Библиографическое описание:

Темирова М. М. Қўқон хонлигининг савдо алоқалари (Шарқий Туркистон мисолида) // Молодой ученый. — 2016. — №3.1. — С. 4-5.



 

Мустақиллик бизга хаётимизнинг хар бир жабхасида кўпдан-кўп имкониятларни хадя этмоқда. Шундай имкониятлардан бири ўзлигимизни англашимизда асосий мезон бўлиб хизмат қилувчи ўз тарихимизни тиклаш имкониятидир. Президент И. А. Каримов таъкидлаганидек, “Биз ўз тарихимизни холисона ва ҳаққоний баҳолаб, маънавий меросимизни бойитиш ва ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз, шу асосда бугунги жаҳон илм-у фани ва маданиятининг юксак чўққиларини эгаллашдек буюк вазифага ҳар томонлама муносиб ва қодир бўлишимиз даркор”[1]. Ўзбек давлатчилиги тарихида ўз ўрнига эга бўлган Қўқон хонлиги тарихига оид бир қатор масалалар ўзининг тўлиқ ечимини топмоқда. Қўқон хонлигининг хорижий давлатлар билан ўзаро сиёсий, савдо дипломатик алоқаларини ўзбек давлатчилиги тарихи тамойиллари нуқтаи назаридан чуқур тадқиқ қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири дейиш мумкин. Қўқон хонлиги билан Шарқий Туркистон ўртасидаги савдо-сотиқ муносабатлари ривожида иккала худуд савдогарлари муҳим роль ўйнаганлар. Улар ўзаро алоқалар жараёнида айирибошланадиган асосий моллар ва уларнинг хусусиятлари, икир-чикирлари ҳамда савдодаги нарҳлардан доимо тўлиқ ҳабардор бўлганлар. Ўз фаолиятларини тўғри йўлга қўйиш учун улар икки мамлакатдаги сиёсий жараёнлар, табиий, ижтимоий-иқтисодий шароитлари ҳақида маълумотларга эга бўлганлар. Бу маълумотлар асосида икки ҳудуд ўртасидаги савдонинг шартлари ва қоидалари ишлаб чиқилган, бу ҳақда «рисолалар» ёзилган. Бу рисолаларда савдогар шариат ҳукми асосида савдо қилиб, харидорни алдамаслиги, молларни сотаётганда уларнинг айбини айтиб сотиши шарт ҳисобланган. Уларнинг фаолиятида ворисийлик муҳим ўрин тутган. Савдогар савдо соҳасида ном қолдирган отасининг исми билан у ёки бу худудда фаолият олиб бориб, унинг машҳурлигини ўзидан кейинги авлодлар учун сақлаб қолишига харакат қилган. XIX аср ўрталарида, Россия империясининг Қашқардаги консули Н. Ф. Петровскийнинг ёзишича, “андижонлик”лар ва қашқарликларнинг ота–боболари қандай савдо қилган бўлсалар, ҳозирда уларнинг авлодлари ҳам шундай савдо қилишади. Уларни савдо ишларидаги умумийлик бирлаштирган, бу ўзаро ҳамфикрликка, ягона савдо жамоаси бўлиб шаклланишига олиб келган» [2]. Бундай тартиб-қоидалар Россия ва Хитой империясининг савдо доираларининг ҳам ичида Қўқон савдогарлари обрўининг ошишига ҳизмат қилган.

Шарқий Туркистон Қўқон савдосида етакчилик қилган ва катта мол-мулкка эга бўлган бундай савдогарлар жумласига шунингдек, Турфон шаҳрида оиласи билан истиқомат қилган афюн ва матолар савдоси билан шуғулланган марғилонлик Шарифбой Устабоев,[3] ўттиз беш йилдан бери Қашқарда яшаган ва Еттисувда рус моллари билан савдо қилган Қодир Бердиев [4], 19 йил давомида Қашқарда яшаган Даминбой ҳўжа Кичик Хўжаев, Ғозибой Холдор ўғли кабиларни киритиш мумкин. Улар Қашқар, Хўтон, Ёркенд, Оқсувда ишлаб чиқарилган турли моллар билан хонлик шаҳарларини таъминлаб турганлар. Жумладан, улар Қашқардан Қўқон хонлигига турли ипак газламалар, кумуш тилла олиб келиб сотганлар. Қўқонлик савдогарларнинг моллари кўп ҳолларда манжурлар ҳукумати томонидан тортиб олинган ҳоллар айрим архив ҳужжатларида акс эттирилган. Улардан бири қўқонлик савдогар Муҳаммад Солиҳбой бўлса, унинг 1877 йили 32 та отлар, эшак, туяга ортилган жами, 2820 рубллик тери, мато ва рус моллари тортиб олинган [5]. Марғилонлик мулло Йўлдошбойдан Қашқарда 13 та катта кумуш ёмбу, 3000 та қашқар танга, 8 та от, 12 та хитой чой идишлари, 8 та гилам, 4 та кўрпа, 40 бўлак қашқар матоси, 125 бўлак адрас, 10 бўлак рус чити тортиб олинган [6]. 1877 йилгача Қашқарда савдо қилган Пирмуҳаммад Авазев хитойлар тажовузидан қочиб кетаётганида, Сармон қишлоғи яқинида хитойлар томонидан қўлга олиниб, унга тегишли 12 та от юкланган ипак матолар, кигиз ва бошқа жами 352 минг тилла миқдоридаги моллари зўрлик тортиб олинган [7].

Қашқарлик савдогарлар ҳам Ўрта Осиё хонликлари билан Шарқий Туркистон ўртасидаги савдода қатнашиб, доимий равишда хонлик ҳудудида яшаб фаолият олиб борганлар. Қўқон хонлигида асирликда бўлган рус зобити Н. Северцов Тошкентда фақат маҳаллий савдогарлар эмас, бухороликлар ва қашқарликлар савдогарлар ҳам фаолият олиб борган деб ёзган [8].

Юқоридаги маълумотлардан қуйидагича хулоса қилиш мумкин:

— Манжурлар ҳукумати Шарқий Туркистонни босиб олгач, ўлкани ташқи таъсирни тўхтатиш учун маҳаллий уйғур савдогарларининг Ўрта Осиё жумладан Қўқон хонлигида савдо ишларини олиб боришни таъқиқлаган.

— Оқибатда Қўқон савдогарларига Шарқий Туркистон бозорларида савдо қилишга руҳсат бергач, улар Шарқий Туркистонга кириб келиб ўлкада савдо фаолиятларини кенгайтирган.

— Хитой маҳсулотлари бўлган чой, ипак, равоч, кумуш ёмбулар ҳамда маҳалий матоларни хитой ва уйғур савдогарларидан сотиб олиб Ўрта Осиё хонликлари, қирғиз ва қозоқлар, Россия, Афғонистон, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига олиб бориб сотишдан катта фойда қилганлар. Шарқий Туркистондаги савдони ўз қўлларида тўплаб, монаполлаштирганлар.

— Қўқон савдогарларини Шарқий Туркистоннинг энг муҳим шаҳарларида тўпланган ҳамда маҳаллий ва хитой ҳукумат олдида ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланиши учун улар ўзларининг уюшмаларини туза бошлаганлар. Бу ерга хонликдан деҳқонлар, ҳунармандлар ҳам келиб, ўз фаолиятлари билан шуғулланганлар. Улар ўз мамлакатларидаги деҳқончилик маданияти, ҳунармандчилик анъаналари билан Шарқий Туркистон иқтисодий ҳаётининг бу соҳаларини бойитганлар ва ўзлари ҳам шарқий туркистонликларнинг иқтисодий ҳаёт борасидаги ютуқларини ўзлаштириб борганлар.

— Шарқий Туркистондаги Қўқон хонлиги фуқаролари бўлган савдогар, деҳқон ва ҳунармандларни назорат қилиш учун Қўқон хони томонидан тайинланадиган оқсоқоллик –худойдо тизими барпо этилган. XIX асрнинг ўрталарига келиб, икки ўлка ўртасидаги савдода асосий молларни хитой ва рус молларини ташкил этади. Аммо Қўқон хонлиги билан Шарқий Туркистон ўртасидаги савдода маҳаллий моллар ҳам кўплаб учраган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки манбаларда Қўқон хонлигининг қўшни мамлакатлар билан олиб борган сиёсий ҳамда иқтисодий алоқаларига оид маълумотларнинг баъзилари бевосита муаллифларнинг ўзи гувоҳ бўлган воқеалар асосида ёзилган. Шунингдек, манбалардаги Қўқон хонлигининг Хитой ҳамда Шарқий Туркистон билан олиб борган сиёсий, иқтисодий алоқаларига оид маълумотлар илмий тадқиқотлар доирасига тортилган. Лекин хонликнинг Усмонийлар давлати, Ҳиндистон ҳамда Афғонистон билан олиб борган ўзаро алоқалари етарли даражада ўрганилмаган.

 

Адабиётлар:

  1. Каримов И. А. Юксак маънавият – енгилмас куч. -Тошкент, Маънавият. 2008, Б. 52.
  2. Сборник географических, топографических и статистических материалов по Азии. Петровский Н. Отчёт императорского России. Консулство в Кашгар. вып .XXII. СПб., 1886, – С. 134-135.
  3. ЎзР МДА, Фонд И-1. 1-рўйҳат, 1967-йиғма жилд. 38-71 варақлар.
  4. ЎзР МДА И-19, 1-фонд, 1964-иш, 71а-варақ
  5. ЎзР МДА И-19, 1-фонд, 1964-иш, 33а-варақ.
  6. ЎзР МДА И-19, 1-фонд, 1964-иш, 37б-варақ.
  7. ЎзР МДА И-19, 1-фонд, 1964-иш, 44а-б-варақ .
  8. Северцов Н. Месяц плена у Кокандцев. СПб., 1866, – С. 84-85.

 

Обсуждение

Социальные комментарии Cackle