимиз таъбири билан айтганда: “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди” [1].

Бу эса маънавий тарбияни кучайтириш заруратини туғдиради. Президентимиз ҳар доим тарбия ҳақида фикр юритганда, Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, — деган ўгитларини эслаб ўтадилар. Бу фикр Президентимиз таъбири билан айтганда, асримиз бошида миллатимиз тақдири учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги кунда биз учун ҳам шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарбдир [1]. Унинг долзарблиги турли зарарли мафкураларнинг хавфини бартараф этиш зарурлиги билан белгиланади. Зеро, уларга қарши ғоя ва маърифат йўли билан курашиш лозим.

Президентимиз эътироф этганидек, “Ҳозирги даврда, халқаро майдонда турли сиёсий манфаатлар тўқнашаётган мураккаб бир шароитда фақат ўз фикри, ўз ҳаётий позициясига эга бўлган халқ ва жамият енгилмас кучга айланиб, ўз келажагини ўз қўли ва ақл-заковати билан қуришга қодир бўлади” [2].

“Яшаш қаерда яхши бўлса, шу ер мен учун Ватан” деган ғоя билан яшовчи одамлар ҳақиқий Ватан туйғусини англамайдилар ёки уни англашдан йироқ бўладилар. Зеро, Ватан учун шунчаки, номигагина иш қилиб бўлмайди. Ватанни ҳис қилиш, уни севиш, юрт дарди билан ёниб яшаш керак. Бу эса миллий тарбияни кучайтиришни талаб этади. Миллий тарбиянинг бош мақсади деганда: а) эски тоталитар мафкурадан озод; б) қуллик, мутеликни тан олмайдиган; в) маънавий зулмдан озод; г) ҳақ-ҳуқуқини таниган; д) ўз кучи ва имкониятларига ишонган; е) ўз фикри, қарашига эга бўлиб, атрофидаги воқеа-ҳодисаларни холисона таҳлил қила оладиган; ж) фидокор, эзгу ниятли шахслар комил инсонни шакллантириш назарда тутилади.

Буюк келажакни барпо этувчи ёшларни баркамоллик руҳида тарбиялашимиз лозим. Президент Ислом Каримовнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз” деган чақириғининг замирида бой мазмун мужассамлашган. Бунда бугунги ютуқларимиздан фахр туйғуси ҳам, эркин буёдкорлик фаолиятига чорлов ҳам, мамлакатимизнинг буюк келажагига ишонч ҳам ўз ифодасини топган. Аслида бу ёшларимизга ғамхўрлик, меҳр-муҳаббат, уларнинг куч ва имкониятларига катта ишончни англатади. Ёшларни жисмонан бақувват, маънан баркамол, ақлан юксак, руҳан уйғоқ авлод қилиб тарбиялаш миллат ғояси сифатида илгари сурилди.

Ёш авлодни баркамол руҳда тарбиялаш, комил инсонни вояга етказишдаги изчиллик, инсон қалбида Ватанга садоқат руҳини шакллантиришда миллий-маънавий ва умуминсоний қадриятларнинг ўрни ва роли қай даражада эканлигини таҳлил қилиб, келажак авлодни муносиб тарбиялашни изчил ва узлуксиз тарзда амалга ошириш талаб этилади.

Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда: “Агар иқтисодий ўсиш, тараққиёт — жамиятимизнинг танаси бўлса, маънавият- маърифат ва сиёсий онг етуклиги унинг руҳи, ақли ва жонидир. Буюк давлат, буюк келажагимизга эришиш учун оқил, маърифатли, айни пайтда ўзининг ўтмиши, улуғ қадриятлари, миллати билан фахрланадиган ва келажакка ишонадиган инсонларни тарбиялашимиз керак”.

Комил инсон азалдан халқимизнинг эзгу орзуси, унинг маънавиятининг узвий бир қисми бўлиб келган. Биз вояга етказадиган комил инсонлар учун Ватанга садоқат ҳаётининг асосий қисмига айланиши, керак бўлса, юрт учун жондан кечишга тайёр бўлиши лозим.

Миллий-маънавий қадриятлар миллий ғоянинг энг муҳим асосларидандир. Миллий ватанпарварлик руҳи қанчалик баланд бўлса, маънавий қадриятлар шунчалик улуғланади, онгимизга сингиб боради. Оқибатда, қадриятлар бизнинг ўзлигимиз, шахс сифатидаги борлигимиз, намоён бўлишимизнинг белгисига айланади [3].

Ёшларни миллий мафкура ғoялари билан қурoллантиришимиз, бeгoна ғoялар таъсиридан асрашимиз учун мафкуравий иммунитeтни шакллантиришни даврнинг ўзи тақoзo этади. Бу эса тарбияга алoҳида эътибoр қаратиш лoзимлигини англатади. Тарбияни тўғри танлаш тинчликнинг гарoвидир.

Абдурауф Фитрат ўзининг “Oила” асарида бу масалага eътибoр қаратади: “Ҳар бир миллатнинг саoдати ва иззати, албатта, шу xалқнинг ички интизoми ва тoтувлигига бoғлиқ. Тинчлик ва тoтувлик шу миллат oилаларининг интизoмига таянади. Қаерда oила мунoсабати кучли интизoмга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”.

Дарҳақиқат, миллатнинг, давлатнинг тинчлигини асраш, фарoвoн турмушга эришиш учун тарбия oрқали ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини уйғoтиш, уларни юрт тинчлиги, xалқ фарoвoнлиги, диний бағрикeнглик, миллатларарo тoтувлик каби эзгу ғoялар руҳида тарбиялаш муҳим вазифалардан биридир.

Тарихий тараққиётдан англашиладики, глобаллашув жараёнлари, дунёвий ўзгаришлардан алоҳида ҳолда яшаш давлатни миллий чегаралар доирасида қолиб кетишига, тараққиётдан орқада қолишига сабаб бўлади. Шу боис глобаллашув шароитининг салбий оқибатларига қарши ёшларни қуроллантириш, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини ривожлантириш талаб этилади. Аниқроғи, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни уюшган ҳолда Ватан равнақи йўлида курашишга ўргатиш муҳим ва долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Манбалардан маълум бўлишича, Ҳиндистоннинг айрим жойларида Ватан байроғини уйлари тепасига ўрнатиб қўйиларкан. Бу Ватанни севишдан далаолат беради. Тарбияни шундай ташкил қилишимиз керакки, Ватан байроғи ё тамғаси уйларнинг тепасидагина эмас, фарзандларимиз қалбида самимий ўрнашсин. Ўз юртини юракдан сева олсин. Ватанга муҳаббат эътиқоднинг бир бўлагига айлансин. Шундагина буюк давлат барпо эта оламиз.

Зеро, француз адиби В.Гюго айтганидек, одамнинг улуғлиги унинг бўй-басти билан ўлчанмаганидек, халқнинг буюклиги ҳеч қачон унинг сонининг кўплиги билан ўлчанмайди. Ўз Ватанини қадрлай олиши билан асосланади.

Дарҳақиқат, Ватанга муҳаббат ҳар бир шахснинг қалбида чуқур ўрнашсагина уни асрашга виждонан интилиш, астойдил ҳаракат қилиш мумкин бўлади. Бу ҳар томонлама шахснинг ижтимоий фаоллиги билан боғлиқлиги табиий. Ижтимоий фаол инсон ўзини экспертизадан ўтказади, ўзида масъулият ҳиссини туя олади. Ижтимоий фаол, ақлан етук, билимли, маънавий юксак ёшларни тарбияласаккина мураккаб дунёнинг мураккаб манзараси доирасида содир бўлаётган экстремистик гуруҳлар таъсиридан фарзандларимизни асраш имкони туғилади. Демак, ёшларни ижтимоий фаол руҳда тарбиялаш энг долзарб вазифалардан биридир.

 

Адабиётлар:

 

  1. “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” халқаро конференция материаллари (февраль; 2012; Тошкент). — Тошкент: O’zbekiston, 2012. — 184 б.
  2. Каримов И. А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари — энг олий қадрият. — Тошкент: “Ўзбекистон”, 2005, 11 б.
  3. Орлов К. А. Особенности формирования гуманности на отдельных этапах развития личности // Совершенствование учебно-воспитательного процесса в образовательном учреждении: сб. науч. трудов. — М.: МГГУ им. М. А. Шолохова, 2007. — С. 162–165.
  4. Хажиева И. А., Юсупов Ф.К проблеме воспитания образованного и интеллектуально развитого студента в современной социокультурной ситуации // УрДУ, Урганч: 2012. — Илм сарчашмалари, № 11, 86–89 б.


Задать вопрос