Библиографическое описание:

Джураева З. Ш., Абдулхаева М. М. Тил билмоқ — дунёни англамоқ, дегани // Молодой ученый. — 2016. — №3.1. — С. 32-33.



 

Ҳар қайси миллат, катта ё

кичиклигидан қатъи назар,

ўз она тилини ҳурмат қилади.

Ислом Каримов[1]

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида интеграллашиб борар экан, ёшларимизнинг ўз она тилини қадрлаган ҳолда чет тилларини билиши муҳим аҳамиятга эга.

Республикамиз Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, ёшларимизни замонавий билим салоҳияти, интеллектуалликларини ошириш, юксалтириш, ахборот-коммуникация технологияларини фаол ўзлаштириши, замонавий касб-ҳунарларни ҳамда хорижий тилларни чуқур ўрганиши уларнинг етарлича билим олишлари учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизнинг барча соҳаларида бир қанча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Бугунги кунда биргина чет тили билан боғлиқ бўлган соҳаларда ёшларимиз ана шундай улкан имкониятлардан самарали фойдаланмоқдалар. Хусусан, таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юз минглаб ўғил-қизларимиз муайян мутахассислик бўйича юртимиздаги барча таълим муассасалари ва бошқа мамлакатлар олий ўқув юртларининг филиалларида таълим олиш билан бирга хорижий тилларни пухта ўрганиб келмоқдалар.

Мустақилликдан сўнг республикамизда барча чет давлатлари билан мулоқот қилишга йўл очилиб ахборот алмашиш кўлами ва суръати тобора ортиб бормоқда. Шунингдек, бир нечта элчихоналар, қўшма корхоналар, туристик фирмалар ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. Албатта, мана шундай ташкилотларда фаолият кўрсатиш учун чет тилларни мукаммал биладиган кадрлар ишлаши талаб этилади, шу сабабли кадрларни халқаро талабларга жавоб берадиган қилиб тайёрлашни кўзлаётган олий ўқув юртлари сони йилдан-йилга кўпаймоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда юқори малакали чет тили ўқитувчилари томонидан замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратилмоқда.

Маълумки, тил миллат, жамиятда шаклланиб, тараққий этади.Тил халқ маънавий ҳаётининг кўзгуси, миллат қалбидир.Тилда миллатнинг одоб-ахлоқи, орзу-умиди, жамиятнинг маънавий фазилатлари ўз ифодасини топади. Тилга бўлган эҳтиром эса, ҳар бир кишининг халқи, миллатига бўлган эҳтиромидир.Инсоннинг дунёни идрок этишида унинг тил билиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади.Бошқа хорижий тилни яхши ўрганмоқчи бўлган киши аввало ўз она тилини мукаммал билиши, эъзозлаши, севиши, қадрлаши, унинг софлиги, гўзаллиги, қадр-қиммати учун курашиши миллий қадриятларнинг энг муҳимидир. Ўз тилида халқининг тарихи, маданияти, урф-одати, адабиёти ҳамда санъатини билишнинг аҳамити жуда катта.Бинобарин, киши ўз она тилидан ташқари, бошқа тилларда ҳам сўзлаша олиши унинг дунёқарашини, маънавиятини янада юксалтиради.Ҳар бир тил ўзига хос жиҳати билан бошқаларидан ажралиб туради. Инсон тил ўрганишнинг афзалликларини мукаммал ўзлаштирмагунича ўша тилни яхши била олмайди. Шундай экан, ўз тилини мукаммал билган киши, бошқа тилларни ўрганишга киришиши табиий ҳол. Худди бизнинг тилда бўлгани каби бошқа тиллар ҳам ўзида халқнинг ўтмишини акс эттиради.Турли тилларни ўрганиш асносида инсон нафақат ўзлигини англайди, балки бошқа миллатларнингтурмуш тарзи, дунёқараши, урф-одатлари, қадриятлари, ҳаёти тўғрисида ҳам маълумотларга эга бўлади. Бу тил ўрганишни бошлаган илк кунлариданоқ сезилмайди, аммо инсон уни яхши ва мукаммал эгаллагани сари ҳаёт янада ёрқин ва ранг-баранг эканлигига амин бўлади. Шу ўринда бир савол туғилади. Ёш авлодга чет тилларини қачон ўргатиш керак ва нималарга аҳамият бериш керак?

Хорижий тилларни болаликдан ўрганишнинг аҳамияти жуда катта. Болаликда мия ва хотира кучи юқори бўлиши тадқиқотчилар томонидан аниқланган. Бу даврда қабул қилинган маълумотлар тошга ўйилган нақш каби хотирада бир умрга сақланиб қолади.Бола ўз она тилини тахминан, икки ёшдан бошлаб онгли равишда била бошлайди. Унда тил ва тафаккурнинг ривожланиши биргаликда кечади. Тўрт ёшдан ўн ёшгача бўлган оралиқдаги болаларда хорижий тилни ўрганиш кўникмасини ҳосил қилиш мумкин. Асосийси, хорижий тилни эрта ўрганишнинг талабларига амал қилиш керак.Кичик ёшлиларга хорижий тилни ўргатишда асосий маъсулият ўқитувчи зиммасига тушади ҳамда алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб этади.Ёзиш ва ўқишни бола бошланғич синфнинг дастлабки йилларида, она тилидаги саводхонлик даражасига эришгандан сўнг секинлик билан ўрганиб боради.

Бошланғич таълимда ҳар бир машғулотнинг беш дақиқасида содда электрон ўйинлар, қисқа видеолавҳалар ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола этилиши мақсадга мувофиқ.Ўқитувчи ўргатиш воситаларини танлаётганда ўқувчиҳаётига ва қизиқишларига яқин бўлган объектларга эътибор қаратиши лозим.Қофияли содда матнлар, ҳикоялар, шеър ва қўшиқлардан, ҳар хил қизиқарли ўйинлардан фойдаланиш ўқувчига завқ бериб унинг хотирасида тез сақланиб қолади. Кўпроқ сўз ва матнларни расмлар билан изоҳлаш, кўргазмали қуроллардан имкон қадар етарлича фойдаланиш яхши самара беради.Чет тили ўтила бошланган пайтдан билимлар пойдевори мустаҳкам бўлишига, ўқувчи толиқмасдан, зерикмасдан мавзуларни яхши ўзлаштириши ва навбатдаги дарсни интиқлик билан кутишига катта аҳамият бериш керак.Бундан ташқари ўқитувчи ўқувчиларга чет тилларни ўргатиш жараёнида уларни ёшига мос қизиқарли таълимий ўйинлардан фойдаланиши, шунингдек, ўқувчининг нутқини ривожлантириб, сўз бойлигини ошириш учун техник воситалардан фойдаланиши ва индивидуал ёндашуви муҳимлигини унутмаслиги керак. Ўқувчининг тил кўникмаларини ривожлантириш жараёнидаги муаммоларнианиқлаш ва хато камчиликлар бўлса ўз вақтида тузатиш лозим.

Баъзида тил билиш учун фонетика ва грамматикани ўрганиш муҳимми, деб кўп тил ўрганувчилар савол беришади. Албатта, иккаласини ҳам билиш муҳим. Чунки унли ундош ҳарфларни, товушларни тўғри талаффуз қила олмаган ва грамматик қоидаларни мукаммал ўрганмаган тил ўрганувчиси чет тилида ўзи хоҳлагандек мустақил гапира олмайди.Чет тилини ўрганаётганда сўзлар ва қоидаларга эътибор бериб, улар орасидаги боғлиқликни мисоллар ёрдамида тушуниш тилни тез ва осон ўрганишга ёрдам беради.Бундан ташқари талаффуз чет тилини ўрганишнинг муҳим таркибиҳисобланиб бунда техник воситаларни ишга солиш яхши натижа беради. Ўқувчи чет тилидаги овозли матнларни қайта-қайта тинглаш орқали хотирасида сақлаб қолади ва тақлидан оғзаки нутққа кўчиради.Уларнинг ўта синчковлиги, ҳар нарсани билишга интилиши, илм олишга иштиёқидан ўқитувчи унумли фойдаланиш керак.Ўқитувчи дарсда имкон қадар хорижий тилда гапириши лозим. Бироқ ўқувчи она тилида савол берганда уни тушунганини изҳор қилиши керак. Ўқувчи хато гапираётганда унинг хатосини тузатиш мақсадида нутқини бўлиш ярамайди, яъни ўқувчининг эркин мурожаати, иштирокига ҳам изн бериш зарур.Ўқитувчи дарс мобайнида ўқувчининг ҳозиржавоблиги учун яхши баҳолар билан рағбатлантириб туриши бу уни дарсга янада яқинлаштириб, тил ўрганишга бўлган қизиқишини оширади.

Бунинг учун эса, ўқитувчи, албатта, ўқувчи ҳақида, унинг билим даражаси, ўрганиш эҳтиёжи ва имкониятлари ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлиши зарур.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тил миллатлар ўртасида кўприк вазифасини ўтовчи восита. Тил билиб дунёни англайман, дея яхши ният қилиб чет тилини қунт билан ўрганаётган бугунги авлод албатта, порлоқ келажак қурувчилари бўлиб жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк аждодлари изидан борадилар. Яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, шу азиз Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган малакали кадрлар бўлиб етишадилар.


[1]Каримов И.А. Ўзбекистонмустақилликкаэришишостонасида. – Т. “Ўзбекистон”, 2011 й., 70-б.

Обсуждение

Социальные комментарии Cackle